muslim.uz

muslim.uz

Аввал хабар берганимиздек, Хоразм вилоятидаги "Фахриддин ар-Розий" ўрта махсус ислом таълим муассасасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари талабалари ўртасида “Жаҳолатга қарши маърифат” интеллектуал беллашувининг Республика босқичига старт берилди.
Тадбир анъанага кўра, Қуръони карим тилавоти билан бошланиб, дуои-хайрдан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Уйғун Ғафуровнинг табрик сўзи билан бошланди.
Шунингдек, тадбирда олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари раҳбарлари, педагог-ўқитувчилари ташриф буюришган.
Иштирокчиларнинг чиқишларини адолатли баҳолаш учун Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон халкаро ислом академияси ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг тажрибали мутахассислари жалб қилинган.
Беллашувда ҳар бир таълим муассасасидан келган жамоалар 4 та шарт, "Таништирув шарти", "Савол-жавоб шарти", "Ижодий ёндашув шарти", "Сарҳисоб шарти" бўйича ўзаро беллашадилар.
Бизни кузатиб боринг, беллашув натижалари бўйича қўшимча маълумотларни тақдим қиламиз.



ЎМИ Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 майдаги “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ҳар йили Ўзбекистон мусулмонлари тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари талабалари ўртасида “Жаҳолатга қарши – маърифат” интеллектуал беллашуви ташкил этиб келинмоқда. Мазкур беллашувнинг жорий йилги биринчи босқичи февраль ойида диний таълим муассасалари кесимида бўлиб ўтган эди.


2023 йил 14 март куни мазкур беллашувда ғолибликни қўлга киритган 3 та олий, 10 та ўрта махсус диний таълим муассасалари жамоалари Республика босқичида иштирок этиш учун Хоразм вилоятига етиб келди. Иштирокчилар мезбон таълим муассасаси масъуллари томонидан юқори даражада кутиб олинди.
Шунингдек, меҳмонларни Хоразм вилоятидаги диққатга сазовор жойлар билан яқиндан таништириш мақсадида жорий йилнинг 15 март куни Хива шаҳрида жойлашган Ўрта Осиёдаги йирик ва ноёб меъморий ёдгорликлардан бири бўлган “Ичан қалъа” мажмуасига саёҳат ташкил этилди. Талабалар саёҳат давомида Ичан қалъа меъморий шаҳарча ҳудудидаги Жума масжиди, Муҳаммад Аминхон, Оллоқулихон, Қутлиғ Мурод Иноқ, Шерғозихон мадрасалари, Паҳлавон Маҳмуд мақбараси ҳамда бошқа меъморий обидалар билан яқин танишдилар.


Саёҳат давомида талабалар юртимизнинг бой маданий мероси, тарихий обидаларимизнинг ўтмиши ва бугунги куни, минтақада яшаб ўтган тарихий шахслар тўғрисида кенг қамровли маълумотлар олдилар. Талабалар ташкил қилинган саёҳатдан кайфиятлари кўтарилгани, ўзлари учун муҳим маълумотларни олганини таъкидлаб, давлатимиз томонидан ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятларга миннатдорчилик билдирдилар.
Эслатиб ўтамиз, “Жаҳолатга қарши – маърифат” интеллектуал беллашувининг Республика босқичи жорий йилнинг 16 март куни Хоразм вилоятидаги “Имом Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом таълим муассасасида бўлиб ўтади.



