muslimuz

muslimuz

Среда, 28 Февраль 2024 00:00

Вақт нега тез ўтяпти?

“Аллоҳнинг дўстларининг вақти баракали” бўлади деган гап жуда машҳур, балки мушоҳад, яъни кўз билан ҳам кўрилгандир. Улар озгинагина вақтда жуда катта-катта ишларни қилиб юборадилар. Имом Ғаззолий раҳимаҳуллоҳнинг умрлари у кишининг ёзган асарларининг ҳисоби билан тақсимланганида бир кунга ўн олти жуз китоб тўғри келган. Буни ҳеч тушуниб бўлмайди.

Имом Абдулваҳҳоб Шаъроний ўз китоби “Ал-явоқийт вал-жавоҳир”да бундай ёзадилар: “Бу китобнинг 300 та боби бўлиб, ҳар бир бобни ёзишда мен Шайх Ибн Арабийнинг “Ал-футуҳот” асарини мукаммал ўқиб чиқдим”.

“Ал-футуҳот” эса бир неча минг саҳифа келади. Демак у киши “Ал-явоқийт вал-жавоҳир” асарини ёзишда “Ал-футуҳот”ни уч юз маротаба ўқиб чиққан бўляптилар. Шу билан бирга у киши: «“Ал-явоқийт вал-жавоҳир”ни мен 30 кун ичида ёздим», дейдилар.

Бинобарин, имом Шаъроний икки минг саҳифадан кам бўлмаган “Ал-футуҳот”ни бир кунда ўн мартадан ўқиган эканлар. Солиҳ олимлар ҳамда улуғларнинг бундай воқеалари жуда ҳам маъруф ва машҳурдир.

Шу ўринда “Вақтда бу қадар кенглик қандай қилиб пайдо бўлиши мумкин?” деган савол пайдо бўлади. Ҳолбуки, бирор кишининг соати олтмиш дақиқадан, бир кеча-кундузи эса йигирма соатдан ошмайди.

Ҳужжатул Ислом, ҳазрат, мавлоно Муҳаммад Қосим Нонутавий раҳимаҳуллоҳнинг бу тўғридаги таҳқиқлари шуки, вақтнинг бир тули, яъни бўйи, узунлиги бўлади. Буни ҳамма билади. Соат ва дақилар мана шу тул (бўй, узунлик)нинг номидир. Худди шундай вақтнинг арз, яъни эни ва кенглиги ҳам бўладики, бу омманинг назарига кўринмайди. Аллоҳнинг дўстлари вақтнинг мана шу эни ва кенглигида улкан ишларни амалга оширадилар.

Ёрқинжон Фозил раҳимаҳуллоҳ

Юнус ибн Абдул Аъло ўзининг устози Имом Муҳаммад ибн Идрис Шофеий масжидда дарс ўтаётганда у билан бир масалада баҳслашиб қолибди.

Кейин Юнус ғазаб билан туриб, дарсдан чиқиб кетибди. Кеч кирганда Юнус уйининг эшиги тақиллаганини эшитибди. Эшик олдига келиб дебди:

- Ким бу?

- Муҳаммад ибн Идрисман.

Юнус айтади: “Исми-шарифи Муҳаммад ибн Идрис бўлган ҳамма танишларимни қидириб кўрдим, лекин Шофеийдан бошқасини топа олмадим. Эшикни очиб қарасам, ҳақиқатан ҳам Шофеий турибди, ҳайратда қолдим!”

Имом Шофеий айтдики: “Эй Юнус, бизни юзлаб масалалар жамлаган, энди битта шу масала орамизни ажратиб юборсинми?!”.

Бундан олинадиган хулоса шуки, ҳамма ихтилоф, тортишувларда ҳам ютиб чиқишга ҳаракат қилаверманг. Кўпинча қалбларни қозониш вазиятларни қозонишдан афзалроқ бўлади!

Ўзингиз қурган, ўзингиз устидан ўтиб юрадиган кўприкни бузманг! Бугун-эрта яна ундан ўтишингизга тўғри келиши мумкин!

Доим хатони ёмон кўришга, хато қилувчини ёмон кўрмасликка одатланинг! Маъсиятга ғазаб қилинг, аммо маъсият қилган одамга яхши муносабатда бўлинг!

Гапни танқид қилинг, бироқ уни айтган одамни ҳурмат қилинг!

Бизнинг ҳаётдаги мақсадимиз, вазифамиз касалликка ташхис қўйиш, касалларга ташхис қўйиш эмас!

Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида бир неча марта тортишишган, фикрий баҳслашишган, бироқ у зот алайҳиссалом ҳеч бирларини койимаганлар.

Масалан, икковлари Қуръонни жамлаб, битта китобга йиғиш ёки йиғмаслик масаласида баҳслашишган. Лекин бир-бирларига тескари бўлиб қолишмаган.

Умар розияллоҳу анҳу Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу билан баҳслашганлар, лекин бир-бирларига тескари бўлиб қолишмаган.

