muslim.uz

muslim.uz

Афсуски, ёшроқ эркак вафот этса, келинни гўдаклари билан отасиникига ҳайдаб юбориш ҳоллари  ҳам учрайди. Оила бошлиғи вафот этгач, унинг ҳовлисига ака-укалари кўз тикиб, қазо қилган одамнинг хотини вояга етмаган болаларини –марҳумнинг меросхўрларини, меросга энг ҳақли инсонларни олиб, ота ҳовлисига қайтиб боришга мажбур бўляпти.

Фароиз илмига кўра, марҳумдан қолган мол-мулк дарҳол меросхўрлар ўртасида тақсим қилиниши керак. Бу қонунни ўзича тасарруф қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Нега менга кам, бунга кўп дейиш ёки ҳатто менга керак эмас дейиш Аллоҳ таолонинг ҳукмига норози бўлишдир, Масалан, қизлар ўғилга тегадиган улушнинг ярмини олади. Аслида бунда катта адолат бор. Зеро, Исломда қиз боланинг нафақаси эркак кишининг зиммасига юклатилган. Қиз бола ҳали туғилмасидан унинг нафақаси ҳал қилиб қўйилган бўлади. Аёл кишининг нафақаси аввал отаси, отаси бўлмаса ака-укалари ёки амаки-тоғаларининг зиммасида бўлади, никоҳдан сўнг эса эрининг зиммасига юклатилади. Аммо шунда ҳам ўғил болага тегадиган улушнинг ярми миқдорида қизларга ҳам мерос ажратилиши айни ҳикмат, олий ҳимматдир. Бугунги куннинг ифодаси билан айтганда, ижтимоий адолатдир.
Илмсизлик, жоҳиллик қилиб, етимларни, ҳақдор ворисларни ҳалол улушидан маҳрум қилаётганларнинг ҳисоб-китоби ниҳоятда оғир бўлади, Аллоҳ асрасин.

Озгина ерга, мулкка эга бўлиб оламан, деб хомтама бўлаётганлар ана шу азоб-уқубатларни ҳам эсга олиб қўйсинлар!

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,

Юнусобод тумани бош имом-хатиби

 

Середа, 22 ноябрь 2017 00:00

Илм мажлисининг фазли

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Аллоҳ таолонинг зикр мажлисларини излаб юрадиган улуғ фаришталари бор. Фаришталар зикр бўлаётган жойни топсалар, зикр қилувчилар билан бирга ўтиради. Малоикалар қанотлари билан уларни ўраб олади. Ҳатто, улар билан дунё осмонигача фаришталар тўлиб кетади. Зикр қилувчилар тарқалишса, фаришталар осмонга чиқиб кетадилар. Аллоҳ таоло уларнинг ҳолини билса-да, фаришталардан: “Қаердан келдиларингиз?” деб сўрайди. Улар: “Биз ердаги бандаларинг ҳузуридан келдик. Улар сенга тасбиҳ, такбир, таҳлил, ҳамд айтиб, сендан сўрамоқдалар”, деб жавоб беришади. “Мендан нимани сўраяпти?” дейди Аллоҳ таоло. Фаришталар: “Сендан жаннатингни сўрашмоқда”, деб жавоб беришади. Аллоҳ таоло: “Улар жаннатимни кўришганми?” деб сўрайди. Малоикалар: “Йўқ”, деб жавоб беради. Аллоҳ таоло: “Улар жаннатимни кўрганларида қандай бўларди?”, дейди. Фаришталар: “Бандаларинг Сендан паноҳ сўрашяпти”, дейди. Аллоҳ таоло: “Нимадан паноҳ сўрашяпти?” дейди. Улар: “Ё Рабби дўзахдан омонлик сўрашмоқда”, деб жавоб беради. Аллоҳ таоло: “Одамлар жаҳаннамни кўришганми?” деб сўрайди. Малоикалар: “Йўқ”, дейишади. Аллоҳ таоло: “Улар жаҳаннамни кўрганларида қандай бўларди!”, дейди. Фаришталар: “Одамлар Сендан гуноҳларини кечиришингни сўрашмоқда”, дейди. Аллоҳ таоло: “Уларнинг гуноҳларини кечирдим. Сўраган нарсаларини ато этдим. Паноҳ сўраган нарсаларидан паноҳ бердим”, дейди. Фаришталар: “Ё Рабби уларнинг орасида кўп хато қилган бандалар бор. Улар зикр қилувчиларнинг ёнидан ўтаётиб, бирга ўтиришди” дейишади. Аллоҳ таоло: “Уларни ҳам мағфират қилдим. Улар мажлисида бирга ўтирганлар бахтсиз бўлмайдиган қавмдир”, деди” (Имом Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло ёдланадиган ва зикр қилинадиган жой зикр мажлиси дейилади. Унга тасбеҳ, такбир, таҳмид айтиш, Қуръони карим тиловати ва набавий ҳадисларни мутолаа қилиш билан машғул бўлиш, шаръий илмларни ўқиш, дунё ва охират яхшилигини сўраб дуо қилиш каби ўринлар киради.

