muslimuz
Қуръон қўлёзмаларини қайта тиклаш бўйича маҳорат дарси
Қоҳира халқаро китоб кўргазмаси арафасида “ал-Aзҳар” павилонида Қуръон қўлёзмаларини қайта тиклаш бўйича семинар бўлиб ўтди.
“IQNA” сайтининг “Youm7” га таяниб хабар беришича, Миср халқаро кўргазмалар марказида ўтказилаётган 55-Қоҳира халқаро китоб кўргазмаси доирасида “ал-Aзҳар” павилонида китоб ва қўлёзмаларни қайта тиклаш ва сақлаш бўйича семинар бўлиб ўтди.
Миср қўлёзмаларини қайта тиклаш бўлими директори ўринбосари Маҳмуд Саад бундай деди: “Мавжуд бўлган энг муҳим қўлёзмалардан бири мамлуклар даврига оид Қуръони карим нусхаси саналади. Ушбу қўлёзма ҳижрий 866 йилда ёзилган бўлиб, шаҳзода Кадходанинг рафиқасига тегишлидир. Уни 1165 йилда “ал-Азҳар” мажмуасига ҳадя қилинган. Бу қўлёзма бўйича докторлик диссертацияси ёзилган. Ушбу Қуръон нусхасига зарар етказилиш сабаб ва омилларини аниқлаш ва қайта тиклаш бўйича тегишли чоралар кўриш мақсадида бир қанча техник тадқиқотлар олиб борилган”.
Тадқиқот давомида мазкур қўлёзманинг қоғози маҳаллий экани, сиёҳ ва ёзув тури ўрганилгандан сўнг уни қайта тиклашнинг тегишли усули белгиланиши аниқланди. Ушбу стендда Қуръоннинг реставрациядан олдин ва кейин суратлари жамланган.
Қайта тиклаш жараёнида қоғозда озиқланадиган бир қатор ҳашаротлар топилди. Уларнинг тасвирларини нашр этишдан мақсад муҳим китоб ва қўлёзмаларни севувчи ва йиғувчиларни ушбу зараркунандалар билан таништиришдир. Шунда улар зарар содир бўлса, уни қўлёзманинг йўқ қилинишига олиб келмайдиган тарзда таъмирлаш мумкинлигини билишади.
“Aл-Aзҳар” кутубхонасидаги қўлёзмалар коллекцияси дунёдаги энг бой фондлардан бири бўлиб, бу қўлёзмаларнинг кўпчилигида Қуръони карим нусхалари, шунингдек, дин ва бошқа фанларга оид асарлар бор. Ушбу қўлёзмаларни замонавий асбоб-ускуна ва технологиялар ёрдамида батафсил ўрганиш исломшунослик соҳасидаги кўплаб янги фактларни очиб берди, Мисрдаги турли тарихий даврлар, жумладан, мамлук ва фотимийлар даврига ойдинлик киритди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими
Илёсхон Аҳмедов тайёрлади
WIFI ни рухсатсиз ишлатиш нотўғрими?
Cавол: Мен кўпқаватли уйларда тураман. Қўшнимнинг WiFi кодини билиб олиб, ундан фойдаланишим тўғрими? Лекин рухсат сўрамаганман.
Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Қандайдир йўл билан WiFi кодини билиб олиб, рухсатсиз ишлатишингиз тўғри эмас. Албатта, рухсат олиб ишлатинг. Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Мусулмон кишининг моли бошқага ҳалол эмас, магар, ўзи рози бўлиб, кўнглидан чиқариб берсагина ҳалол бўлади” (Имом Аҳмад ривояти). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.
Ҳамдардлик билдирамиз
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Қашқадарё вилояти Касби тумани бош имоми ва "Султон Мирҳайдар" жоме масжиди имом-хатиби Улуғбек домла Аминовнинг падари бузрукворлари вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Охират сафарига кузатилган отахон эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.
Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳум отахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Улуғбек домла Аминовга, у кишининг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
"Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун".
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бебаҳо неъмат
Бир куни мактабимдаги синфдошларим ва устозларим билан сафарга чиқдик. Сафар асносида чиройли манзаралар бўлса, тасвирга оламан дея дадамдан қўл телефонларини сўрадим. Дадам “Эҳтиёт қил” деб менга ўзлари яқинда сотиб олган телефонларини бердилар.
Сафарда узоқ йўл юрдик. Манзилга борганимиздан кейин ҳамма тушликка йиғилди. Шунда чўнтагимни қарасам, дадамнинг телефонлари йўқ. Юрагим дукиллаб уриб кетди. Сафар ҳалтамни, сумкамни, ҳатто хаёл билан солиб қўйгандирман деб ёнимда бирга ўтириб келган дугонамнинг сумкасини ҳам қарадим. Йўқ, ҳеч қаерда йўқ! Тамом бўлдим деб ўйладим. Чунки дадам бекорга эҳтиёт қил демадилар. Ахир бу телефонни яқинда олгандилар. Олганларига ҳали бир ой ҳам бўлмаганди. Қолаверса, бундай телефонлар энди-энди чиқа бошлаган пайт, қиммат турар эди. Тополмаганимга роса йиғладим.
