muslim.uz

muslim.uz

الخميس, 16 حزيران/يونيو 2016 00:00

“Қабул – 2016”

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Тошкент ислом институти ҳамда ўрта махсус ислом билим юртларига 2016-2017 ўқув йили учун қабул эълон қилади.

Имом Бухорий номли Тошкент ислом институти 

2016 йилнинг 27 июнь кунидан 20 июль кунига қадар абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилинади.

Тақдим этиладиган ҳужжатлар:

- ректор номига ариза;

- маълумоти ҳақида ҳужжат: ўрта мактабни битирганлиги ҳақида шаҳодатнома (аттестат), лицей ёки ўрта махсус таълим муассасасини битирганлиги ҳақида диплом (асли);

- соғлиғи ҳақида тиббий маълумотнома (У-086-шакл);

- паспорт нусхаси (асли кўрсатилади);

- 6 дона фотосурат (3,5 х 4,5 ҳажмдаги);

- яшаш жойидан маълумотнома;

- яшаш жойидаги масжид имом-хатибидан тавсиянома;

- ҳарбий хизматга алоқадорлиги ҳақида ҳужжат (асли).


Ўрта махсус ислом билим юртлари

2016 йилнинг 27 июнь кунидан 5 июль кунига қадар абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилинади.

Тақдим этиладиган ҳужжатлар:

- қабул ҳайъати раиси номига ариза;

- маълумоти ҳақида ҳужжат (асл нусхаси);

- соғлиғи ҳақида тиббий маълумотнома (У-086-шакл);

- 6 дона фотосурат (3,5 х 4,5 ҳажмдаги);

- туғилганлик ҳақида гувоҳнома ёки паспорт нусхаси (асл нусхаси  кўрсатилади);

- яшаш жойидан маълумотнома;

- яшаш жойидаги масжид имом-хатибидан тавсиянома;

- ҳарбий хизматга алоқадорлиги ҳақида ҳужжат (16 ёшдан катталар учун асл нусхаси);

 

Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими

الخميس, 16 حزيران/يونيو 2016 00:00

Рамазони шариф – хайру эҳсон ойидир

Рамазони шариф – тоат-ибодат, қут-барака, бахт-саодат ойидир. Шунинг билан бирга, бу ойда гуноҳлар мағфират этилиб, тавба-тазаррулар, чин ихлос ва эътиқод ила қилинган дуолар мустажоб бўлиб, қалблар таскин топади, қилинган хайрли ишлар савоби бир неча бор зиёда қилинган ҳолда қабул қилинади, иншоаллоҳ. 
      Бу мағфират ойида меҳр-мурувват, хайр-эҳсон, саховат, олиҳимматлик кўпроқ қилинади. 
     Қуръони каримда: "Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукр эди", дейилади (Исро, 26-27). Демак, силаи раҳм ва турли хайр-эҳсонларни беришда ҳам меъёрдан ташқари харажат қилиш, исрофгарчиликка йўл қўйиш Аллоҳ томонидан ман этилган. 

Шунингдек, Қуръони каримда хайр-эҳсонда ўртаҳол бўлганлар Аллоҳнинг суюкли бандалари эканлиги таъкидланади: "Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир" (Фурқон, 67)

Ҳадиси шарифларда ҳам исрофгарчиликдан қайтарилиб, тежамкорликка тарғиб ва ташвиқ этилади. Жумладан: "Аллоҳнинг ноз-неъматларидан еб-ичинглар, садақа қилинглар, ки­йиниб ясанинглар, лекин исрофгарчилик ва манманликка йўл қўйманглар!" (Имом Аҳмад, Насоий, Ибн Можа ривояти).

Айниқса, бу сафарги Рамазон ойимиз яна шу билан шарафлики, 2016 йил “Соғлом она ва бола йили” деб ном олган йилда юртимиз мўмин-мусулмонлари кекса онахонларимизнинг дуоларини олиш шарофатига муяссар бўлган ҳолда, барча оилалар ўртасида ўзаро аҳиллик, муҳаббат, фарзанд тарбияси учун тинмай ҳаракат қилишмоқда. Оилаларимизнинг намунали бўлиши, оила аъзолари ўртасида меҳр-оқибат, тотувлик, ўзаро ҳурматнинг барқарорлиги, айниқса ёш оилаларга турмуш сабоқларини эринмай ўргатиш каби ишлар ҳаммамизнинг вазифамиз бўлиши лозим. Чунки динимиз ҳар бир киши ўз қўл остидаги кишилар учун масъулдир, деб таълим беради. Бу ҳақда жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: “Ҳар бирингиз бир раҳбарсиз ва қўл остингиздагилар ҳақида масъулсиз”, деб алоҳида таъкидланади.

Зубайр ибн Аввом ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Эй Зубайр! Аллоҳ таоло айтади: “Инфоқ - эҳсон қил, мен ҳам сенга эҳсон қиламан, қўлингни кенг оч, мен ҳам сенга “қўл”имни кенг очаман, қурумсоқлик қилма, мен ҳам сенга қурумсоқлик қилмайман. Ҳамёнингни боғлаб йиғинма, мен ҳам сенга нисбатан йиғинмайман. Ризқ эшиги етти осмон узра Аршга боғланган ҳолда очиқдир, кечаю кундуз ёпилмайди”. Аллоҳ таоло ризқни ҳар бир кишининг нияти, берган ҳадяси, садақаси ва инфоқ-эҳсонига яраша туширади: ким кўпайтирса, кўпайтиради, ким озайтирса, озайтиради, ким хайрни қисса, Аллоҳ ҳам унинг ризқини қисади. Эй Зубайр, еб - ич ва бошқаларга ҳам едириб-ичир... Аллоҳ таоло инфоқни яхши кўради, хасисликни ёмон кўради. Саховат аниқ ишончдан, бахиллик эса шубҳаланишдан келиб чиқади. Ишончи комил (имонли) одам дўзахга кирмайди, шак қилган эса жаннатга кирмайди. Эй Зубайр, Аллоҳ таоло бир бўлак хурмо билан бўлса ҳам саховат кўрсатилишини яхши кўради...” (Ҳаким Термизий “Наводирул усул”).

           

                               Сурхондарё вилояти вакиллиги

الخميس, 16 حزيران/يونيو 2016 00:00

Дунёдаги энг йирик ифторликлар

  1. Дунёдаги энг йирик ифторлик Маккадаги “Масжидул Ҳаром”да ўтказилган. Ифторлик учун ёзилган дастурхоннинг узунлиги 12 минг метрни ташкил этган.

 

  1. Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) масжидларидаги ифторлик.“Масжид ан-Набавий”да 25 мингдан ортиқ рўзадор ифтор учун тўпланган. Ифторлик дастурхони сув, хурмо ва мевалар билан безатилган.

 

  1. Бирлашган Араб Амирлигининг Абу Даби шаҳридаги Шайх Зайд номли жоме масжидида 22 минг нафар рўзадор ифторлик қилган.

 

  1. Эроннинг Масхад шаҳрида жойлашган Имом Розий мақбарасидаги ифторлик учун 12 минг маросимида рўзадор қатнашган.

 

  1. Ҳиндистоннинг “Жамаъ” масжидида 5 минг киши учун ифторлик ўтказилган.

Даврон НУРМУҲАММАД

الخميس, 16 حزيران/يونيو 2016 00:00

Гиёхвандлик аср вабоси

Инсон ҳаётда яшар экан, яхшиликка интилиб, ёмонликдан қайтиб яшашга ҳаракат қилади, лекин “яхшилик” ва “ёмонлик” тушунчаларига ҳар ким ҳар хил таъриф беради. Баъзилар яхши деб ҳисоблаган ишлар бошқалар наздида ёмон, ёки аксинча бўлади. Ислом дини таълимотида нимаки яхши деб буюрилган бўлса, у яхши, нимаки ёмон деб қайтарилган бўлса ўша нарса ёмондир.  Динимиз аҳкомлари инсонни дини, жони, ақли, насли ва саломатлигига, умуман айтганда, ҳаётига зарар етказишга сабаб бўлувчи барча нарсаларни ёмон деб ўша нарсалардан қайтарган, қайтарибгина қолмасдан, балки ҳаром деб эълон қилган. Булардан бири гиёҳванд моддалардир. Зеро, гиёҳвандлик инсоният келажагининг кушандасидир. Аллоҳ таоло “Аъроф” сурасининг 157-оятида : “... У (Пайғамбар) уларни (инсонларни) яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади...”, деб марҳамат қилади.

Ҳадиси шарифда: “Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаром”, дейилади. Яна бир бошқа ҳадисда: “Ҳар ким ўзини-ўзи заҳар билан ўлдирса, қиёмат куни жаҳаннам ўти билан азобланади”, дейилган.

Баъзи инсонларнинг “оят ва ҳадисларда гиёҳванд моддалар номи келтирилмаган-ку?”, деган саволларига айтамизки, бу ҳам бўлса Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг мўъжизаларидан бири бўлиб, у зот ўзларидан кейинги инсонларнинг молига, жонига ва ҳатто наслига ҳам зарар келтирувчи иллатларнинг умумий хусусиятини бир сўз билан ифода қилиб: “Ҳар қандай маст қилувчи ва баданни бўшаштирувчи нарсалар ҳаром”, деб марҳамат қилганлар. Маълумки, гиёҳванд моддалар нима деб аталишидан қатъи назар, уларда маст қилишлик ва баданни бўшаштиришлик сифати топилади.

