muslim.uz

muslim.uz

Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Сирдарё вилояти имом-хатиблари билан йиғилиш ўтказдилар. Йиғилиш аввалида Муфтий ҳазратлари вилоятда муқаддас Рамазон ойига тайёргарлик қандай бораётгани билан қизиқдилар. Аёнки, Рамазонда жоме масжидларимиз доимгидан ҳам гавжум бўлади, таровеҳ намозлари ўқилади, Қуръони карим хатм қилинади. Намозхонларга қулайлик яратиш учун ҳашарлар уюштириб, масжидлар янада покизароқ, чиройлироқ қилиб қўйилса, кирган кишининг баҳри дили очилиб, намозни ҳам роҳатланиб ўқийди.

Муфтий ҳазратлари ёшлар тарбияси ҳамма замонда энг долзарб масала бўлиб келганига йиғилиш иштирокчиларининг эътиборини қаратдилар ва бунда ўсмир-ёшларни ҳозирданоқ тартиб-интизомга ўргатиб бориш, бунинг учун муҳтарам имом-хатибларимиз жамоатчилик асосида ўқувчи-талабаларнинг дарсларга қатнашиш давомати билан қизиқиб, керакли ҳолларда моддий-маънавий ёрдам беришлари фойдали бўлишини таъкидладилар.

Ўз жонига қасд қилиш масаласига тўхталган Муфтий ҳазратлари суиқасд ҳеч қандай бандани ҳеч қандай муаммодан қутқарадиган чора эмаслигини, аксинча, балолар гирдобига отишини халқ орасида таъсирчан усулларда тушунтириш даркорлигини айтар экан, қашқадарёлик фаол имом-хатиблар шундай оғир гуноҳга қўл ураётган кишиларни муқаррар ўлимдан сақлаб қолгани, сиртмоқнинг тагидан чиқариб олганини сўзлаб бериб, барча имом-хатиблар ва уларнинг ноибларини шундай жонкуяр ва сергак бўлишга даъват этдилар.

Оиланинг пойдевори маҳкам тутилмаса, оломон маданияти таъсирида унга дарз кетиши мумкинлиги ҳақида сўз юритган нотиқ, бу масалада эрта никоҳнинг, қариндошлар ўртасидаги қуда-андачиликнинг олдини олиш, оилавий ажримларга имкон қадар йўл қўймаслик ҳақида гапираркан, биргина имом-хатибнинг сайъ-ҳаракати билан юздан ортиқ оила барбод бўлишдан сақлаб қолинганини, домлаларимиз оила муқаддаслигини кенг тарғиб-ташвиқ этишда бардавом бўлиши лозимлигини таъкидлаб ўтдилар.

Муфтий ҳазратлари ҳаёт кечираётган шукуҳли кунларимиз, нафас олаётган мусаффо ҳаволаримиз, ўтказаётган тўй-у томошаларимиз  тинчлик-хотиржамлик туфайли эканини алоҳида таъкидладилар. Ёшларимизга, халқимизга ана шу буюк неъматнинг шукронасини қилиб ҳаёт кечириш, тинчлигимизнинг бардавом бўлиши учун ҳар биримиз ҳушёр ва огоҳ бўлмоғимиз зарурлигини, бундай хайрли ишларда имом-хатибларимизнинг ўзига хос ўрни борлигини яна бир бор эслатиб ўтдилар. 

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Ахборот хизмати

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Инсонлар ҳаётида бўлиб турадиган турли офат ва беморликларнинг содир бўлиши, буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таоло томонидан бандаларига бўладиган синовдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар:

“Аллоҳ таоло қайси  бандасига яхшиликни раво кўрса, ўшанга бирор мусибатни юборади” (Бухорий ривояти).

Солиҳ кишига  турли  хасталиклар, маҳзунлик, ғам-ташвишларнинг етиб туриши Аллоҳ таолонинг унга яхшиликни ирода қилганидир. Бундай кишилар учун турли ташвишларнинг етиши уларнинг гуноҳларининг каффоротидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

“Мусулмонга қай бир мусибат – ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, маҳзунликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикан киришими – етадиган

ўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорот қилур”,  дедилар” (Бухорий ва Муслим ривояти).

Ислом хасталикларни асосан тиб орқали, баъзи руҳий муолажага эҳтиёжлари борларни Қуръони карим  оятлари ила муолажа қилишга амр этган. Ҳар қандай хасталикда аввало шу соҳанинг мутахассисларига мурожаат қилинади.

