muslim.uz

muslim.uz

الإثنين, 16 تموز/يوليو 2018 00:00

Мутолаа завқи. Бобораҳим Машраб (1640-1711)

Машраб (тахаллуси; асл исм-шарифи Бобораҳим Мулла Вали ўғли) (1640, Наманган — 1711, Балх) — шоир ва мутафаккир.
 
Машраб номи 18 — 19-асрларда тузилган тазкира ва тасаввуфий йўналишдаги асарларда (масалан, Баде Самарқандийнинг «Музокир ул-асҳоб» ва бошқа) зикр этилади. Аммо уларда шоир ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида келтирилган маълумотлар ниҳоятда кам. Машрабнинг қолдирган адабий мероси хусусида ҳам аниқ маълумот берувчи манба йўқ.
 
Унинг ўз асарларини тўплаб, девон ёки бирор мажмуа тузганлиги маълум эмас. Фақат «Девони Машраб», «Девонаи Машраб», «Эшони Машраб», «Ҳазрати шоҳ Машраб» номлари остида халқ орасида қўлёзма ва тошбосма шаклида тарқалган қиссалардагина (уларнинг ким томонидан ва қачон тузилганлиги номаълум) шоирнинг ҳаёт йўли ва ижодий фаолияти маълум тартиб ва изчилликда баён этилади, шу жараёнда асарларидан намуналар ҳам келтирилади. 
 
Машраб ҳақидаги қиссалар шоир ҳаёт йўлини нисбатан тўла ва босқичма-босқич баён этувчи, шунингдек, яратган асарларининг кўпгина қисмини ўзида жамловчи адабий-тарихий манба сифатида илмий аҳамият касб этади.
 

ЎРТАР

Агар ошиқлиғим айтсам, куюб жону жаҳон ўртар,
Бу ишқ сиррин баёт этсам, тақи ул хонумон ўртар.

Кишига ишқ ўтидин заррае етса, бўлур гирён,
Бўлуб бесабру бетоқат, юрак-бағри чунон ўртар.

Нечук тоқат қилай, дўстлар, бу дард ила бўлуб ҳайрон,
ғамим бошқа, алам бошқа, юрагимни фиғон ўртар.

Мени бехонумон тинмай куюб ҳар дам фироқингда,
“Нигоро!” деб отинг айтсамки, шавқингдин забон ўртар.

Қаю тил бирла, эй жоно, сенинг васфинг баён айлай,
Тилим лолу кўзум гирён, сўнгакларни ниҳон ўртар.

На қаттиғ кун экан, дилбар, висолингдин жудо бўлмоқ,
Менинг оҳим ўтиға бул замину осмон ўртар.

Юракда дарду ғам қат-қатки, менда қолмади тоқат,
Агар бу заррасин бул вақт десам, ишқи баён ўртар.

Бу дард ила хароб ўлдум, келиб ҳолимни сўрмассан,
Унум чиқса юракдин, бу тану жон, устихон ўртар.

Бу Машраб дардини, жоноки, ҳеч ким бошиға солма,
Агар маҳшарда оҳ урсам, биҳишти жовидон ўртар.

ХОҲИ ИНОН ХОҲИ ИНОНМА

Сенсан севарим, хоҳи инон, хоҳи инонма,
Қондур жигарим, хоҳи инон, хоҳи инонма.

Ғам шоми фироқингда кабоб этти фалакни
Оҳи саҳарим, хоҳи инон, хоҳи инонма.

Ногаҳ сари зулфунг сори бўлдум санга мойил,
Эй тожи сарим, хоҳи инон, хоҳи инонма.

Лаълинг ғамидин кўнглум эрур ғунча киби қон,
Гулбарги тарим, хоҳи инон, хоҳи инонма.

Заҳри ғами ҳажринг мени ўлдурғали етти,
Эй лабшакарим, хоҳи инон, хоҳи инонма.

Машраб, бўлубон кўйинга чун барқи тажалли,
Қолмай асарим, хоҳи инон, хоҳи инонма.

МАШРАБМАН

Санамнинг ишқида тинмай юруб, оввора Машрабман,
Кўзи ёшлиғ, қади хамлиғ, дили садпора Машрабман.

Кўнгулда заррача дунёни меҳри бўлмайин менда,
Сени деб икки оламдин кечиб, безора Машрабман.

