muslimuz
Муносиблар тақдирланди
Шу йил 10 февраль куни Наманган шаҳридаги “Шодиёна” тантаналар мажмуасида вилоятдаги диний соҳа ходимлари ҳамда “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртининг устоз ва талабалари иштирокида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилоят вакиллигининг 2023 йил якуни бўйича сарҳисоб тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда вакилликнинг салмоқли натижаларга эришишида муносиб ҳисса қўшган, ҳамкасблари орасида фаоллик кўрсатиб, уларга намуна бўлган 15 нафар диний соҳа ходимлари вилоят вакиллигининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
Шунингдек, тадбирда “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртининг бу йилги битирувчи талабалари ҳам вакилликнинг совғаларига эга бўлдилар. Талабаларга келгуси фаолиятларида омад ва зафарлар тилаб, дуои хайрлар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Ҳамдардлик билдирамиз
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда «Шамсуддинхон Бобохонов» нашриёт-матбаа ижодий уйи жамоаси нашриёт ходими Тўлқин Шернаевга падари бузруквори Эштўхтар отанинг вафоти муносабати билан таъзия билдиради.
Аллоҳ таоло марҳум Эштўхтар отани раҳматига олсин, маконини жаннат қилсин. Бу дунёда қилган барча хайрли ишларини бошларига соя, охиратларига захира айласин. Ортда қолган барча яқинларига гўзал сабр берсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳумнинг яқинларига, хусусан, Тўлқин домлага ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Ватан бўйлаб саёҳат ташкил этилди
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги “Ҳидоя” ўрта махсус Ислом таълим муассасаси масъул ходим, педагог-ўқитувчи ва талабалари “Ватан бўйлаб саёҳат” шиори остида маданий экскурсия уюштирилди.
Шу йил 2-4 февраль кунлари таълим муассасасининг 3 нафар устоз ва 14 нафар талабаси саёҳат тадбири доирасида Самарқандда бўлди. Даставвал Имом Бухорий хазратларининг қайта қад рослаётган мажмуаси қурилиши, Регистон мажмуасидаги Шердор, Тиллакори ва Улуғбек мадрасалари, “Шохи Зинда” мажмуасидаги тарихий бинолар, мақбаралар, хусусан, саҳобалардан бири Қусам ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг қабрлари зиёрат қилинди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов мақбарасида бўлиб, дуойи хайрлар қилинди.
Саёҳат давомида талабалар Ҳадис илми мактабида бўлди. Унда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов, Ҳадис илми мактаби ректори Олимхон домла Юсупов ҳамроҳлигида таълим масканида яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
Жорий йил 3 февраль куни “Аждодлар хотираси ёдимизда” шиори остида яна бир саёҳат тадбири ташкил этилди. Унда 50 нафар профессор-ўқитувчи, ишчи-ходим ва талабалар иштирок этди. Унда Фарғона вилоятининг диққатга сазовор жойларига саёҳат “Ўрда” мажмуасидан бошланди. Зиёратчилар саёҳат давомида “Худоёрхон саройи”, “Мадрасаи Мир” ва Марғилон шаҳридаги “Ҳунармандлар уйи” фаолияти ва бошқа меъморий обидалар билан яқиндан танишди.
Саёҳат давомида зиёратчилар юртимизнинг бой маданий мероси, тарихий обидаларимиз ўтмиши ва бугуни, минтақада яшаб ўтган тарихий шахслар тўғрисида кенг қамровли маълумотлар олди.
Маънавий ва маърифий руҳдаги бундай тадбирлар ўтказилиши ўқитучи ва ходимларнинг ўтмиш тарихимизни яхшироқ ўрганишга, ҳозирги ҳаётимизга шукроналик ва буюк келажагимизга ишонч туйғуларининг шаклланишига асос бўлиб хизмат қилади.
Абдуносир БОБАМИРЗАЕВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси,
Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими ходими
Тавба қилдим, аммо кўнглим ҳузур топмаяпти
Cавол: Бир гуноҳ иш қилиб қўйдим, истиғфор айтиб Aллоҳга тавба қилдим, аммо негадир кўнглим ҳузур топмаяпти. Намозларимда ҳузур қилолмаяпман. Қандай амаллар қилсам ҳузур топаман? Илтимос шунга маслаҳат беринг.
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Аввало мусулмон инсон хавф ва ражо яъни қўрқинч ва умид ўртасида бўлиши керак. Уламоларимиз бу ҳақда инсон "хавф"ни олдига (келажакдаги ишларга), "умид"ни орқага (ўтган гуноҳларга) нисбатан амал қилиши керак дейдилар. Демак, аввалда қилинган гуноҳларимизни кечирилишини умид қилишимиз ва келажакда содир бўлиши мумкин бўлган гуноҳ ишлардан "Аллоҳдан қўрқинч" тўхтатиб туриши керак. Шу нуқтаи назардан гуноҳларимизни кечиришини Аллоҳдан сўраб ноумид бўлмасдан ибодатларда бардавом бўлишимиз мақсадга мувофиқдир. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.
Олий маъҳад битирувчиси Ўзбекистоннинг Кувайтдаги элчиси бўлди
▫️Ташқи ишлар вазирлигининг консуллик-ҳуқуқий департаменти бошқарма бошлиғи лавозимида фаолият юритган Аюбхон Юнусов Ўзбекистоннинг Кувайтдаги элчиси сифатида иш бошлади.
▫️Аюбхон Юнусов Имом ал-Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, Мисрдаги «Ал-Азҳар» университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. Халқаро ҳуқуқ, исломшунослик, араб филологияси сингари мутахассисликларга эга. Юридик фанлар номзоди.
▫️2003 йилдан буён Ташқи ишлар вазирлиги тузилмасида турли лавозимларда, жумладан, марказий аппаратда, Саудия Арабистонидаги элчихонада, Жидда шаҳри ва Дубайдаги Бош консулликларда ишлаган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати