muslim.uz

muslim.uz

الثلاثاء, 04 آب/أغسطس 2020 00:00

Саховат жаннатга етаклайди

Қурбон ҳайити юртдошларимиз томонидан меҳр-мурувват, саховат, ўзаро яхшилик, силаи раҳм каби эзгу анъана ва қадриятларга йўғрилган байрам сифатида муносиб нишонлаб келинмоқда.

Айниқса, бу байрамда юртдошларимиз халқимизга хос бўлган мурувват, саховат масаласига алоҳида эътибор қаратадилар. Кам таъминланган, эҳтиёжманд инсонларга қўлдан келганча ёрдам қўлини чўзадилар.

Ана шу улуғвор фазилатни амалдаги ифодасини муҳтарам Президентимизнинг Фармонларида ҳам кўришимиз мумкин. Жумладан, Фармонда “моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож 400 мингдан ортиқ оиланинг ҳар бир аъзосига 220 минг сўмдан тўлаб бериш”, “Саховат ва кўмак” жамғармаси орқали 220-250 минг оилага жами 200 млрд сўм ажратилиши” ҳақида сўзлар, шубҳасиз, қувончли хабар бўлди. Мана шу ажратиладиган маблағ қанчадан-қанча хонадонларга чин маънода байрам совғаси бўлди. Уларнинг ҳам кўнглига хурсандчилик улашилди. Рўзғорининг бир ками тўладиган бўлди. Аслида, мана шундай улуғ кунларда қилинган бу ташаббус ўзининг аҳамиятини янада оширди.

Тўғри, бу йилги Қурбон ҳайити коронавирус пандемияси шароитида нишонланмоқда. Шундан келиб чиқиб, бу ҳолат барчамиздан карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда ушбу байрамни нишонлашни тақозо этади.

Шубҳасиз, Юртбошимиз томонидан илгари сурилган “Саховат ва кўмак” умумҳалқ ҳаракати ташаббуслар фуқароларимизни янада саховатпеша ва ҳимматли бўлишга ундамоқда. Халқимиз ушбу ташаббусдан руҳланиб, янада жипслашиб, ҳамжиҳат бўлди.

Муборак динимиз ўзгаларга нисбатан мурувватли бўлишга тарғиб этади ва бу улкан ажрларга сазовор амал сифатида зикр қилинади.

Бугун кунда коронавирус пандемиясига қарши курашда фуқароларимиз бир тану бир жон бўлиб, бирдам бўлиб, ушбу даврни уюшқоқлик билан енгиб ўтишга ҳаракат қилмоқдалар.

Давлат Раҳбарининг Қурбон ҳайити муносабати билан халқимизга йўллаган табригидаги алоҳида эътиборга молик жиҳати шундаки, жумладан, табрикда: “Айниқса, ҳалол меҳнати орқасидан яхши ният билан жамғарган маблағини қўшниси, қариндоши ёки маҳалладошининг оғирини енгил қилиш учун ҳадя этган, бир ночор одамнинг кўнгил Каъбасини обод қилишни афзал билган бундай серҳиммат ва инсоф-диёнатли инсонларга – мен шунга ишонаман – Парвардигоримиз томонидан, албатта, улкан ажру мукофотлар берилади”, дейилгани бўлди.

Қурбон ҳайитини коронавирус пандемияси шароитида нишонлашнинг ўзига хос одоблари бор. Бу ҳар биримизнинг уйимизда қолиб, ибодат билан машғул бўлишимиз, бу кунларга сабр қилиб, неъматларга шукр қилишга, яқинларимиз ва ўзимизнинг хавфсизлигимиз йўлида улар билан уяли алоқа воситалари ёрдамида мулоқот қилиш кабиларда кўринади.

Раҳматилла УСМОНОВ,

Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби

الثلاثاء, 04 آب/أغسطس 2020 00:00

Қуръон билан хулқланиш

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръон ўқийдиган мўмин утружжага ўхшайди. Унинг ҳиди ёқимли, мазаси ширин. Қуръон ўқимайдиган мўмин эса хурмо кабидир. (Хурмо мевасининг) ҳиди йўқ, аммо мазаси ширин. Қуръон ўқийдиган мунофиқ райҳон каби хушбўй, бироқ мазаси тахир. Қуръон ўқимайдиган мунофиқ эса ҳанзала янглиғ ҳидсиз, таъми аччиқдир» деганлар.

Бухорий, Муслим, Сунан соҳиблари, Доримий, Аҳмад ривоят қилган.