Ҳофиз ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ: “Ҳадисда зикр мажлиси ва зикр қилувчиларнинг фазилати ва ажру савобининг улуғлиги айтилди. Зикр мажлисида ўтирганлар зикр қилмаган бўлсалар-да, зокирларга шерик бўлиб, Аллоҳ таолонинг фазлига эга бўлади”, дейди.

Имом Шавконий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Солиҳ зотларнинг мажлисида ўтирганлар, улар билан ажрда баробардир. Чунки солиҳ зотларнинг баракоти туфайли уларга Аллоҳнинг фазли ёғилади”.

Аллоҳ таоло қалб ва тил билан зикр қилинади. Қалбнинг зикри икки хил бўлади. Биринчиси, зикрларнинг буюги ҳисобланади. Унда Аллоҳ таолонинг улуғлиги, буюклиги ва еру осмондаги далиллари ҳақида фикр юритилади, тафаккур қилинади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Зикрнинг афзали махфийсидир”, деганлар” (Имом Байҳақий ривояти). Ушбу ҳадиси шарифдан зикрнинг биринчи нави ирода қилинган. Зикрнинг иккинчиси, буйруқ ва қайтариқ вақтида Аллоҳ таолони қалб билан зикр қилишдир. Бунда буюрилган ва қайтарилган ишларга бўйсунилади. Аллоҳ таолони тилнинг ўзи билангина ёдлаш зирирнинг энг заифи ҳисобланади. Лекин унда ҳам улкан фазилатлар бор экани ҳадиси шарифларда баён қилинади.

Мазкур ҳадис солиҳларнинг мажлисларининг фазилатли эканига ёрқин далилдир. Солиҳларнинг мажлисларида ўтириш ва улар билан суҳбатлашган одам кўп манфаатга эришади. Шунинг учун Қуръон каримда яхшиларнинг суҳбатида бўлиш ва солиҳлар билан бирга ўтиришга тарғиб қилинади: “Сиз ўзингизни эртаю кеч Парвардигорлари «юзи»ни истаб, Унга илтижо қиладиган зотлар билан бирга сабр қилишга унданг!” (Каҳф, 28).

Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ мазкур оятнинг тафсирида: “Аллоҳга зикр, таҳлил, ҳамд, тасбеҳ ва такбир айтиб, Аллоҳдан эртаю кеч ҳожатларини сўровчилар фақир ёки бой, кучли ёки кучсиз бўладими, улар билан бирга бўлгин, деган маъно тушунилади” дейди.

Солиҳларнинг мажлиси доимо манфаатли бўлади.  Унинг фойдаси бўлмаганда ҳам зарари бўлмайди. Аммо ёмонларнинг мажлиси эса, доимо зарар келтиради. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) солиҳлар билан ҳамсуҳбат бўлишни мушк тарқатувчига ўхшатганлар. Унинг мушкидан сотиб олиб фойдалананишингиз ёки у хушбўйлигидан бериб сизни хурсанд қилиши мумкин. Солиҳлар суҳбатида инсон камчиликларини билади, яхшилик қилишга иштиёқи ошади, дунё ғамини унутади. Ёмон хулқли одамлар билан суҳбат қуриш эса, одамни ёмонликка шерик қилади, гуноҳ-маъсиятга бошлайди. 

Манбалар асосида Тошкент ислом институти битирувчиси

Саидмуҳаммадхон МУҲИБУЛЛАЕВ тайёрлади

Вівторок, 21 ноябрь 2017 00:00

Диний таълим олишни истаганларга

Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ташкил этилган онлайн дарслар ҳафтанинг душанба, сешанба, чоршанба, пайшанба кунлари порталнинг “Facebook.com” ижтимоий тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан тўғри намойиш этилмоқда. Бугунги кунга қадар 100 дан ортиқ онлайн дарслар намойиш этилди. 

Дарслар Тафсир, Ақида, Фиқҳ, Ҳадисшунослик, Тажвид, Ислом тарихи, сийрат ва Араб тили фанларидан юртимизнинг атоқли уламолари, Тошкент ислом институтининг маҳоратли устозлари томонидан олиб борилмоқда. Ушбу дарслар юртдошларимизнинг мавзу юзасидан билимларини ошириш ва эътиқодларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. 

Портал орқали келиб тушган таклифларни инобатга олиб, ижтимоий тармоқларда намойиш этилган онлайн дарслар “Youtube.com” тармоғидаги порталнинг расмий каналига қайта ишланган ҳолатда жойлаштирилмоқда. 

Бугунги кунга қадар Тажвид фанидан 7 та дарс жойлаштирилди. 

Истиқболда Тафсир, Ақида, Фиқҳ, Ҳадис, Ислом тарихи, Сийрат ва араб тили фанларидан ҳам дарсларни жойлаштириш кўзда тутилган. Ушбу дарслар ёрдамида ишончли манбаадан маълумот олишингиз, ўз вақтингиз ва маблағингизни тежашингиз мумкин. 

Facebook 

Youtube:

Вівторок, 21 ноябрь 2017 00:00

Уструшана

Мовароуннаҳр ўлкаси ислом тарихида илмий-маданий марказ сифатида эътироф этилган қадимий ўлкалардан биридир. Бинобарин, Бухоро, Самарқанд, Термиз, Хоразм, Фарғона ва Шош каби қадимий шаҳарлари бутун жаҳон тамаддуни ривожига хизмат қилган буюк муҳаддис ва фиқҳшунос олимларни вояга етказган илм маскани сифатида ном қозонган. Жиззах шундай табаррук масканлардан бири бўлганидан ҳали кўпчилик юртдошларимиз бехабар бўлишса керак. Жиззах воҳасида ўтган аждодлар бундан қарийб уч минг йил аввалдаёқ тарих китобларида эътироф этилган. Ўша олис замонларда гоҳо Суғдиёна таркибига, гоҳо «Суғдорти саклар қабиласи», илк ва ўрта асрларда Уструшана таркибига кирган ушбу ҳудуднинг катта қисми чўл бўлса-да, у ерда работлар, карвонсаройлар, тоғ олди ҳудудларида эса ўрта асрларда бир қатор қалъа-қўрғонлар, шаҳарлар ва қишлоқлар қад ростлаган.

Уструшана бугунги Жиззах воҳаси қадимдан Ғарб ва Шарқни бир-бирига боғловчи Буюк Ипак йўли бўйида жойлашган бўлиб, унинг илм-фан ривожи ва маданият юксалишидаги ўрни жуда юқори саналади.

Ўрта асрларда Уструшана тараққий этган ҳудудлардан бўлгани боис бу ўлка ҳақидаги маълумотларни Ибн Ҳавқал, ал-Истахрий, ал-Мақдисий, Ибн Ҳурдазбиҳ, Ибн ал-Фақиҳ, Абу Саъд ас-Самъоний, Ёқут ал-Ҳамавий каби араб географ олимларининг тарихий-географик асарларида ҳамда бир қатор тарихий-биографик асарларда ҳам учратиш мумкин. Шунингдек, Бейши ва Суйши каби Хитой йилномаларида Уструшана хусусида бир қанча маълумотлар қайд этилгани ҳам унинг ўз даврида катта мавқега эга бўлганини исботлайди . Шарқшунос В.В. Бартольд, археологлар А.А. Грицина, Н.Б. Немцева, Н.Н. Негматов, меъморий санъат тарихчилари С.Г. Хмельницкий, В.А. Лившиц, А.И. Билалов, замонавий ўзбекистонлик археолог тадқиқотчилар Л.М.Сверчков, Б.Б.Тўйчибоев ва бошқа олимлар томонидан Уструшана тарихи, мазкур ҳудуд топографияси каби масалалар юзасидан бирмунча маълумотлар келтирилган бўлиб, уларда Уструшана тарихи масалалари бир қадар ўрганилган. Лекин қайд этилган олимлар асарларида минтақада яшаган уламолар тўғрисида маълумотлар берилмаган.

