muslim.uz

muslim.uz

Озарбайжонлик 3 ёшли Собир Агавердиев Қуръон ўқиб интернетда оммалашмоқда. У бунгача ҳам кишиларни ажаблантирган. Икки ёшида Озарбайжон алифбосини ўрганган.

"Бир ёшдан ошганда ётишдан олдин унга ўқиб берган болалар шеърларини ёддан ўқий бошлади. Мен у билан ўқишни давом эттирдим ва қизиқиш учун Қуръондан бир парчани ўқишга қарор қилдим. Собир уни ярим соатдан кейин хотира бўйича қайта сўзлаб берди", - деди Собирнинг отаси Жобир Агавердиев.

Islam.ru маълумотларига кўра, кичкина вундеркинд Озарбайжон шоирлари шеърлари, хорижий сўзларни ўрганади ва юзгача рақамларни санашни билади.

Собир географияни осон ўрганади ва хариталар билан ишлайди. Тезда дарёлар, тоғлар, темир йўллар ва гидроэлектростанцияларни топиб беради.

Ота-оналар боланинг ҳар куни янги нарсаларни ўрганиш истаги борлиги учун ҳамма нарсани қилишга ҳаракат қилишади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Бир ҳолат бор. Бу ҳолат инсонни юксакларга кўтаради, мартабасини улуғ қилади. Бундай ҳолат ҳатто жаннатда ҳам бўлмас экан. Бу кишининг сажда ҳолатидир. Инсон ўзини ҳақир санаб, муборак пешонасини ерга қўйиб, Буюк Раббисига шивирлаб тасбеҳ айтади. Мана шу шивирни Аллоҳ таоло етти қават осмоннинг устидан эшитади.

Бу ҳолат масжидларда тааллуқли. Зотан, “масжид” сўзининг маъноси ҳам сажда қиланидиган жойдир. Масжид мўмин-мусулмонлар Аллоҳ таолога ибодат қиладиган жойдир. Шу боис масжид “Байтуллоҳ”, яъни, Аллоҳнинг уйи дейилади. Шу нуқтаи назардан масжидларнинг бошқа иншоотларга нисбатан ўзига хос ҳурмати бор.

Масжид ибодат қилувчилар билан ободдир. Жамоатнинг кўплиги масжиднинг ободлигига далолат қилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган ва фақат Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар. Айнан ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлишлари мумкин» (Тавба сураси, 18-оят), деб марҳамат қилади.

Уламолар масжиднинг ободлигини икки турга ажратишган. Биринчиси, ҳиссий, яъни, жомени қуриш, тузатиш, тозалаш, таъмирлаш, вайрон этишдан сақлаб қолишдир. Иккинчиси эса, маънавий бўлиб, унда намоз ўқиш, зикрда бўлиш, дуо қилиш, улуғлаш ва ибодат учун масжидга қатнашдан иборат.

Ҳадиси шарифларда ҳам масжидларни обод қилган, қурган мўмин-мусулмонларга улуғ ваъдалар бор. Жумладан, Имом Бухорий бобомиз ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Ким Аллоҳ таоло розилигини истаб, масжид барпо этса, Аллоҳ таоло унга жаннатдан қаср қуради”, деб марҳамат қилганлар.

Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсин, сўнгги йилларда юртимизда масжидлар сони тобора кўпайиб, жомеларимиз обод, файзли ва шинам масканларга айланиб боряпти. Айниқса, жума ва икки ҳайит намозлари ҳамда таровеҳларда масжидларимизга одамлар сиғмай кетяпти.

Айни пайтда республика бўйича жами масжидлар сони 2085 та бўлса, Тошкент вилоятида 225 та жоме ишлаб турибди. Бу маъволарга кирган киши руҳан тетик ва бардам бўлади. Жомеда ибодат қилганларнинг савоби якка ҳолда намоз ўқиган кишига бериладиган ажрдан йигирма етти баробар кўпдир (Имом Бухорий ривояти).

Бугун нафақат масжидларимиз обод бўлмоқда, шу билан бирга, жомеларда ибодат қилаётган мўмин-мусулмонлар сафи ҳам кенгайиб боряпти. Табиийки, Рамазон ойи ҳамда Қурбон ҳайити йилнинг турли мавсумларига тўғри келиши мумкин. Яъни баъзан саратонда рўза тутиб, таровеҳларни ўқисак, баъзан қаҳратонда жомеларга қатнаймиз.

Бундай ҳолларда эски лойиҳада қурилган масжидларимиз намозхонларга торлик қилиб қолади. Шуни инобатга олиб ҳамда Тошкент вилоятида яшовчи мўмин-мусулмонларнинг таклиф ва тавсиялари асосида 2021 йилда вилоятимиздаги тўққизта жоме масжид қайта қурилади.

Хусусан, Бўка туманидаги “Чимилдиқ ота”, Бўстонлиқ туманидаги “Хўжахонтўра”, Занги ота туманидаги “Умир”, Қибрай туманидаги “Зайниддин ҳожи ота”, Паркент туманидаги “Бобомочин” ва “Ҳисарак”, Юқори Чирчиқ туманидаги “Абу Ҳанифа”, Янгийўл туманидаги “Икром ҳожи” жоме масжидлари тўлиқ қайта қурилади. Тошкент туманидаги “Зиннурайн” жоме масжидига қўшимча хонақоҳ ва таҳоратхона барпо этилади.

