muslim.uz

muslim.uz

Понеділок, 18 декабрь 2017 00:00

КЎП ТАВБА ҚИЛУВЧИ ЗОТ

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу узоқ умрининг интиҳосида ўзи ҳақида бундай деган эди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат бердим. Бас, шу байъатимга содиқ бўлиб, то ҳозирги кунимга қадар уни бузмадим ва ўзгартирмадим. Фитна эгаларига байъат бермадим. Бирор бир мўминни ухлаётган ўрнидан уйғотмадим (яъни, унга озор етказмадим)”.

Ана шу қисқа ифодада саксон йилдан зиёд умр кўрган солиҳ инсон ҳаёти бор бўй-басти билан кўз олдимизда намоён бўлади.

Абдуллоҳ ибн Умарнинг Ислом ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга боғланиши  у 13 ёшда эканида отаси Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу  уни Бадр ғазотига олиб чиққандан бошланади. Ўша куни Умар ибн Хаттоб розияллоху анҳу  ўз ўғлининг жангчилар орасида бўлишини жуда қаттиқ хоҳлаган эди. Лекин Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳнинг ёши кичиклиги боис унга рухсат бермадилар.

Ўша кундан то 85 йиллик умрининг охирги дамларигача, у зот ниҳоятда тиришқоқ, зокир, танлаган йўлидан қайтмайдиган, вафодор ва ҳақиқий тавба қилувчи инсон бўлиб яшаган. Абдуллоҳ ибн Умарнинг ўзига жалб қилувчи сифатлари ва хусусиятлари ниҳоятда кўпдир. Қайси жабҳада бўлмасин, масалан, илмда, камтарликда, тақвода, сахийликда, ибодатда барчага ибрат бўлган.

Абдуллоҳ ўз шахсияти ва ҳаётига гўзал фазилатлар ила зийнат берди. Отаси Умар ибн Хаттобдан кўп яхшиликларни ўрганди, у билан биргаликда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан таълим олди. Унинг иймони отасиники каби жуда гўзал эди. Унинг мудом Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиб юриши ва у зотга кучли тақлиди ҳаммани ҳайратга соларди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайси жойда, қайси амал билан шуғулланишларини кузатиб, ўша амалларнинг барчасини худди Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам   қилганларидек бажарар эди. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайси жойда намоз ўқиган бўлсалар, ибн Умар ҳам ўша ерда намоз ўқир эди. Қайси жойда туриб дуо қилган бўлсалар, у ҳам ўша ерда туриб дуо қиларди. Қайси ерда ўтириб дуо қилган бўлсалар, ибн Умар ҳам ўша ерда ўтириб дуо қилар эди. Қайси йўлда кетаётганда туяларидан тушиб, икки ракат намоз ўқиган бўлсалар, ибн Умар ҳам ўша жойда туясидан тушиб, икки ракат намоз ўқиб, сўнгра йўлида давом этарди. Қай бир маконда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  туяларини икки марта айлантириб, чўккалатган бўлсалар, ибн Умар ҳам туясини ўша маконда икки марта айлантириб, чўккалатар эди. Ҳатто ҳар сафар бу одат такрорланганидан, ибн Умарнинг туяси ўша жойга келса, беихтиёр ўша ишни такрорларди. Абдуллоҳ ибн Умарнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қилаётган тақлидларини кўрган онамиз Ойша розияллоҳу анҳо, бу ҳолатдан ниҳоятда таъсирланиб, ибн Умар ҳақида :

Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳар бир маконда қилган амалларига тақлид қилишда, Абдуллоҳ ибн Умарга етадиган киши йўқ” деб айтган.

Абдуллоҳ ибн Умар баракали ҳаётини ана шу йўлга бағишлаган эди. Ҳатто мусулмонлар тепасига шундай кунлар келдики, солиҳ кишилар бу тариқа дуо қилар эдилар: “Аллоҳим, ибн Умарга иқтидо қилиб яшашим учун, мен ҳаёт эканман, уни ҳам ҳаёт қилгин. Чунки ҳозирги кунда эргашишга ундан лойиқ киши йўқдир”.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга шу қадар тақлид қилишига қарамай, ибн Умар у зотдан ҳадис ривоят қилишдан ниҳоятда эҳтиёт бўлар эди. Фақат эшитган ҳадисининг ҳар бир ҳарфини аниқ билсагина, ўша ҳадисни ривоят қиларди. Баъзи замондошлари: “Пайғамбар  соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларидан Расулуллоҳнинг ҳадисларига зиёда ёки нуқсон қилишдан эҳтиёт бўладиган ибн Умарчалик инсон йўқдир”, деб айтишган.

Абдуллоҳ ибн Умар шу билан биргаликда фатво беришдан ҳам тийиларди. Бир киши Абдуллоҳнинг ҳузурига келиб, ундан фатво сўради. Абдуллоҳ эса унга: “Сен сўраган нарсангни билмайман”,  деб жавоб берди.

Саволига жавоб ололмаган киши ортига бир неча қадам ташлашига ҳам улгурмай, Абдуллоҳ ибн Умарнинг ниҳоятда қувонч билан, икки кафтини бир-бирига ишқалаб, ўзига-ўзи бундай деганини эшитди: “Ибн Умар ўзи билмайдиган нарса хусусида сўралиб, “билмайман” деб жавоб қилди”.

Фатво бераётганда ижтиҳод қилиб, хато қилиб қўйишдан қўрқар эди. Ибн Умар мужтаҳид олим ижтиҳод қилиб хато қилса, бир ажр, агарда хато қилмасдан тўғри фатво берса, икки ажрга эга бўлишини билишига қарамай, унинг тақвоси фатво беришга бўлган журъатини ундан тортиб олган эди.

Худди шу каби у, қози бўлишдан ҳам ўзини олиб қочар эди. Албатта, қозилик давлатнинг энг катта ва обрўли вазифаларидан. Шунинг учун бу амалнинг ортидан катта-катта бойлик, обрў-эътибор келиши турган гап. Аммо буюк тақво соҳиби бўлган ибн Умар учун бойлик ва обрў-эътиборнинг ҳечам ҳожати йўқ эди.

Бир куни халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу уни ўз ҳузурига чорлаб, қозилик мансабини таклиф қилди. Аммо Абдуллоҳ ўз узрини билдирди. Усмон розияллоҳу анҳу ундан ҳар қанча талаб қилмасин, у рози бўлмади. Шунда Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу унга: “Менга осийлик қилмоқчимисан?” деди. Абдуллоҳ ибн Умар: “Ҳеч ҳам ундай эмас, фақат менга қозилар уч турга бўлиниши маълум: бир қозики, илмга эга бўлмай туриб, жоҳиллик билан ҳукм чиқаради. Бас, у дўзахда бўлади; яна бир қозики, ўз ҳавои нафсига эргашиб ҳукм чиқаради. Бас, у ҳам дўзахда бўлади; яна бир қозики, яхшилаб ҳаракат қилиб, тўғри ҳукм чиқаради. Аммо унинг учун савоб ҳам, гуноҳ ҳам йўқ . Мен Аллоҳни ўртамизга қўйиб, сендан узр сўрайман”, деди.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ибн Умардан бу хабарни ҳеч кимга айтмасликка аҳд олганидан кейин узрини қабул қилди. Чунки Усмон ибн Аффон ибн Умарнинг инсонлар орасидаги нуфузини жуда яхши билар эди. Шунинг учун аҳли тақволардан бўлган зотлар ибн Умарнинг қозилар ҳақидаги бу сўзларини эшитгач, барчалари қозиликдан бош тортиб, халифа қозиликка муносиб бирорта солиҳ кишини топа олмай қолиши мумкин эди.