Лекин афсуски, тиб фани муваффақиятли равишда, тараққиёт чўққиларига эришиб келаётган ушбу замонимизда беморлиги сабаб баъзи инсонлар сохта табибларга ёки фолбинларга мурожат қилишади. Аҳоли ўрталарида иш кўраётган  сохта табиблар, фолбин-ромчилар содда кишиларни лақиллатиб, ўз манфаатлари йўлида, осонликча   бойлик   орттириш  мақсадида  улардан  фойдаланиб   келишлари  динимиз кўрсатмаларига зиддир

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида марҳамат қиладилар:

“Кимки тиб илмидан бехабар, тажрибасиз бўлатуриб, табиблик даъвоси ила, бирор беморни даволашга киришса ва беморнинг муолажаси сабабли ўлса ёки бирор зарар топса, ундай “табиб” Аллоҳ таоло олдида марҳумнинг қонига зоминдир” (Ибн Можа ривояти).

Беморликка йўлиққан киши сабр қилади, савоб умидида бўлади ва ўзига етган хасталикни Аллоҳ таолонинг қазойи қадари деб тан олади. Бемор бўлган инсон аввало ва доимо Аллоҳ таолодан шифо сўраб, дуода бўлиши, хайр эҳсон қилиши, тавба, зикр ва тазарруъни кўпайтириши лозим. Шариатда ҳаром қилинган нарсалар билан даволанмаслик керак. Буларга тумор осиш, турли дам солинган иплар, баъзи ҳайвонларнинг тирноқ ва тишлари каби нарсаларни ўзи билан олиб юриш кабилар киради. Ушбу ишлар ширкдир.

Аксари ҳолларда, айниқса аёлларимиз орасида беморлик етганида турли фолбинларга бориш натижасида: “Сизда амал бор”, “Иссиқ-совуқ қилингансиз”, ёки  “Фотиҳани янгилаш керак, бунинг учун қора  қўчқор сўясиз, қонини танангизга сурасиз”,  каби нотўғри талқинларни ҳам учратамиз.

Бундан ташқари,   “Қўчқорнинг калла-почаси пиширилганда, қўйнинг кўзини ёлғиз фарзандлар  ейиши керак”,   “Суякнинг илигини ота фарзандига қоқиб бермаслиги керак”, “Қўчқорни калла суягини эса хонадондаги  дарахтларга илиб қўйиш назар-нафасдан асрайди”,  деб  нотўғри  талқин қилинади.

Беморлик етганида  аввало Аллоҳдангина мадад сўралади.  Мутахассис шифокорлар беморнинг тиббий муолажаларга муҳтож эмаслигини тасдиқласалар, у шаръий дуолар ва дам солиш ила даволанишга ўтиши мумкин. Бунда бемор ўзи билган Қуръони карим  сураларидан ўқиб ўзига дам солиши ёки  илмли инсондан ўзига дам солиб қўйишини илтимос қилса бўлади.

Имонли инсон ҳар қандай маҳзунлик ва беморлик Аллоҳ таоло томонидан эканлигига имон келтиради. Шу билан бирга, дардни берган Аллоҳ таолонинг Ўзи давони ҳам беришига шубҳасиз ишонади. 

Мунира АБУБАКИРОВА

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

“Узоқ Шарқда ислом” III мусулмонлар форуми  бўлиб ўтади, унда 400 кишининг иштирок этиши  кутилмоқда.

Ушбу форумда Узоқ Шарқ мусулмонлари идораси ва бошқа идораларнинг мусулмон ёшлар ижтимоийлашуви, конфессиялараро ҳамкорликни кучайтириш, радикализм  ва миллатчиликка қаршилик қилиш каби масалалар ёритиб берилади..

Форумнинг яна бир муҳим жиҳати шуки, унда Пайғамбаримиз с.а.в. нинг 41-авлодлари, Болгария ислом Академияси ректор маслаҳатчиси, Аммай Халқаро университетининг ислом фанлари академиги, профессор Шайх Абдураззоқ Абдураҳмон Ассаади иштирок этади.

Мазкур форум олдидан берган сўзида Ассаади: “Ҳар бир минтақа ва мамлакатда таълим тинчликни мустаҳкамлашнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади. Таълимсиз жамиятда жаҳолат ва адашиш ҳукм суради. Илм – бу нур, илмсизлик эса – зулматдир. Дунёда рўй бераётган – террористик актлар, шаҳарларни ва маданиятни барбод қилиш – буларнинг барчаси адашишлик, илмсизликдан келиб чиқади”, - деди.