Бир йилда тўққизта масжидимиз бутунлай янгича қиёфа касб этиши тобора тараққий этиб, чирой очиб бораёттган жаннатмонанд юртимизга узукка қўйилган кўздек ярашиб тушади, иншоаллоҳ.

Энг муҳими, бугун юртдошларимиз Аллоҳнинг уйини обод этишдек хайрли ишларда бир-бирлари билан мусобақалашаётгандек, гўё. Чунки масжидни обод қилиш мўминлик белгисидир.

Абу Саид  розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Aгaр бирoр киши мaсжидни  тaъмирлaётгaнини кўрcaнгиз, унинг мўминлигигa гувoҳ бўлинг. Чунки Аллоҳ таоло: “Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган ва фақат Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар”, деб марҳамат қилган, деганлар» (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло Ўз уйларини – масжидларни ибодат маскани, ҳидоят маёғи, илм сарчашмаси қилгани бежиз эмас. Чунончи, бу илоҳий бахтни қўлга киритиш илинжида мўмин-мусулмонлар туну кун унга ошиқадилар. У ердан маънавий юксалиб, қалбан покланиб, руҳан тетиклашиб чиқилади. Масжидлар илоҳий нурнинг марказилар.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам қиёмат куни Аллоҳ таоло Аршининг соясидан етти тоифа инсонга жой берилишини айта туриб. Учинччи ўринда “қалби масжидга боғланган киши”ни ҳам зикр қилганлар (Имом Бухорий ривояти).

Жаннатда ўзи учун алоҳида қаср бўлишини хоҳламаган одам бўлмаса керак. Бундай имконият бугун бор. Бу имкониятдан барчамиз имконимиз қадар фойдаланиб қолишимиз керак. У ҳам бўлса, янгидан барпо этилаётган масжидлар қурилишига ўз ҳиссамизни қўшишдир.

Азизлар, вақтни бой бермай, Аллоҳнинг уйларини обод қилайлик!

 

Жасурбек РАУПОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

Транспорт вазирлиги делегациясининг Покистонга ташрифи давомида ушбу мамлакат федерал авиация вазири Ғулом Сарвар Хон билан музокара ўтказди. Унда икки мамлакат ўртасида мунтазам авиақатновларни қайта тиклаш, фуқаро авиацияси соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалалари муҳокама этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА вазирлик манбасига асосланиб.

Учрашувда Покистон авиакомпаниялари ҳаво кемаларига аэропортларда ер усти хизматлари кўрсатишнинг асосий турлари бўйича эълон қилинган тарифларга нисбатан 30 фоизгача табақалаштирилган чегирмалар берилиши, зиёрат туризми йўналишида бажарилаётган парвозларга эса 50 фоизга қадар чегирмалар тақдим этиш, шунингдек, Покистон авиакомпанияларига қулай бўлган слотлар берилиши маълум қилинди.

Ўзбекистон делегацияси ташриф давомида Покистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Авиация бошқармаси бош котиби Шавкат Алихон, Фуқаро авиацияси департаментининг авиация вице-маршали Муҳаммад Жамол Аршад ва «PIA» авиакомпанияси вакиллари билан учрашувлар ўтказди.

Музокараларда «Uzbekistan Airways» ва «PIA» авиакомпаниялари ўртасида турли йўналишдаги келишувларни биргаликда ишлаб чиқишни жадаллаштириш ҳақида келишиб олинди.

Эслатиб ўтамиз, COVID-19 пандемиясига қадар «Uzbekistan Airways» авиакомпанияси «Тошкент-Лаҳор-Тошкент» йўналишида ҳафтасига икки маротаба қатновни мунтазам амалга ошириб келаётган эди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчиси Улуғбек Мақсудов Форс кўрфази араб мамлакатлари ҳамкорлик кенгаши (ФКАМҲК) Бош котиби Найиф Фалаҳ Ал-Ҳажраф билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Найиф Ал-Ҳажраф Форс кўрфази мамлакатларининг Ўзбекистон билан яхши муносабатда бўлиб келгани, келгусида дўстона алоқаларни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини билдирди.

Бош котибнинг таъкидлашича, ФКАМҲК Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожланган, ишбилармон доиралар учун очиқ, ислом цивилизациясига катта ҳисса қўшган мамлакат деб билади.

Ҳозирги кунда Имом Бухорий, Абу Райҳон Беруний, Маҳмуд Замахшарий, Мирзо Улуғбек, Аҳмад Фарғоний ва бошқа кўплаб буюк алламолар мероси ўрганилиб, янги илм чўққиларини забт этиш ва инсоният ҳаётининг турли жабҳаларини ривожлантиришда кенг фойдаланилмоқда, деди у.

Учрашувда сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Маълумот учун, Найиф Ал-Ҳажраф Кувайт давлатининг вакили бўлиб, бу лавозимга 2020 йил 1 февралда тайинланган.

ФКАМҲК муҳим минтақавий ташкилот бўлиб, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Кувайт, Оман ва Баҳрайн каби давлатларни ўз ичига олади. Ташкилот 1981 йилда ташкил топган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top