Ўлиб кетсам, лаҳад ичра сўнгакдин кетмагай дардинг,
Жаҳонда топмадим чораки, мен – бечора Машрабман.

Анодин қай куни бўлдум, сенинг ишқингда оҳ урдум,
Муҳаббат даштида юрган бўлуб оввора Машрабман.

Муҳаббат жомидин май туттилар, ичмасга чорам йўқ,
Кўзумдин қон ёшим тинмай оқар, хунбора Машрабман.

Бошимга минг бало келса, тиларман васлин, эй зоҳид,
“Тилим кессанг, тўёрим йўқ, — деган, — дийдора” Машрабман.

Халойиқлар мени қувлар, ёмон деб ҳар шаҳар борсам,
Ажаб мардуд, ажаб махрум, ажаб сангсора Машрабман.

Ўзумни халқ аро ихфолиғимни ҳеч киши билмас,
Дилу жоним фидо айлаб, ажаб айёра Машрабман.

Мени девона Машрабга муҳаббатдин баён айланг,
Намозу рўзадин фориғ бўлуб сайёра Машрабман.

МEН НОЛА ҚИЛАЙ ШОМУ САҲАР…

Мен нола қилай шому саҳар дод, эшигингда,
Жонимни берай, шўхи паризод, эшигингда.

Ул лолаву райҳону суман, тоқа қизил гул,
Ҳам сарв букулди, қади шамшод эшигингда.

Хўбони жаҳон бўлса тақи Юсуфи Канъон,
Султону амир бандаё, озод эшигингда.

Зулфинг сени бу жонима юз доми балодур,
Жоним қуши сайд ўлди чу сайёд эшигингда.

Олам бориси лаззати ҳуснунгни топибдур,
Гирёну фиғон, нолаву фарёд эшигингда.

Савдойи муҳаббатга тушубман сени излаб,
Ўлтурди ғаминг, кўзлари жаллод, эшигингда.

Ашким тўкубон ҳажру ғамингда кеча-кундуз,
Вайрона ватан – манзул обод эшигингда.

Ул ҳусну жамолинг ўти Машрабға тушубдур,
Парвонасифат қуйди, паризод, эшигингда.
 

 

ЎзА мухбири Озода Бекмуродова тайёрлади

Жавҳар Ас-Сицили ёки cицилиялик Жавҳарнинг тарихи ажойиб ва афсонага ўхшайди. Туғилган санаси ҳеч кимга маълум бўлмаган киши қулдан олий табақали лашкарбошига айланган ва ислом тарихида энг кучли қўшинни ташкил қилишга эришган.

Фотимийлар сулоласининг пойтахти бўлмиш Туниснинг Мадхия шаҳрида туғилиб ўсган. Бошқа тарихий манбаларга кўра, у Италиядаги Сицилияда, баъзи бирларга қараганда умуман Хорватияда туғилганлиги тўғрисида тахминлар бор. Маҳдия Коҳиранинг архитектурасига таъсир кўрсатганлиги тўғрисида фикрлар мавжуд.

Жавҳар араб дунёсини Ироқ, Сурия ва Мисрдан тортиб Марокаш сохилларигача бирлаштирган деб ҳисобланади. У Ўртаер денгизини айланиб ўтган, мисли кўрилмаган саргузаштларни бошидан кечирди, хаттоки денгиз қароқчилари томонидан ўғирланган ҳам. Шуларни ҳаммасини ўз бошидан ўтказиб, араб пойтахтини, тарихий масжид ва энг муҳим дорилфунунни ташкил қилишга киришди.

Жавҳар қачон туғилганлиги номаълум, бунинг сабаби қулларнинг туғилиши рўйхатга олинмаган. Биз фақат у 10 асрда таваллуд топганлигини биламиз халос.

Ўлган санаси аниқ, чунки у пайтда Фотимийлар тарихида энг муҳим лашкарбоши, Коҳира, Ал-Азҳар масжиди ва шу номли университет асосчиси эди. Бу 992 йил 1 февралда содир бўлган.

Жавҳар Шимолий Африкага ёшлик пайтида олиб келинган эди и халифа Исмоил Мансур Биллаҳникига тушди. Халифанинг ўғли Муизз ҳукуматга келганда Жавҳарни озод этишди. Кўп ўтмай у лашкарбошигача кўтарилди.