Абдуллоҳ ибн Умар халифанинг буйруғини рад этиши, бу у зотнинг салбий ҳолати эмас эди. Негаки, ўша вақтда ҳали асҳобларнинг кўплари ҳаёт эди. Баъзилари қозилик ва фатво ишлари билан шуғулланар эди. Агар қозиликка лойиқ бирон солиҳ киши топилмай, натижада қозилик нолойиқ кишилар қўлига ўтиб кетиш хавфи бўлганда, ибн Умар бош тортмаган бўлар эди. Шундай қилиб, ибн Умар ўз нафси билан қолишни ирода этди. У тоат-ибодат, зуҳди-тақво билан нафсини поклади.

Абдуллоҳ доим кечалари таҳажжуд намозини ўқир, кундузлари эса, кўпинча рўзадор юрар, жуда кўп кўз ёш тўкиб, истиғфор айтиб йиғларди. Ёшлигида кўрган туши ҳаётини юқоридаги асосда ўтказишига жуда катта таъсир этди.

Келинг, у зот ўзи ҳақида гапирган сўзга қулоқ тутайлик :

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонида бир туш кўрдим. Қўлимда бир парча шойи мато турган эмиш. Гўё жаннатдан бирор бир маконни ирода этсам, у мато мен билан бирга учиб юрган эмиш. Шу пайт икки киши келиб мени дўзахга олиб кетмоқчи бўлди. Ёнимга бир фаришта келиб, менга “қўрқма” деб, улардан мен халос этди. Бу тушимни опам Ҳафсага айтиб бердим. У эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сўзлаб берди. Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Абдуллоҳ қандай ҳам яхши йигит. Агарда кечалари намоз ҳам ўқиганда, яхшилигини янада зиёда қилган бўлар эди”,  дедилар.

Абдуллоҳ ибн Умар ана ўша кундан бошлаб, то Раббисига йўлиққунча, на муқим ҳолида ва на сафарда тунги намозларини тарк қилмади. У жуда кўп намоз ўқир ва Қуръони каримни тиловат қилар эди. Худди отаси ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу каби дўзах ҳақидаги оятларни эшитган чоқда кўз ёши тўкиб, узоқ йиғларди.

Убайд ибн Умайр деди: “Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга ушбу оятларни тиловат қилиб бердим: 41.(Эй Муҳаммад), биз ҳар бир умматдан (ўша умматнинг пайғамбарини) гувоҳ келтирганимизда ва Сизни ана уларга қарши гувоҳ қилганимизда уларнинг ҳоли нима кечур?! 42. У кунда кофир бўлган ва пайғамбарига итоатсизлиқ қилганлар ер билан яксон бўлиб кетишни орзу қиладилар ва лекин Аллоҳдан бирон гапни яшира олмайдилар. (Нисо  сураси)

Бу оятларни эшитган ибн Умар шу қадар кўп йиғладики, ҳатто унинг соқоллари ҳўл бўлиб кетди”.

 

* * *

Бир куни ибн Умар биродарлари билан ўтириб, қуйидаги оятларни ўқиди:

  1. (Ўлчов ва тароздан) уриб қолувчи кимсаларга ҳалокат бўлғай! 2-3. Улар одамлардан (бирон нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб берган вақтларида эса, кам қилиб берадиган кимсалардир. 4-5-6. Улар ўзларининг улуғ бир Кунда Барча одамлар бутун оламлар Парвардигори ҳузурида тик туриб (ҳисоб-китоб берадиган Қиёмат) Кунида қайта тирилгувчи эканликларини ўйламайдиларми?! (Мутаффифин сураси)

Унинг кўз ёшлари худди ёмғир каби оқиб, йиғи ва ҳаяжоннинг зўридан ерга йиқилиб тушди.

Абдуллоҳ ибн Умарнинг сахийлиги, зуҳду тақвоси ҳеч ҳам уни тарк этмасди. У ниҳоятда кўп эҳсон қилар эди. Бу даражадаги сахийлик уни фақирлар қаторига қўшиб қўйиши мумкинлигидан сира қўрқмас эди. Бунинг сабаби, у ўта зоҳидлардан бўлганидир. Ибн Умар тижорат билан шуғулланадиган, тижорати доим фойда келтирадиган, ўзига тўқ саҳобийлардан эди. Унга байтул молдан тайин қилинган маош ҳам жуда кўп эди. Аммо ибн Умар бу маошнинг бир дирҳамини ҳам ўзига олиб қолмай, мискин, фақир ва муҳтожларга тақсим қиларди.

Абдуллоҳ ибн Умарнинг буюк хислатларидан бирини Аййуб ибн Воил Ар-Расабий ҳикоя қилиб берган: “Бир куни байтул молдан ибн Умарга тўрт минг дирҳам маош билан бир қанча духоба мато келтирилди. Эртаси куни мен уни бозордан оти учун сомонни қарзга олаётганини кўрдим. Дарҳол унинг уйига бориб, аҳлидан: “Ахир кеча ибн Умарга тўрт минг дирҳам билан бир қанча духоба мато келмаганмиди?” деб сўрадим. Улар менга: “Ҳа, шундай бўлган эди”, деб жавоб қилишди. Мен эса, таажжубланиб: “Бугун уни бозордан отига емни қарзга олаятганини кўрдим!” дедим.

Улар: “У зот барча пулларни тарқатиб юбормагунча уйқуга ётмади. Сўнгра духобани елкасига ташлаб чиқиб кетди. Қайтиб келганида, мато йўқ эди. Биз у кишидан мато ҳақида сўрасак, фақир ва мискинларга тарқатиб юборганини айтди”, дедилар

Шу пайт мен ҳайратга тушиб, кафтларимни бир-бирига уриб, бозор томонга югуриб кетдим. Бозорга боргач, бир тепаликка чиқиб :

“Эй тижоратчилар, кўзингиз қаёқда? Мана ибн Умарга байтул молдан тўрт минг дирҳам пул келган эди, У эса ҳамма пулини мискинларга тарқатиб юбориб, оти учун пичанни қарзга олаяпти!” деб қичқирдим...”

Ҳа,  у зотнинг устози Мухаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, отаси эса Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу эди. Шунинг учун у бундан ўзгача бўла олмас эди.

Ахир Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга тақлид қилишда ниҳоятда пешқадам бўлган, ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  муборак қадамларини қўйган жойлардан ўтаётиб: “Кошки, ҳар бир босган қадамим жанобимиз босган қадамларининг изига тушса!” деб айтадиган инсон бундан бошқача бўлиши мумкинми! Ўзини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга хос қилган ва Умар розияллоҳу анҳунинг ўғли бўлган бу зот учун, мол-давлатга асир бўлиш ярашмас эди. Мол-давлат унинг эшигига оқиб келарди. Лекин у, бу мол-давлатни муҳтожларга тарқатиб юборарди. Кўпинча бой-бадавлат кишиларга зиёфат бераётган фарзандларини итоб қилиб: “Тўқларни чақириб, очларни ташлаб қўйманглар”, дерди.

