muslimuz
Намозга киришиш олдидан имомнинг “сафларни тўлдириб олинглар” дейиши тўғрими?
Cавол: Имом иқомат такбиридан кейин намозга киришишдан аввал қавмга қарата: “Сафларни тўлдириб олинглар”, дейиши тўғрими?
Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Имом Аъзам Абу Ҳанифа ва Имом Муҳаммад раҳимаҳумаллоҳ наздиларида муаззин иқомат айтиб: “Қод қоматис-сола” деган пайтида имом ва қавм намозга киришадилар. Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳга кўра, имом ва қавм муаззин иқоматдан фориғ бўлгандан кейин намозга киришади. Бу ҳақда фиқҳий манбаларимизда бундай дейилган: “Имом Абу Ҳанифа ва Имом Муҳаммадга кўра, муаззин “Қод қоматис-сола” деганда имом намозга киришади. Имом Абу Юсуф: “Муаззин иқоматдан фориғ бўлганда имом намозга киришади. Шунда қавм ҳам муаззин ортидан (иқомат калималарини айтишда) етишиб олиш фазилатига эришади ва муаззин имом билан бирга намозга қўшилиш имконига эга бўлади” деганлар”.
“Хулосатул фатаво” китобида Имом Абу Ҳанифа ва Имом Муҳаммадларнинг сўзлари “тўғрироқ” экани таъкидланган. Шунингдек, “Қудурий”, “Виқоя”, “Канз” ва бошқа мўътабар фиқҳий китобларда фақат Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алаҳйининг сўзлари нақл қилиб келтирилганидан, мазҳабимиздаги фатво берилгани шу экани маълум бўлади.
Шунга кўра, мазҳабимизнинг мутақаддим уламоларига кўра, имом иқомат билан такбири таҳримани орасини ажратмайди, намозхонларни сафларини тўғирлаб олишга даъват қилмайди, балки, муаззин иқомани айтиб бўлиши билан намозга киришади.
Шундай бўлсада, “Аз-Зоҳийрийя” китобида қуйидаги масала ҳам зикр қилинган: “Агар имом намозга киришишни муаззин иқомат айтишдан фориғ бўлгунига қадар кечиктириб турса, барча имомлар (Имом Абу Ҳанифа ва икки шогирдлари)га кўра, жоиздир” (“Фатаво Аз-Зоҳийрийя” китоби).
Демак, имом Абу Ҳанифа ва Имом Абу Юсуф ўрталаридаги ушбу икки хил қараш асосан ушбу икки ҳолатдан қайси бири афзал экани борасида экани маълум бўлмоқда.
Лекин мазҳабимиздаги айрим мутаааххир фуқаҳолар имом қавмга сафларни тўғрилаб олишини эслатиши жоиз эканини очиқ айтишган. Жумладан, Имом Зайлаий “Канз”нинг шарҳида бундай дейдилар: “Қавм намозга турганларида, сафларини ростлаб, текислашлари ва орадаги очиқ жойларни тўлдиришлари ҳамда елкаларини баробар қилишлари лозимдир. Имом намозни бошлашдан олдин уларга сафларни текислаб, ораларда очиқ жой қолмаслигини буюриши жоиздир. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Сафларингизни баробар қилинглар. Зеро, сафни текислаш намознинг мукаммаллигидандир”, деганлар.
Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ё сафларингизни текислайсизлар ёки Аллоҳ таоло бир-бирларингизга юзларингизни терс қилиб қўяди”, деганлар. Бу ҳадисда зикр қилинган “юзларни терс бўлиб қолиши” қалбларни ўзаро қарама-қарши бўлиб қолишига боғлиқ” (“Табйинул ҳақоиқ” китоби).
Ушбу маълумот “Дурарул-ҳуккам”да ва “Фатҳуллоҳул-мубийн” китобларида ҳам келтириб ўтилган.
Хулоса қилиб айтганда, имом ушбу масалада ҳолатдан келиб чиқиб иш тутиши мақсадга мувофиқ. Яъни, агар қавм сафларни тўғирлаб олишини эслатишга эҳтиёж бўлмаса, иқомат билан такбири таҳрима орасини бўлмаслиги афзал. Агар намозни бошлашдан аввал қавмнинг сафларни тўғирлаб олишини эслатишга эҳтиёж бўлса, “Сафларни тўлдириб, текислаб олинглар” дейиши ҳам жоиз. Лекин такбири таҳримадан олдин “маъруза” қилиб, иқома ва такбири таҳрима орасини кўп миқдорда бўлиб қўйиш яхши эмас. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.
Ҳақиқий севги ҳали олдинда
Ғарб давлатларининг бирида ғаройиб анъана бор экан. Унга кўра, кўчалардаги афишаларга, эълонлар осиладиган жойларга “Ҳақиқий севги ҳали олдинда” деган ёзувлар ёпиштириб қўйиларкан. Бу ёзувлар катта ҳаётга энди қадам босаётган ёш қизларга қаратилган бўлар экан. Яъни уларни иффатларини сақлашга, иболи, ҳаёли бўлишга чақириқ ҳисобланаркан. Чунки кўпгина қизлар ҳали етарлича ҳаётни англайдиган, яхши билан ёмонни ажрата оладиган ёшга етмасдан алдоқчи йигитларнинг ёлғон ваъдалирига ишониб ҳаётларини барбод қилишади.
Севги-муҳаббат муносабатларига эрта киришиш оқибатида ёш қизларнинг хаёли кераксиз нарсалар билан банд бўлиши, уларнинг онгида илм олишга бўлган иштиёқ сўниб қолиши, эртаю кеч ўткинчи ҳою ҳавасларнинг домига асир бўлишлари оқибати яхшилик билан тугамаслиги кундек равшан ва кўпгина ҳаёт тажрибаларида ҳам исботланган ҳақиқатдир.
Қизларни огоҳликка чақиришда катта ёзувли эълонлардан ташқари ишқий муносабатларни эрта бошлаб, ҳаётда панд еган баъзи аёллар тарафидан ёш қизларга барвақт бошланган севги бошга бало бўлиши ҳақида тушунтириш ишлари ҳам олиб борилар экан.
Ўша суҳбатларда аёллар бундай муносабатлар ёшликни зое қилишини, илм оладиган, катта-катта ишларни амалга оширадиган даврда арзимас ўйин-кулгу билан вақтни ўтказиб юборилиши, қолаверса, бу ишларнинг оқибатида иффатнинг бузилиши, номуснинг топталиши, қалб хотиржамлигининг йўқолиши, ҳаттоки эрга теккандан кейин ҳам бу нарса давом этиши ҳақида гапириб, қизларга “Ҳақиқий муҳаббат ҳали олдинда” деган ёзув битилган билакузуклар ҳадя қилишар экан.
Қиз бола ҳар сафар бирор йигит билан шундай муносабтга киришмоқчи бўлганда шу ёзувга кўзи тушиб бу йўлдан қайтиши, бу йўлнинг охири вой бўлишини эслаши учун шундай одат йўлга қўйилган экан.
Бугунги кунда биз мусулмонлар бу каби хайрли тадбирларни амалга оиширишга ҳар қачонгидан кўра муҳтожмиз. Зеро, миллатнинг, халқнинг юксалиши аёлларнинг ислоҳи ила амалга оширилади. Агар аёл гул бўлса, миллат ҳам гулдек ўсиб яшнайди. Миллат ўз гулларининг, гулзорларининг пайҳон қилинишига йўл қўйиб берган куни кафанга ўралган куни бўлади.
Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.
Гапираётган гапингизни ўйлаб гапиринг!
Бир хонадоннинг эшиги тақиллабди, болакай югуриб чиқиб эшикни очибди, кейин отасига: “Ахлатчи амаки келди”, дебди.
Шунда отаси унга: “Болажоним, аслида биз ахлатчимиз! У эса тозаловчи, биз кир қилган нарсаларни тозалашда бизга ёрдам бериш учун келади. Сен чиқарган ахлатларни чиқариб ташлайдиган одам фақат ва фақат ҳурматга ва муносиб тақдирлашга лойиқ!” деди.
Экин экаётганингизда яхши кўчат танлаганингиз сингари гапираётганингизда ҳам энг яхши гапларни саралаб гапиринг!
Эшитувчиларга таъсири бўладиган, соҳибининг шаънини кўтарадиган гапларни танлаб гапиринг. Зеро, яхши гапнинг самараси вақт ўтиб қайтади. Кўчат экканингизда ҳосили тезда униб чиқишини кутмаганингиздек, гапингизнинг самарасини ҳам дарҳол талаб этманг, вақти келиб ўзи кўринади.
