muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Понеділок, 22 июль 2019 00:00

Ўқишга нима учун кирмоқчисиз?

Ўқишга нима учун кирмоқчисиз?

 

Шу кунларда юртимиздаги барча билим даргоҳларига кириш имтиҳонлари бўлиб ўтмоқда. Кимлардир имтиҳондан кўнгли тўлиб чиқмоқда. Кимлардир эса хавотирда натижаларни кутмоқда. Ҳамма абитуриентларнинг қалбида ўқишга кириш истаги бор. ҳамма талаба бўлсам дейди. лекин шу ўринда бир савол туғилади: “Сиз ўқишга нима учун кирмоқчисиз?”

Жавоблар турлича бўлиши мумкин. Хўш, аслида инсон ўқишга нима учун киради?

Имтиҳонга киришдан мақсад фақат “ўқишга кирди” деган номни олиш бўлмаслиги керак. Ўқиш даври 4-6 йилда тугайди. Инсоннинг ўқишга киришдан мақсади дарсларни қойиллатиб ўқиб, инсониятга фойда келтириш бўлиши керак. Чунки, ойлар давомида тайёргарлик кўриб, қийналиб, навбат кутиб имтиҳонларга кириб, улардан ўтиб, ўқишга кирган талаба энди ўша билим даргоҳида ўқимаса, дарсларга келиб-келмаса, ўқитувчиларни ҳурмат қилмаса, илм олишга интилмаса, бундай ўқишнинг нима кераги, кимга фойдаси бор?

Ҳар бир инсон ўзи қизиққан касбнинг илмини олар экан, ўша илмга жиддий эътибор бериши, дарсларни яхши ўзлаштириши лозим. Сабаби у ўқишни битириб, ўз соҳасида яхши мутахассис бўлиб хизмат қилиши, ўзига ҳам, оиласига ҳам ва бутун инсониятга ҳам фойда келтириши, оладиган маошини ҳалоллаб олиши керак.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

إن الله يحب إذا عمل أحدكم عملا أن يتقنه

«Аллоҳ бирортангиз бирор ишни қилганда уни пухта қилишини яхши кўради», деганлар (Абу Яъло ривояти, «Мажмаъу-з-завоид»; Суютий, «Ал-жомеъ ас-сағир»).

Ҳа, ҳар бир инсон ўз касбига омонат деб қараши, уни пухта амалга ошириши керак. Агар касбига нисбатан лоқайдлик кайфиятида бўлса, у шу масалада хиёнаткор ҳисобланади.

Ўқитувчи, шифокор, нонвой, ошпаз, ҳайдовчи, механик, архитектор, муҳандис, ички ишлар ходими, прокурор, имом-хатиб ва бошқа соҳада ишловчи кишилар ўз касбларига фидоийлик билан ёндошишлари керак.

Ўқитувчи таълим масканига илм ўргатиш учун бориши керак, шунчаки вақт ўтказиш, ойликни қуруқ олиш учун эмас.

Шифокор беморларни ҳам ширин сўз, ҳам дори дармонлар билан муолажа қилиш учун бориши керак, таниш-билишчилик қилиш, танишларининг беморларига яхши қараб, нотаниш беморларга беписандлик қилиш учун эмас. Чунки у таниш беморларни эмас, барча инсонларни даволаш учун таълим олган.

Нонвой ҳам ўзи қораётган хамирга пешона ва юзларидаги терлари томмаслигининг чорасини кўриши, юзларини артиб, қўлларини яхшилаб ювиб, кейин ишга киришиши керак. Зеро, у халқнинг луқмасига жавобгарлардан биридир.

Ошпаз ўзи пишираётган таомига чанг, сигарет кули, қолдиғи, тупук, дарахт барги ва ҳоказолар тушмаслигининг чорасини кўриши, агар ўзи чекадиган кимса бўлса, сигарет ушлаган қўлларини яхшилаб совунлаб ювиб, кейин таом пиширишга уриниши лозимдир. Чунки у ҳам нонвой каби инсонларнинг луқмасига жавобгардир.