Аллоҳ таоло инсонларнинг ўз жонига қасд қилмасликларига, шунингдек, ўзгаларнинг ҳам қонларини ноҳақ тўкмасликка буюради. Гиёҳванд эса охир-оқибатда ўлимга олиб келадиган моддаларни истеъмол қилишлик билан ўз жонига қасд қилган бўлади. Ҳадиси шарифда “Ҳар ким ўзини бирон нарса билан ўлдирса, қиёмат куни дўзахда унга ўша билан азоб берилади”, дейилади. Гиёвандликка сарф этиладиган харажатлар шахсга ҳам, жамиятга ҳам иқтисодий зарар келтириши билан бирга, у исрофгарчиликка киради. Бу моддаларни истеъмол қилишлик мол-дунё ва бойликни исроф бўлишига олиб келади.

Исроф эса Қуръони карим ва ҳадиси шариф ҳукми билан ҳаром қилинган бўлиб, у инсонни хор-зорликка элтади.

Саломатликка етказадиган зарарлари ҳақида қуйидагиларни айтиш мумкин. Гиёҳванд моддаларни зарарларини замонамиздаги илмий тараққиётлар ҳам исботламоқда. Бу моддаларни истеъмол қилувчилар аста-секин оғир касалликларга йўлиқишлари ва ички аъзоларида тузатиб бўлмас оғир хасталиклар пайдо бўлиши шулар жумласидандир. Гиёҳванд моддалар киши меъдаси, жигар фаолиятига салбий таъсир қилади, ўпкасини ишдан чиқаради. Шунингдек, у инсон асабига ва шу орқали инсонда кўриш, эшитиш, ҳид билиш, фикр юритиш, иссиқ-совуқни, қаттиқ-юмшоқни, ширин-бемазани сезиш хусусиятлари йўқолишига олиб келади.

Жамиятга етказадиган зарарлари эса беҳад кўп бўлиб, гиёҳванд кимса аввало ўзига, сўнг оиласи, касби ёки ўқишига нисбатан қизиқиш , аҳамият ва парво ҳислари қолмайди. Айниқса, ишлаб чиқаришда тараққиётнинг асосий кучи бўлмиш ёшларнинг гиёҳвандликнинг биринчи навбатдаги қурбони бўлиши жуда ҳам аянчли холдир.

Гиёҳвандлик шахс ва жамият ўртасидаги муносабатни бузишга олиб келади. Дарҳақиқат, буни бугунги ҳаётимизда ҳам тез-тез учратиб турамиз. Гиёҳвандлик кишилар қавму қариндошидан, гулдай фарзандларидан, умр йўлдошидан ажралиб қолаётгани, улардан аксар ҳолларда майиб-мажруҳ фарзандлар туғилаётгани ҳаётда учраб турган ҳақиқатдир.

Гиёҳванд моддалар ҳаром бўлгач, уни сотиш ҳам, тижорати ҳам, олинган фойдаси ҳаром ҳисобланади.

Ҳадиси шарифларда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Парвардигор! Мени кексайиб қолган чоғимда ризқу рўзимни кенгроқ қилгайсан”, деб дуо қилганлар. Киши ёшлигиданоқ қарилик ғамини ейиши, ўзини ичкилик ва гиёҳвандликдан асрашлиги, қариганда хор-зор бўлиб қолишдан сақланиши жуда ҳам лозим эканлиги ушбу ҳадис мазмунидан англаш қийин эмас.

Гиёҳвандлик балосидан келажак авлодни халос этиш, юртимиз ободлиги, шунингдек, халқимизнинг моддий ва маънавий фаровонлиги йўлида қилаётган хайрли ишларимизда Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин.

 

М. Тўрақулов,

Андижон вилояти “Олтинкўл”

жоме  масжиди имом-хатиби

الخميس, 16 حزيران/يونيو 2016 00:00

Тажвид мусобақаси

Иордания Ҳошимийлар Қироллигида Қуръони карим бўйича аёллар ўртасида халқаро мусобақа ўтказилди.

Тадбир мамлакатнинг Вақф ва дин ишлари вазирлиги томонидан ташкиллаштирилди. Тўрт кун давом этган беллашувда Қуръони каримнинг ўн пораси, йигирма пораси ва тўлиқ ёдлаш бўйича ғолиблар аниқланди. Ўттиз битта мамлакатдан қатнашган иштирокчилар орасидан бешта ютуқ эгалари пул мукофоти ва мақтов ёрлиқлари билан тақдирланди.

Тақдирлаш маросимида Вақф ва дин ишлари вазири сўзга чиқиб, Қуръони каримни тартил билан ўқиш ва ёд олишга алоҳида аҳамият берилаётганини таъкидлади. Ҳозир Иорданияда илм зиёсини таратаётган ўн икки мингдан ортиқ қори ва қориялар давлат фахри ҳисобланишини қайд этди. Шунингдек, барча иштирокчиларни муборакбод этиб, келгуси ўқишларида муваффақиятлар тилади.

 Азизхон ҲАКИМОВ

Видеолавҳалар

Top