muslimuz

muslimuz

Инсон қайси касб эгаси бўлишидан қатъи назар, ундаги энг катта муаммо ўзига ишонмаслик, эшитувчилар олдида гапиришдан қўрқиш, қаттиқ ҳаяжонланишдир. У хоҳ нотиқ бўлсин, хоҳ тажрибали одам бўлсин, хоҳ лекциячи бўлсин, хоҳ бошланғич ўрганувчи бўлсин, албатта мана шу муаммога дуч келади.

Унинг қуйидагича ечимлари бор:

- Аллоҳ таолодан ёрдам сўранг, ишингизни холис Аллоҳ учун қилинг, Ундан яна тавфиқ беришини, ишингизни осон қилишини сўранг!

- Нутққа чиқишдан олдин икки ракат намоз ўқинг ва Қуръондан бир-неча оят ёки сура ўқинг!

- Бирор солиҳ амал қилиб Аллоҳга қурбат ҳосил қилинг ва истиғфор айтинг!

- Ўзингизнинг куч-қувватингизга эмас, Аллоҳнинг қудратига суянинг!

- Ўзингиз учун тезис тузиб олинг ва нутқингиз мавзусига хос жойларини қайта-қайта ўқинг!

- Гапирадиган мавзуингизни эслаш осон бўлиши учун бир-бирига мантиқий боғлиқ ҳолда тартиблаб олинг!

- Айтмоқчи бўлганларингиз яхшилаб машқ қилинг, шунда хатоларингизни тушуниб, нутқ пайтида хатога йўл қўймайсиз!

- Фикрларингизни марказлаштириб берувчи муқаддима тайёрлаб олинг ва уни яхшилаб ёдлаб олинг.

- Ўзингизга “Сен бунга қодирсан, сен қила оласан, юта оласан”, дея хитоб қилинг, шунда иншааллоҳ Аллоҳнинг изни билан ғалаба қозонасиз!

- Ташқи кўринишингизга ҳам яхшилаб эътибор қаратинг. Табиий бўлинг, ўз ҳарактерингиз билан гапиринг, ортиқча такаллуф, кимдирга ўхшаб гапиришга ҳаракат қилиш умуман керак эмас!

- Импровизация шаклида нутқ қилишга ҳаракат қилинг, робот бўлиб қолманг! Варақага ёки планшетга қараб ўқиб берманг. Олдингизга гапларингизни сизга эслатиб турадиган умумий мавзулар сарлавҳасини қўйиб олсангиз кифоя.

- Ҳамма керакли жиҳозларни нутққа чиқишдан олдин битта ишлатиб кўриб тайёр ҳолда келтириб қўйинг.

- Гапирганингизда шижоат билан, дадил-дадил гапиринг, учраши мумкин бўлган мавзуга алоқадор қийин саволларга бир қатор тайёрланиб олинг. Ўзингизга уқтирингки, олий даражаларга қийинчиликларни енгмай эришиб бўлмайди.

- Баъзи қўрқинчларни оддий ҳолдек қабул қилинг ва ўзингизга эслатингки, ҳамма машҳур кишилар жуда кўп хатолар қила-қила ҳозирги натижаларига эришишган. Шундай экан ишда муваффақиятсизликнинг зарари йўқ!

- Ўзингизни яхши нотиқдек тасаввур қилинг ва тингловчиларни сиз қатори оддий одамлар деб билинг. Яна шуни ёдда тутингки, сизни тинглайдиган кўпчилик одамлар гапирадиганингиз мавзуда ҳали бехабар.

- Билингки, тингловчилар ҳаракатларимиз диққат билан кузатиб ўтиришибди, деган ўй-хаёл билан гапирсак, кўпинча хатога йўл қўямиз!

- Нутқ қилишни ўрганишни бошлаганингизда кичик давраларда гапириб машқ қилишдан бошланг, кейин аста-секин нотиқлик даражангизни ўстириб боринг, бир хил қотиб турманг. Ҳар хил нутқ услубларидан фойдаланиб кўринг. Агар бирданига каттароқ даврада нутқ қила олишга қобилиятингиз ва ишончингиз бўлса, марҳамат шундай қилинг!