Фақир мискинлар унинг сахий ва ҳамдард эканини билиб, доим эшигининг остонасида бўлар ёки юрадиган йўлларида уни кутиб ўтирар эдилар. Бундай сахийликка уни зуҳду тақвоси тарғиб қилиб турар эди.

 

* * *

 

Кунларнинг бирида бир дўсти унга жуда гўзал ва қимматбаҳо кийим ҳадя қилиб:

– Мана бу кийимни сизга Хуросондан олиб келдим. Эгнингиздаги бу дағал кийимни ечиб, шуни кийиб, кўзимни қувонтирасиз деган умиддаман”,  –  деди.

Ибн Умар унга:

– Қани бир кўрсат-чи? – деди.

Сўнгра кийимни ушлаб кўриб:

– Бу ипакми? – деб сўради.

У киши :

– Йўқ, бу пахта, – деди.

Ибн Умар кийимни бир оз томоша қилиб, қайтариб берди. Сўнгра:

– Мен бу кийимни кийиб, мутакаббир ва мақтанчоқ киши бўлиб қолишдан қўрқаман. Аллоҳ мутакаббир ва мақтанчоқ кишиларни севмайди, – деди.

 

* * *

 

Кунларнинг бирида унга Ироқлик дўсти ичи тўла бир халта  ҳадя қилди.

Ибн Умар:

– Бу нима? – деб сўради.

У киши:

– Бу жуда яхши дори, уни Ироқдан олиб келдим, – деди.

Ибн Умар:

– Бу нимадан даволайди? – деди.

У киши:

– Таомни ҳазм қилдиради, – деди.

Абдуллоҳ ибн Умар табассум қилиб, унга:

– Таомни ҳазм қилади?.. Мен қирқ йилдан бери тўйиб таом емайман, – деб халтани қайтиб берди.

Эътибор қилинг, қирқ йилдан бери тўйиб таом емаган! Тўйиб таомланмаслигининг сабаби, муҳтожлик эмас, балки зуҳду тақводан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  ва Умар розияллоҳу анҳуга тақлид қилганидан эди. У дунёда мусофир ва меҳмон эканини жуда яхши англарди.

Маймун ибн Меҳрон айтади:

“Ибн Умарнинг уйига кирдим. Унинг уйидаги кўрпа-тўшакларни, шолча ва жиҳозларнинг барчаси қанча туришини чамалаб кўриб, юз дирҳамдан ошмаслигига ишонч ҳосил қилдим”.

Бу ҳол унинг фақирлигидан эмас эди, балки у бой инсон бўлган эди.

Бу ҳол унинг бахиллигидан эмас эди, балки у жуда сахий инсон эди.

Фақат бу ҳол, унинг дунёга беэътиборлигидан, ҳою ҳавасни суймаслигидан, ўзи танлаган йўлда маҳкам туришидан эди. Ибн Умардан дунё матоларидан ўзини олиб қочиш сабаблари сўралганда, у: “Мен ва биродарларим бир улуғ иш устида жам бўлганмизки, мен улар қилган ишга хилоф қилиб, уларга етиша олмасликдан қўрқаман”, деди.

Сўнгра бошқаларга бу дунё неъматларини ожизликдан тарк қилмаганини билдириб, қўлларини самога кўтариб: “Аллоҳим, албатта, сен биласанки, сендан қўрқмаганимизда Қурайш қавми билан дунё топишда мусобақалашган бўлар эдик”, деди

Ҳа , албатта, Раббисидан қўрқмаганида, дунё топишда мусобақалашиб, ғолиб ҳам чиққан бўлар эди. Аммо унга дунё йўлида мусобақалашишнинг ҳожати йўқ эди.  Негаки, дунё унинг оёқлари остига оқиб келаётган эди. У эса дунёни муҳтож ва мискинларга хослар эди.

Ибн Умар халифалик мансабидан ҳам бош тортди. Унга бир неча бор халифа бўлиш таклиф этилди. Аммо у асло қабул қилмади. Ҳатто уни ўлдириш билан қўрқитилганда ҳам рози бўлмади. Ҳасан розияллоҳу анҳу айтади: “Усмон ибн Аффон ўлдирилганидан кейин Абдуллоҳ ибн Умарга: “Албатта, сен инсонларнинг саййидисан ва саййидини ўғлисан, кел биз сенга байъат берайлик”, дедик. Ибн Умар: “Агар қодир бўлсам эди, менинг сабабимдан мусулмоннинг бир томчи ҳам қони оқмас эди”, деди. Улар: “Ё халифаликни қабул этасан ёки биз сени тўшагингда қатл қиламиз”, дейишди.

Абдуллоҳ ўз сўзида қатъий туриб олди. Ҳар қанча таҳдид қилишмасин, уни рози қила олмадилар. Шундан кейин кўп замонлар ўтди. Фитналар кўпайди. Одамлар байъат бериш учун унинг ҳузурига келишар, у эса халифа бўлишдан бош тортар эди. Зеро, ибн Умарнинг бу рад этишида мантиқи ва ҳужжати бор эди.

Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилганидан кейин вазият кескинлашди. Ибн Умар гарчи халифаликнинг обрў-эътиборидан беҳожат бўлса ҳам, унинг маъсулиятини ва хатарини тўлалигича қабул этиши мумкин эди. Лекин халифаликнинг шартларидан бири, барча мусулмонлар уни рози бўлиб қабул қилишлари керак эди. Баъзилар ўз ихтиёрлари билан рози бўлиб, баъзилари эса, қилич билан қўрқитилиб халифа танлашлари мумкин эмас эди. Ўша вақтда ҳамма рози бўлиб халифа тайин қилиши мумкин бўлмаган иш эди. Ибн Умарнинг гўзал фазилатлари кўплигига ва мусулмонлар уни яхши кўриб, ҳурматлашларига қарамай, барча ихтиёрий равишда ибн Умарга байъат бермаслиги тайин эди. Сабаби, Ислом ерлари кенгайди, мусулмонлар ўртасида ихтилофлар кўпайди. Бунинг натижасида мусулмонлар гуруҳ-гуруҳга бўлиниб кетдилар. Ҳар бир гуруҳ бошқасини суймас, бир-бирига қилич ва шамшир билан таҳдид қилар эди. Шунинг учун вазият Абдуллоҳ ибн Умар истаганидек, барча бир овоздан халифа тайин қилишга тайёр эмасди.

Бир киши ибн Умарга йўлиқиб: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уммати орасида сендан ёмонроқ одам йўқ экан”, деди.

Абдуллоҳ: “Нега ахир? Аллоҳга қасамки, мен уларнинг қонини тўкмадим, жамоатларини ажратмадим, бирликларини бузмадим?” деди.

У киши: “Агар сен хоҳлаганингда сен ҳақингда икки киши ихтилоф қилмас эди (яъни, агар сен халифаликни қабул қилганингда, ҳамма иш дуруст бўлар эди)”, деди.

