muslim.uz
Мулоҳаза: Кўча эълонларидаги тушунарсиз сўзлар...
Қадимда элчилар тили ва гапириш оҳангига разм солиб, ўша халқ маданияти, дини ва урф-одатларини илғаб олишган. Ҳадиси шарифда: “Шеърда сеҳр, баёнда ҳикмат бор”, дейилади.
Яҳё ибн Маоз айтади: “Қалблар ҳам қозон каби ичидаги бор нарса билан қайнайди, тиллар эса унинг чўмичидир. Бирон киши гапираётганида унга назар солиб турсанг, унинг тили қалбида бор нарсани олиб чиқаётганини кўрасан. Яъни, у дилнинг таъмини баён қилади”.
Қуръони карим саҳифаларини жамлашга киришган ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳу энг соф ва чиройли Қурайш лаҳжасини тадбиқ этишга жиддий эътибор берган. Юсуф Хос Ҳожиб: “Тилингни авайла, омондир бошинг, сўзингни авайла, узаяр ёшинг”, дея таъкидлайди.
Қарийб 31 йилдан буён 21 октябрни ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун сифатида нишонлаймиз. Бироқ ҳамон кўча эълонлари, дўкон ва ошхоналар пештоқига аксар кишилар тушунарсиз, чет сўзларни ёзади. Айниқса, лотин алифбосига асосланган ёзувимизда “х” ва “h” ҳарфларининг фарқига борилмайди.
Аслида она заминга хизмат қилиш шу каби нарсалардан бошланмайдими? Тилимизни давлат тили даражасига кўтаришга кўп машаққатлар билан эришилган. Аждодларимиз бундан 40 йил олдин ҳам тилимизнинг давлат тили бўлишини орзу қилиб ўтиб кетишган...
Бугун ушбу неъмат қадрига етмай, тилимизни бузиш, хато талаффуз қилиш каби ҳолатларга бефарқмиз. Қадимдан давлатчилиги шаклланган бир миллатлигимиз ва унга бўлган ҳурмат ва бу юртни, миллатни келажак авлодларга соф ҳолда етказиш ҳисси ҳаёлимизга ҳам келмаётгандек... Фақат моддиятни ўйлаяпмизми?
Азим Тошкентнинг мактабларидан бирида таълим берган оғайнимиз ҳикоя қилади: “Ўқувчиларнинг она тили қоидаларини ўрганишга, яъни сўз қурилиши, бирикмаси, имло, тиниш белгилари ҳақидаги билими етарли эмас. Ҳатто еттинчи-саккизинчи синфда ўқиётган боланинг диктант, иншо ёзишда нўноқлиги сезилади. Ачинарлиси, улар ҳали етарли билимга эгамаслигини тан олишмайди. Шу мактабда атиги бир юз йигирмата сўздан етмиш иккита хато қилган саккизинчи синф ўқувчиси олдида мактабнинг директор ўринбосари, тиниш белгиларни хато ҳисобламанг, деганида афсусдан ёқамни ушладим. Мактаб кутубхоналари эса, ҳалигача етарли адабиётлар билан бойитилмаяпти...”.
Кўчада йўл ҳаракатини бузган ҳайдовча ёки йўловчи жаримага тортилади. Ёки жамоа жойларда ҳурматсизлик қилган қонунбузар жазодан холи қолмайди...
Кўча афишалари, реклама тахта ёзувлари, дўконлар тепасидаги ёзувлардаги хатоликлар, ажнабий ёзувларнинг кўпайиб кетганини кўриб, ачиниб кетади киши.
Яқинда олти ёшли жияним “мени салон красотага оборинг”, деб қолди. Ғалати эшитилган бу сўзни тушунмагандай опамга қарадим: “Тоғаси, бу сартарошхонани айтаяпти”, дейди.
Ҳа, аҳамият берсангиз, кўп жойларда ҳар беш-олти ердан тўрттаси “салон красоты” экан. Ё дўкон пештахтасидаги: “2000 hildagi oboylar” деган ёзувга эътибор беринг. Биринчи сўзда “х” ҳарфи ўрнига "h"ни, иккинчисида русча “обой” сўзига ўзбекча “лар” қўшимчасини қўллаган. Ушбу иборани чиройли қилиб, соф она тилимизда “2000 xildagi gulqog’ozlar” деб ёзиш ҳам мумкин эдику!
Шунга ўхшаш йўловчи ташиш машиналаридаги “Лицензиясиз йўловчиларни ташиш қонунга хилоф” каби ибораларга диққат қилинг. Бу ёзувни ўқиган киши йўловчиларга ҳам лицензия бериладими, деб ҳайрон бўлмайдими?
