muslimuz

muslimuz

 

 – 2022 ва 2023 йилнинг биринчи чорагида юртимизда барпо этилган ва қайта таъмирланган масжидлар сони;

Масжид қуриш қандай ҳуқуқий ҳужжатлар асосида олиб борилади?

– Масжидлардаги қурилиш-таъмирлаш учун йиғилган маблағлар тасарруфи назорат қилинадими?

– Масжидни таъмирлаш ё унга қўшимча бино қуриш учун рухсат керакми?

– Масжид қуриш баҳонасида фирибгарлик қилаётганларнинг “жилвакор” тузоғига тушиб қолмаслик учун нима қилиш керак?

Юртимизнинг қай бир гўшасига борманг, бунёдкорлик ишларининг жадал давом этаётганини кўриб кўзингиз қувнайди. Ахир севинмай бўлар эканми, буларнинг барчаси тинчлик ва фаровонлик маҳсуллари эмасми?! Айниқса, ободонлаштириш ишларида янги қурилаётган ёки замонавий тарзда таъмирланиб чирой очаётган масжидларнинг ўрни бўлакча! Бундай шинам, кенг ва чароғон масжидларда ибодат қилиш, наинки, мўмин-мусулмон халқимизни, балки диёримизга зиёратга келган хорижлик сайёҳларни ҳам қувонтирмоқда.

Ушбу ўзгаришлар ҳақида мухбиримиз Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Масжидлар билан ишлаш бўлими мудири Музаффар домла Камолов билан суҳбатлашди.

– Ассалому алайкум, домла. Аввало, масжид қуришнинг фазилати, ушбу хайрли ишга ҳисса қўшишнинг ажру мукофотлари ҳақида сўзлаб берсангиз.

– Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Ва алайкум ассалом. Динимиз мўмин-мусулмонларни масжидлар қуриш ва уни обод этишга чақириб, бу хайрли ишни Аллоҳнинг ризосига эриштирадиган ва жаннатга олиб борадиган йўл деб таълим берган.

Усмон розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва  салламнинг: “Ким Аллоҳнинг розилигини тилаб бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда унга ўшанинг мислини қуриб беради”, деганларини эшитганман». Бошқа бир ривоятда: “Жаннатда бир уй”, дейилган (Бешовларидан, фақат Имом Абу Довуд ривоят қилмаган).

Яна бир ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом: “Ким Аллоҳ учун каклик тухум қўядиган ерчалик бўлса ҳам, масжид бино қилса, Аллоҳ унга жаннатда уй қуриб беради”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти). 

Аллоҳ таоло бизларни масжид бино қилишга буюрганидек, уларни обод қилишга ҳам амр этган ва бу ишни иймоннинг аломатларидан бири қилиб қўйган. Янада муҳими, масжид бино қилиш садақаи жорий бўлиб, кишининг вафотидан кейин ҳам савоби бориб туради.

Масжидларни обод қилиш тоат-ибодатлар билан ҳамда жомени пок сақлаб, табиий ва бошқа зарарлардан муҳофаза қилиш билан бўлади. Бу борада Қуръонда каримда: (У) бир уйлардаки, Аллоҳ уларнинг кўтарилишига ва уларда Ўз исми зикр қилинишига изн бергандир. Уларда Унга эртаю кеч  тасбиҳ айтурлар”, дея марҳамат қилинади (Нур сураси, 36-оят).

Демак, мўмин одам Аллоҳнинг уйларини обод этишга, унга инфоқ қилиб, моддий жиҳатдан ободлигига ҳисса қўшишга; унда намоз ўқиб, маънавий ободлигига эътибор қаратишга уриниб, қалби доим масжидга боғлиқ бўлар экан, икки дунёнинг бахту саодатига, хайру баракотига эришади, иншоАллоҳ.

– Айни чоғда юртимизнинг барча ҳудудларида замонавий масжидлар қад ростлаяпти. Айтинг-чи, сўнгги йилларда диёримизда қурилган ва қайта таъмирланган масжидлар сони қанча бўлди? Бу борада яна қандай режалар амалга ошириш мақсад қилинган?  

– Сўнгги йилларда Юртбошимиз ташаббуси билан барча соҳалар қатори диний-маърифий йўналишда ҳам ислоҳотлар кенг тус олмоқда. Айниқса, кейинги йиллар масжидларни обод қилиш йиллари бўлаётир десак, муболаға бўлмас. Чунки юзлаб масжидлар обод этилиб, намозхонларга қулай шароитлар яратилмоқда, бинолари эскириб қолганлари ўрнида миллий ва замонавий меъморий услубда кенг ва шинам масжидлар қурилиб, сўнгги технологиялар билан жиҳозланаётир.

