muslim.uz
“Экстремистик ғояларни инкор қилишда шаръий далиллар” (биринчи қисм)
Ғайридинлар билан ҳамжиҳат бўлиб яшашда мўътадил ва мутаассибона ёндашув орасидаги фикрлар
Бугунги кунда турли экстремистик гуруҳлар муқаддас динимиз номидан амалга ошираётган хунрезликлари сабабли муқаддас Ислом динимиз мусулмон бўлмаганлар назарида тор доирадаги қолоқ дин сифатида баҳоланмоқда. Газета, журнал ва турли ахборот воситалари орқали Ислом динига қарши турли кўринишларда бўлган глобал аксилташвиқотлар тарқатилмоқда. Экстремистик оқимлар келтириб чиқараётган оқибатларни муҳокамаси учун халқаро анжуманлар ўтказилмоқда. Айрим халқаро анжуманларда инсониятни ҳалокат ва қирғинлардан муҳофаза қилиш шиори остида мусулмон жамиятларида бўлса-да, мусулмонликка ёт бўлган дастурий чораларга тарғиб қилинмоқда. Айрим ёшларини динимиз ҳақидаги билимлари юзаки бўлгани боис мутаассиб ғоялар қаршисида иккиланиб қолмоқдалар. Чунки уларнинг назарида гўё ушбу экстремистик оқимлар асл мусулмонлардир. Айримлар Ислом динига адоватда бўлдилар ва Исломга терроризм ва жоҳиллик тамғасини қўймоқдалар. Муқаддас динимизга ушбу ёлғон тамғани босаётганлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни ғайридинлар билан ҳамжиҳат бўлиб яшашга доир амалий суннатларини бутунлай назардан қочирмоқдалар.
Муқаддас динимиз бизни ғайридинлар билан нафақат ҳамжиҳатликда яшашга, балки, улар билан ислоҳотлар ўтказиш, ўзаро манфаат ва фикр алмашинувларида ҳам ҳамкорлик қилишга чақиради. Мусулмонлар ва мусулмон бўлмаганлар орасида набавий суннат ўлароқ жорий бўлиб келаётган ушбу жараён Ислом динининг нурли тонги отган замонларданоқ бошланган эди.
Шу нуқтаи назардан биз ушбу баҳсларимиз орқали бугун кўпчилик одамларни қизиқтираётган мазкур муҳим масалаларни Китоб ва Суннат асосида атрофлича чуқур ўрганамиз. Воқеликда кўп учрайдиган – мусулмонлар қандай қилиб ғайридинлар билан ҳамжиҳатликда яшаган, қандай қилиб турли дин эгалари орасида тинчлик ва хотиржамликни таъминлаган, бугун биз етиб келган жорий ҳолатимизнинг сабаби нимада? – қабилидаги саволларга жавоб топамиз.
Юқоридагилардан келиб чиқиб бу мавзудаги маълумотларни уч фаслга бўлиб ўрганамиз.
1. Мусулмонларни мусулмон бўлмаганлар билан ҳамжиҳат бўлиб яшашида набавий суннатнинг тутган ўрни.
2. Экстремистик оқим аъзоларининг мусулмон бўлмаганларни қатл қилишдаги даъволари.
3. Экстремистик жамоаларнинг қилмишлари ортидан юзага келаётган вазият. Уларни жамиятнинг бошқа аъзолари билан муросага бормаслиги.
Дарҳақиқат, Ислом дини ўзининг шонли тарихи давомида мусулмонларни ғайридинлар билан бир жамиятда ҳамжиҳат бўлиб яшаши асосини ўрнатди. Шунинг учун ҳам мусулмонлар жамиятида, улар билан бирга тинч-тотув яшаб келаётган кўплаб ғайридинларни учратишимиз мумкин. Қуръони Каримда айни шу ҳукмга далолат қиладиган бир қанча оятлар нозил бўлган. Жумладан, Ҳужурот сураси 13-оятида шундай дейилади;
“Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир”.
Аслида ушбу ҳамжиҳатлик ва маданий алоқалар бутун инсоният тарихи давомида мустаҳкамлаш учун уриниб келаётган энг олий ҳақиқатдир. Айни мазкур масалада мусулмон одам Ислом дини кўрсатмаларига мувофиқ ҳатто, ғайридин бўлган қўшниси билан ҳам яхши муомалада бўлган, унга зарар етказмаган. Гарчи унинг дину-диёнати бошқа бўлса ҳам, унга дўстона муносабатда бўлган. Ислом ўзининг дастлабки давридан бошлаб, аниқроғи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оламларга раҳмат пайғамбари бўлиб келган даврдан эътиборан худди шу услубни бошлаб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан кейин эса у зотнинг саҳобалари Расулллоҳнинг ушбу амалиётлари, суннатларини изчил давом эттирдилар. Улар улкан мамлакатларни фатҳ қилар эканлар, ўзга дин вакилларидан бирортаси мусулмонлар ҳукми остида яшашдан оғринмади. Чунки улар мусулмонлар жамиятида яшаган пайтларида ўзларининг иззат-нафси, аҳли оиласи, мол-мулклари тўлақонли ҳимоя остида эди. Ғайридинлардан бўлган бирорта фуқаро ўзи билан бирор мусулмон шахс орасида юзага келган келишмовчиликдан мусулмонлар маҳкамасига даъво билан чиқса-ю, ҳақиқат у томонда бўлса, маҳкама қозиси ҳеч бир тараддудсиз ғайридин фойдасига ҳукм қилар эди. Бу каби оламшумул воқеаларга тарих кўп бора гувоҳ бўлган. Натижада ғайридинларнинг айримлари мусулмон бўлар, хоҳлаганлари эса ўз динида бўлса-да эркин, ҳур қолар эди. Мусулмонлар томонидан уларга нисбатан зулм ва тажовуз қилинишига, уларни обрўсизлантиришга асло йўл қўйилмас эди. Муборак ҳадиси шарифларда “инсонни инсонга қул бўлиши йўқдир. Чунки уларнинг оналари уларни ҳам ҳур ҳолатда туққандирлар” дейилган олий инсоний меъёр мусулмонлар ҳаётида ўз ифодасини топган эди.
Имоми Аҳмаднинг “Муснад”ларида Абу Умомадан қуйидаги ҳадиси шариф ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен Аллоҳ Таолони ёлғиз деб билган, хулқда олийжаноб, бағрикенг бўлган дин билан жўнатилдим”, дедилар”.
Қуръони каримдан далиллар
Китоб ва суннатда бу масалаларга оид яна кўплаб далиллар мавжуд. Жумладан:
1. “Динга мажбур қилиш йўқ. Батаҳқиқ, ҳақ ботилдан ажради”. ( Бақара, 256 )
2. “Шунинг учун ҳам Бани Исроилга “Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, гўё барча инсонларни ўлдирган бўлади. Ким уни тирилтирса (ҳаётини сақлаб қолса) гўё барча инсонларни тирилтиргандек бўлади”- деб ёздик”. (Моида, 32).
3. “Албатта, Аллоҳ сизларга омонатларни ўз аҳлига етказишларингизни ва агар одамлар орасида ҳукм қилсангиз, адолат билан ҳукм қилишни амр қилур. Аллоҳ сизларга қандай ҳам яхши ваъз қилур! Албатта, Аллоҳ ўта эшитувчи ва кўрувчидир”. (Нисо, 58).
4. “Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳ учун ҳақда туринг, адолатли гувоҳ бўлинг. Бир қавмни ёмон кўришингиз сизларни уларга нисбатан адолат қилмасликка олиб бормасин. Адолатли бўлингки, ана шу иш тақвога энг яқин ишдир. Аллоҳдан қўрқинглар. Албатта Аллоҳ қилаётган ишларингиздан ўта хабардордир” (Моида, 8).
