muslim.uz
Қоримиз АҚШдаги масжидда хатми Қуръон ўтказмоқда
Хабар берганимиздек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси муборак Рамазон ойини юқори савияда ўтказиш ишлари қизғин давом этмоқда. Жумладан, хориж давлатлари диний идораларидан келган таклифлар асосида юртимиз қорилари чет мамлакатларда таровеҳ намозларида Қуръони каримни хатм қилиб бериш ва диний-маърифий тадбирлар ўтказиш учун сафарга жўнаб кетишди.
Жумладан, АҚШ даги Туркистон – Америка жамиятининг расмий таклифига биноан Тошкент шаҳридаги “Аҳмаджон қори” масжиди имом-хатиби, 2018 йилги Ўзбекистон Қуръон мусобақаси ҳакамлар ҳайъати аъзоси Муҳаммадий қори Эргашев АҚШга жўнаб кетди ва мутасадди вакиллар томонидан кутиб олинди. Муҳаммадий қори Эргашев АҚШ да Рамазон ойи давомида мусулмонларга таровеҳ намозини адо этиб, диний – маърифий суҳбатлар ўтказиб беради.
Маълумот учун, бир неча йиллардан буён имом-домлаларимиз Туркистон – Америка жамияти таклифига кўра, Рамазон ойида АҚШда бўлиб қайтган эди. Ўтган 2020 йили пандемия сабаб қориларимизнинг хориж сафари ташкил этилмади. Жорий йил Рамазон ойида қориларимиз АҚШ, Россия, Украина ва бошқа мамлакатларда хатми Қуръонлар ва диний-маърифий суҳбатлар ўтказиб қайтишади.
Сафар тафсилотлари ҳақида порталимиз орқали хабар бериб борамиз, иншоаллоҳ.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Рўзага доир 3 саволга 3 жавоб
Савол: Рўзадор одам қон анализи топширса бўладими ?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ҳа, рўзадор одам турли мақсадларда қон топшириши мумкин, бу иш билан унинг рўзаси очилмайди. Чунки рўза ичга кирувчи нарсалар сабабли бузилади. Лекин рўзадор қон топширса, заифлашиб қоладиган бўлса, макруҳ бўлади. Бу ҳолатда қон топширишни ифтордан кейинга қолдириш мақсадга мувофиқ бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати.
Савол: Рўзадор таҳоратда оғиз-бурнини чайиши мумкин?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Рўзадор ҳам таҳорат қилганда оғиз ва бурнини чайиши жоиз, лекин муболаға қилиб, ғарғара қилмайди, бурнига қаттиқ сув тортмайди. Таҳорат пайтида рўзадорнинг оғзидан ва димоғидан ичига сув ўтиб кетса, рўзаси бузилади. Рамазондан кейин бир кун қазо рўзасини тутиб беради. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати.
Савол: Саҳарликда таҳоратсиз рўзани ният қилса бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Албатта, саҳарликда таҳоратсиз бўлсада рўзани ният қилиш мумкин. Ният дуруст бўлиши учун таҳорат шарт қилинмайди. Таҳорат – намоз ўқиш ва Қуръони каримни ушлаш каби ибодатларда шарт бўлади. Ҳатто, жунуб киши баданидан нажосатни кетказиб, қўл-бетини ювиб, оғиз бурнини чайиб, саҳарлик қилиши ва рўзани ният қилиши жоиз. Табиийки, оғиз ёпгандан кейин ғусл қилиб олади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати.
Масжиди Набавийда Рамазон ойида ибодат қилиш учун талаблар қўйилди
Пайғамбар масжиди ишлари бўйича Бош бошқарма COVID-19 га нисбатан эҳтиёт чораларига мувофиқ масжидда Рамазон ойида тоат-ибодатлар бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштирди.
Саудия матбуот агентлиги (SPA) маълумотларига кўра, фақат икки дозадаги коронавирус вакцинасини олган, вирусдан халос бўлган ёки масжидга боришдан 14 кун олдин битта вакцинани олган одам Равзага қатнаши ва масжидда намоз ўқиши мумкин. Ҳар бир инсоннинг эмлаш ҳолати Tawakkalna иловасида рўйхатдан ўтган бўлиши керак.
Islam.ru маълумотларига кўра, Рамазон ойида масжид қавми ва меҳмонларга кунига 100 000 шиша сув тарқатилади, бу уч миллион шиша замзам сувини ташкил этади. Ҳар бир намозхонга ифторлик учун хурмо ва сув алоҳида тақдим этилади. Масжид ҳовлиларида суҳур ва ифторни ташкил қилиш ва тарқатиш таъқиқланади.