ЎМИ Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими

الأربعاء, 15 آذار/مارس 2023 00:00

Аҳоли муаммолари ўрганилди

2023 йил 14 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги, вилоят ҳокимлигининг жамоат ҳамда диний ташкилотлар билан ишлаш бўлими, Дин ишлари бўйича қўмитанинг вилоятдаги ҳамда унинг жойлардаги бўлимлари билан ҳамкорликда ташкил қилинган навбатдаги сайёр йиғилиш Тайлоқ туманида ўтказилди. Тумандаги мавжуд 20 та масжид имом-хатиблари ва ноиблари ҳамда ҳамкор ташкилот масъулларининг ҳамроҳлигида вилоятдаги 16 та шаҳар ва туман бош имом хатиблари ҳамда иқтидорли имом-хатиблар тумандаги 20 та маҳаллаларга тарқалиб, жойларда аҳолининг кам таъминланган ва нотинч оилаларига ташриф буюрди. Шунингдек, маҳалла марказларида уюшмаган ёшлар билан суҳбатлар ташкил қилиниб, ҳар бир маҳалладаги фуқаролар сони, ижтимоий ҳолати ва муаммолари ўрганилди.
Шу билан бир қаторда, вилоят ишчи гуруҳи Тайлоқ туманидаги 20 та масжидда Пешин намозини ўқиб, йиғилган намозхонларга “Рамазонга нафсимизни пойлайлик”, “Шукр қилиш фазилати”, “Ёшликни ғанимат билинг”, “Фитналарга берилмайлик”, “Тинчликнинг қадрига етинг”, “Силаи раҳмнинг фазилатлари”, “Ёшлар келажагимиз”, “Ота-онага яхшилик қилиш улуғ савоб”, “Интернетдан фойдаланиш одоблари”, “Ёт ғояларга алданманг”, “Илм олиш фазилатлари” ва бошқа бугунги кундаги долзарб мавзулар юзасидан маърузалар қилдилар ҳамда уларнинг муаммо ва таклифларини тингладилар.
Ушбу тадбирлар давомида умумий ўрганилган хонадонлар ва ўтказилган учрашувлар сони қуйидагиларни ташкил қилди:
• Имом-хатиблар ташриф буюрган маҳаллалар сони: 20 та. Шундан 12 тасида муаммолар борлиги аниқланди ва барчаси ижрога йўналтирилди;
• Кам таъминланган оилаларга ташриф: 100 та. Барчасига моддий ёрдам кўрсатилди.
• Ногиронлиги бор ва касалманд 5 нафар фуқаролар ҳолидан хабар олинди. Шундан барчасига моддий ёрдам кўрсатилди.
• Нотинч оилаларга ташриф: 1 та. Бу оила ўтказилган тушунтиришлардан ўзларига тегишли хулосалар чиқарди;
• Ичкиликка ружу қўйган 1 нафар фуқаро билан суҳбат ўтказилди. Улар қилаётган ишларининг оқибатларини тўғри тушуниб етганлигини айтиб ўтди;
• Қўшниси билан низолашган 1 та оиланинг ўртаси ислоҳ қилинди;
• ИҲМ тоифадаги 10 нафар фуқароларнинг хонадонларида бўлиб, уларнинг оила аъзолари билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилди. Уларнинг барчаси Юртбошимизнинг олиб бораётган ислоҳотларидан ғоят мамнун эканликларини айтиб ўтди;
• Узоқ муддатга хорижга бориб келган 5 нафар шахслар билан ҳамда хозирда хорижда юрганларнинг 3 нафарининг оила аъзолари билан учрашиб, уларга зарур кўрсатма ва маслаҳатлар берилди. Уларнинг барчаси мутаассиб фикрда эмаслиги маълум бўлди.
• Уюшмаган ёшлар билан 13 та МФЙда йиғилиш ўтказилди. Унда 100 га яқин уюшмаган ёшларнинг иштироки таъминланди.
• Тумандаги 20 та масжидда Пешин намози ўқилиб, йиғилган намозхонларга долзарб мавзуларда маърузалар қилинди. Унда 2000 нафарга яқин намозхонлар иштирок этишди.
• Юқорида айтиб ўтилган хонадонларга кўрсатилган жами моддий ёрдам миқдори 15 350 000 (ўн беш миллион уч юз эллик минг) сўмни ташкил қилди.

