muslim.uz

muslim.uz

الأربعاء, 14 أيلول/سبتمبر 2016 00:00

Каъбаи муаззамага янги каъбапўш ёпилди

 

Ҳар йили Қурбон Ҳайити байрами арафасида муқаддас Каъбага янги каъбапўш ёпилади. Бу йил ҳам умумий қиймати 20 миллион риални ташкил этувчи янги каъбапўш ёпилди. Каъбапўш қора рангга бўялган асл ипакдан тикилган бўлиб, оғирлиги қарийб 700 кг ни ташкил этади. 

Масжидул ҳарам хизматчилари Арафа кунида янги каъбапўшни Зам-зам сувида ювиб, Каъбаи муаззамага тўшадилар.

الأربعاء, 14 أيلول/سبتمبر 2016 00:00

Ҳожиларимиз эҳром либосидан чиқдилар

Муздалифа майдонида ибодатларини ниҳоясига етказган юртдошларимиз Мино водийсига соғ-саломат қайтиб келдилар. Қурбон ҳайити муносабати билан бир-бирларини қутладилар ва улар учун тайёрланган жонлиқлар қурбонлик қилингандан сўнг, сочларини олдирдилар ва шу куннинг ўзида етти донадан шайтонга тош отиб, эҳром либосидан чиқдилар. 
Эслатиб ўтамиз, ҳожиларимиз ҳайитнинг иккинчи ва учинчи кунлари йигирма бир донадан тош отиб, ҳаж ибодатини ўз ниҳоясига етказадилар ва ташкилий равишда меҳмонхоналарга қайтадилар. 
Аллоҳ таоло барчанинг ҳажини қабул айлаган бўлсин!


Саудия Арабистони, Макка шаҳри, Мино водийсидан

 

الأربعاء, 14 أيلول/سبتمبر 2016 00:00

16.09.2016 й. Баднафслик – иллат

بسم الله الرحمن الرحيم

Азиз намозхонлар!  Аслида баднафслик – бахиллик дегани. Чунки баднафс инсон ҳамма учун яратилган нозу неъматларни фақат ўзимга бўлсин, дейди. Аллоҳ таоло Ўзининг каломи шарифида бахиллик ва баднафсликдан қайтариб шундай дейди:

وَلَا تَجْعَلْ يَدَكَ مَغْلُولَةً إِلَى عُنُقِكَ وَلَا تَبْسُطْهَا كُلَّ الْبَسْطِ فَتَقْعُدَ مَلُومًا مَحْسُورًا إِنَّ رَبَّكَ يَبْسُطُ الرِّزْقَ لِمَنْ يَشَاءُ وَيَقْدِرُ إِنَّهُ كَانَ بِعِبَادِهِ خَبِيرًا بَصِيرًا

яъни:(Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз. Шубҳасиз, Раббингиз Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг ҳам, танг ҳам қилур. Албатта, У бандаларидан огоҳ ва (уларни) кўриб турувчи зотдир”. (Исро сураси, 29-30 оятлар)

         Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда бу ҳақда шундай дейилган:

وَعَنْ جَابِرٍ  أَنَّ رَسُولَ اللهِ   قَالَ: «اتَّقُوا الظُّلْمَ فَإِنَّ الظُّلْمَ ظُلُمَاتٌ يَوْمَ الْقِيَامَةِ، وَاتَّقُوا الشُّحَّ فَإِنَّ الشُّحَّ أَهْلَكَ مـَنْ كَانَ قَبْلَكُمْ، حَمَلَهُمْ عَلَى أَنْ سَفَكُوا دِمَاءَهُمْ وَاسْتَحَلُّوا مَحَارِمَهُمْ» رَوَاهُ مُسْلِمٌ

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бировга зулм қилишдан сақланинглар. Чунки зулм Қиёмат кунида зулумат бўлади. Ва яна хасислик ва баднафсликдан сақланинглар. Чунки баднафслик сизлардан аввалги умматларни ҳалок қилди ва қон тўкишларига ҳамда ҳаром нарсаларни ҳалол қилиб олишларига сабаб бўлган эди», дедилар.

Келинг, мана шундай одамлар тоифасига кирмаслик учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарбияларини олган саҳоблар ҳаётига назар ташлайлик. Ватандошимиз Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда шундай дейлади:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ : أَنَّ رَجُلًا أَتَى النَّبِيَّ ، فَبَعَثَ إِلَى نِسَائِهِ فَقُلْنَ: مَا مَعَنَا إِلَّا الْمَاءُ. فَقَالَ رَسُولُ اللهِ : «مَنْ يَضُمُّ أَوْ يُضِيفُ هَذَا؟» فَقَالَ رَجُلٌ مِنَ الْأَنْصَارِ: أَنَا. فَانْطَلَقَ بِهِ إِلَى امْرَأَتِهِ، فَقَالَ: أَكْرِمِي ضَيْفَ رَسُولِ اللهِ. فَقَالَتْ: مَا عِنْدَنَا إِلَّا قُوتُ صِبْيَانِي. فَقَالَ: هَيِّئِي طَعَامَكِ، وَأَصْبِحِي سِرَاجَكِ، وَنَوِّمِي صِبْيَانَكِ إِذَا أَرَادُوا عَشَاءً. فَهَيَّأَتْ طَعَامَهَا، وَأَصْبَحَتْ سِرَاجَهَا، وَنَوَّمَتْ صِبْيَانَهَا، ثُمَّ قَامَتْ كَأَنَّهَا تُصْلِحُ سِرَاجَهَا فَأَطْفَأَتْهُ، فَجَعَلَا يُرِيَانِهِ أَنَّهُمَا يَأْكُلَانِ، فَبَاتَا طَاوِيَيْنِ، فَلَمَّا أَصْبَحَ، غَدَا إِلَى رَسُولِ اللهِ  فَقَالَ: «ضَحِكَ اللهُ اللَّيْلَةَ - أَوْ عَجِبَ - مِنْ فَعَالِكُمَا». فَأَنْزَلَ اللهُ: وَيُؤْثِرُونَ عَلَى أَنْفُسِهِمْ وَلَوْ كَانَ بِهِمْ خَصَاصَةٌ وَمَنْ يُوقَ شُحَّ نَفْسِهِ فَأُولَئِكَ هُمْ الْمُفْلِحُونَ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келган эди, у зот аёлларига одам жўнатдилар. Аёллари: «Бизда сувдан бошқа нарса йўқ», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким буни ўзи билан олиб кетади ёки меҳмон қилади?» дедилар. Шунда ансорлардан бири: «Мен», деди ва уни аёлининг олдига олиб борди-да: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меҳмонларига икром кўрсат», деди. У: «Гўдакларимнинг овқатидан бошқа нарсамиз йўқ», деди. У киши: «Таомингни тайёрла, чироғингни ёқ. Гўдакларинг кечки овқат истаб қолишса, уларни ухлатиб қўй», деди. У таомини тайёрлади, чироғини ёқди ва гўдакларини ухлатди. Кейин чироғини тўғрилаётгандек бўлиб туриб, уни ўчириб қўйди. Иккови ўзларини меҳмонга еяётгандек кўрсатишди ва тунни оч ҳолда ўтказишди. Тонг отгач, хонадон соҳиби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борган эди, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ бу кеча икковингиз қилган ишдан рози бўлди», дедилар. Шунда Аллоҳ: «Ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам, (уларни) ўзларидан устун қўярлар. Ким ўз нафсининг зиқналигидан сақланса, ана ўшалар зафар топувчилардир» ( Хашр сураси, 9 ояти)ни нозил қилди».

Бахиллик фақат пул бериш, таомлантириш каби улуғ фазилатлардан ўзини тийишга чекланиб қолмайди. Ўзидаги ҳунарни ёки касбни шогирдларига ўргатмаслик ҳам бахилликка киради.

Мана азизлар ҳақиқий мусулмон мана шундай бўлиши керак. Худбинлик ва фақат ўзини ўйлаш мусулмон кишининг хулқига кирмайди. Мусулмон киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: Ўзига раво кўрган нарсани бошқаларга ҳам улашади. Ҳақиқий мусулмон қандай бўлишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиройли ташбиҳ орқали баён қилиб берганлар. Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда бу ҳақда шундай дейилган:

عن النُّعْمَانَ بْنَ بَشِيرٍ، يَقُولُ: قَالَ رَسُولُ اللهِ : «تَرَى الْمُؤْمِنِينَ فِي تَرَاحُمِهِمْ وَتَوَادِّهِمْ وَتَعَاطُفِهِمْ كَمَثَلِ الْجَسَدِ إِذَا اشْتَكَى عُضْوًا تَدَاعَى لَهُ سَائِرُ جَسَدِهِ بِالسَّهَرِ وَالْحُمَّى

Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Мўминларнинг ўзаро раҳм қилишлари, дўстликлари ва меҳрибончиликларида худди бир танадек эканини кўрасан. Бирор аъзо хасталанса, тананинг қолган жойлари бедорлик ва иситмалаш билан унга ҳамдард бўлади».