969 йилда у Коҳирага асос солган, унинг номи музаффар маъносини билдирувчи Ал-Коҳира сўзидан олинган. Лекин кўпчиликнинг фикрича унинг энг катта муваффақияти бу Ал-Азҳар университетини тузишидир.

Ал-Азҳар масжиди амирларга севимли бўлган ва у ҳокимиятни билдирарди ҳамда ҳолат асрлар оша сақланиб келмоқда.

Жавҳар Италия ярим оролидан Мисрга биринчи кўчиб келганлардан эди, лекин уларни орқасидан бошқалар ҳам кела бошлади. Падуа университетининг ислом давлатлар тарихи профессори Лайла Ал-Хусси қайд қилишича: “Миср Италиядан бўлган миграциянинг бир неча тўлқинига дуч келган”.

 

Манба: e-tarix.uz

السبت, 14 تموز/يوليو 2018 00:00

Оила – давр эврилишида

Муҳр босилди. Унинг зарбидан столгина эмас, еру кўк ларзага келди. Буни биров сезди ё сезмади. 
 
“Тамом бўлди”, ғудранди эр. Лабини қимтиб, кўзида айланган ёшини ғурур тўктирмаган аёл оғир ва мағрур хонадан чиқди. Улар бир-бирига тўғри келмабди. Қутулдилар. Ташқаридан нур оқиб кираётган, йўлак ҳам иккига ажралган ҳув анави дераза олдидаги икки норасида эса...
 
Жамиятнинг соғлом бўлиши оиладаги муҳитга боғлиқ. Бу ўзгармас ҳақиқат. Зеро, ҳар қачон оила, қариндош-уруғ, қўни-қўшни муносабатлари жамиятнинг жон томирлари бўлиб келган. Унинг тараққиёти ҳам, таназзули ҳам айни шуларга дахлдор. Бугун қай бир соҳада ривожланиш шиддат билан кечмасин, эврилишлар даврида ҳам ота-она, эр-хотин, фарзандлар, қайнона-қайнота алоқалари муҳим. Шу боис, оилавий ажримлар, келишмовчиликлар, ака-ука, опа-сингил, ота-бола, қайнона-келин муносабатларидаги нохуш ҳолатлар сони ортаётгани кишини хавотирга солади. Айниқса, кейинги пайтларда оилавий низоларнинг жиноят билан якун топаётгани, куч ишлатиш ҳолатлари, ажримлар сонининг ортиб бораётгани бу борада маълум бир чора-тадбир кўришни талаб қилмоқда.
 
Мазкур масала кеча ёки бугун муҳокама қилинаётгани йўқ. Бу миллат эртасига дахлдор мавзу бўлгани учун ҳам ҳар қачон, ҳар ерда долзарб аҳамият касб этган. Бироқ унинг ечимига ёндашув турлича.
 
Дунёнинг айрим мамлакатларида оила институти, ёшларни оилага тайёрлаш, ажримлар, низоларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилганки, улар тажрибасини ўрганиш бу каби муаммоларга ечим топишда миллий концепцияни ишлаб чиқиш имконини беради.
 
Татаристон Республикасидаги таълим муассасаларида 2013 йилдан буён "Оила юритиш сабоғи" дарслари ўтиб келинади. Бу лойиҳа бугун Россия бўйлаб ҳам кенг қулоч ёймоқда. Ҳафтада бир марта ўтказиладиган дарслар давомида оила аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, оила тутуми ва бюджетини шакллантириш масалалари, бола парвариши, фарзанд асраб олиш ёки қарамоғига олиш шартлари каби масалалар ёшларга тушунтириб борилади.
 
Шу ўринда бу тажрибани ўзимизда қўллаш оилавий муносабатларни тартибга солишдаги миллий ёндашувнинг бир қисми бўлиши мумкинлигини таклиф қилган ҳолда, оиланинг ижтимоий ҳолатига бевосита таъсир кўрсатаётган бошқа омилларни ҳам ёдда сақлаш кераклигини таъкидлаш даркор.
 
