muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

 

Савдо-сотиқ билан шуғулланиш шарафли касблардан биридир. Динимиз кўрсатмасига кўра тижоратда ростгўйлик, тўғрилик, мулойимлик алоҳида ўрин тутади. Инсонларнинг ҳаққига хиёнат қилмай, бир-бирини алдамай савдо-сотиқ қилган кишиларга охиратда Аллоҳнинг энг суюкли бандалари билан бирга бўлиш бахти насиб бўлади. Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ишончли, ростгўй савдогар (жаннатда) набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир», деб марҳамат қилганлар.
(Термизий ривояти).

Тўғрилик деганда аввало, ёлғон, хиёнат, туҳмат, бевафолик каби қабиҳ ишлардан узоқда бўлиш тушунилади.

Маълумки, ҳар қандай касбни пухта эгаллаш, ўз касбининг моҳир устаси бўлиш учун ана шу касбга тааллуқли илмни мукаммал ўрганмоқ керак. Ўз касбига муҳаббати бор инсон меҳнатдан чарчамайди, балки у роҳатланади. Меҳнатининг самарасини кўрганда барча чарчоқларини унитади. Касби туфайли атрофдагиларига ёрдами тегса, инсон ўзини бахтли деб ҳисоблайди. Демак, инсон ҳалол меҳнати билан ваъда қилинган улуғ савоблар, даражаларга эришар экан.

Демак, савдо-сотиқ, тижорат билан машғул бўлган киши динимиз кўрсатган йўлга мувофиқ тижорат қилса, унга охиратда катта ажру мукофот бўлиши, хатто жаннатда пайғамбар-у, сиддиқлар билан бирга бўлар экан. Аммо унинг акси бўлса, ўзининг фойдаси учун ҳийла-найранг, алдамчилик, кўзбўямачилик ва ғирромлик қилса, динимиз талабларидан ташқарига чиққан бўлади ҳамда қиёмат кунида оғир ҳисоб китобга мубтало бўлиши муқаррар. Баъзи бир савдогарлар ўз молини ўтказиш учун ёлғон гапирадилар, ҳатто ёлғон қасам ичадилар. Бу савдонинг баракасини кетказади. Бошқа томондан бало ва офатлар етиши ҳам мумкин.

Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Олувчи ва сотувчи ихтиёрлидир. Агар бир-бирларига рост сўзлаб, молини айбини яширмасалар ўрталарида барака бўлади. Агар моллари айбини яширсалар ва бир-бирларини алдасалар, савдоларида барака кўтарилади», дедилар.
(Бухорий ва Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни бозорда буғдой сотиб турган кишининг буғдойига муборак қўлларини тиқиб кўрсалар, буғдойнинг таги сал нам экан. Шунда У зот: «Бу қандай бўлди?», деб сотувчига эътироз билдирдилар. Сотувчи эса: “Ҳозир ёмғир ёғиб ўтган эди, шунинг учун нам текканини тагига қўйган эдим»-деб узр айтди. Он ҳазрат: «Нам теккани устида тураверса бўлмайдими? Кимки ҳиёнат қилса биздан эмас»-дедилар.

Баъзи бир ўлкаларга Исломни ёйишда мусулмон савдогарларнинг ўрни беқиёс бўлган. Кўплаб инсонлар мусулмон тижоратчилар сабабли исломга кирганлар. Хитой ерларига қарашли Шарқий Туркистон исломни мусулмон савдогардлар орқали ўрганганлар. Шу билан хитойликлар орасида ислом ёйила бошлаган. Мусулмон савдогарлар туфайли Ислом Индонезия, Малайзия, Филиппин каби Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатларига етиб борган. Шри-Ланканинг жанубий ғарбида жойлашган Малдив ороли ва Вьетнамга ҳам исломнинг тарқалиши ортида мусулмон савдогарларнинг хизматлари катта.

