muslimuz
Ибодат – яхшилик ва меҳр-саховат ажридир
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим!
Бугун юртимизда қарор топган эътиқод эркинлиги, мўмин-мусулмон халқимизнинг эмин-эркин ибодат қилишлари учун шароитлар яратиб берилгани, айниқса, ҳаж ва умра амалларини адо этиш учун кенг йўл очилганини алоҳида эътироф этиш лозим. Албатта, бундан аҳолимиз жуда мамнун. Ибодат ва зиёратларда шукроналар келтириб, Юрт раҳбари ва Ватанимиз ҳаққига хайрли дуолар қилишмоқда.
Ҳар бир мўмин-мусулмон киши умри давомида бир марта бўлса-да, Каъбатуллоҳни тавоф қилишни, Арафотда туришни, Сафо ва Марва тепаликларида юришни орзу этади. Зотан, ушбу амаллар инсон ҳаётини яхшиликлар сари тубдан ўзгартирадиган, бир сўз билан айтганда, жаннат мукофоти ваъда қилинган буюк ибодатдир.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида 2023 йил 22 декабрь куни Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида жуда кўп муҳим масалалар қаторида жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришга қаратилган муҳим таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.
Президентимиз мазкур тадбир давомида: “Маълумки, кейинги йилларда ҳаж, умра зиёратларига кенг йўл очиляпти. Минглаб фуқаролар мана шундай қутлуғ зиёратларга бориб келаётганига ҳаммамиз гувоҳмиз. Бу борада илгари ҳам айтган бир фикримни такрорламоқчиман: ҳажга, умрага бориб келган ҳар бир юртдошимиз маънавият тарғиботчиси бўлиши, одамларни яхшиликка бошлаши керак. Афсуски, ҳамма жойда ҳам шундай бўлмаяпти. Зиёрат баҳона ўзини кўз-кўз қилиш, манманликка берилиш каби бизга ярашмайдиган хунук ҳолатлар кўзга ташланмоқда. Булар албатта барчамизни ўйлантириши керак”, дея таъкидлади.
Афсуски, “Гуруч курмаксиз бўлмайди”, деганларидек юртимизда ҳали-ҳануз ҳаж ёки умрага бориб келган айрим кишилар хўжакўрсинга иш тутиб, ҳаддан ошаётгани, ақлга сиғмайдиган аллақандай ишларни ўйлаб топиб, уни оммага намойиш қилиш ҳолатлари учраб турибди.
Бу ўз навбатида одамларнинг нафратига ва ушбу муборак ибодатларга нисбатан нотўғри тушунчалар пайдо бўлишига олиб келмоқда. Масалан, хонадонларда зиёфатлар уюштириш, совға-салом улашиш борасида ҳаддан ортиб кетилмоқда. Мана шундай пайтларда ҳам илмсизлик – жаҳолат панд беряпти. Фарзандлар ота-онасини умра сафарига юборади ва уларнинг қайтишини шунчалар дабдабага айлантирадики, бу манманликдан ўзга нарса эмас.
Яна ҳожиларни қариндош-уруғ, қудалар томонидан меҳмонга чақиришлар, уларга бош-оёқ сарполар қилиниши, оёқлари остига қўйлар сўйилиши, буларни видеотасвирга олиб, ижтимоий тармоқларда тарқатилиши – бу оқибати яхши бўлмаган иллатлардир.
Ҳаж ва умра зиёрати ва ибодатлари насиб қилган инсон у ердан гуноҳлардан покланиб қайтмоғи керак. Қайтгач, савоб амалларини кўпайтириш, гуноҳ ишлардан тийилиш ҳаракатида бўлмоғи керак. Аммо бирга умра амалларини бажарган айрим ҳожилар ҳар ойда зиёфатлар уюштиришни одат қилган. Албатта, бунда ҳам улар кимўзарга мусобақа қилишмоқда. Ваҳоланки, муқаддас динимизда фақат хайрли ишлардагина мусобақалашиш буюрилган.
Боз устига, бундай дийдорлашувлар маънавий-маърифий мавзулардаги суҳбатлардан анча йироқ бўлмоқда. Аслини олганда, бу каби исроф зиёфатлар ўрнига маҳалладаги, қариндош-уруғлар орасидаги камхарж, бемор, моддий кўмакка муҳтож оилаларга қўлдан келганча хайр-эҳсон қилмоқ савоб эмасми?! Булар кўнгилга ғашлик, оғриқ соладиган ҳолатлардир.
Ислом таълимотида мўмин-мусулмонлар риёдан қатъий қайтарилади. Чунки, риё инсонлар орасида руҳий таъсир, шон-шуҳрат, моддий фойда учун қилинади. Дунёга оид бу каби моддий ва маънавий фойдаларни қўлга киритиш учун динга бўлган ҳурмат ва эътиборни суистеъмол қилиш риёнинг энг ёмон шаклидир.
