muslim.uz
Ал-Азкор: Ҳожатхонадан чиқишда айтиладиган дуо (14-аудио)
Солиҳ зотлар Рамазон ойини қандай ўтказардилар?
Муалло ибн Фазл айтадилар: "Солиҳ зотлар Рамазон ойи киришидан олти ой олдин Аллоҳ таолодан Рамазон ойига етказишини сўраб дуо қилар эдилар. Рамазондан кейинги беш ой мобайнида Рамазон ойида қилган ибодатлари ва солиҳ амалларини қабул қилишини илтижо қилиб сўрардилар".
Саҳобаи киромлар Рамазон ойи кириб келиши билан жуда ҳам хурсанд бўлар ва ўзларидаги шоду хуррамликни зоҳир қилишар эди.
Зубайд Ёмий розияллоҳу анҳу саҳобаи киромларни жамлаб, Қуръон тиловат қилиш ва уни бир мартабадан кўп хатм қилиш борасида мусобақалашар эдилар.
Суфёни Саврий раҳматуллоҳи алайҳ Рамазон ойи кириши билан бошқа ишларни қуйиб, Қуръон тиловати билан машғул бўлар эдилар.
Имом Молик раҳимаҳуллоҳ Рамазон ойи кириши билан ҳадис айтиш ва илм мажлисидан узулиб, мусҳафдан Қуръон тиловатига киришардилар.
Аллома Ибн Ҳажар Ҳайтамий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: "Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ Рамазон ойида намоздан ташқари олтмишта хатм қилардилар".
Имом Зуҳрий раҳматуллоҳи алайҳ Рамазон ойи кирса: "Албатта бу ой Қуръон тиловат қилиш ва мискинларга таом улашиш ойидир", деб айтардилар.
Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ Рамазон ойида ҳар куни кундузи битта хатм, Рамазондан сўнг эса ҳар уч кунда хатм қилар эдилар.
Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ Рамазон ойи келиши билан ўзларига вазифа қилиб олган вирдларини тўхтатиб, Қуръон тиловат қилиш билан машғул бўлардилар.
Имом Заҳабий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: "Ҳаммод ибн Абу Сулаймон сахий бой киши эди. Рамазон ойида ҳар куни юз кишига ифторлик қилиб берарди. Ийд намози ўқиб бўлингандан сўнг уларнинг ҳар бирига юз дирҳамдан эҳсон берарди".
Аллоҳ таоло бу муборак ойни барча мусулмонлар учун манфаатли қилиб, бу ойдан улкан ажр-савоблар билан чиқишимизни муяссар айласин.
Туркиялик таниқли олим ва Имом Мотуридий маркази тадқиқотчилари онлайн учрашди
Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси кўмагида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Туркиядаги турдош ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштиришга катта аҳамият қаратилмоқда. Навбатдаги ана шу мазмундаги тадбирлардан бири Анқарада жойлашган Ислом тафаккури институти билан ҳамкорликда ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Мазкур институт раҳбари, нуфузли турк олими, мамлакатнинг собиқ муфтийси профессор Меҳмет Гёрмез Имом Мотуридий маркази тадқиқотчи ва тингловчилари билан онлайн мулоқот қилиб, “Аҳли раъйнинг ҳадисга ёндашуви: Имом Мотуридийдан ўрнаклар” мавзусида маъруза қилди.
Учрашув савол-жавоб шаклида давом этиб, тадқиқотчилар кун тартибидаги мавзу юзасидан фикр ва мулоҳазаларини билдирди.
Тадбир ниҳоясида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ислом тафаккури институти ўртасида илмий-маърифий ҳамкорликни бардавом қўллаб-қувватлаш, ҳамкорликда қўшма семинар ва лойиҳалар ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
ШИФОКОРЛАР РЎЗА ТУТИШ МУМКИН ЭМАС, ДЕЙИШДИ...