“Салон красоты” атамасига анча кўникиб қолгандирмиз балки. Аммо ўқишни энди ўрганаётган боғча боласи ё мактабга бораётган ука-сингилларимиз, ўғил-қизларимиз салон красоты, деб гапириши табиий ҳол бўлиб қолди.
Хулоса ўрнида, ҳар кимнинг инсонийлиги тилига қай даражада эътибор беришига боғлиқ. Зеро, Ҳақ таоло Ўзининг “мутакаллим”, яъни сўзлагувчи деб аталмиш сифатидан башариятга улуш қилиб берган катта неъматни қадрлаб, ундан хайрли мақсадда фойдаланайлик.
Абдувоҳид ЎРОЗОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
“Ўзингга раҳминг келсин, бунақада ҳалок бўлишинг муқаррар...”
Мусулмонларни куфрда ва ширкда айбловчилардан бири:
– Солиҳларни табаррук қилиш (улуғ зотларнинг қабрларини зиёрат қилиш, улар ҳаққига қабри олдида дуо қилиш, баъзи нарсаларини табаррук этиш) ширк, – деди.
Шунда илм аҳлидан бир зот ундан сўради:
– Бизларга фарзандлар ҳадя қиладиган ким?
У:
– Аллоҳ.
– Ундай бўлса, Аллоҳ таоло роббимиз Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил этган бу оят ҳақида нима дейсан:
«У: «Мен Роббингнинг элчисиман, холос, сенга бир пок ўғилни ҳадя этиш учун келдим», деди. (Марям, 19).
(яъни, бу сўзни фаришта айтаяпти).
– Бу бир сабаб.
– Шундайми, ундай бўлса, инсонларни ҳаққа ким ҳидоят қилади?
– Аллоҳ.
– Унда бу оят ҳақида қандай фикрдасан?
«Албатта, сен тўғри йўлга ҳидоят қилурсан». (Шўро, 52).
(яъни, Пайғамбар алайҳиссаломга хитоб қилинмоқда).
– Сабаб-да...
Сўнгра эса ундан яна сўради:
– Инсонларни ким ризқлантиради?
– Аллоҳ.
– Унда бу оят ҳақида нима дейсан?
«Агар тақсимлашга қариндошлар, етимлар ва мискинлар ҳозир бўлсалар, уларни у (мерос)дан ризқлантиринглар».
(Нисо, 8)
– Сабаб...
Кейин яна сўради:
– Яратгувчи ким?
– Аллоҳ.
– Аллоҳ таолонинг Ийсо алайҳиссаломга айтган бу қавлига нима дейсан?
«Мен сизларга лойдан қушга ўхшаш суврат ясайман...»
(Оли Имрон, 49).
– Сабаб маъносидаги тасвир...
Сўнгра сўради:
– Жонларни ўлдирувчи ким?
– Аллоҳ.
– Ундай бўлса бу оятга нима дея оласан?
«Сен: «Сизларга вакил қилинган ўлим фариштаси жонингизни оладир».
– Сабаб...
Сўнгра яна сўради:
– Инсонларга ким мадад беради?
– Аллоҳ.
Унда бу оятга не дейсан?
«Сабр ва намоз ила ёрдам сўранг».
(Бақара, 45).
– Сабаб...
Сўнгра сўради:
– Халққа ким ёрдам бера олади?
– Аллоҳ.
– Унда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан имом Бухорий ривоят қилган ушбу саҳиҳ ҳадис ҳақида нима дейсан:
"Қиёмат куни қуёш одамлар бошлари устига яқинлаштирилади. Сўнгра улар Одам алайҳиссаломдан, сўнгра, Мусо алайҳиссаломдан, сўнгра эса Муҳаммад алайҳиссаломдан ёрдам сўрашади".
– Сабаб...
Шунда у:
– Эй сен ҳаммани ширк ва куфрда айбловчи кимса. Сўралган нарсаларга берган жавобингнинг барчасида оят ва ҳадислардаги маънонинг зоҳирини эмас, сабаб эканини сўзладинг.
Нима учун сизлар мусулмонларни тун-у кун кофирга чиқараверасизлар? Тавассул сабабли мушрикка ҳукм берасизлар. Пайғамбарлар ва солиҳ зотларни табаррук этишлари, зиёрат қилишлари сабабли мушрик дейсизлар?