Бахиллик мол-мулкка талафот етказади.Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда бу ҳақда шундай дейилган:

وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ قَالَ: «مَا مِنْ يَوْمٍ يُصْبِحُ الْعِبَادُ فِيهِ إِلاَّ ملَكَانِ يَنْزِلاَنِ، فَيَقُولُ أَحَدُهُمَا: اللَّهُمَّ أَعْطِ مُنْفِقًا خَلَفًا، وَيَقُولُ الآخَرُ: اللَّهُمَّ أَعْطِ مُمْسِكًا تَلَفًا». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Бандалар тонг оттирган кун борки, унда икки фаришта тушиб, улардан бири: «Аллоҳим! Инфоқ қилувчига эваз бергин» дейди, иккинчиси: «Аллоҳим! Мумсикка(баднафс, бахилга) талафот бергин», дейди».

Баднафслик иллатидан қутилганлар Пайғамбаримизнинг чин умматидан бўлиб ҳисобланади. Мадинада Ашъарийлар қабиласи бор эди. Уларнинг бошқа қабиладан ажралиб турадиган бир фазилати бўлиб, айнан мана шу фазилат туфайли, Пайғамбаримиз уларни ўзларига яқин санаган эдилар. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда бу ҳақда шундай дейилган:

وَعَنْ أَبِي مُوسَى قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ : «إِنَّ الأَشْعَرِيِّيْنَ إِذَا أَرْمَلُوا فِي الْغَزْوِ، أَو قَلَّ طَعَامُ عِيَالِهِمْ بِالمَدِينَةِ، جَمَعُوا مَا كَانَ عِنْدَهُمْ فِي ثَوْبٍ وَاحِدٍ، ثُمَّ اقتَسَمُوهُ بَيْنَهُمْ فِي إِنَاءٍ وَاحِدٍ بِالسَّويَّةِ فَهُمْ مِنِّي وَأَنَا مِنْهُمْ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ашъарийлар ғазотда озиқ-овқат танқислигига учрашса ёки Мадинада оилаларининг егулиги озайиб қолса, ўзларидаги бор нарсаларини бир матога тўплаб, кейин уни ўрталарида бир идишда баб-баробар тақсимлашади. Шундай экан, улар мендан ва мен уларданман», дедилар.

Бадафслик иллатидан қутилиш учун бизларга энг гўзал намуна бу суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. У зот ҳеч кимга: «Йўқ», деган сўзни ишлатмаганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга турли жойлардан совға ва ҳадялар келар эди. Ўша ҳадяларни муҳтож ва ҳақдорларга тарқатиб чиқмагунча ухламас эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига ёққан нарсани биров менга беринг, деб сўраб келганда, ўзлари учун энг севимли бўлган ўша нарсани сўраб келган одамга берар эдилар.

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло бундай разил иллатдан ўзини сақлаган кишилар нажот топишини хабар бериб шундай деган:

وَمَنْ يُوقَ شُحَّ نَفْسِهِ فَأُولَئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ

яъни: «Кимки ўз нафси бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар (охиратда) нажот топувчидирлар» (Ҳашр 9).

Руҳий тарбия олимлари тавсия қилган баъзи нарсаларни зикр этиб ўтамиз:

  1. Баднафслик ва бахилликнинг давоси кўпроқ садақа ва эҳсон қилиш.
  2. Қўлидаги мол-мулк аслида Аллоҳники эканини ва Аллоҳ унга муҳтожларга берадими ёки йўқми, шуни синаш учун бериб қўйганини ҳис қилиш.
  3. Муҳтожни кўрганда, Аллоҳ мени шунинг ўрнига қилиб қўйиши мумкин эди-ку, деб муҳтожларга хайр эҳсон қилиши.
  4. «Аслида еганинг эмас, берганинг сеники бўлади. Чунки қиёмат кунида Аллоҳ садақа қилинган молнинг ажрини зиёда қилиб қайтаради. Бермай ўзи еган мол-мулкни эса ҳисоб китобини қилади», деган ақидани ўзида сингдириш.
  5. «Мол-мулк Аллоҳ йўлида сарфланган сари зиёдалашади», деган ҳадисни доим ёдда тутиб юриш.
  6. Аллоҳ ҳаргиз бандасидан қарздор бўлиб қолмайди. Аллоҳ учун берилган мол-мулкни Аллоҳ ўзи албатта зиёдаси билан қайтаришига ишониш.

Муҳтарам азизлар! Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, деҳқону боғбонлар йил давомида қилган машаққатли меҳнатларининг натижасини кўрадиган, ҳосилни сарҳисоб қиладиган кунларга ҳам етиб келдик. Юртимиз тупроғи серунум, гўзал боғлари серҳосил эканлигидан қанчалар ғурурлансак арзийди. Дарҳақиқат, бозорлардаги тўкин сочинлик далалардаги ҳосилнинг мўллигидандир. Барча ҳосиллар – оятда таъкидланганидек – Парвардигоримизнинг изни билан чиқмоқда. Демак, юртимиз мақтовга лойиқ диёрдир.

Деҳқончилик ва зироат улуғ фазилатли амалдир. Чунки кўплаб ояти карималарда боғлар ва далаларнинг ҳосили Аллоҳ таолонинг изни ва иродаси билан етилиши баён этилган. Бу эса деҳқон ва боғбонларнинг меҳнати Аллоҳнинг назари остида эканлигига ва Аллоҳ таоло уларга мададкор эканлигига далолат қилади. Бунга мисол қуйидаги оятлардир:

وَنَزَّلْنَا مِنَ السَّمَاءِ مَاءً مُبَارَكًا فَأَنْبَتْنَا بِهِ جَنَّاتٍ وَحَبَّ الْحَصِيدِ  وَالنَّخْلَ بَاسِقَاتٍ لَهَا طَلْعٌ نَضِيدٌ  رِزْقًا لِلْعِبَادِ وَأَحْيَيْنَا بِهِ بَلْدَةً مَيْتًا كَذَلِكَ الْخُرُوجُ  (سورة ق/11-9

яъни: “Биз осмондан баракотли сув (ёмғир) ёғдириб, у билан боғларни ва ўриб олинадиган донларни ундирдик. Шунингдек, зич мевали, шохлари баланд хурмоларни ҳам. Бандаларга ризқ бўлсин учун (шундай қилдик). Яна у (сув) билан “ўлик” шаҳарни (ерни) “тирилтирдик”. (Қабрлардан тирилиб) чиқиш ҳам мана шундай бўлур”.

فَلْيَنْظُرِ الْإِنْسَانُ إِلَى طَعَامِهِ  أَنَّا صَبَبْنَا الْمَاءَ صَبًّا  ثُمَّ شَقَقْنَا الْأَرْضَ شَقًّا  فَأَنْبَتْنَا فِيهَا حَبًّا  وَعِنَبًا وَقَضْبًا  وَزَيْتُونًا وَنَخْلًا  وَحَدَائِقَ غُلْبًا  وَفَاكِهَةً وَأَبًّا  مَتَاعًا لَكُمْ وَلِأَنْعَامِكُمْ (سورة عبس/24-32

яъни: “Энди инсон ўзининг таомига (ибрат кўзи билан қуйидаги неъматларимизга бир) боқсин: Биз (осмондан) сувни мўл ёғдирдик. Сўнгра ерни (гиёҳлар унсин, деб) ёрдик. Сўнгра Биз унда донларни ундирдик, узум ва кўкатларни, зайтун ва хурмоларни, қалин дарахтзор боғларни, меваю гиёҳларни ҳам. (Буларни) сизларнинг ва чорва ҳайвонларингизнинг истеъмоли учун (яратдик)”.

Ушбу оятларда барча ҳосиллар Аллоҳ таоло томонидан инсонларга ризқ қилиб берилгани баён этилди. Инсон эса ўз ризқига бефарқ муносабатда бўлиши мумкин эмас. Ҳозир куз фасли давом этмоқда. Йил давомида қилинган машаққатли меҳнатнинг натижаси бўлган ҳосилни исроф қилмасдан йиғиб олиш ва унга ёрдам бериш барчамизнинг бурчимиздир.

Ҳозир ватанимизнинг қайси бир ҳудудига борманг Аллоҳнинг марҳамати ва деҳқон меҳнати, қалб қўри билан етиштирилган пахта, дон, сабзавот, полиз ва боғлардаги мўл-кўл ҳосилни нест-нобуд қилмай йиғиштириб олинаётганига гувоҳ бўламиз. Улар ўзларининг фидокорона меҳнатлари билан ватанимиз бойлигига бойлик қўшиш, халқимиз ҳаёти учун зарур бўлган барча қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотларини кўплаб етказиш, уларни қишки мавсумга захира этишда кўп куч ва ғайрат сарфламоқдалар. Катта меҳнат эвазига етиштирилган барча турдаги ҳосилни авайлаб сақлаш ва уни исроф қилмаслик ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Бу йил об-ҳаво ноқулайликларига қарамай, пахтазорларимизда мўл ҳосил етиштирилди. Фурсатни ғанимат билиб, даладаги ҳосилни нест-нобуд қилмай териб олишга ҳисса қўшиш барчанинг бурчидир.

Пахта бизнинг миллий бойлигимиз. Етиштирилган пахтамиз туфайли юзлаб текстил, ёғ заводларимиз ва бошқа пахтадан олинадиган хомашёлар асосида фаолият юритадиган корхоналаримиз ишлайди. Демак, пахта ушбу корхоналарда ишлайдиганларга ҳам ризқ ҳисобланади. Бундан ташқари пахтани жаҳон бозорида сотишдан олинадиган фойда ҳисобига бюджетимиз бутун бўлади. Болаларимиз учун мактаб, коллеж ва олийгоҳлар ишлайди. Бюджет ташкилотлари ходимлари ойлик олади. Шунинг учун пахтани барчамиз жамул жам бўлиб териб олишимиз лозим.

Аллоҳ таоло пахта далаларида, боғ ва полизларда кечаю кундуз ҳормай-толмай фидокорона меҳнат қилаётган барча меҳнаткаш бобо деҳқонларимизни етиштирган ҳосилларига баракотлар ато этсин, Парвардигор пахтани нес-нобуд қилмасдан териб олишда халқимизга куч-қувват ато айласин  ва уларни сиҳҳат саломатликда бардавом айлаб, энг эзгу ниятлари бўлган Ўзининг розилигига ва ажру-мукофотига эришишларида мададкор бўлсин. 

الأربعاء, 14 أيلول/سبتمبر 2016 00:00

Гўзал хулқ комиллик калити

Динимиз инсонларни яхши хулқ эгаси бўлишга чақиради. Одамлар билан очиқ юз билан самимий, хушмуъомалада бўлиш ибодат даражасига кўтарилган. Аллоҳ таъоло пайғамбар (с.а.в) га хитоб қилиб шундай дейди:

 Аллоҳнинг раҳмати туфайли уларга мулойим бўлдингиз агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганизда эди атрофингиздан тарқалиб кетган бўлар эди.

Дарҳақиқат расулуллоҳнинг хулқлари гўзал эди. Атрофларидаги инсонларга мулойимлик билан муомала қилар эдилар, сира қўполлик қилмаганлар. Киши ҳулқини гўзал қилиши унга кўплаб фойдаларни олиб келади. Ҳадиси шарифда: Сизлар одамларни молларингиз билан жалб қила олмайсиз балки очиқ юзингиз ва яхши хулқингиз уларни жалб қилади. Яна бир ҳадиси шарифда: Қиёмат куни мўминнинг амаллари мезонида яхши хулқидан оғирроқ нарса бўлмайди, қўпол уят сўзларни сўзловчи кишини Аллоҳ таъоло яхши кўрмайди дедилар.

Ҳақиқатдан ҳам яхши хулқ эгаси ўз атрофига яхшиларни жам қилади. Одамлар орасида ҳурмати – обрўйи бўлади одамлар эса ундай инсонга ишонадилар. Одамлар ҳам, Аллоҳ таъоло ҳам яхши хулқ эгасини яхши кўради.