Сўз исботи билан бўлгани яхши: охирги беш йилда юртимизда 385 та масжид ва 633 та таҳоратхона тўла қайта қурилди, 487 та масжид ва 517 та таҳоратхона таъмирдан чиқарилди.

Биргина 2022 йилнинг ўзида янги масжидларнинг 13 таси давлат рўйхатидан ўтказилиб, намозхонлар  хизматига топширилди. Шунингдек, 50 та масжид қайта қурилиб, 38 таси тўла таъмирланди.

Айни пайтда 267 та масжидда  қурилиш ишлари давом этмоқда. 2023 йил охиригача 49 та масжидни фойдаланишга топшириш, 161 та жомени қайта қуриш ва 23 тасини эса тўлиқ таъмирлаш режа қилинган.  

Албатта, бундай муваффақиятларда меҳнатсевар халқимизнинг саховати ва кўмаги катта бўлмоқда.

– Маълумки, ҳар бир иш меъёрий қонун-қоидалар асосида тартибга солинади. Шу маънода масжидлар қурилиши қандай ҳуқуқий ҳужжатлар асосида олиб борилади?

Янги масжид қуриш ё таъмирлаш ишлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ишлаб чиқилган йўл харитаси асосида олиб борилади. Табиий офат натижасида зарар етган масжидларнинг қурилиш ишлари эса тегишли рухсат хати билан амалга оширилади. Ўз навбатида, мазкур ҳужжатлар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг жойлардаги бошқармалари билан мувофиқлаштирилади. 

– Ўрни келганда масжидларда қурилиш-таъмирлаш ишлари, бу ишларга ҳомийларни жалб қилиш ва келиб тушган маблағларни тўғри тасарруф этиш ҳақида маълумот берсангиз.

– Масжид қурилиши жараёни жамоатчиликка шаффоф ҳолатда олиб борилади. Бу борада Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлими қошида масжидларда қурилиш-таъмирлаш ишларига моддий кўмаклашиш ва назорат қилиш бўйича сектор фаолият юритади.

Аввало, қурилиш ё таъмирлаш ишлари бошланаётган масжидларда хайрия маблағларини қабул қилиш ва мақсадли сарфлаш мақсадида масжид ходимлари ва холис фуқаролардан иборат махсус Ҳайъат тузилади. Ҳайъат аъзолари ҳар бир хайрияни далолатнома асосида қабул қилади. Ушбу ҳайъат фаолиятининг шаффофлиги Диний идоранинг ҳудудлардаги вакилликлари мухтасиблари томонидан мунтазам назорат қилиб борилади.

Қайд этиш ўринли, Диний идора Масжидлар билан ишлаш бўлими қошида ташкил этилган сектор томонидан 2022 ва 2023 йилнинг биринчи чорагида қурилиши давом этаётган масжидларга икки миллиард бир юз миллион (2.130.434.000) сўмдан зиёд моддий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, муҳим тавсиялар берилиб, йўл-йўриқ кўрсатиб келинмоқда. Ушбу йўналишдаги ишлар келгусида янада кенгайтирилиб, эришилган натижалар кўлами оширилади, иншоАллоҳ.

– Масжид таъмирга муҳтож бўлса ё унга қўшимча бино қуриш зарурати юзага келса, бу вазиятда қандай йўл тутилади?

– Масжид биноси табиий ва техноген офатлар туфайли яроқсиз аҳволга келиб қолса ёки намозхонлар масжидга сиғмай қолса, шунингдек, қиш ва ёз фаслларига, шаҳарсозлик меъёрларига жавоб бермаса, бу масала мутасадди ташкилотлар томонидан ўрганилиб, хулоса берилса, ана шу хулоса асосида масжидни қайта қуриш мумкин бўлади.

Енгил таъмирлаш ишлари учун эса масжид фаолларининг умумий йиғилиш қарори кифоя. Шу қарор асосида енгил пардозлаш ва жиҳозлаш ишлари олиб борилаверади.

– Юртимизда тарихий масканларни обод қилиш, зиёратчиларга зарур қулайликлар яратиш орқали зиёрат туризмини ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Масжидларни обод этиш ва жиҳозлашда ҳам ана шу жиҳатлар назарда тутилганми?

– Ҳа, албатта, мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини ривожлантиришда масжидлар, зиёратгоҳлар, тарихий обидаларнинг ўрни беқиёс. Айни шу мақсадда юртимиздаги муборак қадамжо ва сайёҳлик масканларида, катта йўллар ёқаларида намозхона, таҳоратхона ва автотураргоҳларни ўз ичига олган замонавий масжидларни қуриш, борларини обод қилишга алоҳида аҳамият берилмоқда.

 Айни пайтда республикамиз бўйлаб катта йўл бўйларида 15 та масжид янги лойиҳа асосида тубдан қайта қурилмоқда, 7 та жомени қайта қуриш, 5 тасини йўл бўйига кўчириш режа қилинган. Масжидлар таҳоратхонасидаги қулайликлар борасида юртимиз кўплаб мусулмон мамлакатлари ичида пешқадам. Шунингдек, катта йўлга яқин бўлган масжидлар номи ва масофасини кўрсатувчи махсус белгилар ўрнатилди. Мазкур қулайликларни юртимизга ташриф буюрувчи сайёҳлар эътирофига сазовор бўлмоқда.

– Баъзида масжид қуриш баҳонасида фирибгарлик қилаётганлар ҳам учраб турибди. Айни вазиятда ҳожатбарорлик ниқоби остидаги “жилвакор” тузоққа тушиб қолмаслик учун қайси жиҳатларга эътибор қаратиш лозим бўлади?

– Айрим қаллоблар интернет ва ижтимоий тармоқларда “Масжид қуриш” мазмунидаги эълонлар бериб, тагига пластик карта рақамларини жойлашяпти. Пок ниятли кишилар эса бундай чақириқларга учиб алданиб қолишяпти.

Айни шундай нохушликларнинг олдини олиш, қурилиш-таъмирлаш ишлари бўлаётган масжидларда хайриялар ва ҳомийлик ёрдамларининг одилона сарфланишини тартибга солиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан тегишли тартиб жорий қилинган. Унга кўра, мазкур жараён қуйидаги босқичларда амалга оширилади.

Аввало, ҳомий ташкилот ёки саховатпеша инсонлар томонидан бериладиган нақд пул ёки бошқа хайрияларни далолатнома асосида қабул қилиш ва уларни мақсадли сарфлаш бўйича беш ёки етти нафар масжид ходимлари ва холис фуқаролардан иборат махсус Ҳайъат ташкил этилади.

Шунингдек, масжид қурилиши учун нақдсиз кўринишдаги хайрия маблағларини қабул қилиш ва тасарруф этишда жисмоний шахслар номига очилган пластик карталардан фойдаланишга мутлақо йўл қўйилмайди, балки айни мақсаддаги эҳсон пуллари фақат корпоратив пластик карталар орқали қабул қилиниши белгиланган.

Шунинг билан бирга, Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Masjid Bunyodkorlari деган телеграм канали очилган бўлиб, унда қурилиш-таъмирлаш ишлари бўлаётган масжидлар манзили, имом-хатибининг исм-шарифи, қурилиш жараёнлари ҳақида маълумотлар бериб борилади. Шунингдек, унда масжид номига очилган корпоратив пластик карта ё банк ҳисоб рақамлари кўрсатилган.

Демак, бирор масжидга ҳомийлик қилмоқчи бўлган ё имкони етгунча хайрия қилмоқчи бўлган киши Диний идоранинг Масжидлар билан ишлаш бўлими қошидаги масжидларда қурилиш-таъмирлаш ишларига моддий кўмаклашиш ва назорат қилиш бўйича секторга ёки бўлмаса, қурилиш ёхуд таъмирлаш ишлари бораётган масжид имом-хатибига учрашиши лозим бўлади.

Қолаверса, Masjid Bunyodkorlari телеграм каналига аъзо бўлиб янги бунёд этилаётган ё обод бўлаётган масжидлар рўйхати билан танишиб, у ердаги телефон орқали мутасаддилар билан боғланиши мақсадга мувофиқ саналади. Мазкур тартиб-қоидалар саховатпеша инсонларнинг хайрия маблағларини аниқ ва мақсадли йўналтириш имконини беради, иншоАллоҳ. 

– Суҳбатимиз якунида “масжид қуриш” ниқоби остида мўмин-мусулмонларни чалғитаётган кимсалар ҳақидаги фикр-мулоҳазаларингизни айтсангиз.