Форум давомида “Ислом дунёсининг долзарб масалалари” мавзусида бўлиб ўтадиган мулоқотда академик Ассаади ҳамда  Уфа, Доғистон ва Қирғизистон мусулмонлари идораси вакиллари ҳам иштирок этади.                                                    

Моҳира Зуфарова тайёрлади.

 

Ўқишга, ишга бориш ёки узоқроқ сафарга чиқиш учун турли замонавий уловлар кеча-ю кундуз халқ хизматида. Уловларга телевизор, радио ва аудиолар ўрнатилган.  Зерикиб қолмаслик учун улар ҳам керак. Аммо...

Яқинда бир сафарга чиқишга тўғри келди. Манзилга тезроқ бориш мақсадида ҳамкасабалар тезюрар поездга чиқдик. Темир йўл ходимлари хушмуомалалик билан  йўловчилардан хабар олиб туришди. Бу барчага хуш келди. Вагон турли ёшдаги йўловчиларга тўлган. Ҳаммага кўриш қулай бўлган баландроқ жойга телевизор ўрнатилган экан. Назоратчи йўловчиларни зериктирмаслик учун телевизорни ёқиб қўйди.

 “Дизайн 2016”ни томоша қилишга ҳамма мажбур қолди. “Кулгу усталари” тайёрлаган беҳаё шоу дастурдаги бачканаликлар қандай мақсадда йўловчиларга намойиш этилгани бизни ҳайрон қолдирди. Менинг ёнимда ёшгина талаба қиз ўтирган эди, орқамизда эса балоғатга етган йигитлар ўтирибди. “Қизиқчи”лар шармандалик чўққисига чиққан вақтда ёнимдаги талаба қизда қаттиқ уялиш ҳолатини сездим.  Ҳар ҳолда қизнинг уялгани менинг қалбимга озгина таскин берди. Аммо, бу ҳолат яна ва яна такррорланаверса, беҳаёлик одатга айланиб қолмасмикан? Шариатда ҳам, ўзбекчиликда ҳам сир сақланиши муҳим бўлган ҳолатлар бугун катта экранларда намойиш этилса, эртага ёш авлоднинг аҳволи нима бўлади? Уларнинг иймон-эътиқодини тарбиялаш ўрнига ўй-фикрини бузишга ҳатто жамоат транспортлари ҳам хизмат қилса, бу қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?..

Шармсиз вайсашлардан эсон-омон қутулдик. Телевизор ўчди. Назоратчи ака яна ниманидир улади. Энди буниси яхшироқ бўлса керак деб ўйладим. Чет эл киноси экан.  Ғайритабиий воқеалар, ўта шовқин-суронли тўфонлар, хуллас, “кулгу” дан кейин трагедик кино намойиши йўловчиларни роса чарчатди. “Ёрдам беринг...”,  деган қичқириқлар асабларни қақшатди. Бир маҳал бу кино тугагач, яна “Дизайн 2016” бир бошдан охиригача намойиш этилди.

Ҳамроҳларимиз, ҳаммамиз аёл киши бўлганлигимиз боис назоратчи акага эътироз билдира олмадик. Аммо бу ҳодисани қоғозга туширишга азму қарор қилдим. Чунки ҳар биримиз жамият маънавияти учун масъул бўлмоғимиз лозим деб ўйладим. “Оммавий маданият” чегара билмай истило қилиб олаётган бугунги жамиятда ҳеч бўлмаса транспорт воситалари маданиятсизликка ёрдам бермаса яхшироқ бўлар эди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари “Ижтимоий одоблар” деган нодир қўлланмасининг “Йўл одоблари”  мавзусида:  “Йўл одобларидан яна бири  кишиларни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтаришдир. Бу иш доимо қилинадиган ишлардан эканлигини яхши биламиз. Жумладан, йўлда жамият аъзоларини яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтаришга эҳтиёж жуда ҳам кучли бўлади” (219-бет), деб ёзгани фикримизнинг яққол далилидир. Йўлда турли ёшдаги ва савиядаги кишилар тўпланган вақтда одоб-ахлоқ меъёрларига мос келадиган намойишлар тақдим этилса жамият маънавияти ривожига ҳисса бўлади деб ўйлаймиз...

Мунира ХЎЖАЕВА,

“Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти тарбиячи-  ўқитувчиси

 

Муқаддас динимизнинг асоси бўлмиш Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримизга етган илоҳий кўрсатма орқали инсоният тарихида ҳали мисли кўрилмаган тенглик, бағрикенглик ва адолат намуналарини Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг ҳаётларида ва у кишининг содиқ издошлари бўлмиш рошид халифалар даврида бутун инсоният ҳайратда қоладиган инсонпарварлик ғояларини тарқатдилар.

Тарихда бўлиб ўтган кўпдан-кўп қонли урушлар миллий ва диний низолардан келиб чиққани маълум. Аксар ҳолларда бир дин вакиллари ўзлари эътиқод қиладиган диндан бошқа диндагиларни йўқ қилишга, уларнинг муқаддасотларини оёқ ости қилишга ҳаракат қилган. Инсоният  тарихидаги оғир фожеаларга сабаб бўлган хатолардан сабоқ чиқармасдан XXI асрда ҳам бундай урушларни турли баҳоналар топиб мусулмонлар яшайдиган ҳудудларда аланга олдириш виждонли одамларнинг иши эмас.

  Ислом ғайримуслимларга бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб келган. Маълумки, Ислом дини вакиллари бурунги самовий динлар (яҳудийлик, насронийлик) вакилларига  ҳурмат ва эҳтиром кўрсатган. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қонун билан мустаҳкамлаб қўйган. Маданият ва анъаналарига эҳтиром билан қараган. Асрлар давомида бу қоидаларга амал қилиб яшаган мусулмонлар бир-бирига ва ҳатто ораларида яшайдиган ажнабийларга, аҳли зиммага ҳам бағрикенгликнинг мислсиз намуналарини кўрсатиб, бутун инсониятга ибрат бўлди. Жумладан, қуйида келтирадиганимиз тарихий воқелик фикримизни тасдиқлайди.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ўз халифаликларини ўта мушкул ишдан бошлашларига тўғри келди. Бу иш аввалги халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга қарши қилинган суиқасдга боғлиқ эди. Қотил Абу Луълуъа ўзини-ўзи ўлдиргани билан иш битиб қолмаган эди. Балки бу қотиллик ёлғиз унинг ўзининг иши эмаслиги ошкор бўлган эди. У ҳолда унинг шерикларини тутиб, жазолаш мушкул иш эмас-ку, дейишингиз мумкин. Ҳа, бу унчалик мушкул иш эмас эди. Аммо иш бошқачасига айланиб, ниҳоятда чигаллашиб кетган эди. Масалани равшан англашимиз учун уни батафсил ўрганиб чиқмоғимиз лозим бўлади.

Ўша машъум куни Абу Луълуъа ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуни ва яна ўн уч саҳобийни ҳамда ўзини ўзи пичоқлаб ташлаганидан сўнг ҳамма нима бўлгани билан қизиқа бошлади.

Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу Абу Луълуъанинг ханжарини кўришлари билан: «Буни кеча Ҳурмузон ва Жуфайнада кўрган эдим. «Бу билан нима қиласизлар?» десам, «Гўшт кесамиз, биз гўштни тиш билан узиб емаймиз», деб жавоб беришди», дедилар.

Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ўғиллари Абдурраҳмон эса, Абу Луълуъа, Жуфайна ва Ҳурмузонларнинг бир нарсани пичирлашиб маслаҳат қилиб ўтирганларини, уни кўриб, ўринларидан турганларида ўша ханжар ерга тушиб кетганини айтди.

Ҳамма Абу Луълуъа, Жуфайна ва Ҳурмузон учовлари маслаҳат билан Умар розияллоҳу анҳуга суиқасд уюштирганларини гумон қила бошлади. Ҳамма уларнинг кимлигини, уларга тегишли маълумотларни суриштира бошлади.

Абу Луълуъа ал-Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳунинг қули бўлиб, асли мажусий, исми Феруз эди. У Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳу билан маълум маблағ тўласа, озод бўлишига келишган эди. У Умар розияллоҳу анҳунинг олдиларига келиб, харожнинг кўплигидан шикоят қилган, Умар розияллоҳу анҳу: «Харожинг кўп эмас», деганларида аччиғи чиққан эди.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу одатда, асирларнинг Мадинага киришларига изн бермас эдилар. Муғийра ибн Шўъба: «У одамларга манфаатли кўп ишларни билади. У темирчи, наққош, нажжордир» деб, уни Мадинага киритишга изн сўраган, Умар унга изн берган эди.