Ўзбек шарқшуносларидан тарих фанлари доктори Ш.C. Камолиддинов Абу Саъд ас-Самъонийнинг «Китоб ал-ансоб» асари устида олиб борган тадқиқоти давомида Уструшана вилояти ва у ердан етишиб чиққан бир неча Уструшанийлар ҳақида маълумотлар келтиради. Тарих фанлари доктори А. Мўминов уструшаналик фақиҳ Маждуддин ал-Уструшаний ҳақида ўзбек исломшунослигида илк бор маълумот бериб ўтган.

Тарихий манбалардан маълумки, милодий III аср охирига келиб буюк Кушонлар империяси парчалана бошлаган даврда Ўрта Осиёнинг ўтроқ деҳқончилик, боғдорчилик ва чорвачилик билан шуғулланувчи аҳолиси яшаган икки дарё оралиғидаги ерлар бир неча табиий-географик ҳудудларга бўлиниб кетди. Замонлар ўтиши билан бу ерларда сиёсий тузилмалар шакллана бориб, IV–V асрларда ҳудуднинг деҳқончилик воҳалари негизида илк давлатлар пайдо бўла бошлади. Мана шундай давлатлардан бири Уструшана Ўрта Осиё минтақасида муҳим аҳамият касб этувчи географик ҳудудга айланди.

Манбаларда Уструшана минтақаси турлича ном билан аталганини кўриш мумкин. Бу жой номи айрим манбаларда Асрушана ёки Ашрусана, Осрушана ёки Сутрушана, Сурушана, Шурусана, Шурушана шаклида ҳам учрайди. А.Г. Малявкин илк ўрта аср хитой ёзма манбалари асосида ҳудуднинг Шуайдушона, Судуйшона, Цзебуцзюйна (Цзебудана), Судушина, Суйдушана, Кобугюйна, Судучжини тарзида номланганини эътироф этади. Шунингдек, Бейши ва Суйши каби Хитой йилномаларида бу ҳудуд Шарқий Цао (суви йўқ) деб юритилади. Унинг бундай номланиши қўшни Чоч ва Суғддан фарқли равишда дарёларнинг кўп бўлмагани билан изоҳланади. VIII асрга оид Хитой географик сайёҳи Сюань-дзан ўзининг «Йилнома» асарида бу ўлкани «Сутулисэн» деб ҳам номлайди. Тан императорлари саройида ўлканинг номи Лайвий (хитойча – мағрурлигини билган ҳолда ўзгага бўйсунмоқ) деб ҳам юритилган.

Н.Н.Негматов томонидан Усрушона деб талқин қилинган бу ном кейинчалик В.А. Лившиц томонидан Муғ ғоридан топилган суғд ҳужжатлари таҳлили асосида Уструшана деб талқин қилинган. Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланаётган Маждуддин ал-Уструшаний асарларининг қўлёзмалари синчиклаб ўрганилиши натижасида бу минтақани В.А. Лившиц таъкидлаганидек, «Уструшана» шаклида ўқишни тўғри деб ҳисоблаш мумкин.

Хитой манбаларида Уструшана IV–V асрлардаёқ мустақил ҳокимлик сифатида тилга олинади. Милоддан аввалги II асрнинг охири – I асрнинг бошларида яшаб ўтган, хитой тарихининг отаси деб эътироф этилган Сима–Цзян асарида ва яна бир қадимги хитой тарихчиси Бан–Гунинг (мил. ал. 206 – мил. 25 й.) «Цянь ханьшу» («Хон катта хонадони тарихи») йилномасида Довон (Фарғона)дан то Анси (Бақтрия)гача бўлган жойларнинг аҳолиси бир-бирига яқин турли шеваларда гаплашганлари қайд этилган. Яъни, Уструшана аҳолисининг тили суғд тилига ўхшаш тилда сўзлашувчи Сирдарё ва Амударё оралиғида яшаган аҳоли тилига яқин бўлган. Бу асарда Уструшана халқларининг ўзига хос хусусиятлари, ҳаёт тарзи ва урф-одатлари ҳақида ҳам қимматли маълумотлар берилган.

Тадқиқотчи К.В. Тревернинг таъкидлашича, Уструшананинг ҳудуди бақтрияликлар еридан то Сирдарё жанубида яшаган суғдий эглликлар қабиласининг еригача бўлган ўн иккита вилоятни ўз ичига олган.

Уструшана минтақаси ҳақида илк ўрта асрлар хитой ва суғд ёзма манбалари ҳамда ўрта асрларга оид араб ва форс тилларидаги тарихий-географик асарларда ҳам айрим маълумотлар берилган. Қадимги хитой тарихчиси Бан–Гунинг «Цянь ханьшу» («Хон катта хонадони тарихи») йилномасида 630 йилда Ўрта Осиёда бўлган хитойлик сайёҳ Сюань-Цзяннинг бу ҳудуд ҳақида берган қуйидаги таърифи эътиборга лойиқ: «...Цао вилояти (Уструшана) айланасига 1400дан 1500ли.гача масофага эга бўлиб, шарқдан Нами (Сирдарё) дарёси билан туташ. ....Бу вилоятда ғарбий денгиз (Каспий)дан шарқда жойлашган барча халқлар эътиқод қилувчи «Деси руҳи»га ибодат қиладилар. ...Дай-йе (605-617 й.) ҳукмронлиги даврида Уструшананинг ёш, ташаббускор ҳукмдори Самарқанд ихшидининг элчилари билан ўз элчисини Хитойга юборади».

А.Г. Малявкин илк ўрта аср хитой ёзма манбалари, «Тан сулолавий солномалари» (618-907 й.) асосида Уструшананинг ҳудуди ҳақида қуйидагиларни маълум қилади: «Шарқий Цаонинг ҳукмдори Боси тоғи (Туркистон тоғ тизмаси)нинг шимолий ён бағрида яшайди. Бу жой катта Хан сулоласи даврида Эрши шаҳри ҳудудига тегишли эди. ....Ву-дэ ҳукмронлиги даврида (618-626 й.) бу подшолик Кан билан биргаликда саройга ўз элчиларини юборган». Илк ўрта асрлар Уструшанаси сиёсий, иқтисодий, маданий ва тарихий географиясини ўзида мужассам этган суғд ҳужжатлари тўплами суғдшунос олим М. Исҳоқов томонидан ҳам бир қадар ўрганилган.

Илм-фан ва маданият тараққиётида кўҳна Уструша-нанинг йирик илмий-маданий марказлардан бири сифатидаги ўрни аҳамиятлидир. Мовароуннаҳр нафақат ўзининг илмий салоҳияти, балки моддий-иқтисодий ривожи билан ҳам машҳур бўлганлиги тарихий манбаларда қайд этилган. Жумладан, машҳур географ олим Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Муҳаммад ал-Истахрий «Масолик ал-мамолик» асарида Мовароуннаҳр ислом оламидаги энг бой минтақа ҳисобланиши ва бу ерда кишилар йилига бир неча марта ҳосил олишлари ва агар қурғоқчилик рўй берса, уларнинг йиғиб олган маҳсулотлари яна бир-икки йилга бемалол етишини таъкидлайди. Шунингдек, Суғд, Уструшана, Фарғона, Шош ва бошқа ҳудудларда мевалар кўп ҳосил бериши ва ҳаттоки жониворлар мева билан боқилганлиги ҳақида хабар беради.

Ал-Истахрий ўлканинг географик хусусиятларига ҳам тўхталиб, қуйидаги фикрларни билдиради: «Уструшана Суғд каби ўлка номи бўлиб, бу номдаги шаҳар бўлмаган. Уструшананинг аксарият қисми тоғ, ғарб томондан Самарқанд ҳудуди, шимол томондан Шош воҳаси ва Фарғонанинг айрим ҳудуди, жануб томондан Кешнинг озгина қисми, Сағониён, Шумон, Вошғирд ва Рошт ҳудуди, шарқ томондан Фарғона ерлари билан туташиб кетган. Уструшанада жойлашган шаҳар ва қишлоқлар Бунжикет, Зомин, Дизак, Арсияникет, Куркет, Ғазақ, Фағкет, Собот, Нужкет ва Харақона деган номлар билан аталган. Уструшана шаҳарлари орасидаги масофага келсак, Харақонадан Дизаккача беш фарсах[1], Харақонадан Зомингача тўққиз фарсах, Зоминдан Соботгача уч фарсах, Зоминдан Ховас йўли орқали Куркетгача ўн уч фарсах, Нужкет ва Харақона масофаси икки фарсах, Харақонанинг жанубий шарқидан Фарғона чегарасидаги Арсияникетгача тўққиз фарсах. Фағкет шаҳри (Бунжикет)дан тўққиз фарсах, Хўжанд йўлида, Фағкет Ғазақгача икки фарсах, Ғазақдан Хўжандгача олти фарсахдир». Шу билан бирга Зарафшон тепасидаги Буттим тоғида жойлашган қишлоқлар ҳам Уструшана минтақасига тегишли жойлар ҳисобланган.

«Ҳудуд ал-олам» асарида Уструшанада жойлашган шаҳар ва қишлоқларга қуйидагича таъриф берилади: «Навинжкас – Сарушананинг қасабаси ва бу ноҳият амирининг қароргоҳидир. Аҳолиси кўп, обод, ноз-неъ-мати фаровон ва оқар сувлари бор бир жойдир. Фағкас, Ғарқ, Собот, Куркас – Сарушана ҳудудидаги шаҳарчаларнинг экинзорлари ва аҳолиси кўп. Бутамон – тоғ-дараларда жойлашган ноҳият, Сарушана ҳудудида. У уч қисмдан иборат: Ички Бутамон, Ўрта Бутамон ва Ташқи Бутамон. Бу экинзорлари кўп бир ноҳиятдир; дарвешлар жойи. Унинг қишлоқлари ва рустоқлари кўп. У ерда шароб кўплаб тайёрланади ва тоғларидан темир қазиб олинади. Тоғларида новшодир конлари кўп эрур. Чарқон – Сурушана шаҳарчаларидан бири, обод жой».

Марвлик йирик муаррих Абу Саъд ас-Самъоний (1113-1167) «ал-Ансоб» («Нисбалар») асарида Уструшана Самарқанднинг олди ва Сайҳун дарёсининг қуйи қисмидаги катта бир вилоят бўлган, деган фикрни билдиради.

Ўрта аср географ олимларидан бири Ибн Ҳавқал Мовароуннаҳрнинг бошқа вилоятлари қатори Уструшана ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сероблиги билан ажралиб туриши ва бу маҳсулотлар вилоят ташқарисига, жумладан, Хўжандга олиб борилгани ва айрим шаҳарларда жуда катта бозорлар бўлганини таъкидлайди. Уструшаналикларнинг фахри Минк ва Маросимандада темир қуроллар ишлаб чиқарилганлиги ва бу қурол-яроқлар Хуросон ва Ироқда жуда машҳур бўлганлиги таъкидлаб ўтилади.

Машҳур библиограф олим Ёқут ал-Ҳамавий (1179-1229 й.) ўзининг «Муъжам ал-булдон» асарида Уструшана Самарқанд яқинида ва Сайҳуннинг қуйи қисмидаги катта воҳа бўлиб, у ерда тўрт юзга яқин истеҳкомлар бўлганлиги олтин, кумуш, темир ва бошқа қимматли табиий бойликлар мавжудлиги ҳақида хабар беради.

Илк ўрта асрларда Марказий Осиё ўн бешдан ортиқ кичик ҳокимликларга бўлиниб кетган ва улар турли номда юритилган. Бухоро воҳасида – бухорхудотлар ва вардонхудотлар, Миёнколда – дабусшоҳлар, Уструшанада – афшинлар, Чоч ва Илоқда – будун ва тудун, Суғд ва Фарғона подшолари унвони ихшид бўлган. Улар маҳаллий туркий қабилаларнинг турли сулолаларига мансуб бўлган.

Милодий VI асрда Турк хоқонлиги даврида маҳаллий аҳолининг турк қабилалари билан муносабатлари ривожланади. Қуда-андачилик алоқалари ўрнатилади. Ўлкада зарб қилинган VI–VIII асрларга оид тангалар Уструшананинг илк ҳукмдорлари Чирдмиш, Сатачари, Раханчлар ҳақида маълумот беради.

Уструшана минтақасининг сиёсий ҳаёти ҳақидаги тўлиқ маълумотларни IX–X асрларда ижод қилган тарихчи ат-Табарий, ал-Балазурий ва Низомулмулкнинг асарларидан олишимиз мумкин. Ат-Табарий, асосан, Уструшананинг сиёсий тарихи, уструшаналикларнинг арабларга қарши кураши, Уструшана афшинлари шажараси ҳақида қимматли маълумотлар беради[2]. Низомулмулкнинг «Сиёсатнома» асарида, асосан, халифанинг машҳур лашкарбошиси, Уструшананинг охирги афшини Ҳайдар ибн Қавуснинг Бобак қўзғолонига қарши олиб борган кураши ўз аксини топган.

Хитойликлар 131/749 йилда Уструшанага юриш қилган бўлса, 133/751 йилда эса минтақани араблар фатҳ этдилар. Натижада Уструшана араблар билан Тан сулоласи ўртасидаги кураш майдонига айланади. Уструшананинг охирги афшини Ҳайдар ибн Қавус (197/813-218/833) халифа Маъмун хизматига ўтади ва кейинчалик (218/833-226/841) халифа Муттасим хизматида бўлган. Ҳайдар ибн Қавус араб қўшинига 220/835 йилда халифанинг энг йирик қўмондони сифатида тайинланади. У Кичик Осиёда юнонлар устидан ғалаба қилгани ва Бобак қўзғолонини бостиргани эвазига халифанинг юксак эътиборига сазовор бўлган. Араб манбаларида кўрсатилишича, бу жангда 60 минг киши ҳалок бўлган. Бироқ Ҳайдар ибн Қавус халифа саройидаги баъзи бир мансабдор шахсларнинг унга нисбатан ноҳақ фитнаси туфайли 226/841 йилнинг июнида ислом динидан қайтганликда айбланиб, ўлим жазосига ҳукм этилган.

Афшинлар сулоласи 280/893 йилда тугатилиб, Уструшана Сомонийлар давлати таркибига киритилди. Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар қатори Уструшана ҳам кейинги даврларда қорахонийлар, мўғуллар, темурийлар (1370-1506), шайбонийлар (1500-1604) ва бошқа давлатлар таркибига кирган.

Айрим манбаларда Уструшана Истаравшан деб юритилиб, у Тожикистон Республикаси Суғд вилоятидаги Ўратепа шаҳри деб ҳам талқин этилади. Тожикистонлик тадқиқотчи А. Мухторов «Очерки истории Ура-Тюбинского владения в XIX в.» асарида «Уструшана Тожикистоннинг қадимий шаҳарларидан биридир. Археологик маълумотлардан маълум бўлишича, шаҳарнинг барпо этилиши милоддан аввалги VI асрга тўғри келади. Истаравшан илк ўрта асрларда (V-X асрлар) Марказий Осиёдаги Уструшана тарихий-географик вилояти таркибига кирган», деган фикрни илгари суради.

Аммо бундай талқин Ибн Ҳавқал, ал-Истахрий, ал-Мақдисий, Ибн Хурдазбиҳ, Ибн ал-Фақиҳ, Абу Саъд ас-Самъоний, Ёқут ал-Ҳамавий сингари қатор Ўрта аср географ олимларининг асарларида келтирилган маълумотларга мутлақо тўғри келмайди. Араб географ олимлари Уструшана Суғд каби ўлка номи бўлиб, Уструшана номидаги шаҳар ёки қишлоқ бўлмаган, деган фикрни ёқлайдилар.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг «Бобурнома» асарида Ўратепа ҳақида шундай ёзади: «Фарғона, Хўжанд ва Ўратепаким, асл буларнинг отлари китобларда Усрушнадир ва Усруш ҳам битирлар, қолдилар». Бобур ўз асарида Фарғона, Хўжанд ва Ўратепа ҳудудлари Уструшана минтақасига тегишли эканлигини кўрсатмоқда. Бобурномада Ўратепа номи ўн саккиз марта учрайди.