Африка қитъасининг шимолидан тортиб марказий-шарқий ва жанубий Африкагача бўлган ҳудудларда ҳам исломнинг тарқалишига мусулмон савдогарларнинг ўрни ниҳоятда беқиёс.
Бироқ, қалб қулфларининг исломга очилишида тижоратчилирнинг хулқи қандай ўрин тутган?

Ана ўша биз улар ҳақида гапираётган тижоратчилар кўп ишлар қилмаган. Лекин улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган хулқ билан хулқланган эдилар холос.

Бу хулқ Аллоҳ таоло ўз набиййини وَإِنَّكَ لَعَلَى خُلُقٍ عَظِيمٍ «Сиз буюк хулқ узрадирсиз» деб мақташига сабаб бўлган хулқ эди.

Бу хулқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг

بعثت لأتمم مكارم الأخلاق

«Мен ахлоқларнинг энг мукаррамларини мукаммал қилиш учун юборилдим» деган сўзларида жо бўлган хулқ эди.

Масруқ розияллоҳу анҳу айтади: “Биз Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу билан ўтирган эдик. У бизга: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фаҳш ишларни қилувчи ҳам фаҳш гапларни айтувчи ҳам эмасдилар. У зот:


إن خياركم أحاسنكم أخلاقاً

«Сизларнинг энг яхшиларингиз хулқи гўзалларингиздир, дер эдилар», -деди».
(Бухорий ривояти).

Жобир розияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:


إن من أحبكم إليَّ وأقربكم مني مجلساً يوم القيامة أحاسنكم أخلاقاً


«Сизларнинг менга энг севиклигингиз ва қиёмат куни менга энг яқин жойда бўладиганингиз хулқи чиройлиларингиздир», дедилар.
(Термизий ривояти).

Исломда тижоратнинг ҳам ўзига хос ахлоқи бўлиб, у ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб хабар берадилар:


عَنْ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : (إِنَّ أَطْيَبَ الْكَسْبِ كَسْبُ التُّجَّارِ الَّذِينَ إِذَا حَدَّثُوا لَمْ يَكْذِبُوا، وَإِذَا ائْتُمِنُوا لَمْ يَخُونُوا، وَإِذَا وَعَدُوا لَمْ يُخْلِفُوا، وَإِذَا اشْتَرُوا لَمْ يَذِمُّوا، وَإِذَا بَاعُوا لَمْ يُطْرُوا، وَإِذَا كَانَ عَلَيْهِمْ لَمْ يَمْطُلُوا، وَإِذَا كَانَ لَهُمْ لَمْ يُعَسِّرُوا

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Касбларнинг энг яхшиси – тижоратчиларнинг касбидир. Улар гапирсалар ёлғон гапирмайдилар, уларга омонат қўйилса хиёнат қилмайдилар, ваъда берсалар хилоф қилмайдилар, сотиб олаётгаларини пастга урмайдилар, сотаётганларини бўрттирмайдилар, қарзларини беришни чўзиб юрмайдилар ва бировга қарз берганларида уни қистамайдилар».
(Байҳақий ривояти).

Мусулмон тижоратчининг омонатдор бўлиши муқаддас динини кўрсатмаси ва топшириғи экан. Ривоятларда келишича Юнус ибн Убайд ҳар хил нархдаги кийимларни сотар эди. Баъзи кийим-кечакларининг нархи тўрт юз танга бўлса, баъзилариники икки юз танга эди. Бир куни ўзининг ўрнига дўконда жиянини қолдириб ўзи намоз ўқиш учун масжидга жўнабди. Шунда дўконга бир аъробий келиб тўрт юз тангалик кийим сўрабди. Унга икки юз тангалиги кўрсатилганда либос унга маъқул келиб уни сотиб олибди. Юнус ибн Убайд йўлда ҳалиги аъробийни учратиб қолибди ва либос ўзининг дўконидан сотилганини пайқаб ундан “Қанчага сотиб олдинг?» деб сўрабди. Аъробий тўрт юз тангага олганини айтгач Юнус ибн Убайд у либос икки юз танга туришини ва қайтариб олиб боришини айтибди. Аъробийнинг: “Биз томонларда бунинг нархи беш юз танга, мен розиман» деган гапига қарамай “Тўғрилик мол-у дунёдан яхшироқ» деб дўконидан икки юз тангасини қайтариб берибди, жиянига эса бу иши учун қаттиқ дашном бериб, уни инсофли бўлишга чақирибди.

