muslim.uz
Шайх Алоуддин Мансур ҳақида...
Нафақат ўзбек халқи, балки бутун Марказий Осиё мусулмонларининг фахри, атоқли уламо, муфассир, муҳаддис ва мўътабар Ҳанафий мазҳабимиз забардаст олими Шайх Алоуддин Мансур раҳимаҳуллоҳнинг вафотлари муносабати билан барча илм аҳли, шогирдлари, мухлислари ҳамда минтақамизнинг барча мусулмонларига чуқур таъзия изҳор этамиз.
Шайх Алоуддин Мансур ҳазратлари йирик уламо бўлишлари билан жуда камтарин ва дилкаш инсон эдилар. Мавъизалари давомида бир маромда, тингловчини чарчатмасдан гапиришлари айниқса аҳли илмларни мафтун этар эди.
Ҳар бир ишдан илоҳий ҳикматни англашга уста эдилар. Ҳанафий мазҳабимизнинг энг йирик манбаларидан "Бадоъиус саноиъ фий тартибиш шароиъ" асарини таржимасини ниҳоясига етказган кезлари "Кўкалдош" мадрасасида устозимиз Абдулҳаким қори домла томонларидан ташкил этилган аҳли илмлар суҳбатларида мен хизмат қилиб юриб марҳум Анвар қори аканинг юқоридаги асар таржимасига қўл уришлари сабаби ҳақида берган саволларига қайтарган жавоблари ҳозиргача ёдимда сақланиб қолган.
"Ушбу асарни Алоуддин Самарқандий (“Туҳфатул фуқаҳо”) таълиф этганлар. Алоуддин Косоний шарҳлаганлар Алоуддин Мансур таржима қилди", деб камтарлик изҳор этган эдилар.
Яъни, "мен ҳеч нарса қилганим йўқ. Балки, Алоуддин исмли кишиларнинг ишини давом эттирдим, холос", деган эдилар.
Аллоҳ таоло марҳум устозни Ўз раҳматига буркаб, Мовароуннаҳр халқларига ўз Роббиларининг каломини тушунишлари учун қилган хизматларининг ажр-савобини зиёда қилиб берсин!
Иннаа лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун!
Зикрулло Маҳкамов,
“Ҳасанхон қори” жоме масжиди имом-хатиби
Ҳеч шубҳа йўқки, булутда заряд бор
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Қуръони Каримнинг Hyp сурасида шундай дейилади:
«Аллоҳ булутларни ҳайдашини, сўнгра уларнинг орасини бирлаштиришини, сўнгра уйиб қўйишини кўрмадингми?! Бас, унинг орасидан ёмғир чиқаётганини кўрурсан» (43-оят).
Авваллари одамлар бу оятни эътиборсиз ўқиб юришган. Лекин аслида у борлиқдаги ҳақиқатларнинг онаси эканлигини илм кашф этди. Чунки булутларнинг қўшилиши турли зарядларга эга бўлган булутларнинг бирлашувини билдирар эди. Ҳеч шубҳа йўқки, булутда заряд бор. Буни Франклин деган олим 1752 йилда кашф этган.
Маълумки, қарама-қарши зарядлар бир-бирини тортади, бир хил зарядлар эса бир-биридан қочади. Бу аслида булутларни тарқатиб юбориши керак. Лекин шамол уларни бир-бирига яқинлаштиради. Шунда булут катталашади, ердан бораётган шамол мусбат зарядларни олиб боради, улар фазодаги мавжуд зарядлар билан бирлашиб, буғнинг сув томчиларига айланишига сабаб бўлади. Ва ниҳоят, ёмғир ёғади. Ёмғирнинг ҳосил бўлишига асосий сабаб ҳаводаги электр зарядидир. Бу зарядларни эса шамол бирлаштиради. Қуръони Каримда ушбу ҳодиса шундай баён қилинган:
«Биз шамолларни урчитувчилар этиб юбордик. Бас, осмондан сув тушириб, у ила сизларни сероб қилдик» (Ҳижр сураси, 22-оят).
«Қуръон ва суннатдаги илмий мўъжизалар» китобидан
Ҳамон қирқ ёшдасиз (Аудио)
ОНЛАЙН: Муфтий ҳазратлари “Ракат” масжиди қурилиши билан танишмоқдалар
Бугун, 14 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги “Ракат” жоме масжидининг қурилиш жараёнини кўздан кечирмоқдалар.
Ташриф давомида муфтий ҳазратлари масжид қавми, ходимлари, уста-муҳандислар билан суҳбат қуриб, масжиднинг янги биносида намозхонларга қилинаётган имконият ва шароитлар бўйича тавсия ва таклифларини бериб, бу улкан савобли ишга ҳисса қўшаётган кишилар ҳақига хайрли дуолар қилдилар.
Тафсилотларни сайтимизда ёритиб борамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Унутилаётган суннатлар (3-суннат): Уйқудан уйғонганда юзни ишқалаш
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйғониб, ўтирдилар ва юзларини ишқалаб, уйқуни аритдилар” (Имом Муслим ривояти).
Уйқудан уйғонган киши аввал ўтириб, сўнгра икки қўлини юзига суртиб, уйқуни кетказади, кейин зикр қилади.
Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Келинг, биз ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ уйқудан уйғонганимизда юзимизни ишқалашга одатланайлик.
Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!
Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад
Даврон НУРМУҲАММАД