Аллоҳга ва инсонларга қарши ўзини самимий тутиб риёдан узоқ туриш, иложи бўлса, ибодатларни яширин қилиш, Аллоҳнинг розилигини инсонларнинг мақтовига, истагига, қўрқувига қарши танлаш ҳар бир мусулмоннинг тамойили бўлиши керак. Шу маънода барча ибодатлар, хусусан, ҳаж ва умра холис Аллоҳ тало учунгига қилиниши шарт. Одамлар кўрсин учун, риё, сумъа, ужб учун қилинган ибодат мўмин-мусулмоннинг савоби олишига эмас, аксинча қаттиқ гуноҳкор бўлишига сабаб бўлади.
Маълумки, ҳаж ислом динининг беш асосий фарзларидан биридир. У – молиявий ва жисмоний ибодат бўлиб, қодир бўлган мўмин-мусулмон киши умрида бир марта адо этиши буюрилган. Луғатда “ҳаж” – “ҳурматли нарсанинг зиёратини қасд қилиш”, шариатимизда эса “белгиланган жойларда, муайян вақтларда махсус амалларни бажариш” деганидир.
Ҳажнинг муайян шартлари ҳам бор. Ушбу ибодатни бажаришни ният қилган кишининг балоғатга етган бўлиши, ақли расо, соғлом, сафар харажатларига қодир экани, ҳажга бориб келгунига қадар ўз қарамоғидагиларни нафақа билан таъминлаб қўйиши шулар жумласидандир. Шунингдек, сафар йўллари очиқ ва бехатар бўлиши ҳам шарт қилинади.
Қуйидаги ояти каримада ҳажда киши ўзини қандай тутиши, қандай тайёргарлик кўриши кераклиги зикр қилинган: “Ҳаж (мавсуми учун) маълум ойлар (белгиланган). Бас, ким шу ойларда ҳажни ўзига фарз қилса (ҳажни ният қилса), ҳаж давомида хотинига яқинлашиш, гуноҳ-маъсият ва жанжал (каби ишларга рухсат) йўқ. Ҳар қандай яхши (савобли) иш қилсангиз, албатта, уни Аллоҳ билур. (Ҳаж сафарига) озуқа олиб чиқинг. Энг яхши озуқа тақводир. Тақвони Менга қилингиз (Мендан қўрқингиз), эй, оқиллар!” (Бақара сураси, 197-оят).
Оятнинг мазмунига кўра, ҳажга борувчи киши тақво билан зийнатланиб, бажараётган амалларини чиройли адо этишга ҳаракат қилиши керак. Қолаверса, ҳажнинг саноқли кунларини охирати учун захира бўладиган амаллар билан ўтказишга ошиқиши лозим.
Ҳажнинг ва умранинг ўзига хос машаққати ва сарф-харажатлари бор, уларнинг мукофоти ҳам шунга яраша улуғдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ алайҳиссалом бундай дейдилар: “Бир умра билан (кейинги) умра – орадаги гуноҳларга каффоратдир. Мабрур ҳажнинг мукофоти – фақат жаннатдир” (Муттафақун алайҳ).
Умра ҳанафийлик мазҳабида суннат ҳисобланиб, йилнинг барча вақтида адо қилиш мумкин. Фақат арафа ва ундан кейинги тўрт кунда умра қилиб бўлмайди. Бу ҳадис қайта-қайта умра қилишнинг мустаҳаб эканига далилдир. Демак, ихлос билан қилинган умрадан кейин яна бир умра қилинса, бу иккиси орада қилинган гуноҳларга каффорат бўлади.
Ҳадиси шарифда мукофоти фақат жаннат бўладиган мабрур ҳаж ҳақида гап кетмоқда. Мазкур ибодат холис ният билан, ҳалол топилган мол эвазига қилинади. “Ҳажжи мабрур”га эришмоқчи бўлган киши сафарга кетишдан аввал Аллоҳ таоло олдидаги ва бандалардан олган қарзларини адо қилиши, ҳаж давомида эса унинг шартлари ва одобларига қатъий риоя қилиши керак.
Шунингдек, ҳаж даврида беҳаё сўзларни айтмай, фисқу фасод ишларни қилмай юриш ҳам унинг шартларидандир.
Ҳажи қабул кишилар бегуноҳ ҳолда уйларига қайтадилар. Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан шундай ривоят қилинади: “Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, онасидан туғилгандек гуноҳлардан пок бўлган ҳолда қайтади” (Имом Бухорий ва Имом Аҳмад ривояти).
Мазкур буюк ибодатни бажариш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Шунинг учун бу улуғ сафарни ният қилган юртдошларимиз ҳажнинг моҳиятини яхши тушуниб олишлари, уни адо этиш тартибларини пухта ўзлаштиришлари, сафар одобларига қатъий риоя қилишлари лозим. Зеро, муборак сафарда ҳожиларимиз бутун халқимиз ва диёримизнинг юзи бўлади.
