muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Мисрда “Кибермакон ва диний нутқнинг замонавий воситалари” мавзусидаги 34-халқаро анжуман бўлиб ўтди. Унда юртимиздан Ўзбекистон мусулмонлари идораси халқаро алоқалар бўлими мудири Шавкат Ҳамдамов қатнашди.

Форумни Миср Араб Республикаси Вақфлар вазирлиги ва Ислом ишлари олий Кенгаши ташкил этди. Халқаро анжуман 60 дан ортиқ давлатдан кўплаб машҳур Ислом арбобларини жамлади.

Aнжуман иштирокчилари рақамли платформа ва интернет технологиялари билан боғлиқ масалалар, кибермаконда экстремистик ғояларни тўсишга қаратилган стратегиялар ва бундай ғоялар тарғиботига қарши курашишнинг турли усулларига доир мавзуларни муҳокама қилди.

Шунингдек, муаммоларни бартараф этишда ишончли Исломий контент зарурлигини таъкидлади. Университетлар ва оммавий ахборот воситалари давлат томонидан молиялаштирилиши ва мактабларнинг таълим ролини кучайтиришни таклиф қилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига матбуот котиби тайинланди.
Олимов Фаррухбек Султонмуродович марказнинг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи – матбуот котиби этиб тайинланди. У кўп йиллар Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг “Yoshlar”, “Dunyo bo‘ylab” телеканалларида бош муҳаррир сифатида фаолият юритган. Тайинловга қадар филология фанлари доктори (DSc) Фаррухбек Олимов Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети катта ўқитувчиси лавозимида ишлаган. Унинг “Миллий сўз”, “Тамаддун”, “Навоий наздида комил инсон”, “Алишер Навоий маноқиб-ҳолотларида бадиий-публицистик маҳорат” китоблари чоп этилган.
Тайинлов Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги хулосасига кўра амалга оширилди.

Шу йил 19 сентябрь куни Имом Термизий ўрта-махсус ислом таълим муассасасида педагог-ўқитувчиларнинг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда ташкилий масала кўрилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими Музаффар домла Жабборов Имом Термизий мадрасаси директори лавозимига тайинланди.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Уйғун домла Ғафуров таълим сифатини ошириш, педaгог-ўқитувчиларга муносиб шароитлар яратиш, талаба-ёшларни билим ва кўникмаларини янада ошириш ишларига алоҳида урғу қаратиш зарурлигини таъкидлаб, бу борада янги раҳбарга мадраса жамоаси ҳам елкадош бўлиши, ҳамжиҳатликда бир ёқадан бош чиқариб иш юритиш катта ютуқларга омил бўлишини таъкидлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Шу йил сентябрь ойидан бошлаб Малайзиянинг “Aстро” телекомпанияси платформаларида жаҳонга машҳур телебошловчи, ошпаз, реставратор ва пазандалик блогер Чеф Ваннинг Ўзбекистоннинг туризм ва гастрономик салоҳиятига бағишланган муаллифлик дастурлари намойиш этилмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.

Телекўрсатувлар мамлакатимизнинг Куала-Лумпурдаги элчихонаси, Ўзбекистон Туризм қўмитаси ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси ҳамкорлигида амалга оширилган қўшма медиалойиҳа самарасидир.

Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларида туркум телекўрсатувлар ва пазандачилик маҳорат дарсларини суратга олиш ишлари олиб борилди.

Ушбу лойиҳа Ўзбекистонни сайёҳлик йўналиши сифатида оммалаштириш ва ўзбек гастрономик брендларини хорижда жойлаштириш орқали Малайзиядан келаётган сайёҳлар оқимини кўпайтиришга хизмат қилади.

Телевидение ҳикоялари, шунингдек, 100 миллиондан ортиқ аудиторияга эга бутун дунё бўйлаб машҳур стриминг платформаларида намойиш этилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Середа, 20 сентябрь 2023 00:00

Қуръонда зикр қилинган ранглар

Сариқ ранг. Бу Қуръони каримда биринчи зикр қилинган ранг бўлиб, беш ўринда учрайди:

«(Мусо) деди: “У айтмоқдаки, у ярқироқ, сарғиш рангли сигир бўлиб, кўрганларни қувонтирур”» (Бақара сураси, 69-оят).

Бу оятда сариқ ранг кўзни қувонтирадиган деб хабар берилмоқда.

«Борди-ю, шамолни юборсак ва уни (экинни қуриб) сарғайган ҳолда кўрсалар, ...» (Рум сураси, 51-оят).

Бу ерда сариқ ранг бузилиш, емирилиш маъноларини ифода этмоқда.

«(У) бамисоли бир ёмғирки, унинг (сабабидан униб чиққан) гиёҳ кофирларни таажжубга солур. Сўнгра у қуригач, уни сарғайган ҳолда кўрасиз. Сўнгра у ўтин бўлиб қолур...» (Ҳадид сураси, 20-оят).

Бу ерда ҳам туташ, қуриш-қовжираш маъноларида келмоқда.

Оқ ранг. Бу ранг Қуръони каримда ўн икки марта зикр қилинган.

