muslimuz

muslimuz

Шу йил 6 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул вакиллари хизмат сафари давомида Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиётида диний соҳа ходимлари билан учраш ўтказишди.

Йиғилиш давомида мутасадди вакиллар юртимизда диний соҳада бўлаётган сўнгги янгиликлар, ўтган йили амалга оширилган хайрли ишлар, йўл қўйилган хато ва камчиликлар, бу йил режа қилинган ишлар борасида сўз юритилди.

Мулоқот давомида иштирокчиларнинг соҳани ривожлантиришга оид таклифларини тингланаш баробарида уларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.

Ташриф давомида Нукус шаҳрида янгидан қурилаётган масжид қурилиши билан яқиндан танишиб, унинг қурилишига ҳисса қўшаётганлар ҳаққига хайрли дуолар қилинди.  

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Исро» (الإسراء) Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни кечанинг бир бўлагида Маккадаги Масжидул Ҳаромдан Қуддусдаги Масжидул Ақсога сайр қилдиришидир.

«Меърож» (المعراج) эса, Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Қуддуси шарифдан юқорига, яъни, Ўзининг Ҳузурига кўтаришидир.

Маълумки, бутун оламларнинг Парвардигори Аллоҳ таоло ҳамма нарсадан олий, устун ва юксакдир.

Ҳикмати

Бу мўъжизавий сафарнинг ҳикматлари кўп бўлиб, бу ҳақда Аллоҳ таоло Исро сурасининг 1-оятида: «...унга (яъни, Муҳаммад алайҳиссаломга) Ўз мўъжизаларимизни кўрсатиш учун...» [1] деб, марҳамат қилган.

Шундай ҳам бўлди: «Дарҳақиқат, у (Муҳаммад алайҳиссалом) Парвардигорининг буюк мўъжизаларини кўрди» (Нажм сураси, 18-оят).

Аллоҳнинг ҳузурида «меҳмон» бўлиш мушрикларнинг азиятлари чўққига чиққан бир пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга катта тасалли бўлди. Бу иш туфайли у зотнинг кўнгилларидан тушкун кайфият ариди, умид ниҳоли гуркиради.

Айни чоқда, бу воқеа мусулмону кофир учун синов имтиҳони ҳам бўлди. Бу имтиҳондан барча саҳобалар ўтишди, кофир, мушриклар эса яна доғда қолишди.

Тафсилоти

Жумҳур аҳли сунна вал жамоа уламолари Исро ва Меърож ҳодисасининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлганларидан кейин, Макка даврида, ҳижратдан сал олдин, ислом даъвати қувғин билан муваффақият ўртасида турган бир пайтда, уйғоқ ҳолларида, руҳ ва таналари билан, Жаброил фаришта ҳамроҳлигида, Буроқ номли мўъжизавий уловда, кечанинг бир бўлагида, бир марта юз берганига иттифоқ қилишган.

Беш вақт намоз Исро кечаси Меърожда фарз қилинганига барча уламолар якдилдирлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага ҳижратлари пайғамбарликнинг 14-йили, рабиул аввал ойининг бошида, у зот қамарий ҳисобда 53 ёшга тўлганларида (милодий 622 йил сентябр ойи ўрталарида) бўлганига ҳам барча уламолар иттифоқ қилишган.

Вақти

Исро ва Меърож ҳодисаси юз бергани ҳақида Ислом умматида мутлақо ихтилоф йўқ. Аммо қачон содир бўлгани ҳақида турлича қарашлар бор. Қуйида уларни бирма-бир кўриб чиқамиз:

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлишларидан олдин (бу ривоят шозз [3] бўлиб, Шарик ибн Абу Намир тарафидан содир этилган хато эканига барча муҳаддислар иттифоқ қилишган[4]);

– пайғамбарликнинг биринчи йили (имом Табарий ихтиёр қилган);