Абу Луълуъа ўз қавмининг болаларини кўрса, уларни тўхтатиб, бошини силар ва: «Умар менинг жигаримни еди» ёки «Араблар менинг жигаримни еди», дер эди.

Кунлардан бир куни Умар розияллоҳу анҳу Абу Луълуъага:

«Менга сенинг агар истасам, шамол билан ун тортадиган тегирмон қилиб беришинг мумкинлиги айтилди», дедилар.

У Умарга пешонасини буриштириб қаради-да:

«Мен сенга бир тегирмон қилиб берайки, тилларда достон бўлсин!» деди. У қайтиб кетганидан сўнг Умар ўзи билан бирга бўлган одамларга:

«Бу қул менга дўқ уряпти-ку», дедилар.

Кейин Али ибн Абу Толибга қараб:

«Сен нима дейсан?» дедилар.

«Эй мўминларнинг амири, у сизга дўқ қилмоқда», дедилар ҳазрати Али.

Жуфайна эса асли насроний бўлиб, Саъд ибн Абу Ваққос уни маълум ҳақ эвазига одамларга ўқиш-ёзишни ўргатиши учун Мадинага олиб келган эди.

Ҳурмузон асли мажусий бўлиб, форснинг катталаридан эди. У кўп марта мусулмонлар билан сулҳ тузиб, қайта-қайта хиёнат қилган ва охири қўлга тушганда Умар билан гаплашмоқчилигини айтгандан сўнг олиб келинган, ўлимдан қўрққанидан, Исломни қабул қилган эди.

Мазкур уч кимса халифа Умар розияллоҳу анҳуни қасддан ўлдирганига ҳеч қандай шубҳа қолмаган, иллат қаерда эканини ҳамма англаб етган эди.

Ҳазрати Умарнинг кичик ўғли Убайдуллоҳ ҳамма гапни эшитди. У отасининг жароҳати нима бўлишини кутиб турди. Беш кун давом этган муолажалар наф бермади ва Умар розияллоҳу анҳу вафот этдилар.

Убайдуллоҳ отасининг вафотидан кейин қиличини қўлига олиб, Ҳурмузонникига борди. Унинг қорнига қилич санчиб, ўлдирди.

Кейин Жуфайнаникига бориб, уни икки кўзи орасидан чопиб ташлади.

Охири Абу Луълуъанинг хонадонига борди. У ердаги шерикларини ҳам ўлдирмоқчи эди. Абу Луълуъанинг қизи отасининг силоҳларини беркитаётган экан, унга ҳам қилич солди. У ҳам ўлди.

Кейин кўчага чиқиб: «Отамнинг қонида кимнинг айби бўлса, ҳаммасини ўлдираман!» деб эълон қилди.

Ўша вақтда Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу Мадинанинг волийси эдилар. У киши Убайдуллоҳни ушлаб, қамашга амр қилдилар. Уни ушлаб, Саъд ибн Абу Ваққоснинг уйига қамаб қўйишди. Унга қўриқчилар қўйилди. Убайдуллоҳнинг иши бўйича халифа сайланганидан сўнг ўша халифа ўз ҳукмини чиқариши керак эди. Халифа сайланиб бўлиши билан ҳамманинг эътибори Убайдуллоҳ ибн Умарнинг ишига қаратилди. Бу жуда ҳам нозик ва ҳассос бир масала эди.

Халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу кенгаш мажлисини чақирдилар ва Убайдуллоҳ ибн Умарни назарда тутиб:

«Менга исломда ёриқ пайдо қилган анави ҳақида маслаҳат беринглар», деди.

Ҳақиқатда Убайдуллоҳ ибн Умар ниҳоятда қалтис ишни қилган эди. Исломда қасос олиш учун қотилни ўлдириш бор. Бир кишини кўпчилик ўлдирса ҳам, қасос олиш учун уларнинг ҳаммасини ўлдириш ҳам бор. Шунингдек, ўлдирилган шахс аҳлининг қотилни ўлдириш, афв этиш ёки дия олишга ҳам ҳақлари бор. Лекин бу ишларнинг ҳаммасини ҳукумат қилиши керак. Ҳеч ким ўзича қасос олиши, ўзича ҳукм чиқариши мумкин эмас. Убайдуллоҳ ибн Умар ҳукуматнинг кўрадиган чорасини кутиб ўтирмай, айбдорларни ўзи ўлдирди.