Ибн Умар деди : “Менга халифалик келиб, бир киши розиман , иккинчи киши эса, норозиман дейишини сира маҳбуб кўрмайман”.

Орадан бир неча йиллар ўтди. Аввалига халифаликни Муовия, ундан кейин ўғли Язид эгаллади. Язиддан кейин унинг ўғли Муовия ибн Язид халифа бўлишдан бош тортди. Мана шу вақт ибн Умар улуғ ёшга борган инсон бўлишига қарамай, Марвон унинг ҳузурига келиб:

“Кел, қўлингни бер, сенга байъат қиламиз. Албатта, сен арабларнинг саййиди ва саййидининг ўғлисан”, деди

Ибн Умар унга: “Машриқ аҳли рози бўлмайди-ку?” деди.

Марвон: “То байъат бермагунларича уларни савалаймиз”, деди.

Ибн Умар: “Аллоҳга қасамки, мен етмиш йил халифа бўлсам ҳам, менинг сабабимдан биргина мусулмоннинг ҳам қони тўкилишини истамайман”, деди.

Абдуллоҳ ибн Умар томонидан халифаликни инкор этишликнинг асосий сабаби, мусулмонларга қарши куч ва қурол ишлатилиш хатари бўлганидан эди. Абдуллоҳ Муовия ва Али тарафдорлари ўртасидаги қуролли фитналардан ўзини олиб қочиб, ўша кунларда қуйидаги сўзларни ўзига шиор қилиб олди:

“Кимки “намозга шошилинглар” деса, жавоб бераман;

Кимки “нажотга шошилинглар” деса, жавоб бераман;

Кимки “мусулмон биродарингизни қатл қилиб, унинг молини олишга шошилинглар” деса, “йўқ” деб жавоб қиламан.

У сира ҳам қўрқоқ эмасди, балки у жуда жасур инсон эди. Муовия халифаликни эгаллаганидан кейин, кўпинча у билан юзма-юз тўқнашиб, унинг нуқсону камчиликларини очиқ-ойдин баён қиларди.

Кунларнинг бирида золим Ҳажжож Зубайр ибн Аввомнинг ўғлига туҳмат қилган ҳолда хитоб қилиб:

– Албатта Зубайрнинг ўғли Аллоҳнинг китобини ўзгартирди, – деди.

Ибн Умар ўрнидан сакраб туриб:

– Ёлғон, ёлғон, ёлғон сўзладинг, – деди.

Бундай муомалани кутмаган Ҳажжожнинг тарвузи қўлидан тушиб, кўпчиликнинг олдида ниҳоятда мулзам бўлиб қолди.

Сўнгра ибн Умарга:

– Сени қаттиқ жазолайман, – деб таҳдид қилди.

Ибн Умар эса Ҳажжожнинг юзига қараб, қўлини силтаб:

– Сен пўписа қилаётган ишингни қилишинг сира ажабланарли эмас, чунки сен аҳмоқ султонсан, – деди.

Бу суҳбатга гувоҳ бўлганлар ибн Умарнинг жасоратига қойил қолдилар.

Ана шу журъати ва жасоратига қарамай, то умрининг охиригача қуролли фитналарга аралашмади.

Абу Олия Ал Баро дейди :

“Бир куни ибн Умарнинг ортидан секин юриб бораётган эдим. У мени сезмасдан ўзига-ўзи шундай деганини эшитиб қолдим:

“Қиличларини елкаларига қўйиб, баъзилари баъзиларини қатл қилиб, менга: “Эй Абдуллоҳ қўлингни бер, сенга байъат берайлик”,  дейишяпти”.

Сўзимизнинг аввалида унинг: “Бирор бир мўминни уйқусидан уйғотмадим (яъни, унга озор етказмадим)” деганини эслайлик. Албатта, у қуввати етганида мусулмонлар ўртасидаги уруш ва жанжалларнинг олдини олган бўлар эди. Аммо ҳодисалар ундан кўра кучлироқ чиқди. Шунинг учун у ўзини четга олишга мажбур бўлди. Лекин унинг қалби Али розияллоҳу анҳу томонида эди. Ўша кўнгилсиз воқеалардан бир неча йил ўтганидан кейин: “Мен дунёда йўқотган нарсаларим ичида энг кўп афсусда бўлганим, Али розияллоҳу анҳу билан бирга адашган гуруҳга қарши курашмаганимдир”, деди

У имом Али розияллоҳу анҳу   билан бирга курашмаганининг сабаби, гарчи ҳақ Али тарафда бўлса ҳам, ўз жонини сақлаш учун эмас эди. Балки мусулмон мушрикка қарши эмас, мусулмон мусулмонга қарши урушиб, қонини тўкаётгани эди. Нофеъ бу хусусда ундан сўраганда, у бунинг сабабини жуда аниқ изоҳлаб берди. Нофеъ:

– Эй Абдуллоҳ, сен Умарнинг ўғли ва Расулуллоҳнинг саҳобасисан. Сени Алига ёрдам беришдан нима тўсди? – деб сўради.

Ибн Умар:

– Мени Аллоҳ таоло мусулмоннинг қонини ҳаром қилгани тўсди. Аллоҳ таоло: “То фитна тугаб, бутун дин Аллоҳники бўлгунча улар билан урушинглар”, деди.

Батаҳқиқ биз бу ишни қилдик. Дин тўлалигича Аллоҳники бўлгунча урушдик. Аммо ҳозирги кунда нима сабабдан урушамиз? Мен жуда кўп жанг қилдим. Ўша вақтда бут-санамлар Каъбани у бошидан бу бошигача эгаллаган эдилар. Аллоҳ араб ерларини бу бут-санамлардан поклади. Энди бугунги кунда “ЛА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲ” деяётган инсонларга қарши жанг қиламизми? – деб жавоб берди.

Уни баракали ҳаёти давомида мол-давлат, мансаб, обрў-эътибор, ҳою ҳавасларнинг ҳеч бири танлаган йўлидан адаштира олмади. Шу сабабдан унинг замондошлари у вафот этганидан сўнг: “Ибн Умар вафот этди. У фазилат бобида отаси Умар розияллоҳу анҳуга ўхшар эди”,  деб васф қилишди.

Ибн Умарнинг юксак фазилатлари уларга маҳбуб бўлганидан, уни Умар\ розияллоҳу анҳуга ўхшатиб: “Умарнинг замонида унга ўхшаш инсонлар бор эди. Аммо ибн Умарнинг замонасида эса, унга ўхшаши йўқдир”, дейишарди

Ҳижратнинг саксон учинчи йили қуёш ботиш томонга мойил бўлди, абадият кемаларидан бири ўз елканларини кўтариб, охират оламига сафар қила бошлади. Бу кема ўзининг бағрида ваҳий келишига гувоҳ бўлган инсоннинг жасадини олиб кетмоқда эди. Бу улуғ зот – Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу  эди.

Пўлатхон    КАТТАЕВ,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Аввалроқ, Ўзбекистон делегациясининг Малайзияда зиёрат туризми соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича музокараларда иштирок этаётгани ҳақида маълумот берган эдик.