Ҳайдовчи машинани ҳайдаш олдидан унинг созлигини, яроқлилигини текшириб чиқиши, таъмирталаб бўлса, уни устага созлатиб, кейин миниши, кейин киракашлик қилиши керак.

Механик усталар ўзларига олиб келинган машиналар ва бошқа техникаларни яхши созлашлари, ишларига эътибор билан ёндошишлари, машиналарнинг эҳтиёт қисмларини арзон, эски, сифатсиз эҳтиёт қисмларга алмаштирмай, машинадаги янгиларини олиб қўймай, ўғирламай, ҳалол ишлашлари керак.

Архитектор ўз касбини яхши билиши, пухта амалга ошириши, чизаётган, қураётган биноларда вақти келиб одамлар яшаши, меҳнат қилишини кўз ўнгида тутиши керак. Ҳозирда баланд иморатлар қурилаётган замонда бу касб мутахассислари янада ҳушёрроқ бўлиб, ўз соҳаларининг чинакам профессори бўлишлари шарт.

Бошқа соҳа ходимлари ҳақида ҳам шундай гапларни айтишимиз мумкин.

Ушбу видеога яхшилаб назар солинг. Асли соҳаси ортопедия (суяклар муолажаси ва жарроҳлиги) бўлган шифокор юраги уришдан тўхтаб қолган болани ҳаётга қайтишига ёрдамлашиб, Аллоҳ таолонинг фазлу марҳамати билан муваффақиятга эришди. Агар шу одам шифокорликка хос бўлган илмларни яхши ўзлаштирмаганда, дарсларни пухта ўрганмаганда, олийгоҳга фақат диплом олиш учун қатнаганда ёки ўз соҳаси бўлган ортопедиянинг ўзини ўрганиб, беморга биринчи тиббий ёрдам беришни билмаганда, болакайнинг ҳаёти хавф остида қолиши, юраги ишлаб кетмаган бўлиши мумкин эди.

Эътибор берсангиз, атрофда турганлар нима қилишларини билмай, шок ҳолатда турибдилар. Агар шифокор ўз соҳасининг моҳир билимдони бўлмаганда, у ҳам томошабинлар каби нима қиларини билмай довдираб турган бўлар ва болакай вафот этган бўлиши мумкин эди.

Жамиятимизда лоқайдлик, бепарволик касалига чалинмаган, атрофдаги воқеаларга нисбатан ўзида дахлдорлик ҳисси билан яшовчи, касбининг зўр мутахассиси ва энг асосийси, инсониятга фойда келтиришга уринувчи инсонларнинг борлиги биз учун қувонарли ҳолдир.

Аллоҳ таоло ҳар бирларимизга ўз касбимизнинг устаси бўлиб, ишимизга фидокорлик билан киришиб, уни пухта бажаришимизни насиб этсин!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 

П'ятниця, 19 июль 2019 00:00

“Бизга арзонроқ қилиб беринг!”

“Бизга арзонроқ қилиб беринг!”

 

Бир аёл китоб дўконларидан бирига кириб, қайсидир китобни сўрайди. Сотувчи ўша китоб борлигини ва унинг нархини айтади.

Аёл китобни олиб, сумкасига солиб, энди пулини бермоқчи бўлганда, сотувчининг ёнидаги дўсти харидорнинг илмли аёл эканини, уни танишини, шунинг учун китоблар нархини бироз тушириб беришни маслаҳат беради.

Сотувчи йигит ўртоғининг маслаҳатига қулоқ солиб, “Опа, сиз фалон сўм бераверинг, илмингизнинг ҳурмати бор” дейди.

Бу гапни эшитган аёл “Йўқ, ҳаммага сотганингиздек нархда берсангиз оламан. Бўлмаса, бошқа дўкондан оламан. Мен илмни харид қилаётган нарсамнинг нархини тушириб беришлари учун ўрганмаганман” деб жавоб қайтаради.

Шунда сотувчи китобни ҳаммага сотадиган нархда беради.

Бу гапни менга ўша сотувчининг ўзи айтиб берганди.