Ўзинг билиб турибсанки, баъзи сабаблар қабул қилиш учун лойиқ бўлиб, эзгу амаллар учун эшик бўлади. Бунга эса далиллар жуда кўп ва аниқдир.
Уларнинг жоизлиги ва яхши амал эканини Ислом умматининг тўрт мазҳаби уламолари жумҳури айтишган.
Ўзингга раҳминг келсин. Аллоҳ таолонинг мўмин бандалари ҳақида ҳукм қилишдан Аллоҳга тақво қил.
Таржимон Суннатуллоҳ Абдулбосит
Бир савол сўрасам: Қариндошим берган гувоҳлигим сабабли қамалди. Бу ишим учун гуноҳкор бўламан-ми?
— Бир қариндошимизнинг қилган жиноятига гувоҳлик бергандим. Қариндошимиз қамалди. Энди унинг оиласи мени айблаяпти, қамалишига сабабчи бўлдинг, ёмонлик қилиб, гуноҳ иш қилдинг, деяпти. Мен ёлғон гувоҳлик берганим йўқ. Қилган ишим гуноҳмиди?
— Гувоҳлик жуда ҳам нозик ва масъулиятли ишдир. Чунки гувоҳлик бериш йўли билан далил-ҳужжат етишмай турган ишлар ҳал бўлади. Бир оғиз гувоҳлик сўзи билан бировга нисбатан ўлим ҳукми чиқиши ёки бекор қилиниши мумкин. Биров қамалиб кетиши ёки қутулиб қолиши мумкин. Исломда гувоҳлик адолат ила бўлишига катта эътибор берилади. Лекин ёлғон гувоҳлик бериш, гуноҳ ҳисобланади.
Аллоҳ таоло “Нисо” сурасида марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Адолат ила туринг ҳамда агар ўзингиз, ота-она ва қариндошлар зиддига бўлса ҳам, Аллоҳ учун гувоҳлик берувчи бўлинг. Агар у бой бўлса ҳам, камбағал бўлса ҳам, Аллоҳ унга яқинроқдир. Ҳавойи нафсга эргашиб, адолатсизлик қилманг. Агар тилингизни бурсангиз ёки юз ўгириб кетсангиз, албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан ўта хабардордир”.
Демак, гувоҳлик Аллоҳ учун бўлиши керак. Бошқа нарса учун эмас. Ана шундагина адолатли гувоҳлик бўлади. Албатта, инсоннинг ўзига қарши гувоҳлик бериши, ота-онаси ёки қариндош уруғига қарши гувоҳлик бериши осон эмас. Бу иш гапиришга осон, холос. Лекин илоҳий таълимот шуни ирода қилади. Ана шундагина ҳақиқий адолат юзага чиқиши мумкин.
Шунингдек, бу бой экан, кейин менга нисбатан ҳар нарса қилиш унинг қўлидан келади, деб қўрқиб, ёки бой экан, бунга бало ҳам урмайди, деб нотўғри гувоҳлик берманг. Тўғри гувоҳлик беринг.
Исломда гувоҳликни беркитиш ёки уни адо этишдан қочиш ҳам катта гуноҳ ҳисобланади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан бирида: “Гувоҳларнинг энг яхшиси сўралмасдан туриб гувоҳлик берадиганларидир”, – деганлар. (“Тафсири Ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
Қуръон ўқи... (Аудио)
Унутилаётган суннатлар (6-суннат) Чироқларни ўчириб ётиш
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Идишларнинг оғзини ёпиб, эшикларни тамбалаб ва чироқларни ўчириб ётинглар, чунки сичқон пиликни тортиб юбориб, уй аҳлини ёқиб юбориши мумкин”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Демак, ўт чиқишига сабаб бўладиган жиҳозлар, яъни газ ва электр жиҳозларига уйқудан олдин эътибор бериш ҳам динимиз одобларидан экан. Бу ҳадис нафақат дунёвий манфаатларни, балки диний манфаатларни ҳам ўз ичига олган. У асраш лозим бўлган ҳар бир жонга эътибор ва беҳуда сарфлаш гуноҳ бўлган молни сақлашга ундовдир.
Қолаверса, замонавий илмий тадқиқотлардан маълум бўлишича, ухлаган пайтда чироқни ёниқ қолдириш инсон миясининг муҳим жойларига таъсир қилиб, турли изтироб ва руҳий тушкунликларга ҳамда семириб кетишга сабаб бўлади. Шунинг учун олимлар тана ва мия дам олиши учун тунда чироқларни ўчириб ётишни тавсия қилишади.
Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!
Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад
Даврон НУРМУҲАММАД