muslim.uz

muslim.uz

... Ҳақиқатан, сизларга ўзларингиздан (чиққан), қийинчиликларингиздан алам чекадиган, сизлар билан (ҳидоят топишингиз билан) қизиқувчи, мўминларга мушфиқ ва раҳмдил Расул келди” (Тавба сураси, 128-оят) деб марҳамат қилган ҳамда Ўзининг ҳидоятига бошлаган, уммати Муҳаммад қилган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин!

“Аввалги пайғамбарлар ўз қавмларигагина юборилар эдилар. Мен эса ҳаммага баробар пайғамбар қилиб юборилганман”, деган ҳабибимиз ва шафоатчимиз Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга батамом салавоту саломлар бўлсин!

Севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафао соллаллоҳу алайҳи васаллам Фил йилида Робиъул аввал ойининг ўн иккинчиси (баъзи манбаларда 8, 9 ёки 10-кунлари), душанба куни (милодий 571 йил, апрель ойида) дунёга келдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам душанба куни рўза тутиб: “Бу мен туғилган кун”, деб айтардилар (Имом Муслим ривояти).

Робиъул аввал ойи қандай ой? Ҳижрий-қамарий тақвим бўйича йилнинг (Муҳаррам ва сафар ойларидан кейинги) учинчи ойи. Бу ой Ислом уммати учун энг севимли ойлардан бири саналади. Чунки бу ойда Аллоҳнинг сўнгги пайғамбари ва ҳабиби, Сарвари коинот Муҳаммад алайҳиссалом таваллуд топганлар. Шу боис бу ой “Мавлуд ойи” деб ҳам номланади.

Мавлуд нима дегани? Мавлуд луғатда “туғилиш” деган маънони англатади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган ой Рабиъул аввал ойи муносабати ўтказиладиган маросим ва тадбирлар “Мавлуди Набий” дейилади.

Мавлуд ойи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни янада қаттиқроқ севишга интилиш, сийратларини ўрганиш, у зотга ҳар бир ишда эргашиш, янада кўпроқ салавоту дурудлар йўллаш ойидир.

Бу ойни қандай ўтказиш керак? Бу ойни Пайғамбар алайҳиссаломни янада кучлироқ севишга интилиш, сийратларини ўрганиш, у зотга ҳар бир ишда эргашиш, кўпроқ салавоту дурудлар йўллаш билан ўтказиш лозим.

Салавот нима дегани? “Салавот” сўзи араб тилидаги “салот” сўзининг жами бўлиб, “дуо” деган маънони англатади.

Салавот қандай айтилади? Саҳобалар розияллоҳу анҳум Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Ё Расулуллоҳ сизга салавот айтиш қандай бўлади?” деб сўраганларида У зот алайҳиссалом: “Аллоҳумма солли ала Муҳаммадин ва аъла оли Муҳаммадин, кама соллайта аъла Иброҳийма ва аъла оли Иброҳийм. Иннака ҳамийдуммажийд. Аллоҳумма барик аъла Муҳаммадин ва аъла оли Муҳаммадин, кама барокта аъла Иброҳийма ва аъла оли Иброҳийм. Иннака ҳамийдум мажийд”, деб айтинглар, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Салавот айтишнинг қандай фазилатлари бор?

Салавот айтиш бахилликдан узоқ қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳузурида зикр қилинсам, менга салавот йўлламаган киши бахилдир”, дедилар (Имом Термизий, Имом Аҳмад ривояти). 

*     *     *

Салавот айтиш дуо қабул бўлишининг омилидир. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир дуо Пайғамбарга салавот айтилмагунча, осмон ўртасидаги парда туфайли ерда тўхтаб туради, салавот айтилса, ўша парда кўтарилади”,дедилар. 

*     *     *

Салавот айтиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига ноил этади. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга жума кунида ва жума кечасида кўп салавот айтинглар, бас ким шундай қилса, мен унга қиёмат куни гувоҳ ва шафоатчи бўламан”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти). 

*     *     *

Салавот айтиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин қилади.Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни менга энг яқин кишилар, албатта, менга кўп салавот айтганлардир”, дедилар (Имом Термизий ривояти). 

