www.muslimuz

www.muslimuz

 

Бугун, 22 сентябрь куни юртимиздаги бир гуруҳ таниқли уламоларнинг Навоий вилоятига ташрифи бошланади.

Сафар давомида маънавий-маърифий учрашувлар, олис ва чекка ҳудудлардаги аҳоли вакиллари билан юзма-юз мулоқотлар, таниқли уламолар ишитирокида жоме масжидларда суҳбатлар ўтказилиши ва эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш каби хайрли ишларни амалга ошириш мақсад қилинган.

Шунингдек, ҳудуд аҳлини юртимизда бўлаётган ўзгаришлар мазмун-моҳияти ҳақида хабардор қилиш билан бир қаторда, уларнинг дарду ташвишларига кўмаклашиш, фикр-мулоҳазаларини тинглаш ва диний соҳага тегишли муаммоларини жойида ўрганиб, бартараф этиш ҳам кўзда тутилган.

?Ушбу сафарга Тошкент шаҳридан қуйидаги уламолар бориши кўзда тутилган:
▫️Ҳомиджон домла Ишматбеков, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари;

▫️Иброҳимжон домла Иномов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари;

▫️Салоҳиддин домла Шарипов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг маслаҳатчиси;

▫️Аброр домла Мухтор Алий, Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими;

▫️Абдуқаҳҳор домла Юнусов, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари;

▫️Раҳматуллоҳ домла Сайфуддинов, Тошкент шаҳар Юнусобод тумани бош имом-хатиби;

▫️Эргашали домла Рустамов, Тошкент шаҳар Чилонзор тумани бош имом-хатиби;

▫️Абдуллоҳ домла Юлдашев, Тошкент шаҳар Олмазор тумани бош имом-хатиби;

▫️Абдуҳаким қори Матқулов, Тошкент шаҳар “Убай ибн Каъб” масжиди имом-хатиби;

▫️Ҳабибуллоҳ домла Абдураззақов, Тошкент шаҳар “Ҳазрати имом” масжиди имом-хатиби;

▫️Раҳимберди домла Раҳмонов, Тошкент шаҳар “Хожа Аламбардор” масжиди имом-хатиби;

▫️Муродуллоҳ домла Хуназаров, Тошкент шаҳар “Ал-Ҳудайбия” масжиди имом хатиби;

▫️Ҳасан домла Қодиров, Тошкент шаҳри “Сирож Солиҳ” масжиди имом-хатиби;

▫️Юсуфхон домла Муҳиддинов, Тошкент шаҳар “Омина” масжиди имом-хатиби;

▫️Шавкат домла Ҳамдамов, Тошкент шаҳар “Тўра бува” масжиди имом-хатиби.

? Қолаверса, ушбу мулоқот ва тадбирларда диний соҳа раҳбарлари ва мутасадди вакиллар ҳам иштирок этиши режа қилинган.

? Аллоҳ таоло уламоларимиз сафарини хайрли ва манфаатли қилсин!

hazratnavoi.uz| @hazratnavoi_uz
#Навоийга_уламолар_ташрифи

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
@muslimuzportal | @vaqfuz | @diniysavollar

Вівторок, 21 сентябрь 2021 00:00

Buyuk yurt allomalari: Muhammad Ustrushaniy

Понеділок, 20 сентябрь 2021 00:00

Қарздорликдан қутулиш дуоси

Агар қарздор бўлсангиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим берган қуйидаги дуоларни ихлос ила қилинг. Аллоҳ таоло дуоларингизни ижобат этсин.

1. Аллоҳумма инний аъузу бика минал маьсами вал мағрами.
Аллоҳим! Сендан маъсиятдан ва қарздорликдан паноҳ сўрайман

2. Аллоҳумма инний аъузу бика минал ҳамми вал ҳазани ва аъузу бика минал ажзи вал касали ва аъузу бика минал жубни вал бухли ва аъузу бика мин ғалбатид дайни ва қоҳрир рижали.
Аллоҳим! Сендан ғам босишидан, маҳзунликдан паноҳ сўрайман. Ожизликдан, дангасаликдан паноҳ сўрайман. Қўрқоқликдан, бахилликдан паноҳ сўрайман. Қарзга ботишдан ва одамларнинг қаҳридан паноҳ сўрайман.

3. Аллоҳумма икфиний би ҳалалика аън ҳаромик ва ағниний би фазлика амман сивак.
Аллоҳим! Менга ҳалолинг ила ҳаромингдан кифоя қилгин. Ўз фазлинг ила мени ўзингдан бошқалардан беҳожат қилгин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Понеділок, 20 сентябрь 2021 00:00

Дуо қабул бўлишининг одоблари

1. Ҳалол луқма. Саъд ибн Абу Ваққос дуоси ижобат бўлмаётгани ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилди. Шунда у зот алайҳиссалом: “Эй Саъд, ҳаромдан узоқ бўлгин! Чунки кимнинг қорнига ҳаром луқма кирар экан, унинг дуоси қирқ кунгача ижобат бўлмас”.

 2. Қиблага қараб дуо қилиш. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қиблага юзланиб дуо қилардилар.

 3. Паст товушда одоб, хушуъ, хокисорлик ва тавозе билан дуо қилиш. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Раббингизга зорланиб ва хуфёна (овозсиз) дуо қилингиз! Зеро, У (дуода ва бошқада) ҳаддан ошувчиларни ёқтирмагай” (Аъроф сураси, 55-оят).

 4. Чин ишонч ва ихлос билан дуо қилиш. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Бас, Сизлар Унга динни холис қилган ҳолингизда дуо (ибодат) қилингиз!” (Ғофир сураси, 65-оят).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ижобатига ишонган ҳолингизда Аллоҳга дуо қилинг! Билиб қўйингки, ғофил ва сўраган нарсасига эътибори йўқ кимсаларнинг дуосини Аллоҳ ижобат қилмас!” дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бировингиз дуо қилса, тилакни жиддий қилсин! “Ё Аллоҳ, хоҳласанг, берарсан!”, демасин. Чунки Аллоҳ таолони мажбурловчи (куч) йўқдир", деганлар (Имом Бухорий ривояти).

 5. Умид ва сабр қилиш. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинч ва ҳам умид билан дуо қилингиз! (Аъроф сураси, 56-оят).

Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир мусулмон гуноҳ қилмай, силаи раҳмни узмай туриб дуо қилса, албатта, Аллоҳ таоло унга уч нарсадан бирини беради. Ё сўраган нарсасини тезда беради. Ёки унинг мукофотини охиратга олиб қўяди. Ёхуд унга тенг ёмонликни ундан даф қилади”, дедилар. Саҳобалар: “Ундоқ бўлса, кўпайтирилар экан-да?”, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кўпайтирувчироқ!” дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «“Бировингиз дуо қилсам ижобат бўлмади!” дея шошқалоқлик қилмаса, дуоси ижобат бўлади», дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу: “Мен дуонинг ижобати ташвишини қилмайман, балки, дуо қилиш ташвишини қиламан. Чунки дуо қилишга илҳом берилса, албатта у ижобат бўлади”, деганлар.

 6. Дуо аввали ва охирида Аллоҳга ҳамд, Расулуллоҳга салавот айтиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон бирортангиз намоз ўқисангиз, Аллоҳга ҳамду сано айтиш ила бошланг, кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтинг. Сўнгра истаган дуони қилинг”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

 7. Дуо сўнггида қўлни юзига суртиш. Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон дуода икки қўлларини кўтарсалар, уларни юзларига суртмасдан туриб қайтармас эдилар”.

 8. Дуони қисқа, сермаъно қилиш. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуонинг қисқа ва кўп маънолисини яхши кўрар ва бошқасини тарк этар эдилар” (Имом Абу Довуд, Имом Ҳоким ривояти).

 9. Кафтнинг ичи билан дуо қилиш. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳдан кафтларингизнинг ичи билан сўранглар, сирти билан сўраманглар. Қачон фориғ бўлсангиз, уларни юзингизга суртинг”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

 10. Дуони уч марта такрорлаш. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтади. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга уч марта дуо қилиш ва уч марта истиғфор айтиш ёқар эди” (Имом Абу Довуд ривояти).

 11. Ўзгалар ҳаққига дуо қилиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмоннинг ўз биродарига ғойибдан қилган дуоси мустажобдир. Унинг бошида бир муваккал фаришта туради. У ўз биродарига ҳар сафар яхшилик тилаб дуо қилганда муваккал фаришта: “Омийн! Сенга ҳам ўшандоқ бўлсин!” дейди”» дедилар (Имом Муслим ривояти).

muslim.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 Шу кунларда баъзи интернет тармоғида “Ўттиз минг ўзбекча-туркча Қуръони карим таржима китоби Ўзбекистонда тарқатилди” деган мазмундаги хабарлар кенг тарқатилмоқда. Айрим ижтимоий тармоқ юритувчилари хайрия тариқасида улашилаётган мазкур китоблар дўконларда сотувга чиқарилиши мумкинлиги ҳақидаги асоссиз ахборотларни ҳам ёйишга уринмоқдалар.

Таъкидлаш зарурки, марҳум муфтий Усмонхон Темирхон ўғли ҳазратлари томонидан нашр этилган “Тафсири Ирфон” китобининг мухтасар шаклда таълиф этилган – “Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолари таржимаси” китоби муаллифнинг саъйи-харакатлари билан Туркия Диёнат ишлари бошқармаси ҳомийлигида чоп этилган эди.

Айни кунларда ушбу Қуръони карим китобининг илк нусхаларини диний идора тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом билим юртлари устоз-талабалари ва диний соҳа ходимларига хайрия сифатида улашиш бошланди. Бу тўғрисида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ижтимоий тармоқларда маълумотлар эълон қилинди   https://t.me/muhaddisuz/5315,   https://t.me/oliymahad/13779,   https://t.me/oliymahad/13795.

Яқин кунларда масжидлар имом-хатиблари, имом ноиблари, отинойилар, шунингдек, Қуръони карим ўқишга иштиёқи бор, лекин имконияти йўқ фуқароларга ҳам ушбу Қуръони карим китобларидан бепул тарқатиш бошланади. Республикадаги барча масжидларда намозхонлар ушбу китобни мутлоаа қилиш имкониятига эга бўладилар.

Қайд этиш лозимки, Қуръони каримнинг ушбу нашри вақф мулки сифатида чоп этилган бўлиб, диний идора уни текинга тарқатиш учун нашр этди. Китобни сотиш мутлақо жоиз эмас. Шу сабабли диний идоранинг талаби билан ушбу китобнинг ички муқоваларида “Қуръон совға қиламан” ва “Сотиш мумкин эмас” деган қайдлар ёзилган.

Шу нуқтаи-назардан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси келгусида, мазкур “Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолари таржимаси” китоби кенг тарқатила бошлагандан сўнг ким ушбу нашрни савдода кўрса 71-240-39-33 телефони орқали хабар беришларини ёки ЎМИнинг Интернетдаги “Muslim.uz” сайтидаги электрон манзилига маълумот юборишини илтимос қилади.

Ижтимоий тармоқларда тарқатилган хабарда яна бир нотўғри ёритилган жиҳат шуки, ушбу Қуръони карим таржимаси фақат ўзбек тилида бўлиб, оятларнинг турк тилидаги таржималари баён этилмаган.

Хўш, шундай экан, мазкур хабарни аниқлаштирмасдан туриб, ижтимоий тармоққа атайин қўйиб юборган кимса ёлғончи, мусулмон биродарига зиён-заҳмат етказган, уни обрўсизлантирган бўлиб қолмайдими?!

Ҳар бир мўмин-мусулмон киши бундай ёлғон-яшиқларга, асоссиз гапларга учмаслиги даркор. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: « Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўрингиз, билмай бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлмангиз» (“Ҳужурот” сураси, 6-оят). Ҳадиси шарифларда эса: “Эшитган нарсасини гапиравериш кишининг ёлғончилигига кифоя қилади”(Имом Муслим ривояти),  дейилган.

Муфассирлар ояти каримани шарҳлаб, келтирилган ҳар қандай хабарга ишонавермасликни, агар фосиқ киши бирор гап олиб келса, уни яхшилаб текшириб кўриш зарурлигини таъкидлашади.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, ҳар бир мўмин-мусулмон киши бундай ёлғон-яшиқларга, ҳақиқатдан йироқ гапларга учмаслиги, фитналардан огоҳ бўлиши даркор. Шунингдек, тўғри ахборот олиш, уни тўғри етказа билиш бугунги кун кишисининг шиори бўлиши керак.

Аллоҳ таоло ҳаммамизга инсофи тавфиқ берсин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top