muslim.uz

muslim.uz

Куни кеча, Ўзбекистон делегацияси таркибида Миср давлатида хизмат сафарида бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва ал-Азҳар университети томонидан Шайх Солиҳ Аббос ўртасида “Йўл харитаси” имзолангани ҳақида хабар берган эдик.
Эндиликда, ҳар йили Ўзбекистондаги масжидларда меҳнат қилаётган йигирма нафар имом Миср давлатидаги малака ошириш курсларида таълим олади. Миср давлатида имомлар учун икки ойлик малака ошириш курслари ташкил этилади. Имомларга икки ой давомида ал-Азҳар университетининг фазилатли шайхлари, таниқли уламолари ва етук олимлари томонидан диний фанлар бўйича ўқув машғулотлари олиб борилади.
Малака ошириш курслари сўнгида имомларга Қуръон қироати, тажвид, тафсир, ҳадис, ақида ва фиқҳ бўйича ижоза (махсус сертификат) олиши белгилаб қўйилган.
Миср сафари давом этмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўтган куни, “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Искандар Халилов Саудия Арабистонининг Мадина ислом университетидаги ўзбекистонлик талабалар билан учрашди.
Мулоқотда Фонд раҳбари бугунги кунда муҳтарам Президентимиз бошчиликларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланишлар, хусусан, охирги икки йилда диний-маърифий соҳадаги кенг қамровли ўзгаришлар тўғрисида талабаларга гапириб берди. Айниқса, халқаро илмий-тадқиқот марказлари, илмий мактаблар фаолияти ва диний таълим муассасаларида “Араб тили”, “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курслари очилганини алоҳида қайд этди.
Искандар Халилов давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилгани, унинг мақсад-вазифалари ва келгусидаги режалари ҳақида батафсил сўзлаб берди.
Ислом университети талабалари ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоблар олишди. Жумладан, хориж мамлакатларидан Фондга маблағ йўналтириш усуллари, Ўзбекистондаги хайрия ишларида қатнашиш тартиби ва бугунги кунда Фонднинг қайси акцияси учун маблағлар зарурлиги тўғрисида саволлар берилди.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.
Саудия Арабистони сафари давом этмоқда.

“Вақф” хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

Четверг, 10 Январь 2019 00:00

Аллоҳ таолонинг ҳадяси

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Агар Аллоҳ таоло жаннат аҳлини жаннатга киритишни хоҳласа, бир фариштани ҳадя ва кийимлар билан юборади. Ўша кишилар жаннатга киришни хоҳлашса, фаришта уларга: “Тўхтаб туринглар, менда оламлар Рабби томонидан ҳадя бордир”, дейди. Жаннат аҳллари: “У қандай ҳадя?” деб сўрашганида, фаришта шундай дейди: “Ўнта муҳр урилган мактуб бордир. Мактубда:

  1. “Сизларга тинчлик-омонлик бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга мангу қолгувчи ҳолларингизда кирингиз”.
  2. “Ғам-ғуссалар сизлардан кўтарилган”.
  3. “Қилиб ўтган амалларингиз сабабли сизларга мерос қилиб берилган жаннат мана шудир”.
  4. “Сизларга кийимлар ва зийнатларни кийдирамиз”.
  5. “Биз сизларга оҳу кўз ҳурларни жуфти ҳалол қилиб қўйгандирмиз. Мен бугун сизларни сабр тоқат қилганликларингиз сабабли мукофотладим. Сизлар ҳақиқий бахт-саодатга эришгувчидирсизлар”.
  6. “Бугунги мукофотларингиз қилган тоатларингиз сабабидандир”.
  7. “Ёш йигитга айландинглар, абадий қаримайсизлар”.
  8. “Омонликда бўлдинглар, сизларга абадий хавф етмайди”.
  9. “Набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар, солиҳлар билан бирга бўлинглар”.
  10. “Арш соҳиби Карим ва Раҳмон сифатли Аллоҳнинг ёнидан макон топдинглар”, деб ёзиб қўйилган. Тинч-омонликда жаннатга киринглар”, деб айтади. Улар жаннатга кириб: “Биздан хафаликни кетказган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Албатта Раббимиз мағфиратли ва озгина яхши амал учун кўп мукофот ато қилгувчидир. Ва бизларга ваъдасини рост қилган ва бизларни бу жаннат ерига ворис қилган ҳамда жаннатдан ўзимиз хоҳлаган тарафдан жой ўрин олишимизга (муваффақ қилган) Аллоҳга ҳамд бўлсин”, деб айтадилар. Бас, чиройли амал қилгувчи зотларнинг ажр-мукофоти нақадар яхшидир!

Шайх Аҳмад ибн Ҳажар Али ал-Асқалоний МУНАББИҲОТ китобидан

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган. 

*****

Ишни ўз эгасига топшириш

  • Агар от (омочга қўшилиб,) ер ҳайдагани олиб чиқилса;
  • Эшак эса югуриш мусобақасига чиқарилса;

Деҳқончилик борасида зиёнга учраб, мусобақада енгиламиз.

Муайян лавозимга номзод танлашда ўрин алмашиб қолса ҳам шундай натижа юз беради.

«Тарих муҳрлаган сўзлар»

*****

Гина-кудурат муваффақиятсизликнинг сўнгги босқичидир.

«Тарих муҳрлаган сўзлар»

*****

Одамлар олдида пок инсон бўлиб кўриниб, ёлғиз қолганингда иблисдек бўлма!

«Тарих муҳрлаган сўзлар»

*****

Оқишдан тўхтаган сувлар бузилади. Сен ҳам бир жойда кўп туриб қолма.

Аҳмад Беҳжат

*****

Ишларнинг тиқилинчлигини ва кўп машаққат чекиб меҳнат қилишни тажриба қилиб кўрдим. Бекорчилик улардан кўра жуда оғирроқ экан.

Али Тантовий раҳимаҳуллоҳ

*****

Агар бир инсонни синаб кўрсанг-у, уни ўзингга дўст бўлишга лойиқ деб топмасанг, энди уни ўзингга душман қилиб олишдан эҳтиёт бўл!

«Тарих муҳрлаган сўзлар»

*****

Одобнинг чўққиларидан бири – киши аввало ўзидан уялишидир.

«Тарих муҳрлаган сўзлар»

*****

Гоҳида эшикни очишга уринамиз. Очолмаймиз. Куч билан итарамиз. Барибир очилмайди. Фақат ўзимизнинг қийналганимиз қолади. Кейин ўша эшикнинг бошқа томонга очилишини маълум бўлади. Ҳаётдаги муаммолар ҳам худди шундай бўлиб, улар куч билан эмас, ақл билан ҳал қилинади.

Иброҳим Фиқий

*****

Ҳаётнинг жуда кўп вақтлари ўтаётган бўлса-да, сен “Ҳали вақт келмади” дейсан. Бироз вақт ўтгач эса “Вақтни қўлдан бой берибман” дейсан.

«Тарих муҳрлаган сўзлар»

*****

Бургутлар жим турганда, тўтиқушлар сафсата сотишни бошлайди.

«Тарих муҳрлаган сўзлар»

*****

Кўп нарсага куч билан эриша оласан. Аммо муҳаббат ва эҳтиромга эмас.

«Тарих муҳрлаган сўзлар»

*****

Гуллар ёнида турган бошқа гуллар билан мусобақалашиш учун очилмайди. Улар очиладиган вақт келганда, очилади, тамом.

«Тарих муҳрлаган сўзлар»

*****

Жоҳиллик барча ёмонликнинг асли (боши)дир.

«Тарих муҳрлаган сўзлар»

 

 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

 

Четверг, 10 Январь 2019 00:00

ТАЪЗИЯ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти Тошкент шаҳри Учтепа тумани бош имоми ва "Чўпон ота" жоме масжиди имом-хатиби Қувондиқ домла Боймуродовнинг падари бузруквори Боймуродов Ражаб ҳожи отанинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия билдиради. Аллоҳ марҳум ҳожи отани мағфират қилсин, савоб амаллари билан қабрларини нурга тўлдирсин, жойларини жаннатда қилсин. Марҳумнинг яқинларига Аллоҳ сабри жамил берсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top