muslimuz
Аллоҳнинг ҳузурида обрўли эди…
Баъзи одамлар сизни тақводор деб ўйлаши мумкин…
Яна баъзилар нотавон, ёмон одам деб ҳисоблаши мумкин…
Хуллас, сиз ҳақингизда ҳамма ҳар хил гап гапиради, лекин сиз ўзингиз қандайлигингизни ўзингиз биласиз. Сиздан бошқа биров билмайдиган ягона сир бу Роббингиз билан алоқангиз сиридир!
Шундай экан, маддоҳларнинг мақтови сизни алдаб қўймасин ва айбловчиларнинг таъна-дашномлари зарар бермасин! “Ҳа, инсон ўз нафсига қарши ўзи шоҳиддир. Гарчи узр-маъзурларини тўкиб соладир” (Қиёмат сураси, 14-15-оятлар).
Абул Утоҳия ўлим ёқасида туриб ёзган шеъри сўнггида Аллоҳга истиғфор айтиб бундай сатрлар битган:
Мени қаттиқ азобга тутмагин, Роббим,
Хато экан иқрорман, мен юрган йўлак.
Ҳузурингда йўқдир мутлақо чорам,
Афву марҳаматингга умиддан бўлак!
Қанча қоқилсам ҳам раҳм айладинг,
Мени азобга дучор этмадинг дарҳол.
Энг ёмон одамман афв этмасанг,
Одамлар-чи ўйлар: “Бу энг яхши ҳол”.
Роббингиз сиздан хоҳлаганидек бўлинг, сиз хоҳлаган нарсалар рўёбга чиқади. Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини тафаккур қилинг: “Ва у Аллоҳнинг наздида обрўли эди” (Аҳзоб сураси, 69-оят).
Оятда “Аллоҳнинг наздида” дейилди, “одамлар наздида” дейилмади.
Зеро, ҳақиқий обрў одамлар наздидаги обрў эмас!
Шундоқ экан, фақат ташқи кўринишингизга эътибор қаратиб, қалбингиз ва руҳиятингизни ислоҳ қилишни унутиб қўйманг!
Ҳақиқий обрў – Аллоҳнинг наздида обрўли бўлишдир. Бу эса Аллоҳга яқин, Унга итоатли бўлишингиз, қалбингиз ва амалларингизни ислоҳ қилишга эътибор беришингиз орқали бўлади. Одамлар сизни таниши ҳам шарт эмас.
Муҳими Аллоҳнинг ҳузурида тоатингиз, одамларга қилган яхшиликларингиз билан таниқли бўлишингиздир.
Одамлар қадрингизни билишмаса хафа бўлманг, Аллоҳнинг наздидаги қийматингизга боқинг, одамларнинг гап-сўзини қўйинг!
Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.
Отамнинг меҳрли нигоҳи
Болалик даврларим. Учинчи синфда ўқийман. Мактаб дарсликларимни кўз қорачиғимдек авайлайман. Китобларимнинг устига ғилоф тутиб юришни яхши кўрардим.
Онамдан китобларим устига қалин ғилоф қилдириб беришларини сўраганимда шарт эмаслигини айтиб жеркиб бердилар. Онам табиатан бироз пишиқроқ бўлганлари учун ҳам бу илтимосим онамга ёқмади. Мен онамнинг гапларидан хафа бўлиб йиғладим. Онам нега йиғлайсан деб урушиб турганларида дадам хоналаридан чиқиб қолдилар. Дадам вазиятни англагач, менга шундай меҳр билан қарадиларки, шу нигоҳларини ҳали-ҳануз эслайман.
Отам илтимосимни ерда қолдирмадилар. Китобларимни олиб чиқиб кетдилар. Бироздан сўнг ҳаммасига бир хилда чиройли гулли, қаттиқ муқовалар қилдириб келдилар.
Ўша воқеадан кўп ўтмай, тақдир экан, отам Яратганга омонатларини топширдилар. Мен дадамни жуда яхши кўрардим. Жаноза куни кўп йиғладим. Дадам муқова қилдириб берган ўша китобларимни қучиб йиғладим...
Ҳалигача дадамнинг ўша қарашларини кўзимда ёш билан хотирлайман. Ҳозир ёшим 22 да. Аллоҳ насиб этиб фарзандли бўлсам, мен ҳам болаларимга дадам каби меҳрибон ота бўлишни истайман. Лекин назаримда у кишидек меҳрибон бўлишни иложи йўқдек туюлади.