– Жамият ҳаётида рўй бераётган ҳар бир жараён оила институтига бевосита таъсир кўрсатади, – дейди социолог Наргиза Алимова. – Урбанизация ва миграция ана шундай омиллардан биридир. Илгарилари кўп фарзандлилик, икки ва ундан ортиқ авлод вакилларининг биргаликда яшаши оилавий қадриятларнинг асосини ташкил қилган бўлса, бугун шаҳарлашиш ҳамда миграция таъсирида бундай анъаналарга путур етмоқда. Эндиликда кўп болалиликнинг ўрнини икки ёки бир фарзандлилик эгаллаб, ёш оилаларнинг алоҳида ҳаёт кечиришга бўлган интилиши ортиб бормоқда. Аслида муаммо бунда эмас. Ривожланиш бир ерда тўхтаб қолмаслиги инкор этиб бўлмас ҳақиқат. Гап ана шундай ўзгарувчан замонда оила аталмиш қўрғоннинг бутлигини сақлаш учун замон руҳига мос аниқ режалар ва ечимлар илгари сурилмаётганида. Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 4 июль куни ёшлар масалаларига бағишлаб ўтказган видеоселектор йиғилишида оилавий ҳаётда юзага келиши мумкин бўлган салбий ҳолатларга қарши курашишда манзилли ишлаш тизимини жорий этиш кераклигини таъкидлаганда ҳақ эдилар.
 
Ёши улуғлар тилидан айтиладиган “Ҳозирги ёшлар қийинчилик нималигини билишмайди” мазмунидаги эътирозлар кунора қулоғимизга чалинади. Уларнинг қарашларини инкор қилмаган ҳолда, бугунги кун ёшларининг ҳам ўз муаммолари ва ўй-ташвишлари борлигини унутмаслик керак, назаримда. Боиси бир томондан анъанаю қадриятлар, бошқа томондан эшик қоқмай бостириб келаётган глобаллашув асрида ҳаётий маслагини аниқламай, кенг дунёқараш учун етарли билимга эга бўлмай аросатда қолиш эҳтимоли юқори. Демоқчи бўлганимиз, мустаҳкам оила учун пойдевор қураётиб, давр тақозо этаётган – ҳуқуқий билим, мажбурият ва масъулият каби жиҳатлар ҳам инобатга олинса, шунда ота-оналарнинг “бир-бирига тўғри келмаган” фарзандлари сони камаярмиди?
 
Моҳира Отабоева, ЎзА
السبت, 14 تموز/يوليو 2018 00:00

Зиёлилар коррупцияга қарши

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими марказида “Таълим муассасалари раҳбар ходимлари ўртасида коррупцияга қарши курашиш ва одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш” мавзуида семинар ўтказилди.
 
Семинарда Касб-ҳунар таълими маркази раҳбари М.Холмуҳамедов ва бошқалар Президент Шавкат Мирзиёев томонидан давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, бу жараёнда коррупцияга қарши қатъий ва муросасиз кураш олиб бориш устувор вазифа сифатида белгиланганини алоҳида қайд этди.
 
Президентнинг 2017 йил 2 февралдаги «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ўз мазмун-моҳияти, мақсади билан мамлакатимизда коррупцияга қарши курашнинг янги босқичини бошлаб бергани алоҳида таъкидланди.
 
Шу боис барча соҳаларда бўлгани каби таълим тизимида ҳам коррупцияга йўл қўйиб бўлмаслиги, раҳбар ва педагоглар коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган кенг кўламли тарғибот ишларини йўлга қўйиш, порахўрлик, таъмагирлик, фирибгарликнинг мудҳиш оқибатлари, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб берилди.
 
Марказ томонидан коррупциянинг олдини олиш мақсадида қатъий чоралар кўрилаётган бўлса-да, ўқитувчи деган шарафли номга доғ тушириб, ўз касбига хиёнат қилаётганлар ҳам йўқ эмас. Уларнинг бундай хатти-ҳаракатини кечириб бўлмаслиги қайд этилди. 
 
Семинарда прокуратура ва ички ишлар органлари тақдимномалари асосида Тошкент телекоммуникация технологиялари касб-ҳунар коллежи ходимлари устидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилгани, Тошкент алоқа касб-ҳунар коллежи ҳамда Мирзо Улуғбек туманидаги политехника касб-ҳунар коллежида содир этилган фирибгарлик билан боғлиқ жиноят тафсилотлари, мазкур ҳолатлар бўйича раҳбар ва ўринбосарлар, бўлим бошлиқлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилганига ҳам муносабат билдирилди.
 
Жиноятларнинг содир этилишига раҳбар ходимларнинг ўз хизмат вазифаларига виждонан ёндашмаслиги, жамоа орасида ижтимоий соғлом муҳит шакллантирилмагани сабаб бўлаётганлиги алоҳида қайд этилди. 
 
Семинар сўнггида таълим муассасаларида коррупцияга қарши кураш борасида унинг ҳалокатли оқибатларидан ёшларни огоҳлантириш, бунда таъсирчан тарғибот воситаларидан фойдаланиш, тизим ходимлари орасида эса касбга садоқат туйғусини мустаҳкамлаш, ҳар бир ноқонуний ҳаракат учун жазо муқаррарлиги, давлат ва жамият олдида маънавий жавобгарлик борлигини тушунтириб бориш ва галдаги вазифалар белгилаб берилди.
 
ЎзА
السبت, 14 تموز/يوليو 2018 00:00

Бола – азиз, одоби – ундан азиз

Фарзанд – инсон наслини давом эттиради ҳамда оиланинг мустаҳкам занжири. Солиҳ фарзанд ота-­онанинг бахт-­иқболи, икки дунё саодатига етказувчи дилбанди. Фарзандлар "жаннат райҳонлари" деб тавсифланиши бежиз эмас. Аммо у одобли, яхши фазилатлар соҳиби, итоаткор ва қобил бўлгандагина ота-онасига раҳмат ва бахт­-хурсандчилик келтиради.

Муқаддас динимиз таълимотига кўра, фарзанд Аллоҳ таоло ин­сонга берган улуғ неъматлардан бўлиши баробарида, у омонат ҳамдир. Бу неъматга сазовор бўлган ота­-оналар унинг қадрига етишлари, шукрлар айтиб, фарзанд олдидаги ота-оналик бурчларини пухта адо этишлари, яъни, унга чиройли исм қўйишлари, яхши таълим­-тарбия беришлари ва охир-­оқибатда Аллоҳ розилигини топадиган, миллати, Ватани, ота-онасига муносиб ўғил-қиз, тенгдошлари ҳурмати ва муҳаббатини қозонган етук бир инсон бўлиши борасидаги масъулиятли вазифаларини чин ихлос ва садоқат билан адо этишлари лозим.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: "Эй имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш, дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар хизмат қиладиган дўзахдан сақлангиз" (Таҳрим, 6)

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтадилар: "Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдордаги нафл садақа беришидан яхшироқдир".

Бошқа бир ҳадисда: "Ота болага гўзал одобдан яхшироқ нарсани бера олмайди", дейилади.

Абу Али ибн Сино фарзанд тарбияси ҳақида васият қилиб, бундай деган эди: «Ёш бола таълим-тарбия оладиган жойда одоб-ахлоқли, туриш­-турмуши намунали катталар бўлиши лозим. Зеро, ёш бола ҳар бир нарсани уларга тақлид қилиб ўрганади ва улар билан дўст бўлади".

Муҳтарам Президентимиз нутқларидан бирида фарзандлар тарбияси ва уларнинг баркамол авлод бўлиб етишишида одоб-­ахлоқнинг ўрни катта эканини таъкидлаб, жумладан, бундай деганлар: “Ёшларимизга бугуннинг ўзида алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Улар нафақат ишончимиз ва келажагимиз, ёшлар – бугунги ва эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучидир. Яъни эртанги кун кутганимиздек бўлиши учун бугуннинг ўзида ёшлар тарбиясига жиддий эътибор қаратишимиз зарур”.

Фарзанднинг одобли, меҳнатсевар, соғлом бўлиб ўсиши кўп жиҳатдан онасига боғлиқ бўлади. Шунинг учун динимиз кўрсатмаларида бўлғуси келинни танлашга алоҳида эътибор қилинади. Келажакда туғилажак фарзандларга муносиб она танлаш ҳақида фарзанд ҳали туғилмасидан қайғурилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фарзандларингизга муносиб онани ихтиёр қилинглар”, деганлар. Мусулмонларда келин танлашда унинг солиҳа, диндор, яхши хулқли бўлиши асосий мезон саналади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аёл тўрт нарсаси: моли, ҳасаби, жамоли ва дини учун никоҳланади. Бас, сен диндорини танла, омон бўлгур", деганлар.

Албатта, Пайғамбаримизнинг ушбу тавсияларида улкан ҳақиқат мавжуд. Зеро, молдорлик, яхши бир насабга эга бўлиш ва ҳусндорлик инсонни ҳовлиқтиради, бошқалардан ўзини устун қўйишга олиб боради. Бундан ташқари, ушбу жиҳатларнинг баъзилари ўткинчи бўлиб, уларга нисбатан қизиқиш вақт ўтиши билан сусаяди. Диндорлик эса, инсонни инсонийликка ундовчи омил бўлиши билан бирга, доимий ажралмас сифатдир.

Шунинг учун ҳам бир ҳадисда: "Ким хотиннинг молу жамоли учун уйланса, унинг молу жамолидан маҳрум бўлади ва ким аёлнинг дини учун уйланса, Аллоҳ таоло у кишига унинг молу жамолини ҳам насиб қилади", дейилган.

Олимларнинг тадқиқотларига кўра, ўз онаси тарбиясини олган, унинг ғамхўрлиги, шафқатини ҳар қадамда ҳис этиб турган болалар ўзларини бутунлай жамоат ишига бахшида қилиб, соғлом, ақлли, тарбияли ва кўнгилчан бўлиб улғаяр экан. АҚШда ўтказилган тадқиқотларда, қамалганларнинг ярмидан кўпи она меҳрига тўймаган ёшлар экани маълум бўлган. Дарҳақиқат, фарзанд тарбияси борасида оилада онанинг ўрни алоҳида аҳамият касб этади. Фарзандга меҳр деган улуғ туйғуни ҳеч ким онадан ортиқроқ бера олмайди.

Афсус, баъзан оналар учун бола тарбияси жамият ва рўзғор юмушлари олдида эътиборсиз нарса бўлиб қолмоқда. Аёлларга ҳар қанча ҳуқуқ берилмасин, улар қанчалик юксак мақомларга эришмасинлар, агар болаларига яхши тарбия бермасалар, уларга ўзини, милла­тини, динини, Ватанини танитмасалар ва севдирмаса­лар, оналик ҳақини адо этмаган бўлади.

Зеро, Ислом олимларидан бири айтганидек: "Авлодларни вояга етказиш ва муносиб инсон қилиб тарбиялаш мақсад қилиб олинмаган никоҳ шунчаки бир айш-ишрат ва маишатдан бўлак нарса эмас. Бу никоҳдан туғилган болалар ҳам ўткинчи ҳирснинг қурбони бўлган бечоралардир".

Муҳаммад ибн Муҳаммад Жомий айтади: "Ҳар бир ота-онанинг фарзанд олдида бурчи бор. Чунончи, ҳар бир ота ўз фарзанди номусли аёлдан туғилишига ҳаракат қилсин, токи туғилганидан кейин одамлар фарзандга турли таъналар қилиб юрмасин. Болага яхши ва чиройли исм қўйсин. Унга илму маърифат ўргатсин. Ота-она фарзандини ҳамиша ҳалол овқат билан боқсин. Ҳаром йўлда топилган таом болага ёмон таъсир кўрсатади ва уни ҳаромхўрликка ўргатади. Бунинг учун ота-онанинг ўзи, аввало, ҳалол овқат ейиши керак. Шундагина пуштидан бўлган бола ҳалол ва покиза бўлиб туғилади. Она ҳомиладорлик пайтида ҳаром ва нораво овқатлардан, ношаръий ишлардан тийилиши керак".

Ота-­она тарбиясининг аҳамияти ҳақида жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу ҳадиси шариф ворид бўлган: "Ҳар бир фарзанд мусулмон фитратида туғилади, лекин уни яҳудийга айлантириб юборадиган ҳам, насроний ёки мажусийга айлантириб юборадиган ҳам унинг ота-­онасидир".

   Фарзандларимизга шундай тарбия берайликки, улар ўз ота-боболарига, ўз тарихи, Ватани, она тилига, миллат улуғларига, муқаддас Ислом дини анъаналарига содиқ бўлиб қолсин. Китоблардан ўрганилган маърифий илм қаторида оилада олинган ҳаёт илми ҳам уларга сув ва ҳаводек зарур. Илмли, одобли, фаросатли одам ҳаётда ўрнини топиб олади.

 

Олимжон КАРИМОВ,

Пешку тумани “Хожа Пешку” масжиди имом-хатиби

Видеолавҳалар

Top