*     *     *

Аллоҳ таоло салавот айтувчиларнинг гуноҳини мағфират этади, даражасини кўтаради. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот айтади. Унинг ўнта гуноҳи ўчирилади. Ўн даража юксалтирилади”, дедилар (Имом Насоий ривояти). 

*     *     *

Салавот айтувчиларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эшитадилар. Абдуллоҳ ибн Абу Вафо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жума куни менга салавотни кўпайтиринглар. Албатта, менга етказилади ва мен эшитаман”,дедилар (Имом Ибн Можа ривояти). 

*     *     *

 

  • Салавот айтинг! Ҳар дуонинг аввали ва охирида.
  • Салавот айтинг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмларини айтганда ва эшитганда.
  • Салавот айтинг! Таҳорат олгандан сўнг.
  • Салавот айтинг! Жаноза намозининг иккинчи такбиридан кейин.
  • Салавот айтинг! Масжидга кираётганда ва чиқаётганда.
  • Салавот айтинг! Бошга мушкул тушганда ва хурсандчиликда
  • Салавот айтинг! Ҳар намоздан сўнг.
  • Салавот айтинг! Уйқудан турганда ва уйқуга ётишдан олдин.
  • Салавот айтинг! Қуръони каримни хатм қилгандан кейин.
  • Салавот айтинг! Тонг отганда ва қуёш ботганда.
  • Салавот айтинг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни соғинганингизда... Демак, ҳар кун, ҳар сония, ҳар нафасда салавот айтинг! 

АЛЛОҲУММА СОЛЛИ ВА САЛЛИМ ЪАЛА МУҲАММАДИН ВА ЪАЛА ОЛИ МУҲАММАД

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Эрон миллий стандартлар ташкилоти раҳбари Нире Пирузбахт глобал ва халқаро даражадаги ҳалол озиқ-овқат стандартини ишлаб чиқиш учун 120 дан ортиқ таклиф киритилганини маълум қилди, дея хабар бермоқда "Trend" IRNA га таянган ҳолда.
"Бугунги кунда кўплаб мамлакатларда, жумладан, Россия ва Ўзбекистонда мамлакатимиздаги иқтисодий фаоллар ва ишлаб чиқарувчилардан ҳалол сертификатлар талаб этилади", - дейди у.
"Ўз вазифаларини бажариш учун Эроннинг стандартлаштириш миллий ташкилоти ҳалол стандартларни ишлаб чиқиш ва миллий даражада, айниқса, 2000-йиллар охиридан бошлаб ИҲТга аъзо мамлакатлар даражасида мувофиқлик тузилмаларини тузишда фаол иштирок этмоқда", - дея қўшимча қилди у.
Ислом ҳамкорлик ташкилоти - халқаро Ислом мамлакатлари ташкилоти (2011 йилгача Ислом конференцияси ташкилоти (ИҲТ) деб аталган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

الثلاثاء, 20 تشرين1/أكتوير 2020 00:00

Дамашқдаги ўзбеклар

Бугунги кунда Дамашқ шаҳрининг тарихий марказларида ўзбек этноси билан боғлиқ бўлган кичик маҳаллалар, кўчалар, тарихий масжидлар ва мадрасалар сақланиб қолган. Маълумотларга кўра, 2010 йилларда Суриянинг Дамашқ ва Ҳалаб (Алеппо) шаҳарларида тахминан бир неча минг ўзбеклар (бухорийлар) яшаган. Тарихий манбаларда ўрта осиёликлар, жумладан ўзбеклар Дамашқ шаҳрига туркий мамлуклар билан бирга кириб келгани ҳақида маълумотлар бор. Миср тарихида бўлгани сингари Сурия тарихида ҳам Тулуния ва Ишхидий амирликлари катта сиёсий ва ҳарбий таъсирга эга бўлишган. Мамлуклар даврида ўрта осиёлик йирик мулкдорлар, қўшин қўмондонлари ва сиёсий арбоблар Дамашқда масжидлар, мадраса ва хонақоҳлар қурган.

