Ўзбекистон янгиликлари

Бугун, Ўзбекистон мусулмонлари идорасида 27 июнь – “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” муносабати билан маърифий тадбир ўтказилди. Унда матбуот, телевидение, радио, интернет сайтлари ходимлари, блогерлар ҳамда Диний идоранинг ҳудудий вакиллари Матбуот хизмати ходимлари иштирок этди.

Тадбир Қуръони карим тиловати ва эзгу дуолар билан бошланди.

Йиғилган ҳамкор ОАВ ходимлари, журналистлар, интернет сайтлари муҳаррирларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг қутловлари етказилиб, эсдалик совғалари топширилди.

Фатво маркази уламоси Муҳаммад Айюбхон домла Ҳомидов сўз олиб, ижод аҳлини муборакбод этиб, Ҳақ таолодан барча йиғилганларга шарафли ва масъулиятли ишда муваффақиятлар, хонадонларига тинчлик-хотиржамлик, сиҳат-саломатлик ва файзу барака тилади.

Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш бўлими мудири Шайх Алижон қори ОАВ вакилларини байрам билан қутлаб, мўмин-мусулмонлар манфаати, дин ғами ва Ватан тақдирини юрагидан ўтказиб ишлайдиган ижод аҳлининг даъваткор сўзи, ибратли фаолияти таҳсинга лойиқ эканини билдириб, муборак динимизни кенг ёйиш, диний-маърифий ишларни халқимизга тўлақонли етказишда ижод аҳлининг жуда ҳам катта ўрни борлигини алоҳида қайд этди.

Йиғилганлар эътибор ва эҳтиром учун ташаккур изҳор этдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

685 марта ўқилди

Янгиликлар

Top