Яхши сўзларни экишдан тўхтаманг, шунда бирин-кетин ҳосилини кўриб бораверасиз.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Аллоҳ яхши сўзга қандай мисол келтирганини кўрмайсанми? У худди бир яхши дарахтга ўхшайдир. Унинг асли собит турадир. Шохлари эса, осмонда” (Иброҳим сураси, 24-оят).
Кимки Аллоҳ таолодан ҳақиқатан қўрқса, гапираётган гапини ўйлаб гапиради. Аниқ илмга асосланмаган беҳуда гапларни гапирмайди. Айтаётган ҳар бир гапининг ҳисоб-китоби бор эканини билиб яшайди. “У бирор сўз айтмас, магар ҳузурида (фаришта) ҳозиру нозир” (Қоф сураси, 18-оят).
Одамлар билан гаплашганингизда мана шу оятни эсланг, токи ҳаммамиз муддат ўтиб кетмасдан айтаётган гапларимизни идрок этадиган бўлайлик.
Ўқитувчи шогирдидан: “Отанг нима иш қилади?” деб сўрабди.
Шогирд жим қолибди, жавоб бермабди.
Устоз яна сўрабди: “Ҳой Аҳмад, отанг нима иш қилади?”.
Шогирд яна жим тураверибди. Устоз учинчи бор жаҳл билан: “Ҳой галварс, қулоғинг карми, отанг нима иш қилишини билмайсанми?” дебди.
Шунда шогирд бошини кўтариб: “Йўқ биламан, отам қабрида ухлаяпти!” деб жавоб берибди.
Бундан ибрат олишимиз керак. Бу бизга бирор гапни гапиришга шошилмаслик кераклигини ўргатади. Ёдингизда тутинг, тўртта нарсани тузатиб бўлмайди:
Отилган тошни қайтариб бўлмайди;
Оғиздан чиққан гапни қайтиб олиб бўлмайди;
Фурсатдан қўлдан бой бергач, қайта топиб бўлмайди;
Ўтиб кетган вақтни ва ёшликни ортга қайтариб бўлмайди.
Шундай экан бу нарсаларни қандай тасарруф этаётганингизга боқинг, бошқаларни ўйламасдан қарорлар, ҳукмлар қабул қилишга шошилманг!
Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.
Биз ҳам соғ қолайлик, улар ҳам соғ қолсин!
Иброҳим Нахаийнинг кўзлари ғилай эди. Унинг шогирди Сулаймон ибн Меҳроннинг ҳам кўзи жуда хира кўрар эди. Бир куни улар биргаликда сафарга отланишибди. Масжид томон интилиб, Кўфа йўлларидан бирида кетишар экан, Имом Нахаий: “Эй Сулаймон, сен бошқа йўлдан, мен бошқа йўлдан кетсак нима дейсан? Негаки мен нодон одамлар олдидан ўтиб қолсак, “Ия, кўр-кўрни етаклаб олибди-ку!” деб ғийбат қилишларидан ва шу сабаб гуноҳкор бўлиб қолишларидан қўрқаман”, дебди. Сулаймон: “Устоз, нима қилибди, ахир биз савоб оламиз, улар гуноҳкор бўладилар-ку?!” дебди.
Шунда Иброҳим Нахаий: “Субҳаналлоҳ, сени қара-ю, ахир биз ҳам, улар ҳам (гуноҳдан) соғ қолганимиз биз савоб олиб, улар гуноҳкор бўлиб қолганидан яхши-ку!” дебди.
Бу қалблар қандай қалблар-а?! Қандай пок қалблар-а?! Фақат менга яхши бўлсин, фақат мен саломат қолай демайди, мен ҳам, бошқалар ҳам гуноҳдан саломат қолсин, дейди.
Бу қалблар иймон билан безалган қалблардир! Осмонларга парвоз этиб, эгасини олий жаннатларга элтадиган қалблардир!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Бирортангиз биродарингизга ўзингизга раво кўрган нарсани раво кўрмагунингизча мўмин бўлмайсиз”, деган ҳадисларига тўлақонли мос тушган қалблардир булар!