 

Делегациямиз аъзолари эндиликда Индонезия Республикасига ташриф буюрдилар. Ушбу мамлакатда ҳам зиёрат туризми соҳасида учрашувлар ташкил этилиши кўзда тутилган бўлиб, уларнинг дастлабкиси нақшбандия тариқати намоёндалари билан бўлиб ўтди.

 

Индонезиядаги нақшбандия тариқатининг холидия шохобчаси шайхи Ирфоий ва Қасрул Орифон мадрасаси устозлари билан Ўзбекистондаги 12 силсилатул алийя зиёратини ташкил қилиш бўйича келишиб олинди.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Понеділок, 18 декабрь 2017 00:00

7 саволга 7 жавоб: имон

Ушбу мақола “savollar.muslim.uz” саҳифасига йўлланган саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фатво бўлими берган жавоблар асосида тайёрланди.

 

1-савол: Мен 29га кирдим, уйланмаганман. Имонли, солиҳа, Қуръонни биладиган қизга уйланишни истайман. Ўзим уйланмоқчи бўлган қизга Қуръонни ўрганишни, исломий ахлоқ қоидалари ва намоз ўқишни шарт қилиб қўйсам бўладими? Ота-онаси рози бўлмаса-чи?

Жавоб: Аслида бу каби ибодатлар бировнинг шарти билан адо қилинмайди. Балки бу ибодатлар банда ўзидан келиб чиқиб адо қилиши лозим бўлган ибодатлардир. Сиз иложи бўлса, қизга совчи қўйганда ибодатлисига совчи қўйинг. Шунда келажакда бу борада келишмовчиликларга дуч келмайсиз.

 

2-савол: Имоним сустлашиб кетяпти, ҳар хил маърузаларни тинглаб, таъсирланиб бир-икки ой намоз ўқийман. Кейин эса бирор сабаб билан ўқимай қўяман. Нима қилсам бўлади?

Жавоб: Атроф-муҳитингизга назар солинг. Диёнатли ва тақводор кишилар билан бирга бўлинг. Иложи бўлса, намозларингизни масжидда жамоат билан адо қилинг.

 

3-савол: Қалбим хотиржам эмас, сабрсизлик, имон заифлиги кузатиляпти. Тушкунликка тушмаслик учун ибодатларни сабр билан амалга ошириш учун нималар қилишим керак?

Жавоб: Қалб хотиржамлиги учун Аллоҳ таолони кўп зикр қилиш керак. Суннатда ворид бўлган зикрлар билан машғул бўлинг. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: “Огоҳ бўлингизки, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур” (Раъд сураси, 28-оят)

Шуни ҳам таъкидлаб айтамизки, зикрларнинг энг улуғи намоздир. Намозни мукаммал, бехато ўқишга ҳаракат қилинг. Тушкунликка тушмаслик учун эса Аллоҳ таолонинг қудратига таяниб, У зотга таваккул қилинг.

 

4-савол: Исломнинг беш рукни борлигини биламан. Имон, намоз, рўза, закот, ҳаж. Бундан ташқари, жума намозини ўқиш ҳам фарз ҳисобланади. Эркак киши учун яна бошқа фарзлар ҳам борми?

Жавоб: Ҳар бир рукннинг ичида ва ташқарисида бир нечтадан фарзлар бор. Уни халқ тилида “Қирқ фарз” дейилади. Айнан шу номда китоб ҳам чоп этилган. Шу китобни ўқиб олсангиз, янада батафсил билиб оласиз. Ҳалол касб қилиб, ҳалол ризқ қидириш ҳам бир алоҳида фарз.

 

5-савол: Беамал ва илмсиз одамга “Жума намозига боринг” дейилса, у жоҳил эса “Жума намозини хоҳлаганлар ўқийди, хоҳламаса ўқимай қўйса ҳам бўлади” қабилида жавоб берса, у одамнинг имонига путур етмайдими? Шу гапи учун тавба қилмайман деса-чи?

Жавоб: Ундай одамларнинг бу сингари гапларни айтишига сабаб бўлмаслик лозим. Чунки бундай ишлар сабабли фосиқ кишилар имонига салбий таъсир қиладиган мазкур гапларга ўхшаган иймон учун хатарли бўлган гапларни айтиб юбориши мумкин. Уларга яхшилик билан тушунтиришга ҳаракат қилиш лозим.

 

6-савол: Мен намоз ўқишни биламан, бомдод намозини ўқийман. Пешин намозида эса имоним сустлик қилади. Қандай қилиб барча намозларни мукаммал адо қилсам бўлади.

Жавоб: Намознинг фарз эканини, уни тарк қилиш оғир гуноҳ эканини ҳис қилинг. Қиёмат куни имондан кейинги илк савол намоздан бўлади. Буни тасаввур қилинг. Агар эркак киши бўлсангиз, намозларни масжидда жамоат билан адо қилишга ҳаракат қилинг.

 

7-савол: Исломда хамр (ароқ) ичган кишининг имони 40 кунга чиқиб туради дейилган, яна қандай вазиятларда имонимиз бизни 40 кунга тарк этади?

Жавоб: Аҳли сунна эътиқодига кўра, ароқ ичиш сингари гуноҳи кабиралар қилинса, имон чиқмайди. Имон фақат куфрга сабаб бўладиган амалларни қасдан қилганда чиқади. Валлоҳу аълам.



ЎМИ Матбуот хизмати

Понеділок, 18 декабрь 2017 00:00

Асаларининг ибратли ҳаёти

 Аллоҳ таолонинг улуғ каломи Қуръони каримда тафаккур қилиш учун улкан маҳлуқотлар қатори  ўргимчак, пашша, асалари ва чумоли каби митти жонзотлар яратилгани баён этилган. Буни шунчаки баён қилиб қўйиш учун эмас, балки нима мақсадда яратилганини англашга даъват этади. Инсон ҳаёт ташвишига ўралиб яшаганидан теварак-атрофида жонзотлар қандай яратилгани ва қай тарзда ҳаёт кечириши ҳақида ўйлаб кўрмайди. Мулоҳаза қилиб кўрилса, баъзи жонзотларни ибрат олиш ва яна баъзиларини инсонга беминнат хизмат қилишлари учун яратилган. Шундай митти жонзотлардан бири – асаларини Аллоҳ таоло Ўз китобида зикр этиб, бир сурани асалари номи билан “Нахл” деб атади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

 “(Эй, Муҳаммад) Раббингиз асалариларга ваҳий (буйруқ) қилди: “Тоғларга, дарахтларга ва (одамлар)  барпо қиладиган нарсаларга ин қурингиз. Сўнгра турли мевалардан еб, Парвардигорингиз (сиз учун) қулай қилиб қўйган йўллардан юрингиз!”. Уларнинг қоринларидан одамлар учун шифо бўлган турли рангдаги шарбат (асал) чиқур. Албатта, бунда фикр юритадиган қавм учун аломат бордир”. (Наҳл сураси, 68-69-оятлар).

