muslim.uz

muslim.uz

الأربعاء, 18 تشرين2/نوفمبر 2020 00:00

Байроғимиз 29 ёшда

Бугун байроғимиз қабул қилинганига 29 йил бўлди. 1991 йил 18 ноябрь – “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонун қабул қилинган кун.

Давлат байроғи Ўзбекистон давлат суверенитетининг рамзи. Уни юртимизда яшаётган барча миллат фуқаролари ҳурмат қилиши шарт.

Бу тўғридаги қонун ҳужжатларини бузиш, унга ҳурматсизлик қилиш тегишлича маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

الأربعاء, 18 تشرين2/نوفمبر 2020 00:00

Ҳақ соҳиби албатта ғолиб бўлади

Салим ибн Жобир (Жобир ибн Салим ҳам дейилади) Ҳажимий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб деди:

- Эй Аллоҳнинг Расули! Менга насиҳат қилинг!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳдан қўрқ! Гарчи идишингдаги сувни биродарингга бўшатиб бериш ёки унга гапирганингда очиқ юзли бўлиш бўлсада яхши ишларни ҳеч қачон кичик дема! Изорингни осилтириб юришдан сақлан! У кибрдандир. Аллоҳ уни севмайди. Агар бир киши сени сенда биладиган айби билан айбласа сен уни ундаги айб билан айблама. Уни тек қўй. Гуноҳи ўзига, ажри сенга бўлади. Ҳеч кимни сўкма!"

Ибн Жобир розияллоҳу анҳу айтади:

«Шундан сўнг инсонни ҳам, бошқа нарсани ҳам сўкмадим».

Яхшиликни ҳеч қачон кичик дема. Қайси иш бизни жаннатга олиб киришини билмаймиз.

Мушук ўтиб кетиши учун машинангни тўхтатишинг ҳам яхшилик.

Бир қарияни йўлдан ўтказиб қўйишинг ҳам яхшилик.

Ногирон кишининг аравачасини судрашинг ҳам яхшилик.

Ишлаб турган кишига бир пиёла сув беришинг ҳам яхшилик.

Ёши катта инсоннинг юкини енгиллатишинг ҳам яхшилик.

Эр-хотин орасини ислоҳ қилишинг яхшилик.

Аёлингни эркалатишинг ҳам яхшилик.

Фарзандларингни кечиришинг ҳам яхшилик.

Қўшнингга бирор нарса ҳадя қилишинг ҳам яхшилик.

Беморнинг дори-дармонига ёрдам бериб юборишинг ҳам яхшилик.

Яхшиликнинг интиҳоси йўқ. Аллоҳга олиб борадиган йўллар инсониятнинг нафаси миқдорида кўпдир. Олдида шунча йўл бўла туриб тўхтаб қолган киши қанчалар бахтсиз!

Ўзингизга «яхшилик қилганга яхшилик қил, ёмонлик қилганга ёмонлик қил» деган тарозу ясаб олманг. Агар биз ёмонликка ёмонлик қилаверсак ёмонлик қачон тугайди?!

Дунёда бир хулқ бор унинг номи «ўзни баланд тутмоқ (бу кибр эмас)». Ҳеч кимга сени ўзининг ахлоқи даражасига туширишига йўл қўйма. Ҳар бир жанжалга қўшилма. Олдингда содир бўлган ҳар қандай урушга аралашаверма. Бугунги уруш-жанжалларнинг кўпчилиги арзимасдир. Унда гарчи ғолиб бўлсангда ғалаба нашидасини ҳис қила олмайсан. Аммо мағлуб бўлсанг мағлубият аламини тортасан. Ахлоқидан воз кечган кишига тенг келиш учун ахлоқимиздан воз кечсак ундан нима фарқимиз қолади?!

Оқил инсон фақатгина жаннатни ўз баҳоси деб билади. Йўли жаннатга олиб бормайдиган масалани у нима бўлса ҳам тарк қил. Натижа қанақа бўлмасин сен сен ғолиб бўласан. Авф қилиш билан Аллоҳ инсоннинг фақат иззатини зиёда қилади.

Кунлар айланиб ҳақ соҳиби албатта ғолиб бўлади. Ботил эгаси эса мағлуб бўлади. Бу Аллоҳнинг инсонлар ичидаги жорий қонунидир. Юсуф алайҳиссаломни арзимас пулга сотиб юборган қўллар вақт ўтиб у зотдан садақа сўраб у зот алайҳисcаломга узатилди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни «сеҳргар», «шоир», «ёлғончи», «мажнун» деб ҳақорат қилганлар охирида Макка фатҳи куни у зотга: «Сен олийжаноб инсонсан, олийжаноб инсоннинг ўғлисан!», дейишган эди.