- Имкони бўлса нутқ асносида қаттиқ бирор ашёни ушлаб олинг, масалан, ҳассаними ёки минбарними.

- Гапни Аллоҳга ҳамд-сано айтиб бошланг.

- Тингловчиларнинг кўзига қараб гапиришдан ҳаяжонлансангиз, одамларнинг бошидан бироз тепароққа ёки уларнинг пешонасига қараб гапиринг.

- Ён-атрофга хотиржам қараб, бемалол ҳаракатланиб, тайёрлигингизни, ўзингизни ишончингизни одамларга билдириб қўйинг. Оҳиста, шошмасдан гапиринг, ўзингизни бўш қўйинг.

- Сўзингиз бошида одамларга ўзингизни таништиринг ва асосий мавзуга киришишдан олдин осон, ҳамма тушунадиган мавзулардан гапириб ўтинг.

- Танангизни ҳам гапиртиринг, яъни қўлларингизни гапингизга мос тарзда ҳаракатлантиринг, баъзи-баъзида одамларга секинқадам ташлаб бироз яқинлашинг.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Пятница, 01 Март 2024 00:00

Сиз учиш учун яратилгансиз!

Агар сиз ҳаётда юксак чўққиларга эришмоқчи бўлсангиз, ҳаётингиздаги баъзи новдаларни кесиб ташлашингиз керак бўлади...

Қадим замонларда бир подшоҳга бургутнинг иккита кичкина боласини ҳадя қилишди. Бургутлар жуда зотдор эди. Подшоҳ илгари ҳеч қачон бундай ажойиб бургутларни кўрмаганди.

Подшоҳ совғадан жуда мамнун бўлди. Орадан бироз вақт ўтгач, подшоҳ бургутлар катта ва энди улар аввалгидан ҳам чиройли кўринишга эга бўлганини кўрди. Подшоҳ бургутларга масъул бўлган ишчига: Мен уларнинг самодаги парвозини кўрмоқчиман. Сиз уларга учиш учун ишора берсангиз”, деди.

У худди шундай қилди иккала бургут ҳам сигнални эшитган заҳоти қимирлай бошлаб, кўкка кўтарилди. Лекин бир бургут жуда паст ва озгина учдию, ўзи ўтирган шохга қайтиб келди. Буни кўрган подшоҳ ажабланиб, икки бургутнинг қарама-қарши ҳатти-ҳаракатларининг сабабини билишга қизиқди.

“Нима бўлди, бир бургут жуда яхши учса, иккинчиси учишга уринмаяпти”, деб сўради қўриқчидан.

“Ҳа, бу бургут билан ёшлигиданоқ муаммо бўлган. У ўзининг шохини ҳеч тарк этмайди”.

Подшоҳ икки бургутнинг ҳам осмонда учаётганини кўришни жуда хоҳларди. Эртаси куни бургутни баланд парвоз қилишга ўргатганга мукофот берилиши эълон қилинди.

Эълндан сўнг кўплаб одамлар келиб, бургутга баланд парвоз этишни ўргатишга ҳаракат қилишди. Аммо ҳеч ким муваффақиятга эриша олмади. Шунча уринишдан кейин ҳам бургутда ҳеч қандай ўзгариш кузатилмади. Ҳар доимгидек бироз учар, кейин яна шохига қайтарди.

Подшоҳ ҳам умидини узди... Кунларнинг бирида ажойиб бир ҳодиса юз берди, подшоҳ икки бургутни ҳам осмонда учаётганини кўриб, кўзларига ишонмади ва дарҳол қўриқчини чақирди. Қўриқчи: “Ҳа, иккинчи бургут ҳам осмонда баланд учяпти”, деди.

Подшоҳ қўриқчидан бу ишни бажарган одамни ҳузурига олиб келишни сўради. Уни подшоҳнинг ҳузурига олиб келишди.

Подшоҳ: “Сиздан жуда мамнунман, айтинг-чи, юқори малакали кишилар қила олмаган ишни қандай қилиб эпладингиз”, деб сўради.

“Подшоҳ ҳазратлари мен оддий деҳқонман. Бошқалардек билимга эга эмасман, мен шунчаки бургут ўтиришга одатланган новдани кесиб ташладим, холос. Натижада унинг учишдан бошқа иложи қолмади”, деб жавоб берди.