 Бу оятда асаларига ваҳий қилди, дейишдан мақсад худди одамзотга ато этгандек илҳом, ҳидоят ва рушд-тўғри йўл кўрсатди, деб тафсир қилинган. Ҳақиқатан, унга илҳом берилмаса, эрта-ю кеч ўз инига ўзича қатнамас, ниҳоятда фойдали ва шифобахш асал болини ташиб келтирмасди. Аллоҳ таоло тўғри йўл кўрсатмаганида тўп-тўп арилар инлардан бол йиғиш мақсадида узоқларга учиб, ўз жойига қайтиб келолмасди. Чунки инидан чиққан  асалари водий, дара, тоғ ва қир-адирлар оша парвоз қилиб, яна мўлжалдан адашмай, олдинги жойига қайтиб келишини тасаввур қилиш қийин.

 Ҳар бир асаларининг танаси бош, кўкрак ва қориндан иборат. Орқа тарафидаги қорин ҳалқа шаклидаги қисмлардан ташкил топади. Асалари қорнида асал тўрва ва яна қурсоқ дейилган иккита ошқозон мавжуд. Асалари гуллардан йиққан гулширага дастлаб қурсоғида ишлов бериб, уни асал ҳолига келтиради. Шуниси ажойибки, асаларининг қорин қисмини кузатиш имкони бўлса, ўзига хос кимё лабораторияси сингари ишлаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Асалари тўплаган асалнинг ранги ҳеч қачон бир хил бўлмайди. Бу ранг у яшаган иқлим, мавсум ва гулширага боғлиқ. Асал оқ, қизил ва жигаррангда бўлиб, улар ичида энг яхшиси оч сариқ ранглисидир. Асаларичиликда асал рангини аниқлаш учун ранг жадваллари кашф қилинган. Инидан учиб чиққан асалари гулзорни кўриб қолса, бу ҳақда хабар бериш учун бошқалари ёнига қайтган заҳоти “рақс” га тушиб, уларга жой координаталарини хабар беради. Рақс воситасида етказилган маълумотларда гулшира жойини ва қаердалигини аниқ билдирилади. Инсон зоти қанча вақт машқ қилганда ҳам бу каби рақсни эплаб ўрганмаслиги мумкин. Ҳолбуки, бор-йўғи олти ҳафта яшайдиган асалари ўз “рақслари” билан маълумот етказиш маҳоратини тўлиқ эгаллайди. Асалари ҳаётини кузатилса, у асал хом ашёсини фақат қуёшга қараб аниқлай олади. У қутини айлангунча қуёш ҳар тўрт дақиқада бир даража жой ўзгартиради. Шунга асосан ари ҳам ўзига керакли манбани ва қутига боришнинг энг яқин йўлини топади. Асалари бу йўлда қанча айланмасин, қутига нисбатан қуёшнинг қай даражада ўзгарганини ҳисобга олишга мажбур. Асалари бу ишни шу даражада бекаму кўст бажарадики, аниқ ва изчил хатти-ҳаракатлари ҳамда қути ичидаги тартиб ва уйғунликни тасодиф ва на унга берилган таълим натижаси, деб изоҳлаш мумкин.

Буларнинг ҳаммаси асалариларга Парвардигор томонидан берилган ўзига хос туғма инстинктдир. Яратувчи Зот асаларини ана шундай мукаммал ва ғаройиб қилиб яратган. Аллома Қазвиний “Ажойиб махлуқотлар” асарида: “Рамазон ҳайити кунига марҳамат куни дейилади. Чунки унда Аллоҳ асалариларга асал йиғишни ваҳий (илҳом) қилди. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло асаларилар аҳамияти катталигини эътироф этиб, фаҳмли, зийрак, шижоатли, йил фасллари, ёмғир вақтлари, яйлов ва озуқа тўплаш тадбирини билувчи, бошлиғига бўйсунувчи итоаткор, ажойиб ҳунарли ва ажиб табиатли жонивор эканини билдирди”, деб келтиради. Арасту фикрича, асаларилар тўққиз турдан иборат бўлиб, улардан олтитаси бир-бирига суянади. Озуқалари ширин чиқиндилар, гул ва баргларга сизиб кирувчи намлик бўлиб, уларни йиғиб тўплайди. Бу – асалдир. Шу билан бирга ёғли намликларни ҳам йиғади, улардан уяларини қуради. Ушбу ёғли намликлар мумдан иборат. Асалари уларни хартумчаси билан йиғиб, икки сонида кўтаради ва ундан белига ўтказади.

 Қуръон асалари гуллардан озиқланиши ва бу озуқа қорнида асалга айланиши, уни оғзидан тўкиши ва ундан катта миқдорда тўпланиши ҳақида: “Сўнгра турли мевалардан еб, Парвардигорингиз (сиз учун) қулай қилиб қўйган йўллардан юрингиз!” Уларнинг қоринларидан одамлар учун шифо бўлган турли рангдаги шарбат (асал) чиқур” (Наҳл сураси, 69-оят), деб хабар беради. Аллоҳнинг “турли мевалардан” деган сўзидан мурод уларнинг баъзисидир. Бунга ўхшаш Аллоҳ таолонинг “турли нарсадан берилди” сўзидан баъзиси ирода қилинган. Асал рангининг турлича бўлиши асалариларга ва яйловларга боғлиқ бўлади. Яйловлар турига қараб асал таъми ҳам фарқ қилади.

 Асалари тоза жой бўлса, дастлаб у ерда ўзига мумдан катакчалар ясаб олади. Яна подшо яшайдиган ва асал йиғмайдиган эркак асалариларга ин қуради. Эркак асаларилар асал тўплайдиган ишчи асалари урғочиларига нисбатан жуссаси каттароқдир. Агар инларидан учиб чиқмоқчи бўлишса, бирга учиб чиқади ва ҳавога кўтарилиб яна инга қайтишади. Асаларилар мумни ишлаб чиқаргандан кейин уруғ қўяди. Чунки уруғ қўйганда худди қушлар тухум босгандек устига ўтириб олади. Бу уруғлардан оқ личинкалар пайдо бўлиб, бироз вақт ўтмай вояга етиб, ўзлари озуқланади ва уча олади. Асаларилар бир гулга эмас, турли-туман гулларга қўнади. Улар инларидан бирини асал ва гулчангга, яна бирини болалари билан тўлдиради.

 Асаларилар одатидан бири шуки, агар бирон нарса зарар етказмоқчи бўлиб, подшо асаларига яқинлашаётганини сезиб қолса, дарҳол уни индан чиқариб ташлайди. Кўпинча уни уядан чиқариб, ташқарида қатл этишади. Мабодо подшо асалари ҳамма асаларилар қаторида ташқарига чиққанда учишга қодир бўлмаса, уни кўтариб оладилар. Подшо асаларида ниш бўлса ҳам, аммо чақмайди. Асаларилар тўпланиб, ишларни ўзаро тақсимлаб оладилар. Бири асал йиғса, яна бири мум қилади, яна бири сув ташийди, яна бири ин қуради. Ясаган инлари ҳам жуда ажойиб. Бу инлар аниқ бир ўлчов асосида қурилгандек таассурот қолдиради ва эгрилиги йўқ олти бурчакли айлана шаклли инлар охирида бирлашиб, худди бир бутун нарсага ўхшаб қолади. Бунга сабаб шуки, учдан ўнгача шаклда ясалса, инлар бир-бирига қолдиқсиз бирлашмай, ораларида тирқишлар ҳосил бўлади. Олти бурчакли қилиб ясалган инлар бундай эмас. Агар олти бурчакли нарса яна ўзига ўхшашига бирлаштирилса, иккиси бир бутун нарсадек бир-бирига ёпишади. Буларни ясашда асалариларда на ўлчагич, на асбоб ва на циркуль бор. Балки бу марҳаматли, ҳамма нарсадан хабардор Зот Аллоҳ таолонинг: “(Эй, Муҳаммад!) Раббингиз асалариларга ваҳий (буйруқ) қилди: “Тоғларга, дарахтларга ва (одамлар) барпо қиладиган нарсаларга ин қурингиз” (Наҳл сураси, 68-оят) деб буюрганидек, Аллоҳнинг иши ва асалариларга ато этган илҳоми туфайли амалга ошади.