Баъзида дўкон ва бозордан нимадир харид қилаётган кишиларнинг “Эҳсон қилмоқчи эдик, шунга арзонроқ беринг”, “Масжид учун эди, нархини тушириб беринг”, “Масжидда хизмат қиламиз ўша ерда киямиз, шунга бироз ўтиб беринг”, “Биз ҳам мадрасада ўқиганмиз, нархини камайтириб беринг”, “Биз домламиз, бизга қанча қилиб берасиз?” каби гапларини эшитиб қоламиз.

Маҳсулотни арзонроқ олиш учун домла, қори, масжид ходими, мадраса талабаси, аҳли илм эканинингиздан фойдаланманг!

Сиз Диний илмни Аллоҳ учун ўргандингиз, охиригача шундай бўлиб қолинг.

Илмингизни турли имтиёзлар, енгилликлар, арзонга сотиб олишлар учун восита қилиб олманг!

Тамаъдан, одамлардан бирор нарса кутишдан, уларнинг мурувватларини кўзлашдан йироқ бўлинг!

Барча нарсани Аллоҳ таолодан сўраб азиз бўлинг!

Тамаъгирлик жуда хунук иллатдир.

Одамлар сизнинг илмингизга ҳавас қилиб, фарзандларини сиздек олим, ўқимишли инсон этиб тарбия қилмоқчилар. Энди сизнинг бу каби гапларингизни эшитиб ихлослари, муҳаббатлари сўниб қолмасин.

Кишиларнинг илмга, маърифатга, Динга хизмат қилишларига бўлган рағбатлари сусайишига сабабчи бўлиб қолманг, аксинча, улардаги бу рағбатнинг кучайишига сабабчи бўлинг!

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни гўзал қилсин!

 

Нозимжон Иминжонов

 

П'ятниця, 19 июль 2019 00:00

Нега ёлғон гапирамиз?

Нега ёлғон гапирамиз?

 

Маълумки, ёлғон гапириш Динимизда оғир гуноҳлардан деб эълон қилинган. Ёлғон араб тилида «кизб» дейилади ва луғатда ростнинг тескарисини англатади. Ёлғон гапириш гуноҳ бўлгани учун уни гапирган одамнинг қалбига қора доғ тушади. Яна ёлғон гапирса, яна тушади. Агар киши ёлғонни тўхтовсиз гапираверса, қалбини қора доғ қоплаб олиб, кейин гуноҳ қилса, ўша гуноҳ бурнига пашша қўнганчалик таъсир қилмайдиган бўлиб қолади. Бундан ташқари у “каззоб” деб ёзиб қўйилади. Гуноҳ қалбни ўраб олиши ҳақида Аллоҳ таоло бундай деган:

كَلَّا بَلْ رَانَ عَلَى قُلُوبِهِم مَّا كَانُوا يَكْسِبُونَ

“Йўқ! Уларнинг қилган касблари қалбларига моғор бўлиб ўрнашиб қолган, холос” (Мутоффифун сураси, 14-оят).

 

Хўш, ёлғонни ким гапиради?

Аллоҳ таоло ёлғон гапни кимлар гапиришини, кимлар тўқишини баён қилиб шундай марҳамат қилган:

إِنَّمَا يَفْتَرِي الْكَذِبَ الَّذِينَ لاَ يُؤْمِنُونَ بِآيَاتِ اللّهِ وَأُوْلـئِكَ هُمُ الْكَاذِبُونَ

“Ёлғонни фақат Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиганларгина тўқирлар. Ана ўшалар ўзлари ёлғончилардир” (Наҳл сураси, 105-оят).

Бу оятда Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиган кишиларгина ёлғон гап тўқишлари баён этилмоқда. Ёлғон гапираётган кишилар бу ҳақида ўйлаб кўрсинлар, кўзларини очсинлар! 

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачонки бир банда ёлғон гапирса, фаришта у гапнинг сассиқлиги учун у бандадан бир мил масофага узоқлашади”, дедилар.

Тасаввур қилинг, кишини муҳофаза қилиб турадиган, ундан ҳеч ажралмайдиган фаришталар ёлғончидан узоқлашар эканлар. Бу жуда қўрқинчли ҳолат. Бошқача қилиб айтганда, ёлғончининг фариштаси бўлмайди.

Аллоҳ таоло яна бир оятда бундай деб марҳамат қилган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ اتَّقُواْ اللّهَ وَكُونُواْ مَعَ الصَّادِقِينَ

“Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга тақво қилинглар ва содиқлар ила бирга бўлинглар” (Тавба сураси, 119-оят).

Демак, инсон нафақат ўзи ёлғон гапирмаслиги керак, балки унинг дўсту улфатлари ҳам ростгўй кишилар бўлиши керак. Чунки, суҳбатдошнинг, атрофдаги муҳитнинг таъсири бор бўлиб, ёлғончилар даврасида ёлғон гапиришга мойиллик кучли бўлади. Ростгўйлар билан бирга юрганда эса, инсон ростгўй бўлиб боради, мабодо ёлғон гапирса ҳам, ростгўй дўстлари дарҳол уни ислоҳ қилишга уринадилар.

 

Инсон нима учун ёлғон гапиради?

Бошқаларга озор бермаслик учун.

Баъзида инсон яқинларининг дилини оғритмаслик, оғриқли ҳақиқатни айтмаслик учун уларга ёлғон гапиради.

Бошқаларнинг эътиборини жалб этиш учун.

Киши одамларнинг эътиборларини ўзига қаратиш, барчанинг диққат марказида бўлиш учун ўзи ҳақида ёлғон сўзлар ишлатади.

Мақтаниш, фахрланиш учун.

Баъзида инсон ўзини илмли, обрўли қилиб кўрсатиш, заковати ўткирлигини намоён этиш ва бошқа ютуқлари борлигини барчага билдириш учун ёлғон аралаштириб гапиради.

Фойдани жалб қилиш учун.

Ўзининг ишончли, вафодор, омонатдор киши эканлигини урғулаш ва шу орқали одамларнинг ишончига кириш, улардан бирор нарса олиш илинжида ёлғон гапиради.

Бошқалар билан ҳамфикр эканини билдириш учун.

Баъзан инсон суҳбатдошининг гаплари ва қарорларига ҳамфикр бўлмаса ҳам, у билан адоватга бормаслик ёки ундан бирор нарса тамаъ қилиб, “Гапларингиз тўғри, мен ҳам сизнинг фикрингизга қўшиламан” деб ёлғон гапиради. Аслида ичида унинг гапларига қўшилмаётган бўлади.

Ўч олиш учун.

Баъзида инсон душманидан ўч олиш мақсадида уни ёмонловчи, обрўсини туширувчи, одамлар қалбида унга бўлган ишончни сўндирувчи ёлғон гапларни гапиради.

Ўзидан озорни узоқлаштириш учун.

Баъзида киши рост гапирса, ўзига қандайдир зиён етишидан қўрқиб, ўша ўринда ёлғон ишлатади.

Одатланиб қолгани учун.

Баъзи одамлар ёлғон гапиришга одатланиб қолганлари учун умумий ҳолатларда ҳам ёлғон гапирадилар.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мунофиқнинг белгиси учта: гапирса, ёлғон сўзлайди, ваъда қилса, хилоф қилади ва омонат ишониб топширилса, унга хиёнат қилади”.

Демак, ёлғон гапирган одам мунофиқликнинг учдан бирини қилган бўлади.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир гўдак болага “мана буни ол” деса-ю, ҳеч нарса бермаса, у одам ёлғончи бўлади”, дейдилар.

Фарзандларимизга бирор нарса ваъда қилаётганимизда шу ҳадис эсимизда турсин! Бирор нарса олиб келаман дедикми, ўшани, албатта, олиб келишимиз керак. Акс ҳолда биз ёлғончи бўламиз.

 

Ёлғон гапириш оқибатлари

  • Ёлғончи одам Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлади.
  • Ёлғончи одам Аллоҳдан узоқ кимса бўлади.
  • Ёлғончилик мўминликка хос бўлмаган амалдир.
  • Ёлғон гапириш мунофиқлик белгисидир.
  • Ёлғончи жамиятдаги ишончсиз кимса бўлади.
  • Ёлғончига ҳеч ким ишонмайди.
  • Ёлғончи одамлар орасида шарманда бўлиб, инсонларнинг назаридан четда қолади.
  • Ёлғончининг фарзандлари ҳам ёлғонни ўрганиб тарбия топадилар.

Аллоҳ таоло барчамизни ёлғон гапиришдан ва ёлғончиларга шерик бўлишдан асрасин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Нишонга урилган гаплар: “Отангни урган қамчингни сақлаб қўй, болангга керак бўлади!”

 

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.

 

Одамларнинг энг бойи бўлишни истайсизми? Аниқми?

Унда сизга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсияларини тақдим этамиз:

«Аллоҳ сенга тақсим қилган нарсага рози бўл, ана шунда одамларнинг энг бойи бўласан».

Имом Аҳмад, Термизий ва Байҳақийлар ривоят қилишган.

*****

“Тобеинлар саҳобаларнинг даражаларига ета оладиларми?” деган саволга бир олим шундай жавоб берибди:

“Саҳобалар бу умматнинг энг афзал вакиллари бўлиб, тобеинлар уларнинг даражаларига ета олмайдилар. Чунки, саҳобалар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб иймон келтирган, у зот билан ҳар куни бирга юрган, Қуръонни, ҳадисни, илмни у зотнинг ўзларидан таълим олган зотлардир. Саҳобаларнинг бурунларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак шиппакларидан кўтарилган чанг кириб турган”.

*****

Бир жойда ахлоқсизлик ёйилса, Аллоҳ таоло (яхши-ёмонни аямай) барчага бирдек бало юборади.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу

*****

Биласизми?

Аёл киши хурсанд бўлган пайтда гапиришдан тўхтамас экан. Аммо сиқилган пайтда кўпроқ сукут қилар экан.

*****

Отангни урган қамчингни сақлаб қўй, болангга керак бўлади!

*****

Тўйи куни онасининг хонасига кириб, бир даста гул қолдириб, ёнига: «Сиз мен учун дунёдаги энг гўзал аёллигингизча қоласиз. Сиздан чиройлиги йўқ» деган мактуб қолдирди.

«Ўйлар, ҳикматлар ва ибратлар»

*****

Сигирни банан ўт-ўландан лаззатлироқ эканига ишонтиришга уринма. Балки сигир яхши кўриб истеъмол қиладиган таом билан сени нима ишинг бор деган гапга ўзингни ишонтир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

  • Катта ақллар фикрларни муҳокама қилади.
  • Ўртача ақллар воқеаларни муҳокама қилади.
  • Кичкик ақллар шахсларни муҳокама қилади.

 “Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Агар хотираларинг орзуларингдан кўпайиб кетса, энди сен ёш йигит эмассан.

Муҳаммад Ратён

*****

Одамлар орзуларингни чилпарчин қилгани учун уларни маломат қилма. Балки улардан кўп нарса кутганинг учун ўзингни маломат қил!

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Ходим эдим, мудиримни танқид қилдим. Кейинчалик ўзим мудир бўлдим ва ўшанда унинг ҳақ эканини тушуниб етдим.

Талаба эдим, муаллимимни танқид қилдим. Кейинчалик ўзим муаллим бўлганимда, ўшанда муаллимим ҳақ бўлганини англаб етдим.

Кичкиналигимда отам менга қаттиққўлик қилса, бу иш менга ёқмасди. Ўзим ота бўлгач, отамнинг ўшанда тутган йўли тўғрилигини тушуниб етдим.

Замон ўтиб, сизга қилинган муомалаларнинг тўғрилигини тушуниб етишингиздан олдин ўша инсонларнинг сизга бўлган муносабатларини, қайғуришларини тўғри тушунинг, қадрланг, агар улар бу йўлда бироз қўполлик қилсалар, уларга узр истанг, кечиринг, уларга ширин сўз ва гўзал муомалада бўлинг.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Чумчуқлар фарзандларига қулликни мерос қилиб қолдирмаслиги учун қафас ичига ин қурмайди.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

 

П'ятниця, 19 июль 2019 00:00

Нишонга урилган гаплар

Нишонга урилган гаплар: “Инсон гапиришни ўрганиши учун икки йилга муҳтож бўлади. Жим туришни ўрганиши учун эса, эллик йилга муҳтож бўлади”

 

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.