5. “Аллоҳ сизлар билан диний уруш қилмаган ва сизларни ўз диёрларингиздан қувиб чиқармаган қавмларга яхшилик қилишдан, уларга адолат кўрсатишдан сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни яхши кўради”. (Мумтаҳана, 7).
Ушбу ояти карималардан маълум бўлишича, Ислом шариати том маънода жамиятда адолатни талаб қилади. Одамларни диний эътиқоди ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, ҳаммага бирдек айни талабни қўйилиши Исломнинг улуғворлигидир. Оятларни чуқурроқ ўргансак, бир инсоннинг ўлими ҳатто, умумбашарият ўлими, унинг ҳаётининг сақлаб қолиниши эса умумбашарият ҳаётини сақлаб қолинишига тенглаштирилмоқда. Бошқа динлардан фарқли ўлароқ, ушбу Қуръоний кўрсатмалар фақат мусулмонларгагина хос қилинмади.
Инсофли тарихчилар томонидан ёритилишича, мусулмонлар китоб ва суннати набавия келтирган нурли манҳажда яшаган даврлар ҳар томонлама тараққиёт даври бўлди. Бугунги кунимизда атайлаб Ислом динига боғланаётган халқаро терроризм ва вайронкорликларни динимиз бутунлай қоралайди. Уларнинг ҳаммаси очиқ-ойдин динимизга туҳматдир.
Бугуннинг манзараси
Бугунги кунда дунё саҳнасига чиқаётган янги авлод орасида бир турфа жамоалар пайдо бўлди. Улар жамиятларни вайрон қилиш, мусулмон ва ғайридинлар орасига низо уруғини сочиш билан банд бўлмоқдалар. Афсуски улар ҳар қандай ишга ҳам рухсат бераверадиган, ҳар қандай яхшиликдан кўз юмиб кетадиган, ҳар қандай қабиҳликни ҳам қилаверадиган экстремистик гуруҳлар бўлиб шаклланди.
Уларнинг асосий даъволаридан бири дин ва ақидада ўзларига мухолиф бўлган томонни душман деб билишдир. Шунинг учун ҳам улардан кўпчилиги ўзларига эргашмаган мусулмонларни кофир деб уларнинг молу жонларини ўзларига ҳалол қилиб олмоқдалар. Улар Ислом жамиятлари ва мусулмонлар ҳақида шу каби ҳукм чиқарганидан кейин ғайридинлар ҳақида қандай йўл тутиши ҳаммага маълум.
Улар ўз ҳаракатлари билан асри саодатдан бери давом этиб келаётган – мусулмонларни ғайридинлар билан ҳам бир жамиятда ҳамжиҳат бўлиб яшашидек буюк исломий манҳажни ўзгартириб юбордилар. Оқибатда жамият аъзолари орасида ўзаро душманлик кайфияти вужудга келди. Бир вақтлар икки хил диёнат эгалари орасида ўзаро узилиш ва ҳеч қандай адоват бўлмаган аслий фитрат ўзгариб кетди. Мусулмонлар ўз зиммаларидаги ғайридинларнинг қўшничилик ҳақларини ҳам эсдан чиқардилар. Мусулмонлар ҳатто гўзал мавъиза, чиройли даъват устига қурилган Қуръоний кўрсатмаларни-да назардан қочирдилар.
“Роббингни йўлига ҳикмат ва чиройли панду насиҳат билан даъват эт. Улар билан энг гўзал услубда мунозара олиб бор”. (Наҳл, 125)
Ҳозирда экстремистик оқим намоёндалари ўзига мухолиф бўлган мусулмон ва мусулмон бўлмаган жамиятлар орасида турли теракт амалиётларини уюштирмоқда. Мусулмон бўлмаган давлатларда чет эл элчихоналари ва черковларни портлатиб юбормоқда. Америка ва Европа давлатларида кемаларни гаровга олмоқда. Давлатлараро кенг қўлланиладиган ўзаро ишонч ва ҳамкорлик ришталарини узмоқда. Бугунги кунимизда мусулмон бўлмаганлар уларни қилмишларини кўриб, гўё Ислом дини мана шундай вайронкор ва зўравонлик дини деб тушунмоқдалар. Турли экстремистик оқимларнинг бу кирдикорлари Қуръони карим оятларига мутлақо хилофдир. Яъни аслида улар инсонни молу мулки, иззат-нафси, қони, қўшничилик ҳақи ва ҳурриятини муҳофазасига қаратилган Ислом асосларига хилоф иш қилмоқдалар.