Асаларилар Рабби амрига тўлиқ ва чиройли итоат этиб, тоғларга, дарахтларга ва одамлар қурган айвонларда қандай қилиб ин қуриши ҳақида ўйлаб кўрган киши ажабланмай иложи йўқ. Бу учтасидан бошқа жойда умуман ин қуришмайди. Кўпроқ тоғларда ин қуриб, дарахтларга, айвон ва шийпонларда ин қуриши жуда кам. Ўт-ўлан ва ўтлоқзорга қараб инларини қандай чиройли тарзда қуриб олишларини бир ўйлаб кўринг. Дастлаб инни қуриб, ундан ҳар томонга тарқалади, турли гуллар ва мевалардан тотиб, инларига йўл олади. Чунки Рабби субҳонаҳу ва таоло уларга олдин инларни қуришни, кейин озиқа топиб, инларидан паноҳ топишни буюриб қўйибди. “Иҳё улуми дин” асарида: “Аллоҳ таоло асаларига тоғларда ин қуриб олишга ва қандай қилиб сўлагидан мум ва асал ишлаб чиқариши, бир қисмини шуъла-зиё ва бир қисмини эса шифо қилиб қўйганига қара”, деб келтирилади.

 Яна улар гуллар ва нурларни ичиб, нопокликдан сақланиши, ўз бошлиғига итоат этиши ва асаларилар ўртасида адолат ва инсоф билан ҳукм юритилиши ҳақида ўйлаб кўрсанг, бундан ажабланмай иложинг қолмайди. Бошлиқ асалари нопок нарсага қўниб, ундан ўзига илаштириб қайтган асаларини эшик олдида қатл этади. Буларни бир четга қўйинг-да, мумдан олтибурчак шаклда қуриб олинган инларига аҳамият беринг. Бу инлар  тўртбурчак ва на бешбурчак шаклда эмас, нега айнан олтибурчак шаклда қурилганига ҳар қандай зукко ва ақлли муҳандис тан беради. Асалари танлаган шакл ҳар жиҳатдан олиб қараганда шакллар ичида кенглиги ва ортиқча бурчак-жой қолмаслиги билан ажралиб туради. Чунки тўртбурчак шаклда чиқинди бурчаклар бўлиши табиий. Асаларилар ўз шаклига номутаносиблиги боис инларини тўртбурчак шаклда қурмайди. Агар думалоқ шаклда қурилса ҳам, инлари ташқарисида тирқишлар ҳосил бўларди. Агар думалоқ шакллар бирлаштирилса, бир-бирига зич ҳолда ёпишмаслиги аниқ. Олтибурчак шаклда қурилган инлар бирлашганида ҳеч қандай қолдиқ жой бўлмаслиги аниқ. Қандай қилиб Аллоҳ таоло ана шу митти жонзотга таълим бериб, ундан марҳаматини аямагани, унга ғамхўрлиги ва илҳом берганини кўринг. Асаларилар  уяси яқинига борган кишини чақади. Баъзан чақилган киши ҳалок бўлади. Агар инлари ичида биронтаси ўлиб қолса, ҳавони бузмаслиги учун дарҳол уни ташқарига чиқариб ташлайди. Тозалик ҳам асалари табиатида мавжуд. Шунинг учун у ўз нажасини уясида олиб турмай ташқарига чиқаришга одатланган. Чунки унинг ҳиди ёқимсиздир.

Асалари кўпроқ баҳор ва куз ойларида асал тўплайди. Баҳорда асал тўплаши яхшироқдир. Ёш асалари каттасига қараганда меҳнаткаш бўлади. Асалари тоза, чучук сувни ичади, қаерда бўлса ҳам уни қидириб топади. Асалдан фақат ўзига керакли миқдорни тановул қилади. Агар инда асал камайиб қолса, тугаб қолишидан қўрқиб, кўпайтириш мақсадида асални суви билан оғзидан чиқаради. Чунки асал тугаб қолса, асаларилар подшо асалари ва эркак асаларилар инига зарар етказади. Балки у ерда бўлганларини қатл этилади. Юнонистонлик бир донишманд: “Инлардаги асаларилар каби бўлинг”, деб насиҳат қилганида шогирдлари ҳайрон бўлиб: “Инлардаги асаларилар қандай бўлади?”, деб сўрашди. Донишманд деди: “Улар инида бекорчини қўймайди, ундан юз ўгириб, ундан ҳайдаб чиқаради. Чунки у жойни торайтириб, асални еб тугатади. Ишчани ялқовини дарҳол билади”.

 Асаларининг яна бир хислати шуки, қачонки инидан учиб чиқса, озуқа йиғиб, сўнгра қайтади. Ҳар бир асалари ўз жойига қайтишда асло хатога йўл қўймайди. Мисрлик асаларичилар асалари қутиларини кемаларга жойлаб, гуллар ва дарахтлар қуюқ ўсадиган жойларга сафар қиладилар.   Асаларилар инлардан чиқиб, кун бўйи яйловда озуқа йиғиш билан машғул бўлади. Қоронғи тушгач, кемага қайтиб, ҳар бир асалари ўз жойини эгаллайди. Имом Аҳмад, Ҳоким, Термизий ва Насоий келтирган ривоятда амир ал-мўминин Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу шундай деди: “Расулуллоҳ алайҳиссаломга ваҳий келганида асаларилар ғувиллаши каби ғувиллаш эшитиларди. Бир куни у зотга ваҳий тушди. Биз бир соат кутиб ўтирдик. Бир вақт у зот қиблага қараб икки қўлларини кўтариб дуо қилдилар: “Эй Парвардигор, бизни зиёда қил, бизни кам қилма, бизни икром эт. Бизни хор этма, бизга ато эт, бизни маҳрум қилма, бизни афзал эт ва бизни ташвишлантирма, бизни рози қил ва биздан рози бўл”.