Эътикоф (маълум бир кун масжидда қолиб, ўзини ибодатга бағишлаш) пандемия туфайли кетма-кет иккинчи йилга тўхтатилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ақийдавий ихтилофлар сабаби
«Кейинги пайтда саҳнага чиққан ақидавий ихтилофлар сабаби кўп ўйлантираётган ва қийнаётган эди.
Мусулмонларни бўлакларга бўлиб ташлаётган бу кўриниш мени қаттиқ изтиробга солиб, унинг сабаблари ва муолажалари ҳақида жиддий изланаётган эдим. Ва булар натижасида айрим хулосаларга келган ҳам эдим.
Бугун ана шу хулосаларимни тўлдирадиган қимматли жумлаларни учратдим. Улар марҳум шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутийнинг «Тавҳидий мазҳаблар ва замондош фалсафалар» китобларидаги қуйида келтирадиганим сатрлар эди», дейди устоз, Ислом олими Мубашшир Аҳмад домла.
Қуйида ушбу иқтибосни келтириб ўтамиз:
«Агар ақида асослари қалбий таслимият билан ҳимояланган ва асл инсоний фитрат тўсиқлари билан ўралган бўлса, одатда нафснинг ташидан келадиган ташвиш ва шубҳалар ақлни эгалламаган бўлса, ихтилоф омилларидан бирор нарса бундай ҳолдаги киши онгига кириб кела олмайди.
Ихтилоф бир нарсада чуқурлашиш натижасида пайдо бўлади. Чунки изланиш олиб бораётган киши бунда аниқ зоҳирдан зонний ботинга ўтган бўлади.
Агар изланувчилар ана шундай ботинга етиб боришса, ихтилоф қилишдан омонда бўлишмайди. Чунки бунда далилларнинг кўпи зонний бўлади. Бу эса, иттифоққа эришишга йўл бермайди.
Қалбий таслимият эгалари эса ихтилофга ўрин бермайдиган зоҳирдан бошқа томонга ўтиб кетишмайди.
Зеро, улар зоҳирнинг ортида бўлган ноаниқлик ва муаммоларга эътибор қаратишмайди. Масалани мушоҳада қилишдан кўз юмишади ва фикрий тааммул эшикларини ёпишади.
Ишни Аллоҳ азза ва жаллага таслим этишади. Сўнг, асосий ўқ томир ва равшан куллий зоҳирни маҳкам тутишга қайтишади. Бунда ҳеч қандай хилофга ўрин қолмайди.
Бу илк даврлардаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларининг ҳолатлари эди. Агар ҳолат мана шундай давом этганида мусулмонлар сафига ихтилоф сизиб кирмаган ва турли мазҳаб-фирқалар пайдо бўлмаган бўлар эди».
(Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутийнинг «Ал-мазоҳибут тавҳидийя вал фалсафотул муосира» китобларидан, 45-46 бетлар. «Дорул-фикр» нашриёти, 2008-й.)
Бу иқтибосдан маълум бўляптики, агар мусулмон Аллоҳнинг борлиги ва бирлигига иймон келтириш билан кифояланиб, қолган масалаларни Аллоҳга таслим эта олса, ихтилофлардан омонда бўлар экан.
Мубашшир Аҳмад
РЎЗА ТУТМАГАНЛАРНИ ИФТОРЛИККА ЧАҚИРИШ МУМКИН ЭМАСМИ?
— Одатда ифторликка қўшнилар, яқин қариндошлар чақирилади. Лекин уларнинг орасида баъзан тутмаганлари ҳам бўлади. Бир сафар танишимни ифторликка чақирсам: “Соғлиғим сабабли рўза тутолмадим, ифторликка боролмайман, борсам ифторлик қилган одамнинг савобини камайтириб қўяман”, деди. Дўстимнинг гапи тўғри-ми? Фақат рўза тутганлар учун ифторлик қилиш керак-ми?
— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ифтор қилдириш дегани рўза тутган кишини куннинг охирида бирон таом ёки ичимлик билан икром қилиш маъносидадир. Шунинг учун ифтор дастурхонига рўзадорлар чақирилади. Аммо шаръий сабаб билан рўза тутмаган кишилар у дастурхондан таомланишлари жоиз. Савоби камайиб қолади, деган гап нотўғри.
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