Бунга ўхшаш воқеани Муҳаммад ибн Мундакир роҳматуллоҳи алайҳнинг ҳаётларида ҳам учратишимиз мумкин. У киши ҳам савдогарлардан бўлиб турли либосларни сотар эдилар. Бир куни ўрнига ёш бола савдо қилиб беш тангалик кийимни ўн тангага сотганлигини билиб қолиб харидорни излашга тушибди. Ахири топгач унга: “Ёш бола сизга беш тангалик кийимни ўн тангага сотибди»  дебди. У одам розилигини айтганда унга қарата: «Биз ўзимизга раво кўрганимизнигина бошқаларда бўлишига розимиз. Энди ё ўн тангалик либослардан бирини олинг, ёки беш тангани қайтариб берай, ёки бўлмаса либосни қайтариб пулларингизни олиб кетинг» деб айтибди. Ҳалиги одам беш тангани қайтариб олибди ва одамлардан бу улуғ зот ким эканлигини сўрганида улар Муҳаммад ибн Мундакир эканлигини айтишибди.

Аллоҳ таоло юртимиз бозорларига Ўзининг баракотларини ёғдирсин. Барчамизга муқаддас динимиз кўрсатмасига мувофиқ савдо-сотиқ қилиб, бу дунё бахти охират саодатига насиб этсин.


Жалолиддин Ҳамроқулов

 

Понеділок, 18 сентябрь 2023 00:00

Фитна нима?

Фитна (араб. – синаш, имтиҳон қилиш, азоблаш, бошини айлантириш, тўғри йўлдан оздириш, адаштириш, васваса қилиш) – луғатшуносларнинг фикрига кўра, арабларда олтинни ўтга тутиб, ёт моддалардан тозалашни англатган. Шу нуқтаи назардан, фитна сўзи “имтиҳон”, “синов” деган маъноларда ҳам ишлатилган.

Машҳур араб тарихчиси Муҳаммад ибн Асир Жазарий (1160–1234) айтади: “Фитна имтиҳон ва синовдир.... Фитна сўзини кейинчалик синов туфайли кишига етадиган “азият” маъносида ҳам ишлатиш оммалашган. Сўнгра бу сўз гуноҳ, куфр, уруш, ёндириб юбориш, йўқ қилиш, бирор нарсадан четлатиш маъносида ҳам кўп қўлланган”.
Ислом таълимотида аҳоли осуда ҳаёт кечириб турган жамиятда ҳаловат ва тинчликка рахна соладиган ҳар қандай фитна ҳаракатлари одамларнинг қонини тўкишдан ҳам оғир гуноҳ саналади. Бу ҳақда Қуръонда қуйидагича таъкидланган: «Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир...» (Бақара сураси, 191-оят); «Фитна эса қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир» (Бақара сураси, 217-оят). Мусулмонларга фитна тарқалганда барчани қамраб олиши ҳақида огоҳлантирилиб, ундан сақланишга буюрилган: «Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (Зот)дир» (Анфол сураси, 25-оят).
Ҳанафий мазҳабининг йирик олими Имом Муҳаммад Ходимий “Ал-Барийқа” номли асарида фитна ҳақида қуйидагиларни айтган:
“Маънавий иллатлардан яна бири фитначиликдир. Фитна деб одамларни изтироб, ихтилоф, машаққат ва балога гирифтор қилишга айтилади. Масалан, халқни боғийликка ташвиқ қилиш, подшога қарши чиқишга тарғиб қилиш, ваъз айтишда тингловчиларнинг савиясини ҳисобга олмасдан тушунмовчилик келтириб чиқарувчи мураккаб тилда гапириш каби ҳолатлар умуммаънода фитнага мисол бўлади”.

Давоми бор...

"Ислом нури" газетасидан

Айни пайтда Мадина шаҳрида бўлиб турган “Умра – 2023” янги мавсумининг илк зиёратчилари Масжидул Набавийда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак Равзаларини зиёрат қилиб, яқинларининг саломларини етказишмоқда.

 Мазкур муборак масканда зиёратчиларимиз дуо ва ибодатлар қилиш билан бирга гўзал шаҳардаги Бақи қабристони, Қубо масжиди ҳамда Уҳуд тоғини зиёрат қилишяпти. 

 Зиёратчиларимиз Аллоҳ таолога Ўзининг муборак заминига етказгани учун ҳамду санолар айтишиб, соғинч ила кутилган кунларга етишгани учун шукроналар қилишмоқда.

 Мадинаи мунавварада ибодат ва зиёратларни адо этиб бўлгач, зиёратчиларимизнинг дастлабки гуруҳлари умра ниятида оппоқ эҳромда замонавий автобусларда Маккаи мукаррамага йўл олади, иншоАллоҳ. 

 Аллоҳ таоло умра зиёратини бошлаган ҳамюртларимизнинг сафарларини хайрли ва баракали қилсин, муборак зиёратни барча мўмин-мусулмонларга насиб этсин!

 Умра сафари тафсилотларини сайт ва ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимизда кузатиб боринг.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

 

Разов БАҲРОМИДДИН,
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси ўринбосари

Аллоҳ таоло бандаларига Қуръони Каримни нозил қилгандан кейин уни тўғри фаҳмлаш учун Ўз пайғамбарига илҳом берди. Пайғамбарнинг берилган илҳоми билан гапирган сўзлари ва қилган амаллари шариатда ҳадисун набавий деб номланади. Барча саҳобалар Қуръон Каримни ушбу ҳадислар орқали англаб етишган. Ояти карималарда Аллоҳ таолонинг бизларга ҳавола қилган мазмун моҳиятни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз сўзлари билан содда қилиб тушунтирганлар. Масалан: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисда “сизларнинг яхшиларингиз”, дедиларми демак, Аллоҳнинг наздида ҳам ўша киши яхшидир. 