(Давоми бор)
“Экстремистик ғояларни инкор қилишда шаръий далиллар” китобидан Тоҳир Воҳидов таржимаси
Узоқ умр, кенг ризқ гарови
Узоқ умр кўриш, кенг ризққа эга бўлиш – ҳар бир инсон орзуси. Кимдир бу йўлда кунни тунга, тунни тонгга улаб меҳнат қилса, яна кимдир бошқа чоралар ахтаради. Баъзан минг урингани билан иши бароридан келмаётганидан нолийдиган инсонларни учратамиз. Бундай инсонлар кенг ризққа эга бўлиш учун ҳар чорани кўришади-ю, бироқ Набиййи муҳтарам алайҳиссаломнинг биргина ҳадисларини унутиб қўйишади. Бу ҳадис...
“Шарҳус сунна” китобида ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг қарамоғида уч қизи бўлса ёки отаси вафот этиб, уч синглиси қарамоғида қолса, уларга меҳрибонлик қилиб, борадиган жойида муросали яшаб кетадиган даражада яхши одоб ўргатса, Аллоҳ унга жаннатни вожиб қилади”, деганлар. Шунда бир киши: “Ё Аллоҳнинг пайғамбари! Қизи икки нафар бўлса-чи?” деб сўради. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам: “Икки нафар бўлса ҳам”, дедилар. “Бир нафар бўлса-чи?” деб сўрашганида: “Бир нафар бўлса ҳам”, дедилар.
Аёл киши турмуш қургунича отаси, ака-укаси ёки бирор бошқа эркак қариндошининг қарамоғида бўлади. Оила қуриши билан эрнинг қарамоғига ўтади. Тақдир тақозоси билан қиз оиласидан ажрашиб келса ёки турмуш ўртоғи вафот этиб, бева қолса, унга ким қарайди?
Бундай ҳолларда аёлнинг маҳрамлари уни ўз ҳолига ташлаб қўймасликлари, ўксиган кўнглига тасалли бериб, илгаригидек яхшилик қилишлари лозим. Бундай эзгулик хайр-эҳсоннинг энг яхшиси ҳисобланади.
Ривоят қилишларича, бир аёл оғир хасталикка чалинади. Шунда у дори-дармонига маблағ топа олмай, минг хижолат билан укасининг хонадонига келади. Ҳол-аҳвол сўрашиб, гапни нимадан бошлашни билмай турганида, укаси: “Опа, тинчликми?” деб сўрайди. Опа мақсадини минг истиҳола билан тушунтиради: “Тобим қочиб, шифокорга борган эдим, зудлик билан операция қилиш зарурлигини айтди. Бир қанча дори-дармонлар буюрди. Биласан, жиянларинг ҳали ёш, ёлғизман. Сендан нажот истаб келдим”.
Опанинг нигоҳлари ерга қадалган эди. Ука опанинг аҳволини тушунмади ёки тушунишни истамади. “Опа, кўриб турибсиз, уй қуриб, таъмирлаш ишларини тугатай деб турибман. Ортиқча маблағим йўқ!”.
Опа ота-онасидан ёлғиз ёдгорлиги бўлган укасининг хонадонидан бошини эгиб чиқиб кетди.
Муолажа ўз вақтида кўрсатилмагани боис дард зўрайиб, опа омонатини топширди. Уканинг эса уйига тасодиф туфайли бир кечада ўт кетиб, бор-будидан айрилди.