Шунингдек, XVII асрда яшаган ўрта осиёлик олим Маҳмуд ибн Валий ўзининг «Баҳр ал-асрор фи маноқиб ал-ахёр» номли тарихий-географик асарида Ўратепа деб мурожаат қилган. Агар ўша даврларда Ўратепа Уструшана деб номланганида, Бобур ҳам, Маҳмуд ибн Валий ҳам ушбу шаҳарни Уструшана номи билан тилга олган бўлар эди.

Тожикистон ҳукумати 2002 йилдан бошлаб Ўратепа шаҳрини Истаравшан деб номлади. Ўратепа шаҳрининг Истаравшан деб номланиши ўз йўлига, бироқ Уструшана минтақасини Истаравшан шаҳри билан алмаштиришга асос қилиб олинмаслиги керак. Юқорида таъкидланганидек, Уструшана ғарб томондан Самарқанд ҳудуди, шимол томондан Шош воҳаси ва Фарғонанинг айрим ҳудуди, жануб томондан Кешнинг озгина қисми, Сағониён, Шумон, Вошғирд ва Рошт ҳудуди, шарқ томондан Фарғона ерлари билан туташиб кетган катта бир вилоят бўлган.

Ёзма манбаларда келтирилган маълумотларга ҳамда археологик тадқиқотларга кўра, Уструшана (Жиззах воҳаси) минтақасида қуйидаги шаҳар ва қишлоқлар бўлган:

[1] Замонамиз уламоларининг фарсах ҳақида берган хулосаси: Бир фарсах ҳанафий мазҳабида 5 км 544 метр, моликий мазҳабида 5 км 564 метр 16 см, шофиъий ва ҳанбалий мазҳабида 11 км 128 метр 32 см. 

[2] Олиб борилган тадқиқотларимиз натижасида 14 нафар Уструшана афшинлари аниқланди. Биринчи сулола вакиллари (600-720 м.й.й.)да ҳукмронлик қилганлар. Улар: Чирдмиш, Сатачари I, Раханч I, Сатачари II, Сатачари III, Раханч II, Раханч III. Иккинчи сулола вакиллари: Харабугра (720-738), Ханахара (738-800), Қавус (800-825), Хайдар (825-840), Ҳасан (840-869), Абдуллоҳ (860-880), Сайр (880-893). 

[3]Бахмал – Жиззах вилоятида 1943 йил 8 майда ташкил этилган туман. Ғаллаорол, Жиззах, Зомин туманлари, Самарқанд вилояти ва Тожикистон Республикаси билан чегарадош. Майдони 1,86 минг км. Аҳолиси 91,8 минг киши (2000 й.). Бахмал туманида 1 шаҳарча (Усмат) ва 10 қишлоқ фуқаролари йиғини бор. Маркази – Усмат шаҳарчаси. Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 1-жуз. 651-бет.

Муслим Атаев,

тарих фанлари номзоди,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво бўлими ходими

 

Жорий йилнинг 22 ноябрь куни Бухоро вилоятидаги Мир араб олий мадрасасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом билим юртлари раҳбарларининг семинари бўлиб ўтади.

Унда диний таълим муассасалари раҳбарларининг таълим-тарбия самарадорлигини янада кучайтириш, иқтидорли талабалар билан ишлаш самарадорлигини ошириш, битирувчиларни олий ўқув юртларига ўқишга кириши ва тақсимот бўйича ишга жойлашиши, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” да таълим муассасаларида олиб борилаётган ишлар, таълим муассасаларининг куз-қиш мавсумига тайёрлиги борасидаги ахборотлари тингланади.

Куннинг иккинчи ярмида “Ўзбекистон – диний бағрикенглик юрти” мавзусида олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари талабаларининг конференцияси ҳам бўлиб ўтади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top