ЎМИ Матбуот хизмати

الأربعاء, 15 آذار/مارس 2023 00:00

Ислом тинчлик, оқибат динидир

Ислом дини ўз номи билан тинчлик динидир. Инсониятга ислом неъматини ато этган илоҳий ваҳий Қуръони Каримнинг ахлоқий асоси оқибат, раҳм-шавқат, меҳрибонлик, камтарлик ҳурмат ва тинчликка асосланади.

Бағрикенглик сифатига эга бўлган ислом дини, инсониятга Аллоҳнинг марҳамати, улуғ неъмати бўлиб нозил қилингани Қуръони Каримда баён қилинган:

“Ана энди бугун, динимизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун исломни дин бўлишига рози бўлдим…”

Лекин бу ислом динини нотўғри тушунган кимсалар турли хил йўллар билан ёшларимизни ижтимоий тармоқларда бузғунчи ғоялар билан ҳаёлларини бузмоқда.

Афсуски, баъзи ёшларимиз дунёқараши, тафаккури тор бўлгани учун ислом динини асл моҳиятини тўғри тушунмаслиги туфайли бузғунчиларнинг ўргимчак тўрига ўзлари билмаган ҳолда илиниб қолмоқда. Ёшларимизнинг бундай аҳволга тушишларига биз ота-оналар энг биринчи айбдормиз. Чунки ислом дини ҳақида тўлиқ ва мукаммал тушунча бермаганимиз биз ота-оналарнинг айбимиздир.

Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 205-оятида: “Аллоҳ бузғунчилик фасодни севмайди”, дея марҳамат қилади.

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳадисларининг бирида: “Қайси биримиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”.

Тинчлик бу ислом шиоридир. Шундай экан тинчликнинг қадрига етайлик. Фарзандларимизга тўғри ва мукаммал тарбия берайлик. Ислом динини тинчликка бўлган эътибори нечоғлиқ катта, бағрикенглик унинг негизи эканини тўғри тушунтирайлик.

Аллоҳ таоло юртимиз тинчлиги ва осойишталигини барқарор айлаб, халқимиз фаровонлигини бундан-да зиёда қилсин!

Баҳодир домла СУЮНБОЕВ,

Гулистон шаҳар “Ат-Термизий” масжиди имом-хатиби

Англиянинг “Челси” футбол клуби раҳбарияти Рамазон ойи муносабати билан 26 март куни клубга тегишли “Стемфорд Бридж” стадионида мусулмонлар учун жамоавий ифторлик ташкил этишини маълум қилди.
Инглиз клуби ўзининг расмий сайтида берган баёнотида нонушта “Стамфорд Бридж” да ташкил этилиши ва бу Буюк Британиядаги энг йирик тадбир саналишини қайд этган.
Маъмуриятининг қўшимча қилишича, барча масжидлар, клуб аъзолари, мухлислар ва мусулмон мактаб ўқувчилари клуб ходимлари ҳамроҳлигида ифторликка таклиф қилинади.
"Челси" хайрия фонди раҳбари Саймон Тейлор бундай деди: "Мен Рамазон чодири лойиҳаси билан биргаликда очиқ ифторлик эълон қилишдан мамнунман. Биз премерь-лигада бундай тадбирни уюштирган биринчи клуб бўлганимиздан жуда фахрланамиз. Яна шуни ҳам таъкидлаш керакки, Рамазон ойини нишонлаш ва мусулмон жамоамизга ифтор ташкил этиш бу диний бағрикенгликни тарғиб қилиш бўйича фаолиятимизнинг муҳим жиҳати ҳисобланади ва меҳмонларни 26 март куни кутиб олишни сабрсизлик билан кутяпман”.
“Рамазон чодири” лойиҳаси асосчиси ва бош директори Омар Салҳа шундай деди: “Сўнгги ўн йил ичида “Рамазон чодири” лойиҳаси турли миллат вакилларидан иборат ярим миллиондан ортиқ кишини жамлади. Уларни Рамазон байрами ва ифторлик бирлаштирди.


ЎМИ ходими И.Аҳмедов тайёрлади.

Видеолавҳалар

Top