Шариатимиз аҳкомларида силаи раҳм кенг тарғиб қилинган. Жамиятда қариндошлик алоқаларининг, яъни силаи раҳмнинг аҳамияти адолат, яхшилик қилиш ва бошқа чиройли амаллар каби муҳимдир.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилдилар: “Аллоҳ таоло раҳмли инсонларга раҳм қилади. Ер юзидагиларга меҳрли, шафқатли бўлинг, осмондагилар сизларга раҳм қилишади. Раҳм (қариндошлик алоқалари) Раҳмонга яқиндир. Ким қариндошликни боғласа, Аллоҳ таоло у билан (раҳмат риштасини) боғлайди. Ким уни узса, Аллоҳ таоло ҳам ундан (раҳмат риштасини) узади” (Имом Абу Довуд ва Имо Термизий ривояти).
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу ҳадисларида умматларини силаи раҳмга чақириб, қариндошлик ришталарини узиш Аллоҳ таоло раҳматидан узоқ бўлишга олиб келиши келтирилган.
Киши яқинларига яхшилик қилмаса, туғишганларига нисбатан тошбағир бўлса, бундай инсонлар бошқаларга ҳам бемеҳр бўлади. Ислом таълимоти бундай ишлардан қатъий огоҳ этади.
Суроқа ибн Жаъшамдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Суроқа, сенга энг улуғ садақанинг ёки садақадан ҳам улуғроқ нарсанинг далолатини берайми?” дедилар. “Ҳа, ё Расулуллоҳ”, деди. “Ҳузурингга қайтиб келган ва сендан бошқа таъминотчиси бўлмаган аёл зотига икром кўрсатмоғинг”, дедилар.
Оиласидан ажрашган, боқувчисини йўқотган кишиларга, кам таъминланган оилаларга меҳр-мурувватли бўлиш, уларга ҳам руҳан, ҳам маънан кўмак бериш Аллоҳ таолонинг раҳматига эришиш учун муҳим восита эканини унутмайдик.
Қариндошлик ришталарини турли йўл ва усуллар билан мустаҳкамлашга ҳаракат қилиш инсоннинг ризқи ва умрига барака бериши ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам башорат бериб, бундай деганлар: “Кимни ризқу рўзи кенг бўлиши ва умри узоқ бўлиши хурсанд этса, бас, у силаи раҳм қилсин, яъни қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Демак, узоқ умр кўриш, кенг ризққа эга бўлишнинг асосий омили биргина шу ҳадисда айтиб ўтилган. Шунга амал қилсак, ишонинг, умримиз узун, ризқимиз кенг бўлади, иншоаллоҳ!
Мунира АБУБАКИРОВА,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси
Султон Саодат меъморий мажмуи - Термиз сайидлари дафн этилган жой
Султон Саодат мажмуаси 5 аср давомида (XII-XVII асрлар) Термиз сайидлари дафн этилган жойда қурилган. Ушбу мажмуа диний бинолардан ташкил топган.
Мажмуанинг негизида 2 та мақбара жойлашган бўлиб, улар жоме масжид вазифасини бажарувчи айвонлар билан бирлаштирилган. Мақбаралар гумбазлар билан ёпилган аркали композициялар бўлиб, уларнинг ичкарисида пишган ғиштлардан қурилган сағоналар жойлашган. Уларда декоратив нақшларнинг қолдиқлари қисман сақланиб қолган.
Uzbekistan.travel хабарига кўра, ўн бешинчи асрнинг иккинчи ярмида яна иккита бино бир-бирига параллел равишда қурилди ва қатордаги баъзи бинолар айвонлар ёрдамида бирлаштирилди. XVI-XVII асрларда турли даврларга оид мақбаралардан иборат ички ҳовли қурилган. Бу чиндан ҳам ажойиб ансамбл бўлиб, турли хил услублар ва турли хил даврларга тегишли бўлган мақбаралар билан ажралиб туради, аммо шунга қарамай улар тузилиш ва декорация қоидаси асосида бир бири билан боғланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ҳаё тақвосининг саидаси
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак вужудлари тупроққа қўйилганига беш ой бўлганида ҳазрати Фотиманинг кўзи ёриди.[1] Муҳсин деб ном қўйилган бола кўп яшамади. Бу туғилиш ҳазрати Фотима учун жуда қимматга тушди. Туғруқ вақтида кўп қийналгани, боласи ҳам оламдан ўтгани онанинг аҳволини оғирлаштирди. Бир неча кун ётиб дам олганига қарамай ётоғидан тура олмади. Шаъбон ойи охирларкан, ҳаёти ҳам поёнига етиб бораётганини ҳис қилди. Зеро, бу оиладан биринчи бўлиб отасининг ёнига ўзи боришини биларди.[2] Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан эшитганди. Аммо қачон, қайси кун, қайси соатда, қаердалигини билмасди.
Ҳазрати Фотимани ўлим қўрқита олмади. Чунки ўлимдан сўнгги мангу ҳаётда жаннат аёлларининг саидаси, уларнинг кўнгиллари маликаси сифатида битмас-туганмас неъматларга эга бўлиши муждаси берилганди.[3] Отасига вафо қилмаган, ўзи ҳам умри давомида роҳат кўрмай яшаган бу олам унга ҳам вафо қилмаслиги аниқ эди. Севикли опалари сингари у ҳам ёшлигига, болаларига тўя олмасдан, уларни онасиз қолдириб кетаётганди. Безовталиги болаларининг кейинги ҳоллари нима кечишини ўйлаганидан эди, холос.
Хасталик давом этаётган кунларнинг бирида ҳазрати Абу Бакр зиёратига келиб, мақсадини ҳазрати Алига айтди. Ҳазрати Али завжаси ёнига кириб:
— Абу Бакр кўргани келибди, киришга изн сўраяпти, кирсинми? — деб сўради.
— Бунга сиз нима дейсиз?
— Хастанинг ҳолини сўрагани келган кишига “келинг” дейман.
— Ундай бўлса кираверсин...
Ҳазрати Абу Бакр салом бериб ичкари кирди. Аҳвол сўради, шифо тилади. Ўрталарида бўлиб ўтган кўнгилсизликдан ҳануз маҳзунлигини айтди. Бироз ўтиргач, изн сўраб қайтиб кетди.[4]
Ҳазрати Фотиманинг ҳаёти севикли отаси келтирган диннинг аҳлоқи ва амали билан безанганди. Қалби Қуръонга уйғун эди. Охирги кунларида отаси ўргатганидай истиғфорни кўпайтирди. Рамазоннинг учинчи куни оқшом чоғида шаҳодат калимасини сўнгги бор айтган дудоқлар қайтиб очилмади. Руҳи фаришталар ҳамроҳлигида Раббиси ҳузурига кўтарилди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан жаннат ёшларининг сардорлари бўлиши айтилган[5] ҳазрати Ҳасан ва Ҳусайн, Зайнаб ва Умму Гулсум оналари ортидан йиғлаб қоларкан, ҳазрати Али Асмо бинти Умайсга хабар юборди. Улар биргаликда ҳазрати Фотимани ювиб кафанлади.[6] Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг севикли қизи Фотиманинг жанозаси ҳазрати Али (ё амакиси Аббос) томонидан ўқилиб, Бақий қабристонига олиб борилди.[7]
Бугунги кунда қабристон эшигининг рўпарасида жойлашган опалари қабрларининг ўнг томонида, улардан йигирма беш метрча ичкарида жойлашган қабрига қоронғуда дафн этилди.[8]
Ибн Абдулбарр ҳазрати Фотиманинг кечаси дафн этилиши ўз васиятига кўра бўлганини қайд этган.[9] Чунки ҳазрати Фотима аввалроқ Асмо бинти Умайс билан гаплашганида аёлларнинг жанозаларида жасадига ёпилган ёпинчиқдан вужудларининг баъзи жойлари билиниб қолаётганини айтиб, ўзининг тобути бу ҳолда кўтарилишини истамаслигини билдирган. (Эътибор қилинг: унинг ўлим тўшагида ётиб ҳам ҳаё қилгани дилларни титратади, кўзларни ёшлантиради. Бугун танасини яширину ошкора кўз-кўз қиладиган айрим аёлларни тавбага чорлайди...) Асмо эса бунга жавобан Ҳабаш ўлкаларида тобутлар четига хурмо шохларидан ярим доира шаклида пана қилинишини, шунда майит одамларга кўринмаслигини айтиб, агар ҳазрати Фотима вафот этса тобутини шундай урашини ваъда беради[10]. Аммо ҳазрати Фотиманинг муборак вужуди кечаси кўмилгани учун бунга эҳтиёж ҳам қолмаган эди.
