muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 04 Февраль 2019 00:00

Бировнинг ҳаққи

ЎМИ Матбуот хизмати

Понедельник, 04 Февраль 2019 00:00

Дунёдан дам олишга етадигани кифоя қилади

Умар розияллоҳу анҳу Шомга борганларида биродарлари Абу Убайда розияллоҳу анҳуни сўрадилар. Бироздан кейин Абу Убайда розияллоҳу анҳу етиб келдилар. Икки дўст қучоқлашиб кўришдилар.

Кейин Умар розияллоҳу анҳу Абу Убайда розияллоҳу анҳуга “Бизни уйингга олиб бор” дедилар. Икковлари биргалашиб Абу Убайданинг уйига бордилар.

Умар розияллоҳу анҳу бориб, унинг уйидан ҳеч нарса топмадилар. “Матоинг қани? Ахир сен амирсан. Мен эса фақат кигиз, меш ва лаганни кўряпман. Уйингда таом борми?” деб сўрадилар. Абу Убайда розияллоҳу анҳу туриб бориб, чарм идиш ичидан нон бўлакларини олдилар. Буни кўриб Умар розияллоҳу анҳу йиғладилар.

Абу Убайда розияллоҳу анҳу “Дунёдан дам олишга етадигани кифоя қилади” дедилар. Буни эшитган Умар розияллоҳу анҳу “Эй Абу Убайда сендан бошқа ҳаммамизни дунё ўзгартириб юборибди” дедилар.

Нозимжон Иминжоновнинг "Умматнинг ишончли кишиси" номли мақоласидан

Кармана туманининг Ҳазара қишлоғида, ҳозирги Навоий вилоятининг энг қадимий масжиди бўлмиш Мавлоно Ориф Деггароний жоме масжиди жойлашган.

Масжиднинг қачон қурилганлиги тўғрисида турли маълумотлар бор.

1951 йилда яна қайта текширув ишларини олиб борган Варонина исмли тадқиқотчи Деггарон масжиди XI асрда қурилган деган сўнгги хулосани берган.

Масжид Деггарон қишлоғи ҳудудида бўлгани учун шу ном билан аталган. “Деггарон” сўзи  “қозон ясовчи” маъносини билдириб, қишлоқда қозон ясовчи ҳунармандлар истиқомат қилган.

1910 йил, 1328 ҳижрий санада Бухоро амири Абдулаҳадхон томонидан масжиднинг олди ва бир ён томонига айвон қурилган. Бу айвонлар 1980 йилларгача мавжуд бўлган.

 Хўш, масжиднинг Мавлоно Ориф Деггароний деб аталишининг сабаби нима?

Мавлоно Ориф Деггароний ҳазратлари 1313 йилда Ҳазора қишлоғининг Деггарон даҳасида туғилган. Асл касби дўкондор бўлиб, бўз тўқиш билан шуғулланган. Мавлоно Ориф ҳазратлари Саид Амир Кулолнинг энг яқин шогирдларидан бири бўлиб, улкан аллома, атоқли тарбиячи, хожагон-нақшбандия тариқати ривожига муҳим ҳисса қўшган соҳиби каромат зот бўлган.

Мавлоно Ориф XIV-асрда, тахминан 1313-1380 йиллар атрофида яшаб ўтган.  Қабрлари Деггарон масжиди яқинида бўлгани учун, масжид ҳам Мавлоно Ориф Деггароний деб аталган.

Юртмимиз мустақилликка эришгач, диёримиздаги зиёратгоҳлар, азиз авлиёларнинг қабр ва қадамжоларини обод қилиш, тарихий обидаларни таъмирлаш, уларни асл ҳолатига келтириш учун саъй-ҳаракатлар бошланди ва кўплаб улуғ манзиллар обод қилинди. Шулар қаторида 2007 йил “Мавлоно Ориф Деггароний” жоме масжиди катта зиёратгоҳ ва кўркам манзилга айлантирилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

Юртимизда имконияти чекланган шахслар учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида, кўплаб амалий ишлар олиб борилмоқда. Шундай лойиҳалардан бири "Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан амалга оширилаётган "Сурдо-онлайн" лойиҳасидир. 

Ўзбекистоннинг учта масжидида имконияти чекланган фуқаролар, эшитиш ва нутқ аъзоларида нуқсони бор кишилар учун жума маърузаси сурдо таржимони воситасида масжидда тўғридан-тўғри кўрсатилиши йўлга қўйилди. Жума намозига келган имконияти чекланган фуқаролар ўзлари учун белгиланган жойда мониторларда имом-хатибни ва унинг ёнида эса сурдо таржимон ҳаракатларини кузатиб бориш имконига эга бўлдилар.

Ушбу хайрли ишларни янада кенг кўламда олиб бориш мақсадида, февраль ойида ҳам бир қатор масжидларга сурдо онлайн дастури доирасида махсус воситалар ўрнатилиши режалаштирилган.

"Вақф" хайрия жамоат фонди IT.uz масъулияти чекланган жамияти билан ҳамкорликда Surdo Online Uzbekistan лойиҳасининг ҳомийси сифатида иш олиб бормоқда. Ушбу лойиҳани ишга туширишда кўмак кўрсатгани учун Фонд раҳбари Искандар Халиловга ташаккурнома ҳамда ҳамкорлик сертификати тақдим этилди.

Эзгулик йўлида қилинаётган ишларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг ризолиги учун амалга оширилмоқда, бу йўлда ўз хизматларини қўшаётган инсонлардан Аллоҳ рози бўлсин!

 

"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

Понедельник, 04 Февраль 2019 00:00

Ёлғоннинг кўпайиши қиёматнинг аломатидир

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қиёматнинг аломатлари ҳақида кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Ўша аломатларнинг кўпларини шу бугунги кунларимизда кўриб турибмиз. Буларни кўргач, ибрат олишимиз, огоҳ бўлишимиз, охират учун, Аллоҳ таолога йўлиқиш учун тайёргарлик кўришимиз керак.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган: 

مَن كَانَ يَرْجُو لِقَاء اللَّهِ فَإِنَّ أَجَلَ اللَّهِ لَآتٍ وَهُوَ السَّمِيعُ الْعَلِيمُ

“Ким Аллоҳга рўбарў бўлишдан умидвор бўлса, албатта, Аллоҳ белгилаган вақт келгувчидир. У ўта эшитгувчи ва ўта билгувчидир” (Анкабут сураси, 5-оят).

Бошқа бир оятда бундай деб марҳамат қилган: 

فَمَن كَانَ يَرْجُو لِقَاء رَبِّهِ فَلْيَعْمَلْ عَمَلاً صَالِحاً وَلَا يُشْرِكْ بِعِبَادَةِ رَبِّهِ أَحَداً

“Бас, ким Роббига рўбарў келишни умид қилса, яхши амал қилсин ва Робби ибодатига биронтани шерик қилмасин” (Каҳф сураси, 110-оят).

Ушбу мақолада қиёмат аломатлари зикр қилинган ҳадислардан бирини ўрганамиз.

عن أبي هريرة قال: قال رسول الله عليه وسلم: "لا تقوم الساعة حتى تظهر الفتن ويكثر الكذب وتتقارب الأسواق ويتقارب الزمان" (رواه الإمام أحمد)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Токи фитналар зоҳир бўлмагунча, ёлғон кўпаймагунча, бозорлар яқинлашмагунча ва замон яқинлашмагунча қиёмат қоим бўлмайди”. Имом Аҳмад ривояти.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифда ўзлари яшаб турган саодат асрида одамларга маълум бўлмаган ишлар ҳақида хабар бермоқдалар.  

Шундай қилиб бу ҳадисда биз кўриб, бошимиздан кечириб турган тўрт нарса ҳақида хабар беряптилар:

  1. Фитналарнинг зоҳир бўлиши, кўпайиши.

Келинг, биргаликда мусулмонлар кўпчиликни ташкил этадиган Сурия, Яман, Ироқ, Афғонистон, Фаластин каби давлатларга назар солайлик. Дунёда бўлаётган урушлар, қотилликлар, нотинчликлар, қон тўкилишлари, асосан ўша давлатларда юз бермоқда. Нега? Чунки биз мусулмонлар динимиз таълимотларидан узоқлашиб қоляпмиз, дунё ҳаёти бизни алдаб, Аллоҳ таолога йўлиқишимиздан чалғитмоқда, Унинг зикридан ғафлатда қоляпмиз. Натижаси эса мазкур фитналар, урушлар. Ушбу фитналарнинг кўриниши, кўпайиб бораётгани қиёматнинг аломати бўлиб, бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юқоридаги ҳадисда хабар берганлар.

  1. Ёлғоннинг кўпайиши.