 Асалариларга гулшира йиғишда қоронғулик, булут, шамол, тутун, сув ва олов кабилар халақит қилади. Шунга ўхшаш мўмин кишининг ишлашига ҳам ғафлат зулмати, шак булути, фитна шамоли, ҳаром тутуни, мўл-кўллик, фаровонлик суви ва ҳаво олови халақит қилади. Бир тафсирда асалнинг осмондан тушиши айтилиб, асаларилар уни териб, инларига келтириб, асал учун тайёрлаган мумга ташлайди, дейилган экан. Бу айрим кишиларнинг асаларининг озуқа чиқиндиси бўлиб, ошқозонида асалга айланади, деб ўйлаганидек эмас. Билгинки, Аллоҳ таоло ўз қудратини намойиш этиш учун асаларида заҳар билан асални жамлади ва буни ўзидан мум билан аралаш ҳолда чиқарди. Мўмин кишининг амали ҳам шундай хавф ва ражо билан аралашган. Асалда уч нарса мавжуд: шифо, ҳаловат ва юмшоқлик. Мўмин киши ҳам шундай. Асаларига ҳалолдан ейиш буюрилган. Ҳатто унинг сўлаги шифо ва даво бўлади. Табибларнинг давоси аччиқ, Аллоҳнинг давоси ширин бўлиб, бу ширин давони асал дейишган.

Асалари ўт-ўланларга қўниб, ундан ўзига ширин ва ёқимли нарсани йиғади, еган нарсасининг турли-туман бўлиши уни ўзгартира олмайди. Ибн Можа ва Ҳоким Ибн Масъуддан келтирган ривоятда Набий алайҳиссалом: “Асал ҳар бир дардга шифодир, Қуръон қалблардаги ҳар бир дардга шифодир. Сизлар ўзларингизга икки шифо – Қуръон ва асални лозим тутинглар”, дедилар. Яна Абу Ҳурайрадан келтирган ривоятда Набий алайҳиссалом: “Ким асалдан ҳар ойда уч марта эрталаб яласа, катта бало унга йўлиқмайди”, дедилар. Наққош деган зотнинг айтишича, Абу Важра асални кўзига малҳам қилиб, сурма қўярди, касал бўлиб қолса, асал билан даволанарди. Яна ривоятга кўра, Авф ибн Малик розияллоҳу анҳу касал бўлиб қолса, сув сўрарди ва Аллоҳ таоло: “Биз осмондан баракотли сув-ёмғир ёғдирдик...” (Қоф сураси, 9-оят) деб айтган дерди ва асал олиб келишни буюриб, мана шу оятни ўқирди. Сўнг зайтун – муборак дарахт деб, зайтун ёғи келтиришни буюриб, олиб келишгач, ҳаммасини аралаштириб ичарди ва шифо топарди. Мужоҳид деди: “Маккадан Мадинага боргунча Умар розияллоҳу анҳуга ҳамроҳ бўлдим. Расулуллоҳ алайҳиссаломдан ривоят қилган мана бу ҳадисни бошқа кишидан эшитмадим: “Мўмин киши асаларига ўхшайди, агар унга ҳамроҳ бўлсанг, сенга фойдаси тегади, агар ундан маслаҳат сўрасанг, сенга фойдаси тегади, агар бирга ўтирсанг, сенга фойдаси тегади ва унинг ҳар бир  иши фойдалидир. Худди шундай асаларининг ҳам ҳар бир иши фойдалидир”.

Ибн Асир: “Мўмин билан асаларининг бир-бирига ўхшашига асаларининг маҳорати, зийраклиги, озори камлиги, соқчилик қилиши, фойдаси тегиши, қаноати ва эрталабда ҳаракати, ифлос нарсаларга йўламаслиги ва ўзи топган пок нарсани ейиши сабаб бўлган. Чунки у бошқанинг топганидан емайди, шунинг учун озғин. Ибн Умар розияллоҳу анҳу бирон нарсадан шикоят қилмасди, аммо бирон жойи оғриб қолса, уни асал билан даволарди. Ҳатто чипқонга, яра-чақа, йиринг ва моматалоқ – чақилган жойга асални суртиб, асалнинг шифолиги ҳақидаги оятларни ўқирди. Яна кўпларимизга маълум ва машҳур ҳадис: Абу Саъид розияллоҳу анҳу ривоятига кўра, бир киши Набий алайҳиссалом ҳузурларига келиб: “Укам қорнидан шикоят қилаяпти”, деди. У зот: “Асал ичир”, дедилар. Иккинчи марта келганда яна: “Асал ичир”, дедилар. Учинчи марта келганида қорнини юргизишдан бошқа фойда бўлмаганини маълум қилди. Пайғамбаримиз: “Аллоҳ рост айтади, укангнинг қорни ёлғон айтади. Унга асал ичир”, дедилар. Бас, яна ичирганида тузалиб кетди”.

 Мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳо: “Набий алайҳиссалом ҳалво ва асални яхши кўрар эдилар”, деди. Мужоҳид асаларини бекордан-бекор ўлдиришни макруҳ деб фатво беради. Худди одамзотнинг сути ҳалол, гўшти ҳаром бўлганидек, агар асаларининг асали ҳалол бўлса ҳам, ўзини ейиш ҳалол эмас. Агар асаларини тушда кўрилса, мўл-кўллик ва бойлик аломатидир. Агар асалари инини ва ундан асал олинганини туш кўрилса, ҳалол молга эришилади. Агар асалари бошга қўнганини туш кўрилса, ҳокимлик ва мартабага эришади. Агар подшоҳ асаларини тушида кўрса, катта мулкка ноил бўлади. Агар деҳқонлар тушида кўрса, асалари яхшиликка далилдир. Ким асаларини ўлдирганини туш кўрса, у душмандир. Деҳқонлар асаларини ўлдирганини туш кўриши хайрли эмас, чунки асалари унга ризқ ва маошдир. Ким тушида асални кўрса, машаққатсиз ҳалол мол ва касалдан шифо топишдир. Ким одамларга асал едираётганини туш кўрса, уларга чиройли калом ва ёқимли овоз билан Қуръонни ўқиб беришига далолат қилади. Ким тушида асал ялаётганини кўрса, у уйланади. Асал болини тушида кўриш ҳалол мерос ва шерикли молга далолат қилади. Ибн Сирин: “Асал болини ҳалол ризқ деб таъвил қилиб, ким икки қўли орасида қўйилган асал болини туш кўрса, у илмли эканига ва одамлар ундан илм олиш учун олдига келишига далолат қилади”, деди. Агар асал болининг бир ўзи бўлса, у ғанимат молдир. Агар у бир идишда бўлса, у илм ва ҳалол мол эгаси бўлган кишидир. Асал ва асаларининг бундан ҳам бошқа ҳикматлари кўп. Бироқ уларни тўлиғича келтириш имкони йўқ.

“Асалдан шифо топишни истайсизми?”

 китоби асосида Бобомурод ЭРАЛИ тайёрлади

 

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Понеділок, 18 декабрь 2017 00:00

Хоразмда янги масжидлар барпо этилди

Декабрь ойида Хивада “Мулла Абдуқодир бобо”, Урганчда “Муоз ибн Жабал” масжиди очилди.

Масжидларнинг очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Мовароуннаҳр” нашриёти директори Абдул Жалил Хўжам, Хоразм вилоят вакили Хайрулла Абдуллаевлар иштирок этган.

 

Фото: Хивадаги “Мулла Абдуқодир бобо” жоме масжиди

 

Фото: Урганчдаги “Муоз ибн Жабал” жоме масжиди

 

 

 

Янгиликлар

Top