— Сурункали ошқозон-ичак касалликлари билан оғрийман, шифокорлар рўза тутиш мумкин эмас, дейишган. Ҳар йили фидя бераман. Лекин умрбод рўза тутолмасам, фидя бериб юраверсам бўлади-ми?
— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Агар умрбод бу борада узрли бўлсангиз, фидя берасиз. Рамазон ойидан кейин соғайиб қолсангиз, фидя берган бўлсангиз ҳам ундаги тутмаган рўзаларингизнинг қазосини тутиб берасиз.
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
Покистонлик зиёратчиларнинг Ўзбекистонга ташрифи ортмоқда
«Покистон ва Ўзбекистон муносабатларини икки мамлакат таҳлилий марказлари ҳамкорлиги доирасида тўлиқ қўллаб-қувватлайман», – дейди халқаро эксперт, Покистон Глобал ва стратегик тадқиқотлар маркази президенти Саид Холид Амир Жаффри. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар бермоқда.
– Ўзбекистон ва Покистон ўртасида бугун жуда фаол ва мувофиқлаштирилган алоқаларни йўлга қўймоқда, - деди эксперт. – Покистон 1991 йилда Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган давлатлардан ҳисобланади. Бироқ икки мамлакат ва икки халқ ўртасидаги алоқалар илдизи узоқ ўтмишга бориб тақалади.
Маълумки, ўзбек заминида Имом Бухорий, Имом Термизий, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек ва бошқа даврининг буюк мутафаккир, аллома ва олимлар яшаб ўтган, уларнинг бебаҳо мероси Покистонга ҳам бевосита таъсир кўрсатган.
Ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик жадал суръатда ривожланмоқда. Сўнгги йилларда ушбу йўналишдаги кўрсаткич 4 баробарга ошгани таъкидланмоқда. Бу эса икки қардош давлат ўртасидаги муносабатларни янада кенгайтириш учун умумий манфаат ва салоҳият мавжудлигини кўрсатади.
Ўзбекистондан Покистонга келаётган делегациялар, шунингдек, Покистон делегацияларининг Тошкентга сафарлари тобора кўпайиб бораётгани савдо-сотиқни диверсификациялаш ва иқтисодий ҳамкорликнинг янги йўналишларидан фойдаланишга ундамоқда.
Яқинда Ўзбекистоннинг турли вазирлик ва идоралари вакиллари Карачи ва Гвадар денгиз портларининг минтақалараро лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларини ўрганиш мақсадида Покистонда бўлди.
Куни кеча бўлиб ўтган онлайн-саммит Покистон учун ўта муҳим аҳамиятга эга. Зеро, у мамлакатимиз тарихида виртуал шаклда уюштирилган илк тадбир бўлиб, Исломобод бу борада илғор тажриба ўрганди.
Видео-анжуманда таъкидланганидек, Покистон ва Ўзбекистон ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш учун ҳам катта салоҳиятга эга.
Бундан ташқари, икки давлат минтақавий долзарб масалалар, хусусан, Афғонистон муаммосини ҳал қилишда фаол иштирок этмоқда, амалий таклифларни илгари сурмоқда. Тошкент ва Исломобод ушбу мамлакатда тинчлик ва барқарорлик ўрнатишга кўмаклашишга тайёр, бу эса минтақалараро савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга имкон беради.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Покистон ўртасида туризм саноатини ривожлантириш учун катта салоҳият мавжуд. Тармоқ компаниялари пандемиядан кейин ўзаро ҳамкорликни қайта тиклашмоқда. Покистонлик сайёҳлар зиёрат туризми йўналишида Ўзбекистонга фаол ташриф буюрмоқда.
Очиқ, дўстона ва конструктив муҳитда ўтган олий даражадаги онлайн-саммит Ўзбекистон ва Покистон ҳамкорлигини янада ривожлантиришга янги уфқлар ва имкониятлар очади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати