muslim.uz

muslim.uz

الأربعاء, 19 تشرين1/أكتوير 2016 00:00

Ато ибн Ясор ҳақларидаги қисса...

Динимиз – Ислом насл-насабни пок сақлаш, шарму-ҳаё, бировга нопок назар билан боқмаслик каби гўзал маънавий ахлоқ ва одобларга чорлайди. Бугунги фаровон ҳаётимизда баъзи оилаларни ажрашаётгани ва бунга сабаб сифатида ноҳуш ҳолатлар - хиёнат, бевафолик каби иллатлар кўрсатилаётганини гувоҳи бўлиб қолаяпмиз. Ваҳоланки, бу иллатлар миллий қадриятларимиз ва диний аҳкомларимиз томонидан қаттиқ қораланади. Юртимизда асрлар оша халқимиз оилаларида “Оила муқаддасдир”, “Вафоли ёр”, “Оилавий бахт – олий бахт” “Оила тинч – юрт тинч” каби пурмаъно ҳикматлар ўз ифодасини тўлалигича топиб келган.  Ҳозирги кунда юртимизда ажралишлар сони кўпайиб бораётгани ва бунга баъзи ҳолларда юқоридаги иллатлар сабаб бўлаётгани жуда ҳам ачинарли ҳолдир. 

 Аллоҳ таоло эркак ва аёл ўртасида бўладиган муомалаларни нақадар муҳим масала экани сабабидан бу ҳақда алоҳида оятлар нозил қилган. Шулардан бирида Аллоҳ таоло шундай дейди:

قُلْ لِلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا مِنْ أَبْصَارِهِمْ وَيَحْفَظُوا فُرُوجَهُمْ ذَلِكَ أَزْكَى لَهُمْ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا يَصْنَعُونَ  وَقُلْ لِلْمُؤْمِنَاتِ يَغْضُضْنَ مِنْ أَبْصَارِهِنَّ وَيَحْفَظْنَ فُرُوجَهُنَّ

(Эй, Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўл)дир. Албатта, Аллоҳ улар қилаётган (сир) синоатларидан хабардордир. Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркаклардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар!...”. (Нур сураси, 30, 31).

Юқоридаги мавзуга таалуқли, биз ҳикоя қилмоқчи бўлган қиссамиз қаҳрамони Ато ибн Ясор Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу даврларида, 29 ҳижрий санада Мадинада таваллуд топганлар. Мадина аҳлининг буюк тобеъин, уламо, фақиҳ, муҳаддис ва тасаввуф намоёндаларидан ҳисобланадилар. Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан жуда ҳам кўп ҳадислар ривоят қилганлар. 103 ҳижрий санада, 74 ёшда вафот этганлар.

Ато ибн Ясор укалари Сулаймон ибн Ясор ўзларининг бир қанча дўстлари билан ҳаж қилиш ниятида Мадина шаҳридан сафарга отландилар. Абво номли бир жойга етиб келишганда тўхташди ва бир жойга ўрнашишди. Сулаймон дўстлари билан баъзи ишларини битириш мақсадида тўхташган жойдан кетишди. Ато эса қолди. У намоз ўқиб турганида бир саҳролик гўзал аёл унинг олдига кирди. Ато у аёлни кирганини сезди ва у бирор ҳожати учун кирганини сезиб намозини қисқа қилди.