Ҳаж зиёратига отланган кишилар зиммаларидаги ҳажнинг фарз, вожиб ва суннат амалларини иложи борича жамоат билан, ўз вақтида адо этишга ғайрат қилишлари – муборак динимиз кўрсатмаси ва шариатимиз талабидир. Кўпроқ Қуръон тиловати, нафл ибодатлар, зикр ва истиғфор айтиш, ёрдамга муҳтож кишиларга кўмак бериш каби савобли ишларни қилишлари зарур.
Ҳаж ва умрага бориб келган киши одамларни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтариши керак. Бу Аллоҳ таолонинг амридир: “Сизлардан яхшиликка даъват этадиган, амри маъруф ва наҳйи мункар ишларини олиб борадиган (бир) уммат бўлсин! Айнан улар (охиратда) нажот топувчилардир” (Оли Имрон сураси, 104-оят).
Президентимиз Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида: “...Муҳтарам уламоларимиз, дин пешволарини инсон қадрини улуғлаш, тинчлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳамлашга қаратилган ислоҳотларимизда фаол бўлишга, ўзларининг маънавий фазилатлари билан бошқаларга ўрнак кўрсатишга чақираман”, дея аҳли илмларга алоҳида ишонч билдирди.
Шундан келиб чиқиб, биз аҳли илмлар, дин пешволари Ватанимиз, миллатимиз ва динимизга ғайрат ва шижоат билан хизмат қилишимиз керак. Халқ ичига кириб, уларга янада яқин бўлиб, динимизнинг соф таълимоти тарғиботини кучайтиришимиз зарур.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, табаррук жойларда гуноҳдан пок бўлиб, юртимизга қайтган ватандошларимиз ибратли фазилатлари, жамият ҳаётидаги фаол иштироки билан барчага намуна бўлиб, ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарвар, маънавиятли, маърифатли, ота-онасига, юртига хизмат қиладиган содиқ ва солиҳ фарзандлар бўлишига ўз ҳиссасини қўшиши лозим.
Шу билан бирга ёрдамга муҳтож кишилар, камбағал, мискин ва фақирлар ҳолидан хабардор бўлиб, уларга қувонч улашиш, дуоларини олишга ҳаракат қилиши қўллаб-қувватланган амаллардир.
Зеро, ҳаж ва умраларни адо этиб келган ҳожининг хайрли ишларда бардавом бўлиши унинг ибодатлари қабул бўлганини кўрсатади.
Жалолиддин домла ҲАМРОҚУЛОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раиси ўринбосари
“Янги Ўзбекистон” газетасининг
2024 йил 20 январь 15-сонидан олинди
Чеченистонда Aҳмат ҳожи Қодиров номидаги мадраса очилди
Чеченистон Республикаси Грозний туманида Республиканинг биринчи президенти, Россия Қаҳрамони Aҳматҳожи Қодиров номидаги мадраса очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Чеченистон мусулмонлари диний бошқармаси хабар бермоқда.
Тантанали тадбирда Чеченистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, муфтий Салоҳ ҳожи Межиев ва қатор дин олимлари, оқсоқоллар ва маҳаллий аҳоли вакиллари иштирок этди.
Ўқув муассасаси 100 талабага мўлжалланган бўлиб, 260 квадрат метр майдонни ўз ичига олади. У ерда талабалар тўлиқ таълим-тарбия олиши учун барча шароитлар яратилган.
Мадрасанинг қурилиши Чеченистон Республикасининг биринчи президенти, Россия Қаҳрамони Aҳмат ҳожи Қодиров номидаги минтақавий жамоат фонди томонидан молиялаштирилган.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда Чеченистон Республикасида жами 1400 дан ортиқ масжид фаолият кўрсатмоқда. Жумладан, 2023 йилда 33 та янги масжид қуриб битказилди. Шунингдек, айни пайтда 81 та зиёратгоҳ қурилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Сажда изи
Мўмин-мусулмонлар Аллоҳ таолога сажда қилади. Натижада уларнинг вужудида сажда изи қолади. Намозхонларнинг бу сифати дунё ва охиратдаги белгисидир. Улар шу билан бошқа пайғамбарлар умматидан ажралиб туради.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир. У билан бирга бўлганлар кофирларга қаҳрли, ўзаро раҳм-шафқатлидирлар. Уларни Аллоҳнинг фазли ва ризосини истаб руку ва сажда қилган ҳолларида кўрасиз. Юзларида сажда асоратидан аломатлар бор. Бу уларнинг Тавротдаги мисолларидир...” (Фатҳ сураси, 29-оят). Тафсир китобларида “Ояти каримада Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва салламга эргашган иймонли бандалар ва у зотдан кейин келадиган ер юзидаги барча мўмин-мусулмонларнинг сифати баёни келади.