 

Қуръон ҳақида

Қуръонни тадаббур билан ўқишда кўп фойдалар бор. Қуръондаги ҳар бир оят, ҳар бир жумла, ҳар бир калима, ҳар бир ҳарф, ҳар бир ҳаракат ва ҳар бир нуқтада улкан ҳикматлар бордир. Қуръонни тадаббур билан ўқиган киши қалбида ўта ёқимли лаззатни, ҳаловатни, маърифатни ҳис этади.

Тадаббур деганда Қуръонни ихлос билан, шошмасдан, ҳар бир калима ва жумланинг маъносига эътибор бериб, ҳикматини тушуниб, оятдан ибрат, панду насиҳат олиб, буйруқларига итоат қилиб, қайтарганларидан қайтиб тиловат қилишни тушунсак тўғри бўлади, деб ўйлайман. Валлоҳу аълам.

 *****

 ИСЛОМ ДИНИНИНГ УСТУНЛАРИ

Аллоҳ таоло Рўзани Мадинада, ҳижрий 2-йилда фарз қилди. Закотни ҳам Мадинада, ҳижрий 2-йилда фарз қилди. Ҳажни ҳам Мадинада фарз қилди. Яъни, Аллоҳ таоло Ислом динимизнинг устунлари бўлган бу фарз ибодатларни Мадинада (Ерда) фарз қилди. Аммо Намозни Меърожда фарз қилди. Бу эса, Намознинг шаъни, қадри, аҳамияти нақадар юксак эканини кўрсатади.

 *****

 Қуръон ўқиб, тиловатга берилиб кетиб, овқат қилишга кечроқ уриндим, бироздан сўнг пишади десанг, кечқурунга овқат емай, нон ва сув билан кифояланишга мингдан минг розиман.

 *****

 Золим кўзини очсин!

Агар мазлум золимга қонуний ёки жисмоний жавоб қайтармай, индамай қўя қолса, золим янада кўпроқ эҳтиёт бўлсинки, Аллоҳ таоло ўша золим кимсадан мазлум бандасининг ўчини, ҳаққини олиб беради.

 *****

 Инсон гапиришни ўрганиши учун икки йилга муҳтож бўлади. Жим туришни ўрганиши учун эса, эллик йилга муҳтож бўлади.

Эрнест Ҳемингуэй,

америкалик ёзувчи, журналист, Нобель мукофотининг лауреати

 *****

 Агар бир инсонни алдаган бўлсанг, бу унинг аҳмоқлигини англатмайди. Балки ўша одам сенга лойиқ бўлганингдан-да кўпроқ ишонганини англатади.

Чарлз Буковский,

америкалик шоир, журналист.

*****

 Агар ёқтирмаслик, нафрат деган нарсаларнинг электрга айланиши мумкин бўлганда, (ўша электр) бутун дунёнинг ёруғ бўлишига кифоя қилган бўларди.

Никола Тесла,

кашфиётчи, инженер, физик

 *****

 Муҳаббат умрда бир марта келади. Ёқтириш эса, бир неча марта. Сен буларнинг орасини аралаштирма, тағин надомат қилиб юрмагин.

Марк Твен,

америкалик ёзувчи, журналист

 ***** 

Аъзоларнинг тоати

Сабр - қалбнинг тоати.

Тафаккур - ақлнинг тоати.

Намоз - жасад ва руҳнинг тоати.

Зикр - тилнинг тоати.

Кўзни пастга қаратиш - кўзнинг тоати.

Закот - молнинг тоати.

 *****

 Бир йигит донишманднинг олдига бориб, унга: “Нафсимда иккита бўри урушяпти. Улардан бири яхшиликка чорлайди, бошқаси ёмонликка” деди. Шунда донишманд “Қайси бирига таом берсанг, ўша ғолиб бўлади” деди.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Янгиликлар

Top