Ёлғонннинг кўпайиши, кенг ёйилиб бораётгани бугунги давр уламоларини ташвишга солмоқда. Ҳатто улар ёлғонни фош этадиган қурилмалар ясаш, ишлаб чиқариш мақсадида миллионлаб долларларни сарф қилмоқдалар. Ҳар куни интернет оламидаги ёлғонларни кўриб, эшитиб турибмиз. Минглаб сайтлар, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар, каналлар, телевизорларда берилаётган кўплаб хабарлар ёлғон маълумотларга тўлиб ётибди. Фирибгарлик, найранг, ҳийла, алдов йўллари ҳам кўпайиб кетган. Бугунги кунимизда одамлар орасида бир-бирини алдаш одатий ҳол бўлиб боряпти. Бундай мусибат севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яшаган даврда содир бўлмаган эди. Шундай бўлгач, у зот бугунгидек ёлғон қўрқинчли равишда бутун дунёда кенг ёйилишини қаердан билиб айтдилар экан? Албатта, Аллоҳ таоло у зотга бунинг хабарини бергандир!

  1. Бозорларнинг кўпайиши ва яқинлашиши.

Бугун истаган шаҳарга бориб, унинг бирор кўчасида юрсангиз, ёнма-ён дўконларни кўрасиз. Бугунги кунда уларни “супермаркет”, “гипермаркет” деб юритиляпти. Бизга маълумки, “маркет” сўзи “бозор” деган маънони англатади. Битта шаҳарнинг ўзида кўплаб шу каби маркетлар ишлаб турибди. Одамлар аста-секин деҳқон бозорларига бориш ўрнига мазкур маркетлардан, савдо дўконларидан маҳсулотлар харид қилмоқдалар. Ҳатто ушбу дўконлар инсонларнинг уйлари ёнида очилиб, узоқ йўл юришларига ҳам ҳожат қолмаяпти. Бундай супермаркетлар, бошқача қилиб айтганда, замонавий бозорлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бирорта инсонга маълум эмасди, хаёлига ҳам келмаган эди. Хўш, унда у зот алайҳиссалом 21-асрга келиб, шундай дўконлар кўпайиб, ёнма-ён бўлиб фаолият юритишини қаердан билиб айтдилар экан? Албатта, бу ҳақида у зотга Аллоҳ таолонинг Ўзи хабар бергандир!

  1. Замон, вақтнинг яқинлашиши.

Ўтмишда битта мактуб бир шаҳардан бошқасига етиб бориши учун ойлаб вақт кетган. У пайтларда мактублар отлар, туялар воситасида манзилларга етказилар эди. Лекин бугунги кунга келиб, битта мактубни бир сонияда манзилига етказишимиз мумкин. Энди бир хабарни бир жойдан иккинчисига етказиш учун кўп вақт сарфлашнинг ҳожати қолмади. Олдинлари бир шаҳарда содир бўлган воқеа ва урушлар ҳақида ойлаб йўл босиб, бошқа юртларга хабар берилган бўлса, ҳозирги кунда бир шаҳарда бўлаётган ҳодисани тўғридан-тўғри кўриб, эшитиш мумкин бўлиб қолди. Бунинг учун телевизор ёки радиони ёқиш етарли.

Мана шулар вақтнинг яқинлашгани эмасми?!

Бундан ташқари вақтлар ҳам тез ўтяпти. Ҳозир деярли барча инсонлар вақтнинг қисқариб бораётганини, йиллар ойдек, ойлар ҳафтадек, ҳафталар кундек, кунлар соатдек ўтаётганини эътироф этмоқда.

Хўш, телевизор, радио ва интернет бўлмаган пайтда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам келажакда вақт яқинлашиши ва қисқаришини қаердан билиб айтдилар экан?! Албатта, у зот алайҳиссаломга бунинг хабарини Аллоҳ таоло бергандир!

Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам юқоридаги ҳадисда супермаркетлар, хабарни тез юбориш воситалари бўлган – телеграм, фейсбук, ватсап каби ижтимоий тармоқлар, улардаги мессенжерлар, телефондан қисқа хабар (SMS) юборилиши ҳамда вақтнинг қисқариб бориши ҳақида ўша даврдаёқ хабар беряптилар.

Энди Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликларини инкор этадиганларга савол: “Муҳаммад исмли инсон бундан 1400 йил олдин юқорида айтилган, бугун ўз тасдиғини топиб бораётган нарсаларни қаердан билиб айтганлар? У кишига буларни ким ўргатган?”

Жавобни ўзимиз берамиз: “Юқорида хабари берилган нарсаларни у зот алайҳиссаломга Аллоҳ таоло билдирган! Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, у кишининг рисолатларининг ростлигига далил бўлиши учун мазкур ғайбий ишларнинг хабарини бергандир!”

 

 

Абдуддоим Каҳелнинг мақоласи асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

    

Янгиликлар

Top