Ҳозир шу топда у кишини жуда соғиндим...
Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.
Шукр саждаси ҳақида
Cавол: Ижтимоий тармоқларда Шукр саждаси ва уни ҳар намоздан кейин қилиш ҳақида ўқиб қолдим. Шу мавзуга муносабат билдирсангиз?
Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда “Шукр саждасининг фазилати” деб номланган бир хабар кенг тарқалмоқда ва бу хабарга тўқима ривоятни далил қилинмоқда. Аллоҳ таоло ва фаришталар ўртасидаги суҳбат шаклида келтирилган ушбу тўқима ривоят эътиборли ҳадис китобларидан бирортасида учрамайди. Бундай маълумотларни киши ўз фикридан келиб чиқиб тарқатиши унинг жоҳиллигини билдириб, гуноҳкорликка сабаб бўлади.
Кўпчилик уламолар, бирор неъмат ҳосил бўлганда ёки бало-офат даф бўлганда, шукр саждаси қилиш суннатдир, деганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ва Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳулар катта хушхабар эшитганларида шукр саждаси қилганлари ривоят қилинган.
Бу ҳақда Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир хурсандчилик иш бўлса ёки хушхабар келса, Аллоҳга шукр қилиб сажда қилар эдилар” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Яна ўша тўқима хабарда шукр саждасини ҳар намоздан кейин қилишни тарғиб қилган. Ваҳоланки бу ишнинг макруҳлиги ҳақида “Раддул муҳтор” китобида бундай дейилади: “Шукр саждаси мустаҳабдир ва шунга фатво берилган. Лекин намоздан кейин саждаи шукр қилиш макруҳ, чунки билмайдиган одамлар уни суннат ёки вожиб деб, эътиқод қилиб қоладилар. Ҳар бир нотўғри эътиқодга олиб борувчи мубоҳ иш — макруҳдир. Шукр саждасида ҳам таҳорат ва қиблага юзланиш шарт бўлади.
Хулоса шуки, диний асосга эга бўлмаган маълумотларни тарқатиш, тарқатишга тарғиб этиш ва бунга кўмаклашиш мутлақо жоиз эмас. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.
Камтарлик
Камтар бошлиқ энг афзал одам саналишидан ташқари, энг кўп фаолиятли киши ҳамдир, зеро, у доим хатоларини эътироф этишга, эргашувчиларига ёруғлик улашишга тайёр бўлади. Бошқалардан таълим олаверади. Бу эса камтарона бошлиқлик сифатларидандир.
Камтар одам нафсни бошқаришга энг қудратли одам ҳисобланади. Нафсни бошқариш айни вақтда муваффақиятли ҳаёт калитларидандир.
Камтар инсон ўзига жуда кам эътибор беради, натижада иғвогарлик қилинадиган ўринларда ҳам ўзини бошқара билади. Бошқаларни қандай бўлса шундайлигича қабул қилади, улар билан боғланиши, мустаҳкам алоқаларни ўрнатиши осон бўлади.
Камтар одам “Бутун олам мендан қарздор”, “Менинг мавқейим бошқаларникидан баланд” каби хаёллардан холи бўлади. У ҳамма нарсани яхши қабул қилшим, кечирувчан бўлишим, шахсий фикрларимни бошқаларникидан Афзал кўриб, ўзимни оқламаслигим керак, деб билади.
Камтар толиби илм, талабалар ичида энг илмлиси бўлади, худди чуқур ерда сув кўп бўлгани каби.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ бандани кечиримлилиги туфайли фақат ва фақат қадрини кўтаради. Қайсики банда Аллоҳ олдида ўзини камтар тутса, Аллоҳ уни юқорилатади” (Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам камтарлар саййиди эдилар, буюк қадр-қимматлари, олий мақомларидан ташқари у зотда кибр, димоғдорликдан асар ҳам бўлмаган. Мўминларга қанотларини пастлатар, уларга катталик қилмасдилар, улар орасида ўтиганда худди улардан бўлган бир оддий одам сингари ўтирардилар. Ташқаридан келган одам у зотни ажрата билмасди, чунки тўғри келган жойга ўтириб кетаверардилар. Савол сўраб келган бегона одамлар “Муҳаммад ким?” дея сўрагани ҳам бежизга эмас!