Абдулқодир Полвонов

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бугун Варшава шаҳрида (Польша) Диний эркинликларни илгари суриш бўйича вазирлар конференциясида иштирок этди ва делегатларга видеомурожаат қилди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА.
Учинчи маротаба ўтказилаётган анжуманда 58 мамлакат ташқи ишлар вазирлари иштирок этмоқда. Ушбу форматдаги бундан олдинги иккита форум Вашингтон шаҳрида 2018 ва 2019 йиллар ташкил этилган эди.
Ўзбекистон ташқи сиёсат идораси раҳбари ўз чиқишида мамлакатимизнинг диний эркинликни таъминлаш борасидаги тажрибаси, шунингдек, республика ушбу йўналишда ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларнинг изчил бажараётгани тўғрисида маълумот берди.
Конференция мавзуси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган чуқур демократик ўзгаришлар руҳига мос экани таъкидланди.
Республикада қисқа муддат ичида эътиқод эркинлигини мустаҳкамлаш соҳасида кўрилган амалий чора-тадбирлар қайд этилди. Янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва энг яхши демократик стандартларни ҳисобга олган ҳолда тайёрлангани, диний бирлашмаларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби соддалаштирилгани, мамлакат тарихида биринчи марта дин ва эътиқод эркинлигини мониторинг қилиш бўйича парламент эшитувлари ўтказилгани шулар жумласидандир.
Вазир, шунингдек, жамиятда диний эркинлик ва миллатлараро тотувликни таъминлашнинг самарали усулларидан бири - бу бағрикенглик маданиятини мустаҳкамлаш, шунингдек, таълим ва маърифатни фаол тарғиб қилиш эканини таъкидлади.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари ушбу муҳим форум инсонларнинг дин эркинлигига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишга кўмаклашиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштиришдаги яна бир муваффақиятли қадам бўлишига ишонч билдирди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

الأربعاء, 18 تشرين2/نوفمبر 2020 00:00

Ким бизни алдаса, биздан эмас

Тижорат одоби, равиши усуллари ҳақида ҳам тавсиялари бор... Ҳадиси  шарифлар бор...

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бозорларни кузатганлар. Ҳукумат бошлиғи каби у ерларда буйруқлар берганлар.

Бир марта бир тижоратчининг ёнига келганлар. Савдогарнинг қопда турган молига қўлларини ботириб, аралаштириб кўрадилар. Қарасалар, таги ҳўл, усти қуруқ... Қопдаги молнинг таги ёмон, усти чиройли қилиб қўйилган... Шунда «Бундай қилма!» дедилар.

من غشنا فليس منا

Ман ғашшано фалайса минно – «Ким бизни алдаса, биздан эмас», – деганлар...

Савдонинг, тарозунинг, ўлчовнинг ҳалол бўлишига оид оят эмас, ҳатто сура бор; Мутаффифин сураси...

 

وَيْلٌ لِّلْمُطَفِّفِينَ    الَّذِينَ إِذَا اكْتَالُواْ عَلَى النَّاسِ يَسْتَوْفُونَ  وَإِذَا كَالُوهُمْ أَو وَّزَنُوهُمْ يُخْسِرُونَ   أَلَا يَظُنُّ أُولَئِكَ أَنَّهُممَّبْعُوثُونَ لِيَوْمٍ عَظِيمٍ  (سورة المطففين   : 1–5)

Вайлун лил мутаффифин. Аллазина изакталу ъалан наси яставфун. Ва иза колуҳум ав вазануҳум юхсирун. Ала язунну улаика аннаҳум мабъусун. Лиявмин азим.– (Ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсаларга ҳалокат бўлгай! Улар одамлардан (бирон нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса кам қилиб берадиган кимсалардир. Улар ўзларининг улуғ бир кунда – барча одамлар бутун оламлар Парвардигори ҳузурида тик туриб (ҳисоб-китоб берадиган қиёмат) кунида қайта тирилгувчи эканликларини ўйламайдиларми?!

Голландияда бир устоз домла биродаримиз шахсан ўзи кўрган (мавзумизга доир) бир воқеани  менга айтиб берганди:

Унга одамлар келиб:

«Устоз, ўлим тўшагида ётган бир беморимиз бор, ўтинамиз, бориб кўринг, ёрдам беринг!» дейишади. Шундай қилиб, тунги соат учда  беморнинг ёнига олиб боришди. Бемор ҳушидан кетган, қийин аҳволда ётарди... Мен секин-секин «Лаа илаҳа иллаллаҳ... Лаа илаҳа иллаллаҳ. Ашҳаду анлаа илаҳа иллаллаҳ...» деб калимаи тавҳид ва калимаи шаҳодатни айтдиришга ҳаракат қилдим. Бир вақт бемор ўзига келиб бундай деди: «Нимага мени мажбур қилаяпсиз?.. Кўрмаяпсизми, тарозининг бош қисмидаги темирини томоғимга тиқиб-тиқиб олишяпти!» – деб айтибди. Кейин ўлди, – дейди.

Марҳумнинг хотинидан:

– «Бунинг сабаби нима?..», – деб сўраганида:

– «Бу ҳақда сўраманг устоз!.. Эрим сотувчи эди. Иккита тарозиси бор эди; биттасини олаётганида, иккинчисини эса, сотаётганида ишлатарди... Олаётганда кам кўрсатадиган тарозида тортиб, сотаётганда кўп кўрсатадиган тарозида тортарди.» – деб жавоб беради.

Масалан, биринчи тарозида тортилган 1 кг оғирликдаги нарса, иккинчи тарозида 800 гр. чиқаркан...

Ана шундай иккита тарозидан фойдаланиб, халқни алдар экан. Лекин вафоти ҳам аянчли бўлган. Устоз: «Ўз кўзларим билан кўриб, қўлоқларим билан эшитдим»деди...

"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди

Бугунги кунда юртимизда 130 дан зиёд миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари тенг ҳуқуқли ҳамда ўзаро ҳамжиҳатликда тинч-тотув яшаб келмоқда. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланган ҳолда таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ҳамда ўз миллий ва диний анъана ҳамда қадриятларига риоя қилишлари учун барча зарур шароитлар яратиб берилган.

Бундан ташқари, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, ён-атрофимизда хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини ривожлантириш, юртимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, бу билан миллатлараро муносабатлар ривожида янги босқич бошланди.

БМТ Бош Ассамблеясининг қарорига мувофиқ, 1997 йилдан буён бутун дунёда ҳар йили 16 ноябрь – “Халқаро бағрикенглик куни” сифатида нишонланади. Мазкур сана муносабати билан Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Диний бағрикенгликни таъминлашда Марказий Осиё давлатларининг тарихий қадриятларини ўрганиш ва тарғиб қилиш масалалари” мавзусида халқаро онлайн конференция бўлиб ўтди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, УНEССОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, мамлакатимиздаги дипломатик корпус, турли давлат ва жамоат ташкилотлари, юртимизда расман рўйхатдан ўтган 16 та диний конфессия вакиллари, диншунос ва ҳуқуқшунос олимлар, соҳа бўйича экспертлар, Академия ўқитувчилари ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.

Зоом платформаси орқали ўтказилган онлайн конференцияни Ўзбекистон халқаро ислом академияси Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Зоҳиджон Исломов олиб борди. Анжуманни Ўзбекистон халқаро ислом академияси Диний-маърифий фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича биринчи проректор, профессор Шуҳрат Ёвқочев кириш сўзи билан очди.

– Бугунги конференцияни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш борасида амалга оширилган ишларни ўрганиш, истиқболдаги белгиланган вазифаларни таҳлил қилиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва шу йўналишда ўз ечимини кутаётган масалаларни ҳал қилишда таклифлар ишлаб чиқишдир, – дейди Шуҳрат Ёвқочев. – Зеро, мамлакат тараққиётида барқарорлик, миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик муҳитини сақлаш устувор аҳамият касб этади. Ҳозирги глобаллашув жараёнида диний бағрикенглик муаммоси жаҳон ҳамжамияти учун ҳам ғоят долзарб масалалардан бири бўлиб ҳисобланади. 1995 йил 16 ноябрда БМТнинг Фан, таълим ва маданият бўйича ихтисослашган ташкилоти УНEССО томонидан “Бағрикенглик тамойиллари” декларациясининг қабул қилиниши бунинг ёрқин далилидир. Шунингдек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида “Диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббуси билан чиққани жаҳон ҳамжамиятининг диққатини тортган эди. Мазкур ҳужжат кўп ўтмай, БМТнинг 73-сессиясида аъзо давлатлар томонидан якдиллик билан қабул қилинди ва 50 дан зиёд мамлакатлар ушбу ҳужжатни қабул қилиш истагини билдирди.

Шундан сўнг, Олий Мажлис Қонунчилик Палатасининг халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раҳбари Дилором Файзиева мамлакатимизда диний бағрикенгликка бўлган эътибор, миллатлараро тотувликни таъминлашнинг ҳуқуқий асослари хусусида сўз юритди.

Онлайн конференция давомида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси Абдуғаффор Аҳмедов сўзга чиқиб, юртимизда конфессиялараро тотувлик, тинчлик ва барқарорликни сақлаш йўлида олиб борилаётган оқилона сиёсат ва ислоҳотлар, амалий чора-тадбирларга тўхталиб ўтди.

– Муҳтарам Президентимиз томонидан сўнгги йилларда жамият ҳаётининг барча соҳалари қатори диний-маърифий соҳага ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов. 

– 2017-2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи йўналиши хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик масаласига бағишлангани, мазкур масала давлат сиёсатининг устувор йўналиши эканини кўрсатади. «Маърифат ва диний бағрикенглик» тўғрисидаги резолюция жаҳонда турли дин ва эътиқод вакилларига нисбатан тоқатсиз, муросасиз муносабатлар кузатилаётган бир вақтда глобал таҳдидларга қарши курашишнинг самарали воситаси сифатида илгари сурилгани билан янада аҳамиятлидир. Шунингдек, Ўзбекистон ташаббуси дунёда тинчлик-осойишталикни сақлаш, диний бағрикенгликни таъминлашда нақадар катта аҳамиятга эга экани бугунги мураккаб даврда яққол намоён бўлмоқда. Учрашув мобайнида Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархияси раҳбари митрополит Викентий Морар ҳамда Рим-католик маркази раҳбари епископ Ежи Масулевич ҳам сўзга чиқиб, юртимиздаги диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик қадриятга айланганини таъкидлашди. – Асрлар давомида мана шу заминда ривожланиб келган миллатлараро ва диний бағрикенглик ғояларини қадрли мерос сифатида сақлаш йўлида биргаликда ҳаракат қилишимиз керак, – дейди Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархияси раҳбари митрополит Викентий Морар. 

– Чунки барқарорлик, бирлик, баҳамжиҳатлик бор жойдагина қудратли давлат ва ривожланган жамият барпо этилади. Энг муҳими, Ўзбекистон халқида ана шундай бағрикенглик бор. Тарихан бу исбот топган. Иккинчи жаҳон урушида турли ҳудудлардан олиб келинган юз минглаб оилалар ва болаларга ўзбек халқи бошпана берди. Ҳар бир оила уларни ўз бағрига олиб, ота-оналик меҳрини улашди. Ўзбек халқининг ана шу бағрикенглиги авлоддан авлодга мерос бўлиб ўтиб келаётгани жуда муҳим. – Мазкур анъанавий халқаро конференцияда мунтазам қатнашиб келаман, – дейди Рим-католик маркази раҳбари епископ Ежи Масулевич. 

– Конференция йилдан йилга иштирокчилар сони, мавзулар ранг-баранглиги ҳамда қатнашувчи мамлакатлар географияси кенгайиб бормоқда. Халқаро бағрикенглик байрами бизга Ўзбекистонда кўплаб диний, миллий, маданий марказларнинг тинч-тотув яшаётганини кўрсатяпти. Ҳаётий бир воқеани ёдга олсам: Самарқанддаги черковга борганимда машина ҳайдовчиси айтиб берган ҳолат ҳеч эсимдан чиқмайди. У ўзи тожик, бир қўшниси яҳудий, бошқаси насроний экан. Улар ўз байрамларини бирга нишонлашларини айтганди. Мана шу — ҳақиқий бағрикенглик. Шунингдек, конференция давомида «Тарихий қадриятлар, динлараро алоқа ва диний бағрикенглик; қиёсий таҳлил», «Марказий Осиё давлатларидаги диний вазият», «Замонавий дунёда бағрикенглик: диний, ҳуқуқий ва сиёсий жиҳатлар», «Тарихий қадриятларда диний бағрикенглик тамойиллари», «Ўзбекистон Республикаси – кўпмаданиятли жамият модельи сифатида», «Диний бағрикенглик – жамият тараққиёти пойдевори» ва бошқа мавзуларда диний конфессия вакиллари, диншунос ва ҳуқуқшунос олимлар, соҳа бўйича экспертларнинг маърузалари тингланди. – Асрлар давомида Турон заминида яшаган аждодларимиз диний бағрикенглик тамойилларини ўз турмуш тарзига айлантирган, – дейди Ўзбекистон қозоқ миллий маданий маркази раиси Серикбай Усенов. 

– Диний бағрикенглик ўзбек халқининг турмуш тарзида муҳим ўрин тутган. Бошқа халқлар ва динларга нисбатан этник маданий бағрикенглик ва тотувлик ўзбек халқига хос фазилатлардан биридир. Тарихга назар ташласак, Ўзбекистон илк диний қарашлар ва тасаввурлар ўлкаси эканига гувоҳ бўламиз. Қадимги Хоразм ҳудудида зардуштийлик эътиқоди вужудга келган бўлса, буддавийлик Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларига эрамизнинг бошларида Кушон империяси орқали кириб келгани ёзма манбаларда ёзиб қолдирилган. Бу эса Ўзбекистонда қадимдан диний бағрикенглик тамойили устувор бўлганидан далолат беради. Қизғин мунозара остида ўтган конференция қатнашчиларда катта таассурот қолдирди. Йиғилганлар томонидан бу каби тадбирлар республикамизда яшаётган турли миллат ва элат вакилларининг тили, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини ҳурмат қилишга, жамиятда кўп миллатли катта оила туйғуси, миллатлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз экани таъкидланди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси Матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top