Мазкур ҳадисда Қуръон тиловат қилиш, Каломуллоҳдан узоқ юриш қандай самара бериши ажойиб ўхшатиш орқали баён этилмоқда. Унда тўрт тоифа киши икки хил мева ҳамда икки хил ўсимликка ўхшатилмоқда: мўмин утружжага, хурмога, мунофиқ эса райҳонга, ҳанзалага менгзалмоқда. Бу билан мўмин банданинг шаъни нақадар улуғлиги, тилида мусулмонликни даъво қиладиган кимсанинг ҳолати нақадар ёмонлигини билиб оламиз. Қолаверса, ҳадисда Аллоҳнинг Каломи банданинг зоҳирига ҳам, ботинига ҳам таъсир қилиши таъкидланмоқда. Бандалар бу борада бир-биридан фарқ қилади. Ҳақиқий мўмин кўпроқ насибадор бўлади, кимдир озроқ. Қуръон баракасидан умуман бенасиб қоладиганлар ҳам йўқ эмас. Келинг, бу пурмаъно ҳадис шарҳи билан яқиндан танишиб чиқамиз:

“Қуръон ўқийдиган мўмин утружжага ўхшайди. Унинг ҳиди ёқимли, мазаси ширин”.

Утружжа – апельсинга ўхшаган мева. Унинг ҳажми ўртача, кўриниши чиройли, ранги сариқ-қизғиш. Утружжанинг ажойиб ранги киши эътиборини тортади. Унга қараган инсон кўнглида қувонч пайдо бўлади. Қолаверса, утружжанинг хушбўй ҳиди, тотли мазаси бор. Утружжа мевалар ичида энг зўри бўлгани учун ҳам мўмин киши мана шу мевага ўхшатилмоқда. Мўминнинг қалбида имони бор, нифоқ йўқ. У Қуръон ўқийди. Қуръон ўқиши шундоқ юз-кўзидан билиниб туради. Мўминнинг ташқи кўриниши гўзал, хулқи чиройли. Асосийси ички олами – қалби гўзал. Бундан чиқди, комил мўмин бўлиш учун ҳам сиртини, ҳам ичини тўғрилаш керак. Қалбни ислоҳ қилишда, етук мўмин бўлишда Қуръоннинг аҳамияти жуда катта. Қуръон ўқийдиган мўминнинг – худди утружжа каби – таъми мазали: қалбида имон мустаҳкам ўрнашган, ҳидиям хушбўй – одамлар унинг қироатини эшитиб роҳатланадилар, ажр-савоб оладилар, Қуръон ўқишни ўрганадилар. Эътиборли жиҳати шундаки, ҳадисда “Қуръон ўқийдиган” дейиш билан Қуръонни ойда-йилда бир эмас, доим ўқиш лозимлигига ишора қилинмоқда. Зеро, комил мўмин банда Аллоҳнинг Каломини токчаларда ғариб ҳолда қолдирмайди, муттасил ўқиб-ўрганади, илоҳий таълимотларга мувофиқ яшайди.

“Қуръон ўқимайдиган мўмин эса хурмо кабидир. (Хурмо мевасининг) ҳиди йўқ, аммо мазаси ширин”. Буям ажойиб ўхшатиш. Ҳар бир бандадан талаб этиладиган асосий нарса имондир. Мўмин банда имони билан қадрли. Лекин Аллоҳга, охират кунига ишонса-ю, Парвардигори Китобини ўқимаса, унинг қадри пасаяди. Шунинг учун бўлса керак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон ўқимайдиган мўминни хурмога ўхшатяптилар. Хурмонинг мазаси жуда ширин, лекин ҳидлаб кўрсангиз, ҳиди йўқлигига амин бўласиз. Бундан чиқди, Қуръон ўқимаслик, ўқишни ўрганишга ҳаракат қилмаслик мўмин банда учун айб саналади. Афсуски, ҳозирда кўп мусулмонлар Қуръон ўқимайди, маъносини тушунмайди. Оқибатда мусулмон бўлгани учун эмас, мусулмон бўла туриб Қуръонни ўқиб-ўрганмагани учун бошига ҳар хил савдолар тушади. Бугунги кундаги кўп ташвишлар айнан диндан бехабарлигимиз сабабли келиб чиқмоқда. Бундоқ олиб қарасак, ҳаммаси ёзиб қўйилган, қайси вазиятда нима қилиш кераклиги баён этилган. Бироқ Қуръон ўқилмайди, Аллоҳнинг ҳукми ўрганилмайди. Бундай нохуш вазиятдан чиқиб кетишнинг бирдан-бир чораси – Қуръонга қайтиш, Аллоҳнинг Каломини қунт билан ўқиб-ўрганиш. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз, мўмин банда Қуръон ўқимасаям, унинг асли пок. Чунки қалбида имон бор. Қуръон ўқимагани ёки ўқий олмагани билан унинг ботини гўзал, аммо зоҳири ислоҳталаб.

“Қуръон ўқийдиган мунофиқ райҳон каби хушбўй, бироқ мазаси тахир”. Қуръон ўқийдиган мунофиқнинг райҳонга ўхшатилишига сабаб мунофиқ дилида касаллик бор, тилида мусулмонликни даъво қилади. Лекин қалбида имон йўқ, ихлос йўқ. Одамлар – Қуръон ҳурматидан – риёкор қорини иззат-икром қилишлари мумкин. Бироқ нияти холис бўлмагани учун риёкор кимса Аллоҳ наздида ҳақиқий қорилик мақомига эришолмайди: унга савоб ҳам, юқори мартаба ҳам берилмайди. Маълумки, райҳоннинг ҳиди кўпчиликка ёқади. Аммо баргини чайнаган одамнинг кўнгли беҳузур бўлади. Мунофиқ ҳам шундай. Фақат Қуръон ўқигани учун унинг ҳиди хушбўй. Эътибор беринг: бу гап қалбида нифоқ иллати бор кимса ҳақида айтиляпти. Чинакам мўмин банда Қуръон ўқиш билан қанчалик юқори даражага кўтарилишини шундан ҳам билиб олса бўлади.