Келинг, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадислари орқали сизларнинг яхшиларингиз деган мезон билан ўзимизни хулқимизни ўлчаб кўрайлик-чи биз яхши инсонми ёки ...
Имом Бухорий (5027) келтирган ҳадисда: Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
عَنْ عُثْمَانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «خَيْرُكُمْ مَنْ تَعَلَّمَ الْقُرْآنَ وَعَلَّمَهُ». 
“Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, бошқаларга ҳам ўргатадиганларингиздир”, дедилар”.
Муттафақун алайҳ (6035) бўлган ҳадисда: Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
عن عبدالله بن عمرو بن العاص - رضي الله عنهما - قال: لم يكن النبي - صلى الله عليه وسلم - فاحشًا ولا متفحشًا، وكان يقول: ((إِنَّ خِيَارَكُمْ أَحَاسِنُكُمْ أَخْلاَقًا))؛ متفق عليه.
“Албатта сизларнинг яхшиларингиз хулқи гўзалларингиздир”
Имом Бухорий (2035) келтирган ҳадисда: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам
أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « كانَ لِرَجُلٍ علَى النبيِّ صَلَّى اللهُ عليه وسلَّمَ سِنٌّ مِنَ الإبِلِ، فَجَاءَهُ يَتَقَاضَاهُ، فَقالَ: أَعْطُوهُ، فَطَلَبُوا سِنَّهُ، فَلَمْ يَجِدُوا له إلَّا سِنًّا فَوْقَهَا، فَقالَ: أَعْطُوهُ، فَقالَ: أَوْفَيْتَنِي أَوْفَى اللَّهُ بكَ، قالَ النبيُّ صَلَّى اللهُ عليه وسلَّمَ: إنَّ خِيَارَكُمْ أَحْسَنُكُمْ قَضَاءً».
“Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг зиммаларида бир кишининг нечаям ёшли туяси бор эди, у зотдан ҳаққини талаб қилиб келди. “Унга (ҳаққинни) беринглар”, дедилар. Ўшанинг ёшидагисини излаб, ундан каттароқ ёшдагидан бошқа туя топа олишмади. У зот “Ўшани беринглар”, дедилар. Шунда у: “Ҳаққимни тўла бердинг, Аллоҳ ҳам сенга ҳаққингни тўла қилиб берсин”, деди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта сизларнинг яхшиларингиз ҳақни гўзал ўтагувчиларингиздир”, дедилар.
Имом Термизий (3314) келтирган ҳадисда: Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: 
عَنْ عَائِشَةَ رضي الله عنها قَالَتْ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : "خَيْرُكُمْ خَيْرُكُمْ لِأَهْلِهِ وَأَنَا خَيْرُكُمْ لِأَهْلِي".
“Сизларнинг энг яхшиларингиз аҳли аёли, оиласига яхшилик қилганларингиз ва мен ўз оиламга яхшилик қилгувчироқдирман”.
Имом Термизий (3318) келтирган ҳадисда: Суҳайб ибн Синон Румий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам
عَنْ صهيب  بن سنان الرومي رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ فَإِنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ يَقُولُ : " إِنَّ خِيَارَكُمْ مَنْ أَطْعَمَ الطَّعَامَ وَرَدَّ السَّلامَ " 
“Сизларнинг яхшиларингиз (одамларга) таом берадиган ва саломга алик оладиганларингиздир”.
Имом Термизий (2263) келтирган ҳадисда: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم وَقَفَ عَلَى أُنَاسٍ جُلُوسٍ فَقَالَ ‏"‏ أَلاَ أُخْبِرُكُمْ بِخَيْرِكُمْ مِنْ شَرِّكُمْ ‏"‏ ‏.‏ قَالَ فَسَكَتُوا فَقَالَ ذَلِكَ ثَلاَثَ مَرَّاتٍ فَقَالَ رَجُلٌ بَلَى يَا رَسُولَ اللَّهِ أَخْبِرْنَا بِخَيْرِنَا مِنْ شَرِّنَا ‏.‏ قَالَ ‏"‏ خَيْرُكُمْ مَنْ يُرْجَى خَيْرُهُ وَيُؤْمَنُ شَرُّهُ وَشَرُّكُمْ مَنْ لاَ يُرْجَى خَيْرُهُ وَلاَ يُؤْمَنُ شَرُّهُ ‏"‏ ‏.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонлар тўпланиб турган жойда тўхтаб: “Сизларнинг ёмонларингиздан яхшиларингизнинг (фарқини) хабарини  берайми?” дедилар. Шунда бир киши: “Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули”, деди. У Зот шундай дедилар: “Сизларнинг яхшиларингиз яхшилигидан умид қилинувчи ва ёмонлигидан омонда бўлинувчи кишидир. Ёмонларингиз эса, яхшилигидан умид қилинмайдиган ва ёмонлигидан омонда бўлинмайдиган кишидир”.
Имом Абу Яъло келтирган ҳадисда: Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
عَنْ جَابِرٍ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: " وَخَيْرُ النَّاسِ أَنْفَعُهُمْ لِلنَّاسِ".
“Инсонларнинг энг яхшиси одамларга кўп фойда келтирадиганидир”, деганлар.
Имом Довуд келтирган ҳадисда: Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
عَنْ عبدالله بن عباس يَقولُ النَّبيُّ صلَّى اللهُ عليه وسلَّم: "خِيارُكم أليَنُكم مَناكِبَ في الصَّلاةِ"