– пайғамбарлик келганидан бир йилу олти ой кейин (Имом Заҳабийнинг ушбу қавли ҳақида Абу Умар ибн Абдул Барр: «Мен Заҳабийдан бошқа бу гапни айтган бирорта сийрат олимини билмайман», деган [5]);

– пайғамбарлик келганидан беш йил ўтиб (қози Иёз нақли);

– пайғамбарлик келганидан етти йил кейин (Зуҳрийнинг бир қавли);

– пайғамбарликнинг ўнинчи йили (Муҳаммад Сулаймон Мансурфурий ихтиёр қилган);

– ҳижратдан уч йил олдин (Ибн Асийр нақли);

– ҳижратдан бир йилу олти ой олдин, рамазон ойида (Воқидий ривояти);

– ҳижратдан бир йилу беш ой олдин, шаввол ойида (Мовардий қавли ҳамда, Суддийдан Табарий ва Байҳақий ривоят қилишган);

– ҳижратдан бир йилу тўрт ой олдин, зулқаъда ойида (Суддий ва Муқотилларнинг бир қавли);

– ҳижратдан бир йилу уч ой олдин, зулҳижжа ойида (Ибн Форис нақли);

– ҳижратдан бир йилу икки ой олдин, муҳаррам ойида (Ибн Абдул Барр нақли);

– ҳижратдан бир йил олдин, рабиул аввал ойида (кўпчилик ровийлар ривояти, жумладан: Ибн Аббос, Ибн Масъуд, Ибн Умар, Анас, Жобир, Оиша, Умму Салама, Умму Ҳонилардан ривоят қилинган (Аллоҳ ҳаммаларидан рози бўлсин). Қатода, Урва ибн Зубайр, Мусо ибн Уқба, Ибн Қутайба, Байҳақий, Ибн Саъд, Ибн Асокир, Ибн Мардавайҳ, Ҳофиз Иброҳим Ҳарбийлар ривоят қилишган (Аллоҳ ҳаммаларини раҳматига олсин). Муқотил ва Зуҳрийларнинг бир қавли);

– ҳижратдан саккиз ой олдин, ражаб ойида (Абул Фараж ибн Жавзий нақли);

– ҳижратдан олти ой олдин, рамазон ойида (Ҳофиз Абу Рабиъ ибн Солим нақли).

Қайси кунда рўй бергани хусусидаги фикрлар ҳам хилма-хилдир

– 12-рабиул аввал (Жобир ва Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳумлар қавли);

– 17-рабиул аввал (Ибн Умар, Оиша, Умму Салама ва Умму Ҳони розийаллоҳу анҳумлар қавли);

– 27-рабиул аввал (Ҳофиз Иброҳим Ҳарбий қавли);

– Ражаб ойининг биринчи жума кечаси [6] (ровийи номаълум);

– 10-ражаб (Қайс ибн Аббод ривояти);

– 25-ражаб (ровийи номаълум);

– 27-ражаб (Қосим ибн Муҳаммад ривояти);

– 17-рамазон (Ибн Саййидиннас нақли);

– 29-рамазон (ровийи номаълум).

Таҳқиқ (ҳақиқатини аниқлаш)

Исро ва Меърож ҳодисасининг қачон юз бергани ҳақида бирорта ҳам саҳиҳ ҳадис ёки саҳобалардан саҳиҳ асар йўқлигини, шу сабабли муҳаққиқ уламоларимиз кўп ва хўб баҳслар олиб боришганини, натижада, маълумотларни «таржиҳ» [7] қилишганини (яъни, ҳақиқатга яқинини аниқлашганини) айтиб ўтмоқчимиз.

Шайх Сафийюр Раҳмон Муборакфурий: «Саҳиҳ қавлга кўра [8] Абу Толиб пайғамбарликнинг ўнинчи йили ражаб ойида, Хадича розийаллоҳу анҳо ҳам шу йили рамазон ойида вафот этишган. Бу пайтда ҳали беш вақт намоз фарз қилинмаган эди. Ислом уммати беш вақт намоз Исро кечаси фарз қилингани хусусида ижмоъ қилган. Исро сурасининг сиёқи-оқими Исро ҳодисасининг жуда кеч (яъни, Макка даврининг охирги йилларида) юз берганига далолат қилади. Натижада, биз Исро ҳодисаси (пайғамбарликнинг 12-йили, ҳаж мавсумида бўлиб ўтган) «Биринчи ақаба байъати»дан сал олдинроқ бўлган ёки (биринчи ақаба байъати билан пайғамбарликнинг 13-йили, ҳаж мавсумида бўлган) «Иккинчи ақаба байъати» орасида бўлган, деган фикрга келдик, яна Аллоҳ билувчироқ» деган [9].

Ҳофиз Ибн Форис Асбиҳоний Исро воқеасининг ҳижратдан бир йилу уч ой олдин, зулҳижжа ойида бўлганига жазм қилган (ишонч ҳосил қилган ва бир тўхтамга келган эди) [10].

Шайх Муҳаммад Абу Заҳра: «Исро ва Меърож ҳодисаси йигирма еттинчи ражабда бўлган, деган фикр саҳиҳ бўлмаган хабар ила келгандир. Баъзи одамлар бу ой-кунни рост-тўғри деб қабул қилишганининг гувоҳи бўлдик. Биз буни аниқ ишонч ҳосил қилмаган ва бир тўхтамга келмаган ҳолдагина қабул қиламиз. Сабаби, ровийлар яна Исро ва Меърож ҳодисасининг ҳижратдан бир йил олдин рабиул аввал ойида бўлганига иттифоқ қилишган», дейди [11].

Имом Нававий бу хусусда икки хил фикрни келтирган. «Равзатут толибин» китобида: «Исро ва Меърож ҳодисаси ражаб ойининг йигирма еттинчи кечаси бўлган», деса, «Фатово»китобида [12]: «Рабиул аввал ойида бўлган», дейди.

Ражаб ойининг йигирма еттинчи кечаси бўлгани ҳақидаги ривоятни Абдул Ғаний Мақдисий ихтиёр қилган. Аммо ҳофиз Абу Исҳоқ Иброҳим Ҳарбий уни инкор этгандир [13], қолаверса, барча муҳаддис уламолар ривоятнинг саҳиҳ эмаслигини бир овоздан таъкидлашган.

Аллома Абу Шома Мақдисий [14], имом Абул Хаттоб Умар ибн Диҳя[15] каби олимлар: «Исро ва Меърож ҳодисаси ражаб ойида бўлгани ҳақидаги ривоят таъдил ва таржиҳ уламолари наздида кизбдир», дейишган.

Ражаб ойининг биринчи жума кечаси бўлгани ҳақидаги ривоятни аллома Ибн Касир: «Асли-асоси йўқ», деган [16].

Хулоса

Жобир билан Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳумдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рабиул аввал ойининг душанба куни ҳам туғилганлар, ҳам ваҳий у зотга рост туш орқали кела бошлаган, ҳам Меърожга чиққанлар, ҳам Мадинага ҳижрат қилганлар, ҳам вафот этганлар» [17].

«Ибн Асийр Жазарий: «Исро воқеасининг душанба куни бўлгани менинг назаримда саҳиҳдир», деган. Ибн Мунир ушбу гапни ихтиёр қилгандир» [18].

Абул Баракот Насафий: «Исро ҳижратдан бир йил олдин (рабиул аввал ойида) бўлган», дейди [19].

Шайх Алоуддин Мансур: «Исро Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага ҳижрат қилишларидан бир йил илгари воқе бўлган», деган [20].

Доктор Аҳмад Абу Зайд [21] билан доктор Абдул Азиз Усмон Тувайжирий [22]: «Аржаҳ (ҳақиқатга яқинроқ) сўзга кўра, беш вақт намоз ҳижратдан бир йил олдин (рабиул аввал ойида) Исро ва Меърож кечаси фарз қилинган», дейишади.

Мулла Али қори ибн Муҳаммад Султон Ҳанафий: «Исро ҳижратдан бир йил олдин рабиул аввал ойида бўлган. Ибн Асийр: «Мана шу саҳиҳдир», деган», дейди [23].

Шайх Али Нойиф Шаҳҳуд: «Исро ва Меърож ҳодисаси кўпчилик ва муҳаққиқ уламоларнинг сўзларига кўра, ҳижратдан бир йил олдин рабиул аввал ойида бўлган. Тадқиқот ва мушоҳада қилинса ҳам, Исро ва Меърож ҳодисаси рабиул аввалда бўлганига ишонса бўлади», дейди [24].

Қози Иёз: «Бир эмас, бир қанча олим Исро ҳодисаси ҳижратдан бир йил олдин (рабиул аввал ойида) юз берганини айтган», дейди [25].

Аллома Бадриддин Айний Ҳанафий: «Исро ҳодисаси ҳижратдан бир йил олдин рабиул аввал ойида бўлган. Бу кўпчилик уламоларнинг сўзидир. Ҳатто Ибн Ҳазм бу борада муболаға қилиб, ижмоъни нақл қилган», дейди [26].

Имом Бағавий: «Меърож ҳижратдан бир йил олдин (рабиул аввал ойида) бўлганига илм аҳли иттифоқ қилган», дейди [27].

Демак, Исро ва Меърож воқеаси ҳижратдан бир йил олдин, пайғамбарликнинг 13-йили рабиул аввал ойида, душанба куни бўлгани «рожиҳ» (ҳақиқатга яқин)дир. Бу вақт милодий 621 йилнинг сентябрь ёки октябрь ойига тўғри келади.

Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қамарий 52 ёшга тўлган эдилар.

Аллоҳ таоло Ўзининг буюк ҳикмати ила бу ҳодисанинг аниқ вақтини Қадр кечаси каби унуттирди!

Аллома Бадриддин Айний Ҳанафий: «Исро кечасида «рағоиб» намозини ўқиш ўйлаб топилган бўлиб, унинг асли-асоси йўқ», дейди [28].

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари: «Исро кечаси тўпланиб, илмий суҳбатлар ўтказиш кейинги даврларда юзага чиққан. Баъзи аҳли илмлар мазкур улуғ ҳодисани ёдга олиш билан бирга кўпчиликка унинг аҳамиятини эслатиш ва дину диёнат йўлида ваъзлар қилишни мусулмонлар учун фойдали деб бу ишни ўтказишган. Исро кечасидаги алоҳида намозлар ва бошқа нарсалар ҳужжатсиз ишлардир», дейдилар [29].

Абдул Азим Зиёуддин

_______________________________________

[1] Исро сураси 1-оят.

[2] Нажм сураси 18-оят.

[3] Абу Яъло Халилий «шозз» сўзига қуйидагича таъриф берган: «Шозз» ривоятнинг бор-йўғи битта исноди бўлиб, ровийи ишончли бўладими, бўлмайдими фарқи йўқ. Агар ишончсиз бўлса, ривояти «матрук» бўлиб, қабул қилинмайди. Ровийи ишончли бўлса, ўзида тўхтайди ва ривояти ҳужжатга ярамайди» (Шайх Абдул Карим ибн Абдуллоҳ Хузайр, «Шарҳун нухба» 1/56).

[4] Абу Ҳайён Андалусий, «Ал-баҳрул муҳит» (6/2); Алоуддин Бағдодий, «Тафсирул Хозин» (4/134).

[5] «Ат-тамҳид лима фил муваттои минал маъоний вал асонид» (8/48).

[6] Бу кечани «Рағоиб кечаси» дейишади.

[7] «Таржиҳ» – маълумотлар ичидан кучли, вазни оғир, эҳтимоли кўп ва ҳақиқатга яқинини аниқлаш.

[8] Олусий тафсири, (23/46).

[9] «Ар-раҳиқул махтум».

[10] «Тафсири Олусий», (Алақ сураси тафсири).

[11] «Хотамун набиййин» (2/94), «Зуҳратут тафосир» (1/4322).

[12] Ибн Ҳажар Асқалоний, «Фатҳул Борий», 7-жуз; Муҳаммад Саййид Тантовий, «Ат-тафсирул васит» (1/2590); Муҳаммад ибн Юсуф Солиҳий, «Субулул ҳудо вар рашод фи сийрати хойрил ъибод» (3/65).

[13] Ҳофиз ибн Ражаб, «Латоифул маъориф», (233).

[14] «Ан-нофеъул боъис», 116.

[15] «Адоу ма важаб мин баёни вазъил ваззоъийна фи ражаб» (53-бет).

[16] «Ал-бидоя ван ниҳоя», 3/107.

[17] Абу Бакр ибн Абу Шайба ривояти; Ибн Касир, «Ал-бидоя ван ниҳоя» (3/107).

[18] Олусий тафсири (10/357).

[19] «Тафсирун Насафий» (Исро сураси 1-оят тафсири).

[20] «Қуръони карим – ўзбекча изоҳли таржима», Исро сураси 1-оят изоҳи.

[21] «Ас-сийратун набавия» (1/73).

[22] «Ас-сийратун набавия» (1/56).

[23] «Шарҳун нуқоя» (1/180).

[24] «Ас-сийратун набавия дурусун ва ъибарун» (1/461).

[25] «Аш-шифо би таърифи ҳуқуқил Мустафо» (1/180).

[26] «Умдатул қорий шарҳу саҳиҳил Бухорий», «Меърож» боби.

[27] «Тафсирул Бағавий» (5/64).

[28] «Умдатул қорий шарҳу саҳиҳил Бухорий» (6/115).

[29] «Зикр аҳлидан сўранг», 7-сон.

 

Шу йил 6 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари  Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Дилшод Мамадқулов, Диний идора бўлим мудирлари Салоҳиддин домла Шерхонов ва Исломиддин домла Зуҳриддинов Қорақалпоғистондаги “Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний” ўрта махсус ислом таълим муассасасига  ташриф буюрди.    

Дастлаб соҳа раҳбарлари Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Баҳраматдин домла Разов, билим юрти мудири Жалалатдин домла Абдиразаков ҳамроҳлигида билим юрти фаолиятида талабаларга ўтилаётган дарс жараёнини бевосита кузатди.

Ташриф давомида масъул вакиллар “Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний” ўрта махсус ислом таълим муассасасида талаба ва ўқитувчиларга яратилган шароитлар кўздан кечирди. Хусусан, Ахборот-ресурс марказида 17 756 та китоб сақланаётгани, ушбу марказ ва унинг ўқув заллари замонавий техника воситалари билан жиҳозлангани, китобларнинг каталоглари қайдай юритилётгани ҳақида таништирилди.  

Шунингдек, мадрасанинг янги медиа-маркази билан ҳам танишилди. Унинг 2023 йилда видео-аудио материалларни тайёрлаш, ўқитувчи ва талабаларнинг оммавий ахборот воситаларидаги чиқишини ривожлантириш мақсадида ташкил этилгани айтиб ўтилди.

Соҳа раҳбарлари талабалар билан суҳбатда илм олиш фазилати, юртимизда таълим-тарбия олиш борасидаги имконият ва шароитлар, хусусан, диний соҳадаги сўнгги янгилик ва истиқболли режалар ҳақида сўзлаб беришди. Жумладан, таълим олгандан сўнг ўқишни давом эттириш ё масжидларда фаолият юритиш истагидаги талабаларга ўз таклиф ва маслаҳатларини тақдим этишди.

Маълумот учун, “Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний” ўрта махсус ислом таълим муассасаси 1992 йили Нукус шаҳридаги Имом Эшон Муҳаммад жоме масжиди биносида фаолият бошлаган. Мадрасага 2011 йилда алоҳида бино ажратилган бўлиб, бугун замонавий ўқув биноси, талабалар турар жойи, ёпиқ спорт залига эга бўлган мажмуада барча шароитлар мужассам. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

   15 та давлатдан 250 нафар мусулмон етакчидан иборат “Раҳмон меҳмонлари” дастурининг Умра зиёратчиларининг иккинчи гуруҳи Саудия Aрабистони Подшоҳлиги Ислом ишлари, даъват ва иршод вазирлиги таклифига биноан Мадинага етиб келди.

   “IQNA”нинг “Al-Ahram” нашрига таяниб хабар беришича, “Раҳмон меҳмонлари” дастурида иштирок этган “Байтуллоҳ” зиёратчиларининг иккинчи ва охирги гуруҳи 4 февраль куни Мадинага ташриф буюди. Мазкур дастур Саудия Aрабистони Подшоҳлиги Ислом ишлари, даъват ва иршод вазирлиги томонидан ташкил этилди.

  Ушбу дастурнинг якуний меҳмонлари гуруҳи Европа ва Жанубий Aмерика қитъаларининг 15 мамлакатидан 250 та таниқли Ислом арбоблари, жумладан, Босния ва Герцеговина, Aлбания, Косово, Македония, Хорватия, Словения, Черногория, Сербия, Греция, Болгария, Руминия, Полша, Буюк Британия, Бразилия ва Aргентинадан келган меҳмонлар жамоасидан иборат бўлди.

   Ушбу дастур меҳмонлари Мадинада бўлиши давомида умра маросимларини бажаришдан ташқари Қубо масжидини зиёрат қилиш, Мадинанинг тарихий ва маданий жойларига ташриф буюришади.



Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Мадинаи Мунаввара – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат қилган, Қуръони каримнинг бир қанча оятлари нозил бўлган, саҳобалар юрган, Пайғамбаримизнинг муборак таналарини ўз бағрига олган, улуғ саҳобаи киромлар дафн этилган, Маккадан кейинги энг фазилатли шаҳар.

Мадина – Аллоҳ таоло мадҳ этган шаҳар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: Албатта, Аллоҳ таоло Мадинани Тоба деб номлаган”.

“Тоба” – “покиза”, “озода”, “хушрўй” каби маъноларни англатади.

Мадина – йўллари фаришталарга тўла, унинг эшикларини фаришталар қўриқлайдиган шаҳар.

Шу сабаб, бу муборак нурли шаҳарга вабо ҳам, Дажжол ҳам кира олмайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мадинанинг йўлларида фаришталар бор. Унга ўлат ҳам, Дажжол ҳам кира олмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дейдилар: “Мадинага Масиҳ Дажжолнинг қўрқинчи кирмайди. Ўша кунда унинг етти эшиги бўлиб, ҳар эшикда иккитадан фаришта туради” (Имом Бухорий ривояти).

Мадина – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхши кўрган, унга ошиққан шаҳар. Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон сафардан келиб, Мадинага назарлари тушса, уловларини тезлатар ва агар бирор уловда бўлсалар, унга муҳаббатларидан ҳалиги уловни қистар эдилар” (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).

Мадина – Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳаққига кўп дуолар қилган шаҳар. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳим! Мадинада Маккага берган баракангдан икки ҳисса кўп қилгин, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу муборак шаҳарнинг ҳаққига яна бундай дуо қилганлар: “Аллоҳим! Бизга худди Маккага бўлган муҳаббатимиз каби ёки ундан ҳам кучлироқ қилиб Мадинани севимли қилгин” (Имом Бухорий ривояти).

Бундан ташқари Мадинаи шарифда Набий алайҳиссаломнинг масжидлари, муборак Бақиъ қабристони, Ислом тарихида илк қурилган Қубо масжиди, Қиблатайн масжиди, Уҳуд тоғи кабилар ҳам бор.

 Даврон НУРМУҲАММАД

Top