– Масжид қуришнинг улкан ажру мукофотдан руҳланган ихлосманд, савобталаб халқимиз қадимдан масжид қурилишига алоҳида ҳиммат кўрсатишган. Молу дунёси бори пули билан, куч-қуввати бори меҳнати билан ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Лекин бу ишларнинг бошида турган ишбошилар зиммасидаги масъулият ниҳоятда залворлидир. Чунки улар бор куч-ғайратини сарфлаб, шижоат билан меҳнат қилишлари баробарида халқдан масжид қуриш учун йиғилган маблағни ҳалоллик, адолат билан тасарруф этишлари зарур бўлади.

Ўз навбатида, ҳиммати баланд аҳолимиз ҳам бугун ахборот алмашинуви шиддат билан ривожланаётган паллада энг ишончли манбалар билан ишлаши керак бўляпти. Чунки бир хабарни эшитиши ё кўриши билан суриштирмай бирор ишга қўл урилса, кейин ўша хабар ёлғон ёки хато бўлиб чиқса, афсус-надоматга сабаб бўлади. Зеро, динимиз таълимотида нотаниш одам ёки хабари синаб кўрилмаган кимсанинг ахбороти текширилмай туриб қабул қилинмаслиги таъкидланган.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати мухбири

Баҳриддин ХУШБОҚОВ суҳбатлашди

رَبَّنَا ظَلَمْنَا أَنْفُسَنَا وَإِنْ لَمْ تَغْفِرْ لَنَا وَتَرْحَمْنَا لَنَكُونَنَّ مِنَ الْخَاسِرِينَ

Ўқилиши: Роббанаа золамнаа анфусанаа ва ин лам тағфир ланаа ва тарҳамнаа ланакуунаннна минал хоосирийн

Маъноси: “Роббимиз, биз ўзимизга зулм қилдик. Агар Сен бизни мағфират қилмасанг ва бизга раҳим қилмасанг, албатта, зиён кўрганлардан бўламиз” (Аъроф сураси, 23-оят).

 

رَبِّ اغْفِرْ وَارْحَمْ وَأَنْتَ خَيْرُ الرَّاحِمِينَ

Ўқилиши: Роббиғфир варҳам ва анта хойрур рооҳимийн

Маъноси: “Роббим, мағфират қил, раҳим қил. Ўзинг раҳм қилгувчиларнинг яхшисисан” (Муьминун сураси, 118-оят).

 

وَاعْفُ عَنَّا وَاغْفِرْ لَنَا وَارْحَمْنَا أَنْتَ مَوْلَانَا فَانْصُرْنَا عَلَى الْقَوْمِ الْكَافِرِينَ

Ўқилиши: Ваъфу ъаннаа вағфир ланаа варҳамнаа анта мавлаанаа фансурнаа ъалал қовмил каафирийн

Маъноси: “Бизни афв эт, мағфират қил ва раҳм эт. Сен хожамизсан. Бас, кофир қавмларга бизни ғолиб қил(Бақара сураси, 286-оят).

 

رَبَّنَا فَاغْفِرْ لَنَا ذُنُوبَنَا وَكَفِّرْ عَنَّا سَيِّئَاتِنَا وَتَوَفَّنَا مَعَ الْأَبْرَارِ

Ўқилиши: Роббанаа фағфир ланаа зунуубанаа ва каффир ъанна саййиаатина ва таваффанаа маъал аброр.

Маъноси: “Роббимиз, бизнинг гуноҳларимизни кечиргин ва ёмонликларимизни ўчиргин ҳамда яхшилар билан бирга ўлдиргин” (Оли Имрон сураси, 193-оят).

 

 أَنْتَ وَلِيُّنَا فَاغْفِرْ لَنَا وَارْحَمْنَا وَأَنْتَ خَيْرُ الْغَافِرِينَ

Ўқилиши: Анта валийюнаа фағфир ланаа варҳамнаа ва анта хойрул ғоофирийн

Маъноси: “Сен валийимизсан, бизни мағфират қил ва раҳм эт. Сенинг Ўзинг мағфират қилувчиларнинг энг яхшисисан” (Аъроф сураси, 155-оят).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

رَبَّنَا اغْفِرْ لِي وَلِوَالِدَيَّ وَلِلْمُؤْمِنِينَ يَوْمَ يَقُومُ الْحِسَابُ

Ўқилиши: “Роббанағфир лий ва ливаалидайя ва лил муьминийна явма яқуумул ҳисааб”.

Маъноси: “Эй Роббимиз, мени, ота-онамни ва мўминларни ҳисоб қилинадиган куни мағфират айлагин” (Иброҳим сураси, 41-оят).

 

رَبِّ ارْحَمْهُمَا كَمَا رَبَّيَانِي صَغِيرًا

Ўқилиши: “Роббирҳамҳумаа камаа Роббайааний соғийро”.

Маъноси: “Роббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!” (Исро сураси, 24-оят).

Даврон НУРМУҲАММАД

Аллоҳ таоло ва фаришталар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтадилар.

«Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй, мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтингиз!» (Аҳзоб сураси, 56-оят).

 
Салавот айтинг! Ғам-ташвишларингиз арийди ва гуноҳларингиз кечирилади. Убай ибн Каъб: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам! Мен сизга кўп салавот айтаман. Дуойимдан қанчасини сиз учун салавот айтишга ажратай?” деб сўради. У зот алайҳиссалом: “Истаганигча, дедилар. “Тўртдан бирини бағишласам-чи?” деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Хоҳлаганингча, агар зиёда қилсанг, яхши бўлади, дедилар. “Учдан бирини бағишласам-чи?” деди. У зот: Хоҳлаганингча, агар зиёда қилсанг, яхши бўлади, дедилар. “Иккидан бирини бағишласам-чи?” деди. У зот алайҳиссалом : Хоҳлаганингча, агар зиёда қилсанг, яхши бўлади, дедилар. “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам! Дуоимнинг ҳаммасини сизга бағишласам, нима дейсиз?” деди. У зот: Унда барча ғам-ташвишларинг арийди, мақсадинг ҳосил бўлади ва гуноҳинг кечирилади, дедилар.

 

Салавот айтинг! Бахил бўлмайсиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳузурида зикр қилинсам, менга салавот йўлламаган киши бахилдир”, дедилар (Имом Термизий, Имом Аҳмад ривояти).

 

Салавот айтинг! Дуоингиз қабул бўлади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир дуо Пайғамбарга салавот айтилмагунча, осмон ўртасидаги парда туфайли ерда тўхтаб туради, салавот айтилса, ўша парда кўтарилади”, дедилар.

 

Салавот айтинг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига эришасиз.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга жума кунида ва жума кечасида кўп салавот айтинглар, бас ким шундай қилса, мен унга қиёмат куни гувоҳ ва шафоатчи бўламан”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

 

Салавот айтинг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин бўласиз.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни менга энг яқин кишилар, албатта, менга кўп салавот айтганлардир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

 

Салавот айтинг! Аллоҳ таоло гуноҳингизни мағфират этади, даражангизни кўтаради.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот айтади. Унинг ўнта гуноҳи ўчирилади. Ўн даража юксалтирилади”, дедилар (Имом Насоий ривояти).

 

Салавот айтинг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизни эшитадилар.

Абдуллоҳ ибн Абу Вафо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жума куни менга салавотни кўпайтиринглар. Албатта, менга етказилади ва мен эшитаман”, дедилар (Имом Ибн Можа ривояти).

Соллаллоҳу алайка йаа Расулаллоҳ.

Аллоҳумма солли ва саллим ва барик аъла саййидина Муҳаммад…

 

Даврон НУРМУҲАММАД

الأربعاء, 29 آذار/مارس 2023 00:00

Рамазонни қандай ўтказишим керак ?

  1. Саҳарлик қилишдан аввал таҳажжуд намозини ўқиб олинг.
  2. Турли чалғитувчи нарсалар: телефондаги бекорчи ўйинлар, телевизордаги кераксиз сериаллардан узоқ бўлинг.
  3. Интернетда бефойда ўтиришдан тийилинг.
  4. Нафл ибодатларни кўпайтиринг.
  5. Ҳар куни имкониятингиз борича садақа ва эҳсон беришга одатланинг.
  6. Қуръондан кунлик вазифаларингизни кўпайтириб боринг.
  7. Аллоҳни кўп зикр қилиш билан машғул бўлинг.
  8. Кўпроқ дуо қилинг.
  9. Имкон қадар муҳтожларга ёрдам қўлини чўзинг.
  10. Қавм-қариндошларга силаи-раҳм қилинг.
  11. Ота-онангизга яхшилик қилинг.
  12. Қазо намозларингизни ўқинг.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Видеолавҳалар

Top