Бошқа бир ҳадисда: Яхши хулқ ризқни жалб қилади, ёмон хулқ ризқни ман қилади дейилган. Ҳа азизлар кишининг хулқи яхши бўлса ҳаётида, ризқида барака бўлади аксинча ёмон бўлса ҳаётида ҳам ризқида ҳам барака бўлмайди.

Пайғамбар (с.а.в) айтдилар: зинхор бир бирингизни ёмон кўрмангиз, хасад қилмангиз бир бирингизга жабр қилмангиз, алоқаларни узмангиз ва бир-бирингиз билан ака-ука бўлингиз. Ҳа азизлар ҳаётда бир биримиз билан ака-укадек яшайлик бир биримизга ҳеч ёмонлик қилмайлик. Зеро ўзгаларга қилинган ёмонлик ўзига қилинган ёмонликдир.

Яҳё ибн Муъоз р.а айтадилар сенда мўминнинг уч хулқу- хислати бўлсин.

1.Агар манфаат бера олмасанг ақалли зарар берма.

2.Агарчи хурсанд қила олмасанг хафа ҳам қилма.

3.Агарчи мақтай олмасанг ақалли ёмонламагин.

Абу Зарр р.а дан Расулуллоҳ менга айтдилар: Қаерда бўлсанг ҳам Аллоҳга тақво қил, ёмонликни ортидан яхшиликни эргаштир зеро яхшилик ёмонликни ўчириб юборади ва инсонлар билан хусни – хулқ ила муомала қил.

Дарҳақиқат инсон учун яхши хулқдан кўра зарурроқ ва муҳимроқ бирор фазилат йўқдир.

2-давра 7-босқич тингловчиси
Ўткир Ҳакимов,
Тошкент шахар Яккасарой тумани “Усмон бин Мазъун” жомеъ масжиди имом хатиби 

 

الثلاثاء, 13 أيلول/سبتمبر 2016 00:00

“Катта” ҳайит

Қурбон ҳайити мусулмон тақвими бўйича сўнги – Зулҳижжа ойининг 10 санасида, рамазон ҳайити байрамидан 70 кун ўтиб нишонланадиган байрамдир.

1 кун нишонланадиган Рамазон ҳайитидан фарқли ўлароқ Қурбон ҳайити 3 кун давомида нишонланади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) сўзлари билан айтганда:

يومُ عرفةَ ويومُ النحرِ وأيامُ التشريقِ عيدنا أهلَ الإسلامِ، وهيّ أيامُ أكلٍ وشربٍ

“Арафа, қурбонлик ва ташриқ* кунлари биз – мусулманларнинг байрамимиздир. Булар шодиёна ва зиёфат кунларидир” (Имом термизий ривоят қилган).

Арафа куни – мусулмон тақвими бўйича Зулҳижжа ойининг 9-куни, ҳайит арафаси – ҳайитдан бир кун олдинги кун;

Қурбонлик куни –Зулҳижжа ойининг 10-куни, ҳайит куни;

Қурбонлик кунлари –Зулҳижжа ойининг 10-,11-,12-кунлари, 12 Зулҳижжа аср намози вақтида тугайди;

Ташриқ кунлари – мусулмон тақвими бўйича Зул-ҳижжа ойининг 11,12,13-кунлари, қадимда ҳожилар қурбонлик гуштларини қуёшда қуритиб олган кунлар, шодиёна ва зиёфат кунлари. 13 Зул-ҳижжанинг аср намози вақтида тугайди.

Шу нуқтаи назардан, шодиёна кунларимиз беш кунгача чўзилади. Ушбу кунларда рўза тутиш манъ қилинган.

Давомий хурсандчилик, қурбонликлар сабабли ташкил қилинадиган эҳсон – зиёфат дастурхонлари, янги либосларнинг кийилиши, қурбонлигу ноз-неъматлар, ширинликлар улашилиши, саховатнинг жўш уриши, айниқса махсус зикр – такбирнинг айтилиши боис халқ орасида Қурбон ҳайитини “Катта ҳайит” номи билан аташ урф бўлган.