Абу Зарр ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари орасида ўтирар эдилар, бегона одам келса, пайғамбар қайси бирлари экканини ажрата олмай сўрарди. Кейин биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга алоҳида жой қилишни қасд қилдик, токи бегона одам келса, билиши учун. Тупроқдан минбар қурдик, кейин унга ўтирадиган бўлдилар, биз эса атрофларида ўтирар эдик” (Абу Довуд ривояти).
Камтарлик билимсиз одамниниг билимсизлигини сатр қилади. Кибр эса аксинча, билимли одамнинг фазлини йўққа чиқаради. Оқил одам дарахтнинг шохига ўхшайди, катталашгани сари энкайиб, камтарлашиб боради.
Бир ривоятда айтилишича, Али розияллоҳу анҳу гўшт сотиб олиб, ёпинчиқларига солибдилар. Одамлар: “Эй мўминлар амири, келинг, сиздан олайлик”, дейишибди. Шунда у зот: “Йўқ, бошлиқ одам кўтаришга ҳақлироқ”, деган эканлар.
Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.
Даладаги хотиралар
Отам оддий бир деҳқон бўлганлар. Деҳқонликлари отамнинг фақат усти-бошларида эмас, деҳқонларга мос содда, мард ва оқкўнгил феъл-атворларида ҳам намоён бўлиб турарди. У киши барча оталар каби мени жуда яхши кўрардилар.
Эсимни таниб, ўзим мустақил кўчага чиқишни бошлаган пайтимданоқ далага, отамнинг олдиларига боришни канда қилмасдим. Дала иссиқ, иш кўп бўларди. Лекин дадам мени ҳеч койимасдилар. Бирор марта ҳам “Нега келдинг?” демаганлар. Қайтага темирчидан менга мослатиб кичиккина белкурак, жажжигина кетмончалар ясаттириб берганлар. Ўзимга мос иш қуролларимни олиб дадамга ёрдам берган бўлардим. Товоқдек жойни чопиб қўйиб, чарчаб ўтириб олардим.
Дадам мени катта тутнинг соясига ўтқазиб қўйиб, ўзлари қуёшнинг тиғида пешингача ишлардилар. Кейин далада осилган қозонда менга қўлбола овқатлар ҳам тайёрлаб берардилар. Маккажўҳори мавсумида жўхори қайнатиб пишириб берар эдилар. Картошка мавсумида эса, оловда картошка пишириб берардилар. Чўғда пишган картошканинг мазаси ажойиб бўларди. Айниқса, устига тузларни сепиб есангиз... шундай мазалики, пўчоғи билан бўлса ҳам кетаверади!.. Қисқаси, далада қайси экиннинг мавсуми бўлса, дадам мени ўша билан сийлардилар.
Далада қизиқарли воқеалар ҳам кўп бўларди. Бир куни дадам билан ҳазиллашмоқчи бўлдим. Ерга йиқилиб, ўзимни ўлганга солиб ётиб олдим. Дадам тепамга югуриб келдилар. Менга тинмай гапирар, “Болам, болам” деб дам юзимни, дам қўлимни ушлардилар. Мен эса, бундан ҳузурланиб индамай ётавердим. Отам қаттиқ хавотирланиб йиғлай бошладилар. Кейин ёмон иш қилиб қўйганимни тушундим. Отамга раҳмим келиб, тез ўрнимдан туриб югуриб кетдим. Отам ҳам вазиятни тушундиларми, йўқми билмадим, карахт ҳолда орқамдан югуриб эргашдилар. Кейин менга етиб олиб, мени ушлаб қаттиқ бағриларига босдилар. “Нега бундай қилдинг, болам, дадангнинг ўтакасини ёрдинг-ку!” дедилар ҳали қуримаган кўз ёшларини артиб. “Сиз мени яхши кўрасизми, йўқми, шуни билмоқчи эдим-да” дедим. “Сен учун мингта жоним бўлса, мингтасини ҳам бераман, болажоним!” дедилар дадам яна кўз ёшларини тиёлмай. Ўшандан кейин дадамга бошқа ундай ҳазил қилмадим...
...Отам вафот этганларида мен ҳали бошланғич синфни тугатмагандим. Отамдан ёдгор бўлиб ўша даладаги хотираларимиз қолди. Отамдан кейин менга ҳеч ким у кишидек меҳрибон ва жонкуяр бўлмаган. Оталарни асрайлик, уларнинг ўрниларини ҳеч ким боса олмайди.
Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.