Ноилож дугонамнинг телефонидан онамга қўнғироқ қилиб вазиятни тушунтирдим. Онамдан яхшигина дакки эшитдим. “Эҳтиёт қилолмасанг, олиб кетишга бало бормиди!?” дедилар. Онамга “Дадамга айтманг, ўзим пулини йиғиб, дадамга янги телефон олиб бераман” дедим, гарчи бундай қила олишимга кўзим етмаса ҳам. Кейин телефонни ўйлаб роса сиқилдим. Онам айтиб қўйсалар нима бўлади? Айтмасалар, ҳам борганимдан кейин телефон йўқлигини дадам биладилар-ку! “Телефон қани?” деб сўрасалар нима дейман?!
Шундай ўйлар билан бошим ғувиллаб ўтирсам, дугонамнинг телефонига онам телефон қилиб қолдилар.
- “Лаббай онажон” дедим қўрқиб.
- “Дадангга айтдим!”
- “Нега айтдингиз онажон, ахир айтманг дегандим-ку! Энди дадам мени роса уришадилар, ўлдирадилар” деб йиғлаб юбордим. Шунда онам бир пас жим турдилар-да, менинг бир умр эсимдан чиқмайдиган ўша гапни айтдилар:
- “Қўрқма қизим. Кимдир ўғирлаган бўлса керак дедим. Даданг “Майли, қизимга айт, сиқилмасин. Уч кунлик сафарини шу нарсани ўйлаб ўтказмасин. Мазза қилиб ўйнаб, яйраб келсин. Битта телефон экан-ку, қизим учун, керак бўлса, бутун дунёни фидо қиламан!” дедилар. Хотиржам бўл қизим!”.
Ўша онда ишонсангиз, қотиб қолгандим, кулишимни ҳам, йиғлашимни ҳам билмасдим. Ич-ичимдан шундай туйғулар жўшдики, қани ҳозир дадам ёнимда бўлсалару, бўйниларидан қаттиқ қучоқлаб олсам! Телефон қанчалик қимматбаҳо бўлмасин, дадамнинг наздиларида мендан қадрли эмаслигини билдим.
Бутун сафар давомида хурсанд бўлиб юрдим, вақтим чоғ ўтди. Мени осмонларда учиб юришимга сабаб бўлган нарса сафардаги қизиқ-қизиқ воқеалар, сўлим гўшалар ва улардан олган таассуротларим эмас, балки дадамнинг мана шу гаплари эди: “Керак бўлса қизим учун бутун дунёни фидо қиламан”.
Уйга қайтганимда отам мени табассум билан кутиб олдилар. Бағриларига босиб “Қизим, бутун дунё фидо бўлсин сенга” дедилар. Мен отамни қучоқлаган кўйи кўзимдаги ёшларни тўхтатолмасдим...
Ўша кундан кейин мен отамнинг Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан берилган қанчалар бебаҳо неъмат эканларини англадим. Уларнинг маслаҳатларисиз, йўл-йўриқларисиз ва улардан беркитиб ҳам бирор иш қилмайдиган бўлдим. Ота ўз қизига фақат энг тўғри йўлни кўрсата олишига ўз ҳаётимда гувоҳ бўлдим.
Ўша воқеадан кейин қўл телефонимни ҳам жуда эҳтиётлайдиган бўлдим.
Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.
Марказнинг янги нашрлари тақдимот қилинди
Шу йил 1 февраль куни Тошкент шаҳрида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан нашрга тайёрланган янги китоб ва рисолалар тақдимоти ўтказилди.
Тадбирда Президент Администрацияси масъул ходими Жасур Нажмиддинов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Жалолиддин домла Ҳамроқулов, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Уйғун Ғафуров, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари Фирдавс Ҳалимов, ҳамкор ташкилот ва илмий доира вакиллари ҳамда Марказ илмий ходимлари иштирок этди.
Маросимда Марказ томонидан 2023 йилда нашрга тайёрланган Имом Бухорийнинг “Ат-Тарихус сағир”, Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Хотим Варроқ Бухорийнинг “Шамоили Бухорий”, Абу Азабанинг “Ар-Равзатул баҳийя фийма байнал ашўира вал мотуридийя”, Имом Доримийнинг “Сунани Доримий”, Алоуддин Косонийнинг “Косоний ақидаси”, Саййид Абдулможид Ғаврийнинг “Ҳадис илми истилоҳлари энциклопедияси” асарлари, шунингдек, “Ислом динида тинчлик” ва “Ғулувнинг хатарлари” номли рисолалар тақдим этилди.
Тақдимотнинг очилишида сўзга чиққанлар Имом Бухорий ва бошқа аллома аждодларимиз меросини ўрганишнинг аҳамияти, тақдим этилаётган китобларнинг илмий қиймати, мутафаккирлар асарларини тадқиқ этиш борасидаги ишларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболдаги вазифалар, шунингдек, Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил тўхталди.
Ал-Азҳар ислом тадқиқотлари мажмуаси Бош котиби, доктор Муҳаммад Назир Айяд ҳамда Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (ИРCИCА) Бош директори, профессор Маҳмуд Эрол Қилич видеотабрик йўллади.
Дарҳақиқат, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан нашрга тайёрланган янги китоб ва рисолалар исломнинг асл қадрият ва тамойилларини ҳамда инсонпарварлик ғояларини тараннум этишда, замонлар оша юксак қадр-қимматини йўқотмай келаётган асарларнинг туб моҳиятини очиб беришда муҳим дастуруламалдир. Она тилимизда чоп этилган мазкур асарлар мутафаккирларимиз илмий қарашлари маъносини янада яхшироқ англашга, улар таълимотини янада теран идрок этишга асос бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати