Дунё янгиликлари

Ўзбекистон Покистон авиакомпаниялари зиёрат туризми йўналишига 50 фоизгача чегирма тақдим этмоқда

Транспорт вазирлиги делегациясининг Покистонга ташрифи давомида ушбу мамлакат федерал авиация вазири Ғулом Сарвар Хон билан музокара ўтказди. Унда икки мамлакат ўртасида мунтазам авиақатновларни қайта тиклаш, фуқаро авиацияси соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалалари муҳокама этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА вазирлик манбасига асосланиб.

Учрашувда Покистон авиакомпаниялари ҳаво кемаларига аэропортларда ер усти хизматлари кўрсатишнинг асосий турлари бўйича эълон қилинган тарифларга нисбатан 30 фоизгача табақалаштирилган чегирмалар берилиши, зиёрат туризми йўналишида бажарилаётган парвозларга эса 50 фоизга қадар чегирмалар тақдим этиш, шунингдек, Покистон авиакомпанияларига қулай бўлган слотлар берилиши маълум қилинди.

Ўзбекистон делегацияси ташриф давомида Покистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Авиация бошқармаси бош котиби Шавкат Алихон, Фуқаро авиацияси департаментининг авиация вице-маршали Муҳаммад Жамол Аршад ва «PIA» авиакомпанияси вакиллари билан учрашувлар ўтказди.

Музокараларда «Uzbekistan Airways» ва «PIA» авиакомпаниялари ўртасида турли йўналишдаги келишувларни биргаликда ишлаб чиқишни жадаллаштириш ҳақида келишиб олинди.

Эслатиб ўтамиз, COVID-19 пандемиясига қадар «Uzbekistan Airways» авиакомпанияси «Тошкент-Лаҳор-Тошкент» йўналишида ҳафтасига икки маротаба қатновни мунтазам амалга ошириб келаётган эди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1405 times

Янгиликлар

Top