Юқоридаги суратда: Дамашқдаги ўзбек маҳалласи, ХХ асрнинг 20-йиллари.

XVIII-XIX асрларда ўрта осиёликлар ҳаж зиёрати учун Сурия ҳудудларига Эрон орқали ўтувчи карвон йўллари билан кириб келган. Маълумотларга кўра, бу даврда Дамашқ Ўрта Осиёдан Эрон орқали ўтувчи ҳаж йўлининг сўнгги бекати бўлган. Кўплаб зиёратчилар, ҳаж сафаридан қайтишда шу ерда яшаб қолиб кетишган. Уларнинг махсус хонақоҳлари (такялари) бўлган. Жумладан, Усмоний пошшолар даври ҳали тугамаган бир даврда, Муродия такяси ташкил қилинган бўлиб, бу такяни асли ўрта осиёлик нақшбандия тариқатининг ёрқин вакилларидан бири бўлган Мурод Муҳаммад ал Бухорий номи билан боғлашади, бу ерда нақшбандий тариқатининг суфийлари йиғилишган, ҳожилар учун вақтинчалик бошпана вазифасини бажарган. Бу такя Дамашқнинг ал-Вард маҳалласида жойлашган. Мазкур такя таркибида Муродия жомеъси ҳам бўлиб, у Дамашқдаги катта жомеълардан бири ҳисобланади. Шунингдек, Дамашқда ҳозирга қадар сақланиб қолган Ал-Афрам жомеъсини ҳам ўрта осиёликлар билан боғлашади, у эски Дамашқнинг Ал-Муҳажирин маҳалласида жойлашган. Ўрта осиёликлар Дамашқнинг турли маҳаллаларида яшаганлиги маълум, жумладан, ал-Азбакия, ал-Мухажирин, Аннабаа Ассалихия, Суксаружа, ал-Майдан ва ал-Қадам ва бошқалар.



Суратда: Муродия такяси, ХХ аср.



Суратда: Дамашқдаги Нақшбандия (Муродия) жомеъси.

ХХ асрда Ўрта Осиёда бошланган колхозлаштириш ва ундан сўнг бўлиб ўтган Сталин қатағонлари даврида ўрта осиёликлар аввал Афғонистонга, сўнгра Яқин Шарқдаги катта шаҳарларга кўчиб кетган. Улар Яқин Шарқдаги катта шаҳарларга жумладан, Дамашқ шаҳрига ҳам бориб жойлашган. Дамашққа келган ўрта осиёликлар орасида Бухоро амирлари, Қўқон хонлари оиласига мансуб хон авлодлари, хонликда юқори лавозимларда ишлаган амалдорлар, ҳарбийлар, шайхул исломлар бўлган, шунинг учун ҳам улар бу ерларда катта қийинчиликларга учрамасдан тез орада давлат ва жамиятда ўз ўринларини топишган. Улар умумий ном билан бухорийлар деб номланган. Ўрта осиёликлар орасидан ҳарбий амалдорлар, сиёсатчилар, йирик тадбиркорлар, кўплаб олимлар ва муфтийлар етишиб чиққан. Хусусан, ўз даврида Насохи Ал-Бухорий Сурияда юқори ҳарбий лавозимларда ва бош вазир вазифаларида фаолият юритган. Тилшунос олим, профессор Бурҳон Бухорий нафақат Сурия илмий жамоатчилигида балки ўзбек олимлари орасида таниқли олимлардан биридир.

Бир сўз билан айтганда худди, Саудия Арабистони, Иордания, Қуддус ва Қоҳирада бўлгани сингари Дамашқдаги миллатдошларимиз бунёдкорлиги билан, ватан, ислом дини ва ўзлари яшаб турган жамият тараққиёти йўлида садоқат билан хизмат қилганлар, натижада яхши ном ва ҳурматга сазовор бўлганлар.

Шавкат Икромов,

Яқин Шарқ давлатлари бўйича тадқиқотчи, Тошкент давлат шарқшунослик университетининг ўқитувчиси, Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик марказ докторанти.

 

azon.uz

الإثنين, 19 تشرين1/أكتوير 2020 00:00

МАВЛУД КЕЛИБДУР

(Мавлуд ойининг кириб келиши ва мавлудхонлик ўқишларининг бошланиши муносабати билан)

****

Эй, сиз, аҳли диёр, Мавлуд келибдур,
Нурга чўмиб баҳор Мавлуд келибдур,
Бахтга бўлиб савор Мавлуд келибдур,
Дилга нақшу нигор Мавлуд келибдур,
Иқбол айлаб нисор Мавлуд келибдур.

Мавлуднинг ҳар они қутлуғ биз учун,
Савоблар конига тўлуғ биз учун,
Кўнгилни поклашга бўлуғ биз учун,
Олган ҳар бир нафас улуғ биз учун,
Элга соҳиб осор(1) Мавлуд келибдур.

Бул кун Расулуллоҳ бўйи келмоқда,
Тонгдан ҳазратимнинг ўйи келмоқда,
Барча мусулмоннинг тўйи келмоқда,
Дилга шариатнинг рўйи келмоқда,
Файзу футуҳга ёр Мавлуд келибдур.

Тилда такрорланур бул кун саловот,
Дилдан ёт фикрлар бўлур бари ёт,
Дилни тиргизмоқда бу обиҳаёт,
Деймиз, ас-салоту ҳамда ва-с-салот,
Чунки, айлаб бедор Мавлуд келибдур.

Дилдан ўқигаймиз Мавлуд ун -Набий,
Хоҳи шайху шоббмиз,(2) хоҳи биз сабий,(3)
Дилга илҳом солур олами ғайбий,(4)
Ором олма асло, тинма, эй қалбий,
Савоб тўла биҳор(5) Мавлуд келибдур.

Мавлуд ойи, билсанг, зарнигор ойдир,
Қалбни ёритувчи навбаҳор ойдир,
Аҳли муслим учун эътибор ойдир,
Минг йил ўтар, аммо барқарор ойдир,
Кучга тўла мадор Мавлуд келибдур.

Набийга эҳтиром изҳор қилурмиз,
Дилни ибодатга бедор қилурмиз,
Шайтоннинг қалбига озор қилурмиз,
Иймон, эътиқодга мадор қилурмиз,
Чунки, бизга ғамхор Мавлуд келибдур.

Расулга салот де, ўн салот олгин,(6)
Боқий жаннат ичра, кел, ҳаёт олгин,
Самога учгину самовот олгин,
Ҳуру ғилмон олгин, илтифот олгин,
Боғ каби беғубор Мавлуд келибдур.

Эй дўсту биродар Мавлудга келинг,
Сизни кутар самар Мавлудга келинг,
Бошлар осмон қадар Мавлудга келинг,
Ғамлар кетсин бадар Мавлудга келинг,
Ичи тўла асрор Мавлуд келибдур.

Бугун барча тилдан ўтар Барзанжий,(7)
Ичи тўла дуру ёқутдир ганжий,
Дилга шодлик етар, етмагай ранжий,
Набиймиз ҳақида хўб сухансанжий,(8)
Бизга олиб ахбор Мавлуд келибдур.

Бизга Мавлуд ойи доим бор бўлсин,
Уни ўқиганлар бахтиёр бўлсин,
Абри баҳор каби хуш нисор бўлсин,
Махдум сўзлари ҳам гуҳарбор бўлсин,
Файзи Парвардигор Мавлуд келибдур.

Маҳмуд ҲАСАНИЙ (МАХДУМ)

1 Соҳиб осор - таъсир эгаси.
2 Шайху шобб -кнкса ва ёш йигит.
3 Сабий -ёш бола
4 Олами ғайбий - ғайб олами.
5 Биҳор - денгизлар.
6 Расулуллоҳга битта салавот ii айтилса, Аллоҳ унга ўнта саловот айтади (ҳадис).
7 Барзанжийнинг "Мавлуд ун-Набий" китобига ишора.
8 Сухансанж -чиройли гапирувчи, сўз устаси.

Видеолавҳалар

Top