Дарҳақиқат, саҳобалар Аллоҳга куфр келтирган кимсаларга, улар ҳатто энг яқин кишилар бўлсалар ҳам, ниҳоятда қаттиққўл, қаҳрли, муросасиз бўлишган, ўзларига ўхшаган иймон эгаларига эса ўта раҳм-шафқатли, ҳар бир ишда дарров ёрдам, меҳрибонлик кўрсатишган.
Яна улар Аллоҳнинг фазли ва розилигини истаб, у буюрган ибодатларни тўкис адо этишган, руку ва сажда каби арконларига тўлиқ риоя қилган ҳолда намозларини вақтида ўқишади. Улар дунё ҳаётида парвардигорига шунчалар кўп сажда қилишадики, бундан уларнинг пешонларида сажда излари қолган бўлади. Мўминларнинг мана шундай сифатлари Аллоҳ нозил қилган Таврот ва Инжил каби самовий китобларда ҳам келган...”, дейилади.
Мўмин-мусулмонлардаги сажда излари ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дўзах Одам боласининг сажда изинигина емайди. Чунки Аллоҳ дўзахга сажда изини ейишни ҳаром қилган", дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Аллоҳ таоло ибодатларимизни мақбул, вужудимизда сажда изларини барқарор айласин!
Руҳиддин АКБАРОВ,
Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими
Иорданияда Қуръон тиражи бир миллион нусхага етди
Иорданиянинг Вақфлар ва Ислом ишлари вазирлиги 1968 йилда ташкил этилганидан бери Қуръони каримнинг бир миллион нусхасини чоп этганини маълум қилди.
“Saraha News” хабарига кўра, унда жумладан бундай дейилади: “Бу Қуръон нусхалари исломий мамлакатлардан ташқари Иорданиядаги мактаб ва масжидларга ҳам тарқатилган”.
Унга кўра, бу мамлакат ҳукмдорлари кўмагида махсус қўлёзмалар нашр этилган: Мусҳаф ал-Байт, Мусҳаф Ҳошимий, Мусҳаф Малик Ҳусайн ва Иордания қироли Мусҳафи.
Иорданиянинг Вақфлар ва ислом ишлари бўйича вазири Муҳаммад ал-Халайла ушбу илоҳий китобга хизмат қилишда Қуръони карим фаолияти такомиллашганини эълон қилиб, жумладан бундай деди: “Қуръони карим нашрини қўллаб-қувватлаш ва яқин келажакда Aллоҳнинг китобини ўргатиш учун махсус эҳсон дастури ташкил этилди”.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Исломга оид сўзлар ёзилган газета ва журналларни ташлаб юбориш
Cавол: Уйимизда турли тақвимлар, Ислом динига оид сўзлар ёзилган газеталар бор. Шуларни ташлаб юборсам гуноҳкор бўлмайманми?
Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Уламоларимиз ўқишга яроқсиз ҳолга келган оят ва ҳадис ёзилган китоб, газета ва журналларни покиза матога ўраб кўмилади ёки уни эҳтиромини сақлаган ҳолда ёқиб юборилади. Албатта бундан мақсад, Аллоҳ таолонинг улуғ каломи ёки Расули акрам алайҳиссаломнинг муборак ҳадислари ёзилган нарса оёқ остида қолиб кетишни олдини олишдир.
Қуръон оятлари ёки Аллоҳ таолонинг ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак исмлари ёзилган қоғозларни кўмишда ҳам ўша китоб ёки варақларнинг юзига тупроқ тортилмасдан худди вафот этган инсонни дафн қилингани каби чуқур қазиб, сўнг ён тарафидан ғовак ковлаб ўша ерга худди токчага қўйгандек кўмилиши керак, дейдилар уламоларимиз. Аллома Ҳаскафий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
“Фойдаланиб бўлмайдиган китоблардан Аллоҳ таолонинг фаришталар ва Пайғамбарларнинг исми ўчирилади ва ёқиб юборилади. Ўчирмасдан туриб ҳам оқар сувга оқизиб юборишнинг зарари йўқ. Кўмиш ҳам мумкин. Кўмиш энг афзал йўлдир. Зеро, анбиёлар ҳам дафн этилганлар” (“Дуррул мухтор” китоби).
Аллома Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ Ҳаскафийнинг мазкур гапларига қуйидагиларни қўшимча қилганлар:
“Шунингдек, эскириб, чириб, яроқсиз ҳолга келиб қолган барча китобларни кўмиш афзал саналади. Бунда китобни эҳтиром қилишга зид ҳолат йўқ. Чунки инсонларнинг энг афзаллари ҳам ерга дафн қилинган” (“Раддул муҳтор” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.