Ҳар бир инсон ўзига яраша қобилият ва салоҳиятга эга, лекин баъзида қулай шохга ёпишган бургутга ўхшаймиз. Юксак марра ва ютуқларни қўлга киритишга ҳаракат қилмаслигимизга нафсимиз учун қулай бўлган нарсадан ташқарига чиқмаслигимиз сабаб бўлади.

Демак, сиз янги марра ва чўққиларни забт этмоқчи бўлсангиз, ҳаётингиздаги баъзи новдаларни кесиб ташланг. Бу шохлар эски одатлардир. Уларни олиб ташлаб, мақсадингиз сари дадил қадам қўйишдан қўрқманг.

Ёдингизда бўлсин, ҳаётингиздаги бефойда одат ва ёмон хулқларингизни тарк этсангиз, чексиз имкониятларга йўл очасиз, худди осмонда улуғвор тарзда учаётган бургут каби улкан ютуқларга эришишингиз мумкин. Баъзида энг оддий ҳаракатлар ақлбовар қилмайдиган ўзгаришларга олиб келади.

 Даврон НУРМУҲАММАД

#ЖУМА_СУҲБАТИ

Жалолиддин домла ҲАМРОҚУЛОВЎзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

Муҳаммад Раҳим домла Абдуқодиров“Доруссалом” жоме масжиди имом-хатиби

Жаннатга ҳисоб-китобсиз кирувчилар
Қиёмат кунидаги пешқадамлар ким?
Улар Аллоҳга энг яқин бандалар
Ҳеч ким бу ишни Расулуллоҳ ﷺдан олдин қила олмаган
Гўзал ахлоқ сабабли Ислом дини кенг тарқалди
Пешқадам саҳобалар ҳаётидан намуналар
Аллоҳга қарз берувчи борми?
Ота-онага яхшилик қилишда мусобақалашинг
Фазл эгалари - фазл аҳлинининг фазлини биладилар
Ё Расулуллоҳ ﷺ мени яхши кўрасизми?
Али розияллоҳу анҳу ва Фотима онамиз оилалари

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

?Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакиллиги тизимидаги имом-хатиб ва ноиблар, устоз ва толиби илмлар учун замонавий шаклда жиҳозланган студия фаолият юритиб келмоқда.

Мазкур медиа марказида халқимизга маънавий-маърифий ва исломий билимларни кенг етказиш учун сифатли кўрсатув ва эшиттиришлар тайёрлаб келинмоқда.

?Ҳозирда ушбу студияда матбуот ва диний соҳада кўп йиллик тажрибага эга мутахассислар фаолият юритиб, “Одоблар хазинаси”, “Шукрона”, “Ҳикматлар сарчашмаси”, “Ақоиди Насафия”, “Билмасангиз уламолардан сўранг!” каби илмий-маърифий туркум суҳбатлар тизимли ва изчил равишда тайёрланиб омма эътиборига тақдим этиб келмоқда. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати

Четверг, 29 Февраль 2024 00:00

Оқолтинда сайёр йиғилиш бўлиб ўтди

Сирдарё вилояти бош имом-хатиби Ҳабибуллоҳ домла Зокиров бошчилигида вилоятнинг шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, иқтидорли имом-хатиблар ва Оқолтин туманида фаолият юритаётган имом-хатиблар тумандаги “Ҳазрати Али” жоме масжидида йиғилди. Мазкур ташрифдан мақсад ҳудуддаги мўмин-мусулмонларга янада яқин бўлиш, уларнинг муаммо ва камчиликларини бартараф этиш бўлди.

Ташриф давомида  Ҳабибуллоҳ домла Зокиров бошчилигидаги имом-домлалар "Кўркамдиёр" "Навоий"  маҳаллаларда истиқомат қилаётган эҳтиёжманд оилалар ва бемор бўлиб турган ҳамюртларимиз хонадонида бўлиб, уларнинг ҳол-аҳволидан хабар олинди. Шунингдек, улар билан дилдан суҳбат қуриш баробарида уларга ҳадя ва моддий ёрдамлар кўрсатилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Сирдарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати

Top