Али розияллоҳу анҳу ўғиллари Ҳасан розияллоҳу анҳуга бундай насиҳат қилган эканлар: “Эй ўғлим, ўзинг ва бошқалар ўртасида ўзингни мезон қилгин: ўзингга раво кўрган нарсаларни бошқаларга ҳам раво кўргин, ўзинг учун ёмон кўрган нарсаларни бошқалар учун ҳам ёмон кўргин. Сенга зулм қилинишини хоҳламаганингдек, сен ҳам бошқаларга зулм қилмагин. Сенга яхшилик қилинишини ёқтирганингдек, сен ҳам эҳсон қил. Ўзингда бўлишини хоҳламаганинг иллатларни бошқаларда бўлишини ҳам хоҳлама. Одамлар ҳаққида ўзингдан рози бўладиганларинг билан улардан рози бўл. Билмайдиган нарсанг ҳақида гапирма, гарчи биладиганларинг оз бўлса ҳам. Сенга қарата айтилишини хоҳламаган гапларингни бошқаларга ҳам айтма. Билки, ужуб тўғриликнинг аксидир ва қалблар офатидир. Ўзинг зўр бериб саъй-ҳаракт қил, бошқаларга суяниб қолма! Тўғри йўлга ҳидоят этилсанг, Роббингдан энг қўрқадиган ҳолатда бўл”.
Ҳасан Басрийга: “Бир киши сизни ғийбат қиляпти”, дейишганда у киши: “Саъй-ҳаракатсиз, ҳеч қандай чарчоқсиз, риёдан ҳам, ужубдан ҳам холи ҳолда эришган савобимни қарши оламан!” деганлар.
Энди ўйлайлик, ғийбат қилиш орқали қанча-қанча савобларимиз ҳар тарафга учиб кетишига розимизми?!
Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.
Соғинч
Болалигимдан отамни ишдан қайтаётганларида эшик олдида кутиб олиш одатим бор эди. Отам ҳарбий офицер бўлиб ишлардилар. Баъзи кунлари келмай қолсалар ҳам, келадиган кунлари соати кўпинча аниқ бўларди. Мен ўша пайт дарвозамиз олдига чиқиб дадамни кутардим. Отамни узоқдан кўришим билан оёғимни қўлимга олиб югурардим. Дадам мени қучоқлаб юзларимдан ўпардилар. Кейин бир қўллари билан елкамдан ушлаб олганларича уйга кириб кетар эдик.
Менинг кутиб олишимга отам ҳам жуда ўрганиб қолгандилар. Баъзида отамни кутиб олиш ёдимдан кўтарилиб, кўчага чиқмай қолардим. Шундай пайтларда дадам уйга кирмай туриб, кўчадаги болалардан бирортасини менинг олдимга юборардилар. “Дадангиз айтдилар, дарвоза олдига чиқиб дадангизни кутиб олар экансиз” деб айттириб юборардилар. Мен ҳам бундан жуда хурсанд бўлиб югуриб чиқиб дадамни кутиб олардим. Шунда дадам менга: “Қизалоғим, бугун мени кутиб олишни унутибсан-ку! Менга бу уйда сенинг кутиб олишингдан бошқа завқ йўқ” дердилар.
Отамнинг қўллари елкамни тутиб уйга кириб кетар эканмиз бошқа болалар олдида отам билан фахрланиб қўяр эдим. Ўзимни дунёдаги энг қудратли одамдек ҳис қилардим.
Отам ўзлари ўта жиддий ишда ишласалар ҳам менга нисбатан ўта юмшоқ табиатли инсон эдилар. Ишдан қайтганларида жуда чарчаган бўлар, лекин бир пас ўтирганимиздан сўнг менга “Сенинг кутиб олишинг ҳамма чарчоқларимни ёзиб юборади, қизим” дердилар.
Бугун ўзим ҳам кап- катта аёл бўлдим, она бўлдим. Шундай бўлса-да отажонимни жуда соғинаман. Ўша дамларни, отамни кутиб олишларим, узоқдан югуриб боришим, мени қучиб, елкамга қўлларини қўйиб, уйга олиб киришлари, айтган ўша ширин гапларини неча йиллардан бери соғинаман.
Баъзида ўша эски уйимизнинг олдидан ўтиб кетар эканман, отамни яна ишдан қайтиб келишларини, ўзим эса у кишини олдингидай кутиб олишни орзу қиламан. Ушалмаслигини аниқ билсам-да ўзимни отамнинг бағрига яна отиб ҳозирги ҳаёт ташвишларимни сўзлаб берсам дейман...
Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.