“Сизларнинг энг яхшиларингиз намозда елкалари мулойимларингиздир”, 
Имом Суютий келтирган ҳадисда: Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
عَنْ أَنَسٍ ، عَنْ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : " خَيْرُكُمْ مَنْ لَمْ يَتْرُكْ آخِرَتَهُ لِدُنْيَاهُ ، وَلا دُنْيَاهُ لآخِرَتِهِ ، وَلَمْ يَكُنْ كَلا عَلَى النَّاسِ " 
 “Сизларни яхшиларингиз охирати деб дунёсини, дунёси деб охиратини тарк қилмаган ҳамда одамларга боқиманда бўлиб қолманглар (яъни, уларга зинҳор оғирлигингиз тушмасин)”.
Имом ибн Можа келтирган ҳадисда: Асмо бинти Язид розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам
عَنْ أَسْمَاءَ بِنْتِ يَزِيدَ أَنَّ النَّبِيَّ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ « أَلاَ أُخْبِرُكُمْ بِخِيَارِكُمْ ».قَالُوا بَلَى يَا رَسُولَ اللَّهِ. قَالَ « الَّذِينَ إِذَا رُؤُوا ذُكِرَ اللَّهُ تَعَالَى ».
“Сизларнинг яхшиларингизни хабарини берайми?” деб сўраганларида: “Албатта, Эй Аллоҳнинг Расули”, дедилар. “Кўрганда Аллоҳни зикри ёдга тушадиган бандалардир”.
Имом Термизий келтирган ҳадисда: Абдураҳмон ибн Аби Бакра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир киши келиб сўрабди:
عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ أَبِي بَكْرَةَ ، عَنْ أَبِيهِ ، أَنَّ رَجُلا ، قَالَ : يَا رَسُولَ اللَّهِ ، " أَيُّ النَّاسِ خَيْرٌ ؟ ، قَالَ : مَنْ طَالَ عُمُرُهُ وَحَسُنَ عَمَلُهُ ، قَالَ : أَيُّ النَّاسِ شَرٌّ ؟ ، قَالَ : مَنْ طَالَ عُمُرُهُ وَسَاءَ عَمَلُهُ".
 “Ё Расулаллоҳ, қайси инсон яхши?” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Умри узун бўлиб, яхши амаллари кўп бўлса”. Яна сўрабди: “Қайси киши энг ёмон?” “Умри узун бўлиб, ёмон ишлари кўп бўлса”, жавоб берибдилар.
Ибн Можа келтирган ҳадисда: Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам
عبد الله بن عمرو -رضي الله عنهما- أنَّ النَّبي صلى الله عليه وسلم قَالَ: ((خير النَّاس ذو القلب المخْمُوم واللِّسان الصَّادق، قيل: ما القلب المخْمُوم؟ قال: هو التَّقِيُّ النَّقِيُّ الذي لَا إثم فيه، ولَا بَغْي ولَا حسد، قيل: فمن على أَثَــرِه؟ قال: الذي يَشْنَأُ الدُّنيا ويحبُّ الآخرة قيل: فمن على أَثَرِهِ؟ قال: مؤمن في خُلُق حسن)).
“Инсонларнинг яхшиси қалби тоза, тили ростгўй бўлган кишидир”. - Қалби тозалиги қандай, деб сўралди. - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар: “У (инсон шундайки), жуда ҳам тақволи, қалби мусаффо, унинг қалбида ҳеч қандай гуноҳ, ҳеч қандай зулм, ҳеч қандай ҳасад йўқдир”. - Яна сўрашди: ундан кейинги даражада ким? - Жавоб бердилар: “Дунёни ёмон кўрадиган, охиратни севадиган киши”. - Ундан кейин ким? - “Гўзал хулқ билан сифатланган мўминдир”.
Имом Термизий келтирган ҳадисда: Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرٍو، قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم ‏ "‏ خَيْرُ الأَصْحَابِ عِنْدَ اللَّهِ خَيْرُهُمْ لِصَاحِبِهِ وَخَيْرُ الْجِيرَانِ عِنْدَ اللَّهِ خَيْرُهُمْ لِجَارِهِ ‏"‏ ‏.
“Аллоҳнинг наздида дўстларнинг энг яхшиси ўз дўстига энг яхши бўлганидир ва Аллоҳнинг наздида қўшниларнинг энг яхшиси қўшнисига энг яхши бўлганидир”, дедилар.
Имом Термизий келтирган ҳадисда: Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
عن ابن عباس رضي الله عنهما أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: (خيرُ الناس في الفتن رجلٌ آخذٌ بعِنان فرسِه خلف أعداء الله يخيفهم ويخيفونه، أو رجل معتزلٌ في بادية يؤدي حق الله الذي عليه)،
“Сизларнинг яхшиларингиз фитна пайтида Аллоҳ душманларини қўрқитиб ёки улардан қўрқиб уларнинг ортидан отининг юганини ушлаган одам ёки чўлда ажралиб чиқиб Аллоҳ унинг зиммасига юклаган ҳақни адо қилувчи кишидир”. 
Имом Муслим келтирган ҳадисда: Авф ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
عَنْ عَوْفِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «خِيَارُ أَئِمَّتِكُمُ الَّذِينَ تُحِبُّونَهُمْ وَيُحِبُّونَكُمْ، وَتُصَلُّونَ عَلَيْهِمْ وَيُصَلُّونَ عَلَيْكُمْ، وَشِرَارُ أَئِمَّتِكُمُ الَّذِينَ تُبْغِضُونَهُمْ وَيُبْغِضُونَكُمْ، وَتَلْعَنُونَهُمْ وَيَلْعَنُونَكُمْ» قَالَ: قُلْنَا يَا رَسُولَ اللهِ، أَفَلاَ نُنَابِذُهُمْ؟ قَالَ: «لاَ، مَا أَقَامُوا فِيْكُمُ الصَّلاَةَ، لاَ، مَا أَقَامُوا فِيكُمُ الصَّلاَةَ».
 
