muslimuz

muslimuz

Среда, 22 Май 2024 00:00

Тунда Қуръон ўқиганмисиз?

Кечаси бедор бўлиб намоз ўқишнинг, Қуръон тиловат қилишнинг гашти бўлакча, фазилати улуғ. Одамлар айни ширин уйқудалик пайтида ибодат қилган инсон юксак мақомга эришади.

Тунда ибодатда қоим бўлиб, Каломуллоҳни ўқийдиган бандалар ҳақида Қуръонда бундай дейилган: “Аҳли Китоб орасида сажда қилган ҳолларида тунлари Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган тўғри (йўлдаги) жамоат ҳам бор. (Ўша зотлар) Аллоҳга, охират кунига имон келтирадилар, яхши амалга буюриб, исён-гуноҳдан қайтарадилар, яхшиликлар қилишга шошиладилар. Ана ўшалар солиҳ бандалардир (Оли Имрон сураси, 113-114-оятлар).

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ оят тафсирида бундай деган: “Улар тунни ибодат билан ўтказадилар, таҳажжуд намозини ўқийдилар, Қуръон тиловат қиладилар”.

Ибн Бурайда отасидан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Қуръон қиёмат куни силласи қуриган киши суратида келиб: Сени тунлари бедор қилган, кугдузлари чанқатган менман, дейди”.

Қуръон охират куни соҳибига унинг дунёдаги ҳорғин суратида кўринади. Қори тунлари ширин уйқусидан кечиб Қуръон ўқийди, Аллоҳ йўлида чарчайди. Банда дунёда Аллоҳ йўлида хизмат қилган, Қуръон ўқиган бўлса, Қуръон охиратда банданинг юқори мартабаларга кўтарилишига ҳисса қўшади.

Ривоят қилинишича, қиёмат куни банда қабрдан чиққанидан Қуръон уни ҳолдан тойган киши қиёфасида кутиб олиб:

— Мени танидингми? — дейди.

Банда айтади:

— Сени танимайман.

 — Мени танимайсанми?

— Ҳа.

— Сени иссиқ кунларда чанқатган, тунлари бедор қилган дўстинг Қуръонман. Ҳар бир савдогар тижорати орқасидан фойда кўради. Сен ҳам бугун тижоратинг ортидан манфаат оласан.

Шунда қорининг ўнг қўлига мулк, чап қўлига мангулик берилади. Бошига виқор тожи кийдирилади. (Қуръон ўқиган инсоннинг) ота-онасига иккита либос кийдирилади. Унга дунё аҳли тенг келолмайди. Шу пайт (иккиси):

— Бу либос бизга нима учун кийдирилди?! — деб (ажабланиб) сўрашади.

— Фарзандингиз Қуръон ўргангани учун, — дейилади.

Кейин (Қуръон соҳибига):

— Ўқи, жаннат поғонаси ва хоналари томон кўтарил, — дейилади.

У — тез ўқиса ҳам, секин ўқиса ҳам — юқорилаб бораверади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Ким тунда “Бақара” сурасини ўқиса, кўп ва хўп қилибди”.

Иброҳим Нахаий: Кечаси озроқ бўлса ҳам Қуръон тиловат қилинглар! деб тайинларди.

Авзоий: Ким тунлари бедор бўлиб, кўп Қуръон ўқиса, қиёмат куни ҳисоб бериши осон кечади, деган.

 Дилмурод МАМАТОВ

Cавол: Намозда саждаи саҳвни унутса нима қилади, намозни қайта ўқийдими?

Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Намознинг вожибларидан бири тарк қилинса ва саждаи саҳв қилинмасдан намоз тугатилса, уни қайта ўқиш вожиб бўлади.

“Намознинг вожиблари бўлиб, уларни тарк қилиш билан намоз бузилмайди. Вожиблар билиб туриб тарк қилинса, у намозни қайта ўқиш вожиб бўлади. Худди шундай бирор вожибни унутиб тарк қилсаю саждаи саҳв қилмаса ҳам, намозни қайта ўқийди. (Мана шу ҳолатларда намозни) қайтариб ўқимаса фосиқ-гуноҳкор бўлади. Худди шундай ҳар бир макруҳи таҳримий билан адо қилинган намозни қайта ўқиш вожиб бўлади. Ихтиёр қилинган сўзга кўра қайта ўқилган намоз аввалгисини мукаммал қилувчи бўлади. Чунки фарз такрорланмайди (Дуррул мухтор китоби). Валлоҳу аълам.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

بسم الله الرحمن الرحيم

الحمد لله رب العالمين و الصلاة و السلام على سيدنا محمد و على آله و أصحابه أجمعين

لا حول و لا قوة إلا بالله

 Ақл бобида Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ақлли кишининг гаплари ўлчовли, ўрнида ишлатилган бўлади. Оқил беҳуда гап гапирмайди, аск ҳолда, фойдали гаплари ҳам йўқолади. Сўралмаган нарсага жавоб бермайди, чунки бу ишда енгил табиатлилик, ақли камлик ва нодонлик белгиси бор. Оқил киши бесабаб ғазаб қилиши лойиқ эмас.

Барча фуқаҳолар инсоннинг қилган амалига масъуллиги ақлига боғлиқлигига келишганлар. Ақлсиз киши ҳеч қачон шаръий таклифларни амалга ошириши матлуб эмас”.

Қуръони каримда ақл эгалари кўп зикр қилинган. Жумладан, “Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ва кеча-кундузнинг алмашинишида ақл эгалари учун белгилар бор” (Оли Имрон, 190).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка аҳлини фақат Аллоҳга ибодат қилишга чақирганларида, улар: “Бизнинг ўзимиз топинадиган (санам)ларимиз бор. Чақириғингизнинг асоси борми, бирор далил келтира оласизми?” дейишади. Шу оят уларга жавобан нозил бўлган (Имом Насоий ривояти).

Ҳақиқатан, осмон ва ер, қуёш, ой ва юлдузларга, тоғ, денгиз ва дов-дарахтларга ибрат назари билан боққан киши уларни Яратганни – Аллоҳни танийди.

Шунингдек, ақлини ишлатмаганлар ҳақида ҳам кўплаб хитоблар бор. Жумладан, “Куфр келтирганлар мисоли худди қичқириқ ва сасдан бошқа нарсани эшитмайдиганларга бақираётганга ўхшайди. Улар кар, соқов ва кўрдирлар. Улар ақл ишлатмаслар” (Бақара, 171).

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ,

Асака туманидаги “Муҳаммадсолиҳ” жоме масжиди ходими.

Ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган видеоклипда Патрис Баумелнинг шаҳодат калимасини айтиб, исломни қабул қилгани кўрсатилган, дея хабар беради “Siasat” портали.

Жазоир шаҳрида жойлашган “Mouloudia Club d’Alger” футбол клубининг машҳур мураббийи, франциялик Патрис Баумел Ислом динини қабул қилиб, исмини Aмир деб ўзгартирди.

Мазкур видеода бир киши Жазоир пойтахтининг ал-Ҳарраҳ туманидаги Жинан Мабрук масжидида имом ёрдамида шаҳодат, яъни иймон калимасини айтаётгани акс этган.

Видеода масжид имоми Патрис Баумелнинг исломни қабул қилиш қарорини Исроилнинг давом этаётган ҳарбий тажовузига қарамай қаршилик кўрсатишда давом этаётган ғазоликларнинг чидамлилиги ҳақидаги таассуротлари билан боғлайди. Бу уни ушбу дин ҳақида кўпроқ билишга ундади.

Жазоирнинг “Mouloudia Club d’Alger” футбол  клуби Х тармоғида бундай ёзади: "Aллоҳга ҳамдлар бўлсин. Ҳақиқат динига хуш келибсиз, Aмир Буммел". Футболчилар эълонида эса бундай дейилади: “Шундай қилиб, франциялик мураббийимиз Патрис Баумел масжидда икки шаҳодат калимани айтиб, Исломни қабул қилганини эълон қилиб, ўзига Aмир исмини танлади. Бу сенга, эй Амир, онанг сени дунёга келтирган кундан бери энг яхши хабардир, - деди ва қуйидаги ояти каримани ўқиб берди: “Сизлар менга исломингизни миннат қилмангиз, балки агар (имонингизда) содиқ бўлсангиз, билингизки, Аллоҳ сизларни имонга ҳидоят қилганини миннат қилур” (Ҳужирот, 17-оят).  

Жамоа яқинда маҳаллий лигада “Parado” устидан қозонилган ғалабадан сўнг “Mouloudia Club d’Alger” мухлислари “Aллоҳ буюкдир, Aмир Бумел” деб ҳайқиришди ва мураббий шукр саждаси билан жавоб қайтарди.

46 ёшли Баумел Замбия ва Кот-дъИвуар терма жамоаларига устозлик қилган ва франциялик мураббий Ерве Ренарнинг ёрдамчиси бўлган. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам­нинг Азбо номли туялари ўтлаётган бўлса, ўт-­ўланлар унга талпинар, йиртқич ҳай­вонлар эса: “Сен Муҳаммадникисан” дея ундан йи­роқлашарди. Расулуллоҳнинг вафотларидан кейин шу туя­лари емай, ичмай қўяди... 

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Жаброил алай­ҳиссалом менга рисолатни олиб келганида, қайси тош ёки дарахт ёнидан ўтмайин: “Ассалому алайка, йа Расулаллоҳ!” дер эди», деганлар (Имом Баззор ривояти).

Жобир розияллоҳу анҳу айтади: “Масжид хурмонинг ғўлаларидан бино қилинганди. Набий алайҳиссалом хутба қилсалар, ана шу ғўлалардан бирининг устига чиқар эдилар. У зот алайҳиссаломга минбар ясаб берилгач, ўша ғўланинг ўн ойлик бўталоқдек инграганини эшитдик”.

“Ал-фиқҳул акбар” асаридаги Ибн Аб­боснинг “Муҳаммад алайҳиссаломнинг асҳобини сўкманглар. Улардан ҳар бирининг мақоми соат сайин юксалган, яъни Пайғамбар алайҳиссалом билан бир соат бирга бўлиш сизларнинг қирқ йиллик амалингиздан яхшироқдир”, деганларини ­эсласак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Саҳобаларим йўлчи юлдуз кабидирлар. Улардан қай бирига эргашсангиз, ҳидоят топасиз” (Имом Дорақутний ривояти) ҳадисидаги моҳиятни янада те­ранроқ англаймиз.

Саъдий Шерозийнинг ҳикоятини ўқисак, буни янада яққолроқ ҳис қиламиз:

“Хушбўй совуннинг ҳидига маҳлиё бўлган шоир фаразан ундан сўрабди:

– Бунча хушбўйликни қаердан олдинг?

– Аслида, мен мушк ҳам, анбар ҳам бўлмаган оддий тупроқман. Бир муддат гулга ҳамроҳу ҳамсуҳбат бўлдим. Атиргул бутаси остида бўлганим туфайли унинг куртакларидан оқиб тушган шудринг томчилари билан нам­ландим. Шундан сўнг унинг ҳиди менга ўр­нашди. Қалбингизни яйратган бу ифор аслида атиргулдан!..”. 

Биз ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мунтазам равишда салавотлар айтиб, саломлар йўлласак, атиргулнинг ифори каби маънавий оламимиз зийнатланиб бораверади. 

Мавжуда АБДУЛЛОҲ қизи

Страница 42 из 265
Top