Кенгаш аъзоларидан бўлган Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: «Убайдуллоҳ ибн Умарни қатл қилиш керак», деган гапни айтдилар.

Баъзилар: «Кеча Умар, бугун ўғли ўлдириладими?!» дедилар.

Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу: «Убайдуллоҳ ибн Умар бу ишни халифа сайланмаган вақтда қилди. Шунинг учун уни ҳукуматнинг ҳаққига тажовуз қилди, дейиш мумкин эмас. Ундан қасос олиш шарт эмас», деган фикр билан чиқди.

Халифанинг сўнгги қарори: «Уларнинг валийси менман, мен хун тўланишини ихтиёр қилдим. Уни ўз молимдан тўлайман», дейиш бўлди.

Имом Тобарий Шуъайбдан, у Сайфдан, у Абу Мансурдан қуйидагиларни ривоят қиладилар:

«Ал Қумознинг (Хурмузоннинг ўғли) отасининг қатли ҳақида гапираётганини эшитдим. У айтди:

«Мадинада ажамлар бир-бирлари билан дардлашиб турар эдилар. Феруз (Абу Луълуъа) отамнинг олдига келди. У ўзининг икки бошли ханжарини ўзи билан олволган экан. Унинг қўлидан олиб кўриб: «Бу юртларда буни нима қиласан?» деди. «У билан кесаман», деди. Буни бир одам кўриб қолиб, Умар мусибатга учраганида: «Мана шуни Ҳурмузонда кўрган эдим. Уни Ферузга бераётган эди», деди.

Убайдуллоҳ ибн Умар келиб, уни қатл қилди. Усмон иш бошига келганида мени чақириб, ундан қасос олишимга имкон берди. «Эй болам, мана бу отангнинг қотили, унга биздан кўра сен ҳақлироқсан. Уни олиб бориб, қатл эт», деди. Мен уни олиб чиқдим. Ер юзида ким бўлса менга учраб, уни афв қилишимни сўрарди. Мен уларга:

«Менга уни қатл қилиш жоизми?» дедим.

«Ҳа», дедилар ва Убайдуллоҳни сўкдилар.

«Сизлар уни ҳимоя қилишингиз жоизми?» дедим.

«Йўқ», дедилар ва яна уни сўкдилар.

Аввало, Аллоҳ учун, қолаверса, ўшалар учун уни тарк қилдим. Улар мени кўтариб олишди. Аллоҳга қасамки, уйимга одамларнинг боши устида етиб бордим».

Бундан ҳамманинг Убайдуллоҳ ибн Умарнинг ўлдирилмай қолишини чин дилдан тилагани, аммо шариат ҳукмига итоат қилиб, жим тургани аён бўлади.

Мана бу «Ислом адолати» дейилади. Айбдор тараф тайин. Улар халифа Умар розияллоҳу анҳу­нинг жонига қасд қилганлари аниқ бўлган. Ҳатто бирорта қариндошлари ҳам келиб, халифадан Убайдуллоҳ ибн Умарни жазолашни талаб қила олмаганлар. Чунки улар ҳақиқатни билардилар. Эҳтимол, бу фитнада уларнинг баъзилари иштирок ҳам этгандир.

Шунинг учун Ҳурмузон, Жуфайна ёки Абу Луълуъанинг қизининг қасосини сўраб кела олмадилар.

Шу боисдан ҳам ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳукм чиқаришда «Уларнинг валийси менман», дедилар. Шундай бўлса ҳам, Ҳурмузоннинг ўғлини ўзлари чақириб, Убайдуллоҳ ибн Умарни унинг қўлига топширдилар.

Биргина шу мисолнинг ўзиданоқ динимиз – адолат дини экани намоён бўлади, муқаддас динимизни ниқоб қилиб бегуноҳ одамларни қатл этаётган, одамлар гавжум жойларда масжидларни, бозорларни портлатиб юбориб динимизни ёмон отлиқ қилаётган  манфур кимсаларнинг қилмишлари динимизга қанчалик ёт эканини кўрсатади. Айниқса, ўзларини манхажи салафи солиҳлармиз деб иддао  қилаётган террорчи тўдаларга асл салафи солиҳларимиз қандай адолатли, шафқатли инсонлар бўлганини, уларнинг даъволари салафи солиҳларимиз тутган йўлларига мутлақо зид эканини исботлайди.

Д.АБДУҚОДИРОВ,

Фахриддин Ар-Розий ўрта махсус ислом билим юрти  мудири   

Янгиликлар

Top