“Сизларнинг яхши ҳокимларингиз шундай кишиларки, сизлар уларни яхши кўрасизлар. Улар ҳам сизларни яхши кўришади. Сизлар улар ҳаққига дуо қиласизлар. Улар ҳам сизларнинг ҳаққингизга дуо қилишади. Ёмон ҳокимларингиз шундай кишиларки, сизлар уларни ёмон кўрасизлар. Улар ҳам сизларни ёмон кўришади. Сизлар уларни лаънатлайсизлар. Улар ҳам сизларни лаънатлашади”, деганларида, биз: “Эй Аллоҳнинг Расули, ундоқ бўлса, улар билан уришайликми?” деганимизда, у зот: “Модомики орангизда намоз ўқишар экан, уришманглар. Модомики орангизда намоз ўқишар экан, уришманглар”, деб айтганларини эшитдим.
Имом Термизий келтирган ҳадисда: Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرٍو، قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم ‏ "‏ خَيْرُ الأَصْحَابِ عِنْدَ اللَّهِ خَيْرُهُمْ لِصَاحِبِهِ وَخَيْرُ الْجِيرَانِ عِنْدَ اللَّهِ خَيْرُهُمْ لِجَارِهِ ‏"‏ 
“Аллоҳнинг наздида дўстларнинг энг яхшиси ўз дўстига энг яхши бўлганидир ва Аллоҳнинг наздида қўшниларнинг энг яхшиси қўшнисига энг яхши бўлганидир”, дедилар.
Аллоҳ таоло барчамизнинг табиатларимизни ушбу ҳадисларга мувофиқ қилиб, инсонларнинг яхшиси айласин!
 
Жамол домла Мавлонов
“Калон” жоме масжидининг 
имом-хатиби
Сторінка 100 з 305

Янгиликлар

Top