Юқорида зикр қилганимиздек, Қурбон ҳайити хурсандчиликлари аслида арафа кунидан бошланади. Бу кунда ҳайит дастурхони учун тайёргарлик кўрилади. Лочира, бўғирсоқ, қовурма чучвара, юпқа, қатлама, ўрама, чак-чак, паҳлава, холвайтар каби ҳайит неъматлари тайёрланиб, қўни-қўшни, қариндош-уруғ бир-бирларини йўқлайдилар. Ҳар бир хурсандчилик – тўю тантаналар олдидан амалга ошириладидиган одат каби арафа кунида ўтганлар хотирланиб, улар ҳаққига ҳар бир хонадонда тиловати Қуръонлар қилинади.

Ҳақиқий байрам ҳайит куни қуёш чиққанидан 15 дақиқа ўтиб ўқиладиган ҳайит намози билан бошланади. Мамлакатимизнинг барча масжидлари мўмин-мусулмонлар билан тўлиб тошади. Намоздан сўнг ёшу қари, каттаю кичик, таниган-танимаган, бир-бирларини байрам билан муборакбод этадилар. Кичкиналар байрам сайлида ўйинчоғу ширинликлар билан сийланса, иссиқ нон – патирлар, нозу неъматлар харид қилиниб, кексалар, ногиронлар, ёрдамга муҳтож кишилар йўқланади, уларнинг дуосидан баҳраманд бўлинади.

Шундан сўнг Парвардигорнинг:

فصلّ لربك وانحر

“Роббинг учун намоз ўқи ва қурбонлик қил!” (Кавсар, 2), деган буйруғига биноан қурбонликлар бошланади. Исмоил (а.с.) ўрнига жаннатдан қўчқор юборилиб, қурбонлик қилингандан буён жонлиқ сўйиб қурбонлик қилиш Иброҳим (а.с.)дан унинг миллати – уммати муҳаммадийгасуннат бўлиб қолган.

Қурбонлик қилиш мол-дунёси закот бериш нисоби (миқдори)га етган кишига вожиб бўлади. Қурбонлик учун танланган қўй, мол, туя ёки бошқа ҳайвонлар нуқсонсиз, семиз бўлиши лозим. Жонлиқнинг жинси эркак бўлса янада яхши.

قال رسول الله صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لفاطمة قومي إلى اضحيتك فاشهديها فان لك باول قطرة تقطر من دمها يغفر لك ما سلف من ذنوبك

Пайғамбаримиз (с.а.в.) Фотима (онамиз) розияллоҳу анҳога қарата “Қурбонлигингиз олдида туриб, гувоҳ бўлинг. Чунки қурбонлик қонининг биринчи қатраси томиши билан ўтган гуноҳларингиз мағфират қилинади” дедилар.

Қурбонликнинг гўшти уч қисмга бўлинади. Бир қисмини қурбонлик эгаси ўзи учун олади, бир қисмини муҳтожларга садақа сифатида улашади, қолган бир қисмини эса қариндош-уруғ, яқинларларга тарқатади.

Қурбон ҳайити кунларида махсус такбир билан Яратганимиз улуғланади:

الله أكبر الله أكبر الله أكبر، لا إله إلا الله. والله أكبر. الله أكبر. ولله الحمد

“Аллоҳ буюкдир, Аллоҳ буюкдир. Аллоҳдан бўлак илоҳ йўқдур, Аллоҳ буюкдир. Аллоҳ буюкдир, Аллоҳга ҳамд бўлсин!”

Зикрнинг ушбу шакли арафа кунининг тонгидан бошлаб, ташриқ кунларининг охирига қадар – беш кун давомида, кундалик беш маҳал намозда, жами 23 та намознинг ҳар бирининг фарзи тугаши билан, бир мартадан ёки уч мартадан айтилади.

Мамлакатимизда Қурбон ҳайити билан боғлиқ гўзал урф одат ва маросимларлар амалга оширилади. Қурбон ҳайити умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланади.

Қурбон ҳайити куни биринчи марта 1991 йилда Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг фармонига биноан дам олиш куни деб эълон қилинган ва шу фармонинг ўзида кейинги йилларда ҳам Қурбон ҳайитининг 1-куни дам олиш куни сифатида белгилаб қўйилган.

 

Муҳаммадамин Насриев,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент вилояти вакиллиги ходими

Видеолавҳалар

Top