Абу Зарр розияллоҳу анҳу бир қанча саҳобалар билан баҳслашганлар, бироқ уларга душман бўлиб қолмаганлар!

Хўш, нега энди биз баҳслашсак, уришишимиз керак, бир-биримизнинг қонимизни тўкишимиз керак?!

Исломда баҳслашиш одоби қаёқда-ю, биз қаёқдамиз?!

Бугун биз фикрларимиз билан баҳслашар эканмиз, сафимизни бир тутишга жуда ҳам муҳтожмиз. Фикримиз бир бўлиши шарт қилинмаган, балки мусулмон шахс ўлароқ сафимиз бир бўлиши шарт қилинган. Ақлимиз, фикрларимиз бирдек бўлиши шарт эмас, қалбимиз бир бўлиши, бирдек уриши шарт!

Кимдир олдингизга узр сўрааб келса, уни ўтиб юборинг!

Олдингизга ғамгин одам келса, жим ўтириб, унинг дардини эшитинг!

Муҳтож одам сиздан ёрдам сўраб келса, Аллоҳ сизга берган нарсалардан унга беринг!

Олдингизга насиҳат қилгани одам келса, унга раҳмат айтинг!

“Экинингиз” фақат “тикан” ҳосил берса ҳам, яна “гул” экаверинг, иккиланманг!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Среда, 28 Февраль 2024 00:00

Кўзимни қувонтирасан

Бошланғич синфда ўқиган пайтимда ўқишим бироз орқада эди. Бир куни онам: “Қизалоғим, мен Аллоҳ таолодан ўқишларинг аъло бўлишини ва дунёда ҳам, охиратда ҳам мени хурсанд қилишингни сўраяпман, иншааллоҳ, сен бу дунёда ҳам, охиратда ҳам менинг кўзимни қувонтирасан”, дедилар.

Онам бу гапларини шундай самимий, шундай тўлқинланиб айтдиларки, ҳатто кўзларида ёш ҳам йилтирагандек бўлди ўшанда. Бу гапдан таъсирланмасликнинг иложи йўқ эди.

Ўша кундан бошлаб мен дарсларда жидду-жаҳд қилиб, шерикларимдан ўзиб кетишга ҳаракат қила бошладим. Бошида бу осон бўлмади. Чунки мактабда ўқиши пастлиги билан танилиб қолган болаларнинг устозлар назарига тушиши осон эмас экан. Тенгдошларим ҳам аввалига дарсларни яхши тайёрлаб боришимни ҳазм қилишолмади. Менга кимдир тайёрлаб бераяпти деб ўйлашди.

Тўғри, баъзида дарсларимга онам қарашиб турардилар. Лекин аксар вазифаларимни ўзим бажарадим. Онам ҳам менга вазифаларимни қилиб бермас, балки фақат тушунтириб берардилар, холос.

Охир-оқибат Аллоҳнинг фазли билан кўп машаққат ва қийинчилик билан бўлса-да аълочилар доскасидан суратим жой олишига эришдим. Кейинчалик коллежда, ундан кейин университетда ҳам энг фаол талабалар сафида бўлдим. Олий ўқув юртлари ўртасида ўтказилган мусобақаларда бир неча бор ғолиб бўлдим.

Онамнинг биргина айтган ўша гаплари менинг шунчалик ўзгаришимга сабаб бўлди.

Демак фарзандларимизга худди катталардек самимий муносабатда бўлишимиз, “Улар ҳали ёш бола, бундай гапларни тушунмайди” демасдан, уларга дилдан гапиришимиз ўзининг кучли таъсирини бермай қолмас экан.

Аллоҳга шукрки, аъло баҳоларим билан бу дунёда онамни хурсанд қилиш, розиликларини олиш насиб бўлди. Энди қиёматда ҳам у кишининг кўзини қувонтирадиган ҳолда бўлишимни Аллоҳдан сўраб қоламан.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Кўҳна ва боқий Бухородаги туристик фирмалар “Умра+” йўналишидаги турпакетлар асосида иш бошлади.

Зиёрат амалларини бажариш мақсадида 40 нафар малайзияликнинг Бухорога ташрифи амалга оширилди.  

Мақсад хорижликлар Бухородаги Етти Пир зиёратгоҳлари бўйлаб зиёрат амалларини адо этиб, кейин Умрага йўл олади.  

Меҳмонлар Бухоройи шарифдаги зиёрат амалларидан кейин Арк қўрғони, Пойи Калон, савдо тоқлари ва Лаби ҳовуз мажмуаси каби тарихий обидаларни томоша қилади. 

ЎзА

Среда, 28 Февраль 2024 00:00

Ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси кўп йиллар дин ва миллат ривожи йўлида хизмат қилган Андижон вилояти Булоқбоши тумани "Ширмонбулоқ" жоме масжиди имом-хатиби Давронбек домла Мирзакаримовнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло марҳум уламони Ўз мағфиратига олсин, иймонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!

Ҳақ таоло марҳум олимнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари, сафдошлари, шогирдлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳумни ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.

Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун!

«Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз У Зотга қайтувчимиз». 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Top