  • Намозини ўқиб тугатгач у аёлга: “Сенга бирор нарса керакми?”, деди.
  • У: “Ҳа”, деди.
  • Ато: “Нима керак?” деди.
  • У аёл: “Ёнимга кел, сенда хоҳишим бор. Мени эрим йўқ” деди.
  • Ато:  “Менга яқинлашма. Мени ҳам ўзингни ҳам дўзахда куйдирма”, деди ва у гўзал аёлга назар солди. Аёл эса Атони хоҳлар ва фақатгина ўзи хоҳлаган нарсасини олишни истарди. Шунда Ато йиғлашни бошлади ва “Ҳолинга вой бўлсин. Мени тинч қўй, менга яқинлашма”, деди ва йиғиси янада кучайди. У аёл Атодаги йиғи ва қайғуни кўргандан кейин ўзи ҳам йиғлаб юборди. Шу ҳолат устига Сулаймон ибн Ясор ишларини битириб қайтиб келиб қолди. Сулаймон Атони йиғлаб ўтирганини, аёл эса хонанинг бошқа бир четида йиғлаб ўтирганини кўрганида нимага кўз ёши тўкаётганларини билмасада у ҳам йиғлаб юборди. Ато ва Сулаймоннинг дўстлари бирма-бир ишларини битириб кела бошлашди. Уларнинг ҳар бири келиб хонадагиларнинг йиғлаётганини кўриб йиғлаб юборар, нега йиғлашаётганини сўрамас эдилар. Токи хона йиғига тўлди ва йиғи овози кўтарилиб кетди. Бу ҳолатни кўрган аёл ўрнидан турди ва хонадан чиқиб кетди. Шундан сўнг, Сулаймон акаси Атони ҳурмати сабаб нима воқеа бўлганини сўраб ўтирмади. Бир қанча муддатдан сўнг бир куни Ато  тунда уйқудан йиғлаб уйғониб кетди.
  • Сулаймон: “Акажон, нимага йиғлаяпсиз?”, деди.
  • Ато: “Кўрган тушим мени йиғлатди. Токи тирик эканман ҳеч кимга айтмаслигинг шарти билан сенга тушимни айтиб бераман”, деди.
  • Сулаймон: “Ваъда бераман”, деди.
  • Ато: “Тушимда Юсуф алайҳиссаломни кўрдим. У зотга  назар солиш учун яқинлашдим. У зотнинг гўзалликларини гувоҳи бўлганимдан сўнг йиғлаб юбордим. У киши одамларни орасида турганимда менга қараб:
  • “Ҳой, нимага йиғлаяпсан?”, дедилар.
  • Ато: “Эй, Аллоҳнинг пайғамбари! Отам ва онам сизга фидо бўлсин. Сиз ва Азизнинг аёли, у аёлдан кўрган қанчадан-қанча балоларингиз, зиндонда кўрган қийинчиликларингиз,  қария отангиз Ёқуб алайҳиссаломдан ажралишингизни ҳаммасини эслаб, бу қийинчилик ва мусибатларга қандай дош берганингизга ажабланиб йиғлаб юбордим”, деди.
  • Юсуф алайҳиссалом: “Саҳролик гўзал аёл билан бўлган Абводаги воқеаданчи, ундан ажабланмайсанми?”, дедилар. Шунда йиғлаб юбордим ва уйқудан уйғониб кетдим. Шунда Сулаймон: “Эй, акажон! Абводаги ўша саҳролик гўзал аёлнинг воқеаси нима эди?”, деб сўради. Ато унга ҳаммасини айтиб берди. Сулаймон токи Ато вафот этгунига қадар ҳеч кимга бу воқеани айтиб бермади. У оламдан ўтгандан кейин эса унинг оиласидаги бир аёлга сўзлаб берди.

Аллоҳ таоло юртимизни тинч, оилаларимизни мустаҳкам ва саодатли бўлишини насиб этсин!

 

Жалолиддин Ҳамроқулов,

ТИИ “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси мудири,

Тошкент шаҳар “Новза” жоме масжиди имом-хатиби

Саудия Арабистони подшоҳи Салмон ибн Абдулазиз Мадинаи мунаввара шаҳридаги бир қатор тарихий масжидларни қайта таъмирлаш режасини маъқуллади. Бу ҳақда Саудия Арабистони туризм ва миллий қадриятлар қўмитаси раиси Султон ибн Салмон хабар берди.

Шаҳзода Султон ибн Салмон лойиҳани амалга ошириш мақсадида хайрия фондини ташкил этишини маълум қилди. Шу билан бирга, у аҳолини тарихий масжидларнинг аҳоли ва жамият ҳаётидаги ролини таъкидлаган ҳолда масжидлар таъмири дастурида фаол иштирок этишга чақирди.

“Статистик маълумотлар шуни кўрсатадики, мамлакат бўйича мингга яқин таъмирталаб масжидлар бор”, - деди Султон ибн Салмон.

Arab News маълумотига кўра, бугунги кунда 14 та масжид таъмирлаб бўлинди.

 

                                                                    Халқаро алоқалар бўлими

الأربعاء, 19 تشرين1/أكتوير 2016 00:00

Қоҳирада фатволар бўйича конференция

Миср пойтахти Қоҳира шаҳрида “Мусулмон аҳолиси кам бўлган мамлакатлардаги масжид имомлари учун ишлаб чиқиладиган фатволар савияси ва илмий даражаси” мавзусида конференция бўлиб ўтади. Тадбирни Миср муфтияти ва 80 нафар мамлакатдан ташриф буюрган делегация аъзолари ўтказади.

Конференцияда Ғарб мамлакатларидаги озчиликни ташкил этган мусулмон жамияти билан боғлиқ бир қатор саволларни муҳокама қилинади.

“Конференцияда терроризм ва унга қарши курашишнинг асосий йўллари кўриб чиқилади. Шунингдек, бу борада имомларнинг малакасини ошириш, уларнинг диний манбалар ва замонавий илмий янгиликлар билан ишлай олиш қобилиятларини янада такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинади. Бундан ташқари, улар Ислом дини ҳақида тўғри маълумот бериш йўллари ва усулларини ҳам аниқ билишлари зарур. Уларнинг диний ёки илмий  савиясининг етишмаслиги, жуда ҳам салбий оқибатларга олиб келиши мумкин” – деб хабар беради “Муслим пресс” матбуот агентлиги.

                                                                    Халқаро алоқалар бўлими

الأربعاء, 19 تشرين1/أكتوير 2016 00:00

Ҳожилар учун чўнтак таржимони

Divine Connect Америка компанияси Ҳаж ва Умра зиёратчилари учун махсус таржимон ишлаб чиқишди.  Қурилма бутун дунё мусулмонлари она тилларига Икки Муқаддас масжидда ўқиладиган жума маърузаларини таржима қилади.

Ушбу ихтиро қилинган қурилма учун бугунги кунда Дубайда бўлиб ўтаётган Глобал ислом иқтисодиёти саммитида компания 20 000 АҚШ доллари миқдорида мукофот олди.

Бундан ташқари компания бизнес – инкубатор хизматлари учун 10 000 АҚШ доллари миқдорида сертификат ва 1 йил давомида Дубайдаги технобоғ ҳудудидан бепул фойдаланиш имконини ҳам қўлга киритди.

                                                                                 Халқаро алоқалар бўлими

الأربعاء, 19 تشرين1/أكتوير 2016 00:00

Самарқанд шаҳри куни

18 октиябрь куни кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрига Амир Темур ордени берилган кун муносабати билан вилоят миқёсида тадбир бўлиб ўтди. Унда кўплаб ташкилот ва жамоат бирлашмалари вакиллари қаторида вилоят бош имом-хатиби Н. Исламов ва бош имом ўринбосари       З. Эшонқулов иштирок этишди.

Дастлаб, Соҳибқироннинг қабри жойлашган Гўри Амир мақбарасида Қуръон тиловати қилинди ва Амир Темур ҳазратлари ҳамда барча ўтган буюк бобокалонларимиз руҳи покларига бағишланди. Сўнг Темур бобомиз ҳайкали пойига гулчамбар қўйилди.

Тадбир иштирокчилари биргаликда махсус автобусга ўтириб, вилоят ҳокими бошчилигида 2016 йилда Самарқанд шаҳрида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг Самарқандга ташрифи чоғида самарқандликларга туҳфа сифатида тақдим этилган замонавий трамвай қурилишига ҳам оқ фотиҳа берилди ва қурувчилар томонидан ишлар бошлаб юборилди.

Маълумки, 1996 йил 18 октабрда Самарқандда Амир Темур таваллудининг 660 йиллигига бағишланган тантанали маросимда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан ушбу кунни – Самарқанд шаҳри куни сифатида нишонлаш таклиф этилган эди. Ўша куни шаҳарга Амир Темур ордени топширилди. Мана 20 йилдирки, бу сана кенг нишонланиб келинмоқда.

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги

Видеолавҳалар

Top