«Шунингдек, тонггача, яъни оқ ипнинг қора ипдан (тонгнинг тундан) ажраладиган вақтигача еб-ичаверингиз...» (Бақара сураси, 187-оят).

Оятдаги оқ ранг ёруғлик, тонг отишини ифодалаб келган.

«Юзлари оқарган зотлар эса Аллоҳнинг раҳматида (жаннатида)дирлар. Улар у ерда абадий қолувчилардир» (Оли Имрон сураси, 107-оят).

Оқ ранг жаннат аҳлига хос бўлган белги-аломатдир.

«Кейин улардан юз ўгириб: “Эсизгина Юсуф!” деди. Ғам-ғуссадан унинг кўзлари оқариб (ожиз бўлиб) қолди ва у энди маҳзундир» (Юсуф сураси, 84-оят).

Бу ўринда эса, оқ ранг дард-иллат маъносида ифодаланган.

«Қўлини (қўйнидан) чиқарган эди, бирдан у қараб турганларга оппоқ (нурли) кўринди» (Аъроф сураси, 108-оят).

Бу ерда оқлик Мусо алайҳиссаломнинг мўъжизаларини тасвирлаб бермоқда.

«Аллоҳ осмондан сув (ёмғир, қор) ёғдириб, у билан ранглари турли бўлган меваларни чиқарганимизни кўрмадингизми?! Яна тоғларнинг оқ, қизил, ранг-баранг йўл(лиси) ҳам, тим қораси ҳам бордир» (Фотир сураси, 27-оят).

«Оппоқ ва (май тўла қадаҳлар) ичувчилар учун лаззатлидир» (Соффот сураси, 46-оят).

Қора ранг. У Қуръони каримда саккиз марта зикр қилинган:

«Шунингдек, тонггача, яъни оқ ипнинг қора ипдан (тонгнинг тундан) ажраладиган вақтигача еб-ичаверингиз...» (Бақара сураси, 187-оят).

«Баъзи юзлар оқарадиган ва баъзи юзлар қораядиган кунни (қиёматни) эсланг: юзи қорайганларга (ҳужжат исботи учун шундай дейилур): “Иймон келтиргандан кейин яна куфрга қайтган эдингизми? Куфрингиз туфайли мана шу азобларни тотиб кўринг, энди!”» (Оли Имрон сураси, 106-оят).

«Қайси бирларига қиз (кўргани ҳақида) хушхабар берилса, ғазаби келиб, юзлари қорайиб кетади» (Наҳл сураси, 58-оят).

«Сўнгра уни қорамтир хазон қилиб қўйган зотдир» (Аъло сураси, 5-оят).

«Яна тоғларнинг оқ, қизил, ранг-баранг йўл(лиси) ҳам, тим қораси ҳам бордир» (Фотир сураси, 27-оят).

Яшил ранг. Бу ҳам Қуръони каримнинг саккиз ўрнида келади:

«Шоҳ (бир куни) деди: “Мен тушимда еттита озғин сигир еттита семиз сигирни еяётганини ва еттита яшил бошоқ билан бирга бошқа (еттита) қуриган бошоқларни кўрдим. Эй аъёнлар! Агар туш таъбирини айтувчи бўлсангиз, тушим тўғрисида фатво (жавоб) берингиз!”» (Юсуф сураси, 43-оят).

«Устиларида яшил ипак ва шойи либослар бўлиб, улар кумуш билакузуклар билан безанган бўлурлар ва Парвардигорлари уларга пок шароб ичирур» (Инсон сураси, 21-оят).

«(Жаннат аҳли) яшил ёстиқлар ва гўзал гиламлар узра ястанган ҳолларида (ўтирурлар)» (Ар-Роҳман сураси, 76-оят).

Кўк ранг. У Қуръони каримда бир марта зикр қилинган:

«(У) сур чалинадиган кундир. У кунда Биз жиноятчиларни кўзлари (қўрқувдан) кўк (нурсиз) бўлиб қолган ҳолларида йиғурмиз» (Тоҳо сураси, 102-оят).

Қизил ранг. Бир марта зикр қилинган:

«Аллоҳ осмондан сув (ёмғир, қор) ёғдириб, у билан ранглари турли бўлган меваларни чиқарганимизни кўрмадингизми?! Яна тоғларнинг оқ, қизил, ранг-баранг йўл(лиси) ҳам, тим қораси ҳам бордир» (Фотир сураси, 27-оят).

Пушти ранг. Бир марта зикр қилинган:

«Бас, қачонки, (қиёмат қойим бўлгач) осмонлар ёрилиб (жаҳаннам ҳароратидан) ёғнинг дурдаси каби бўлур (қизариб қолур)» (Ар-Роҳман сураси, 37-оят).

Тўқ яшил ранг. Унинг зикри Қуръони каримда бир марта келади:

«Иккиси (серсув ва серсояликдан) тўқ яшилдирлар» (Ар-Роҳман сураси, 64-оят).

 

 

Олимжон ОБИДЖОНОВ,

Қувасой шаҳар “Ислом” жоме

 масжиди имом ноиби

Сторінка 96 з 305

Янгиликлар

Top