“Қуръон ўқимайдиган мунофиқ эса ҳанзала янглиғ ҳидсиз, таъми аччиқдир”. Ҳанзала – таъми, ҳиди ёқимсиз ўсимлик. Меваси апельсин катталигида бўлади. Қалбида нифоқ бор, Қуръондан узоқ банда ҳанзалага ўхшайди. Унинг таъми аччиқ, устига-устак ҳиди ҳам бадбўй. Бу – тўрт тоифа ичидаги – энг паст поғона эгасидир. Мунофиқлик тамғаси бандани жуда паст даражага тушириб юборади. Агар у Қуръондан йироқ бўлса, поғонаси баттар пасайиб кетади. Мунофиққа ибодат қилиш ҳам, Қуръон ўқиш ҳам оғирлик қилади. Шу маънода Абул Жавзо: “Мунофиқ учун Қуръон ўқишдан кўра зил-замбил тошларни кўтариб юриш осонроқ”, деган.

Абу Нуайм “Ҳилятул авлиѐ”да ривоят қилган 

Мунофиқда имон, ихлос бўлмагани учун ибодатни хушуъ билан бажаролмайди, Қуръонни Аллоҳ розилиги учун эмас, одамлар мақтови учун қироат қилади, бор эътиборини фақат ташқи тарафга – моддиятга қаратади. Ҳадиснинг мана шу қисмидан хулоса чиқарадиган бўлсак, аввало нифоқдан узоқ юриш, сиртдан мусулмон бўлиб кўриниб, Исломга тескари ишлардан қилишдан эҳтиёт бўлиш керак. Қолаверса, Қуръонга эътиборимизни кучайтирайлик. Зотан, мўмин-мусулмон бўла туриб Қуръон ўқимаслик маъқул эмас. Чунки Аллоҳ Қуръонни ўқиб-ўрганишимиз, Каломуллоҳ одоби ила хулқланишимиз учун нозил қилган.

«Қуръон қалблар шифоси» китоби асосида тайёрланди

Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан юртимизнинг барча ҳудудларида улуғ аждодларимиз, азиз-авлиёларнинг мақбараларини, муборак қадамжоларни обод қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди. Айниқса, зиёрат туризмига берилаётган юксак эътибор натижасида наинки юртдошларимиз, балки хорижлик сайёҳларнинг ҳам назарига тушган, уларни оҳанрабодек ўзига жалб қилаётган шундай муборак масканлар бор-ки, улар билан қанчалик фахрлансак арзийди. Хусусан,  Тошкент шаҳридаги Сузук Ота, Термиз шаҳридаги Ҳаким Термизий ҳамда Имом Термизий, Қашқадарёдаги Имом Насафий мажмуалари, Намангандаги Увайс Қараний зиёратгоҳи шулар жумласидандир.

Бугунги синовли кунларда Президентимизнинг байрам табриги кўнгилларни шодликка тўлдирди. Айниқса, шу хурсандчиликнинг давоми ўлароқ Фармоннинг эълон қилиниши янада қувонарли воқеа бўлди. Фармонда “Вақф” хайрия жамоат фондига алоҳида маблағ ажратилгани, шубҳасиз, соҳа равнақи учун қувват манбаи вазифасини ўтайди. Фармонига асосан “Вақф” хайрия жамоат фондига ажратилаётган 150 миллиард сўм маблағнинг бир қисми жаҳолатга қарши маърифат руҳидаги кенг қамровли тадбирларни янги босқичга кўтариш учун сарфланиши кўзда тутилган.

Шунингдек, Президентимиз байрам табригида “ҳақиқий мусулмон ўзига раво кўрганини биродарига ҳам раво кўради”,  деб таъкидладилар.

Ҳақиқатан, мўмин инсон ўзи тўқ бўла туриб биродарини оч қолдирмайди. Шунингдек, ҳар қандай яхшилик бўлса, ўзгаларга ҳам илинади. Бу билан одамларга манфаат келтиришга ошиқади, яхшиликка далолат қилиш уни бажарган билан баробар мазмунидаги ҳадисга мувофиқ иш кўради.

Албатта, бугунги синовли кунларда бизларга берилган неъматларга шукр қилиш, балоларга сабр қилиб дуою хайрлар қилишимиз хайрли амаллардан ҳисобланади.

Раҳматуллоҳ САЙФИДДИНОВ,

 Юнусобод туман бош имом-хатиби

 

ЎМИ матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top