Ўшандан то бугунги кунга қадар Бақий қабристони эшиги очилиши биланоқ ҳазрати Фотиманинг қабрини зиёрат қилувчилар жуда кўп бўлиши кузатилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари, ёнларидан жой олган бошқа қизлари Зайнаб, Руқия, Умму Гулсумнинг қабрларини зиёрат қилувчилардан кўра ҳазрати Фотиманинг қабрини зиёрат қилувчилар кўпроқ бўлиши балки вафот этаётиб ҳам ҳаё тақвосида намуна бўлгулик юқоридаги сўзлари боисдир. Зеро, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Банда Аллоҳ рози бўладиган гапни арзимас санаб гапирса-да, Аллоҳ уни даражаларга кўтаради...” деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадрли омонатини қабристондаги жаннат боғчасига қўйган ҳазрати Али кўзёшларини тия олмай ортига қайтганида ҳали тонг отишига анча бор эди.
Ҳазрати Фотиманинг вафоти хабари Мадинани яна бир бор мотамга солди. Кўнгиллар “оҳ, Фотима...” дея фарёд қилиб, кўзлардан раҳмат ёшлари оқди. Бироқ, бу фоний оламдан ўтганни ортга қайтариб бўлмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дилбанди тупроққа қўйилганда отасининг вафотига эндигина олти ойча бўлганди. Ҳазрати Фотима йигирма етти ёшни тўлдирмаган, ортида қолган тўрт фарзанднинг энг каттаси бўлмиш ҳазрати Ҳасан етти ёшда эди.[11]
Бир куни ҳазрати Али Расули муҳтарам соллаллоҳу алайҳи васалламга:
— Қайси биримиз сизга севиклироқмиз? Менми, Фотимами? — деб савол берганди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
— Албатта Фотима сендан кўра севиклироқ. Сен эса ундан қадрлироқсан[12], — деб жавоб бердилар.
Бу жавобдан иккаласи ҳам мамнун бўлишган эди.
А. Абдуллаев тайёрлади
[1] Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан қизлари Фотиманинг вафотлари орасидаги вақт аниқ эмас. Беш ойдан саккиз ойгача бўлгани ҳақида айтилади (Манбалар қўйида келади).
[2] Унга бу ҳақида Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўзлари айтгандилар (Ибн Саъд. 8/27; Ибн Абдулбарр. “ал-Истоиб”, 4/375; Ибн асир. “Усдул Ғабо”, 7/211).
[3] Ибн Абдулбарр. “ал-Истоиб”, 4/375-376.
[4] Ибн Саъд. 3/27.
[5] Имом Термизий. “Маноқиб”, 30 (5/656).
[6] Ибн Абдулбарр, 4/379; Ибн Асир. “Усдул Ғабо”, 7/214; Ибн Касир. “ал-Бидоя”, 6/333.
[7] Ибн Саъд. 8/29.
[8] Ибн Саъд. 3/29.
[9] Ибн Абдулбарр. 4/379.
[10] Ибн Абдулбарр. 4/378; Ибн Асир. “Усдул Ғабо”, 7/214.
[11] Ҳазрати Фотиманинг ёшини аниқ айта олмаймиз. Аммо йигирма беш ва ўттиз ёш орасида бўлгани ривоятларда келади (Ибн Саъд. 3/28; Ибн Абдулбарр. “ал-Истоиб”, 4/380).
[12] Ибн Асир. “Усдул Ғабо”, 7/212.