muslim.uz

muslim.uz

الثلاثاء, 13 أيلول/سبتمبر 2016 00:00

ИСТИҚЛОЛ ИНЪОМ ЭТГАН ҚАДРИЯТЛАР

Ўзбекистон мусулмонлари раиси ўринбосари

Иномов Иброҳим домла билан суҳбат

  • Мустақилликдан олдин халқимиз 70 йил давомида дахрийлик ғояси тузуми остида яшади. Илм маърифатга интилган, буюк маданиятга эга бўлган, ўз урф – одатларини муқаддас билган халқнинг масжиду мадрасалари собиқ шўролар даврига келиб омборхоналарга айлантирилди. Миллий ўзлигимизни англашга бўлган интилишимиз жоҳилона инкор этилди. Шу боис, бугунги осуда кунларимизнинг ҳар бир сониясига шукрона айтсак ҳам оз. Шундай эмас-ми, домла?
  • Аллоҳ таолонинг инояти ила давлатимиз томонидан оқилона олиб борилаётган хайрли, савобли ишларни амалга ошириш мақсадида вилоятларимиз ҳамда шаҳар ва туман раҳбарларининг бошчиликларида жаннатмакон юртимизни тинчлиги, равнақи, халқимиз фаровонлиги учун беҳисоб, сон-саноқсиз, хайрли ишлар бажарилди.

Бугун бу ислоҳотларга бутун дунё ҳамжамияти тан бериб, тасаннолар айтмоқда. Сабаби нимада? Боиси – юқорида зикр этилган барча хайрли тадбирлар мамлакатимизнинг биринчи муҳтарам Президенти «Савоб ишни ҳар куни қилиш керак, ҳар ким қилиши керак!» шиорлари остида бўлаётган бўлса, не ажаб!

Бу каби ислоҳотлар, ўзгаришлар сони биргина диний соҳанинг ўзида сон-саноқсиз даражада кўп! Аллоҳ таолонинг марҳамати билан ҳукуматимиз томонидан муқаддас динимиз Ислом дини равнақи, масжидларимиз ободлиги ва ҳар бир мўмин-мусулмоннинг ибодати учун яратиб берилаётган бундай шароитларга қанча шукр қилинса, шунча оз бўлади! Зеро, Жаноб Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилганлар: «Одамлардан бўлган яхшиликка миннатдорчилик изҳор қила олмаган одам, билингки, Ҳудога ҳам шукр қилмайди».

Имом-хатибларимиз дунёнинг қатор мамлакатларида ўтказилаётган турли халқаро анжуманларда фақат иштирок этиб, нуфузли халқаро минбарлардан туриб маърузалар қилибгина қолмасдан, борган давлатларидаги телеканалларда ҳам энг юқори савияда чиқишлар қилиб, жойлардаги халқини ҳам, ҳукуматини ҳам мехрини қозониб, улкан ютуқларни қўлга киритиб келишлари – буларнинг барчаси динимизга давлатимиз томонидан бўлаётган катта эътибор, чексиз ҳурмат, улуғ эҳтиром ва беқиёс ғамхўрликдир.

Америка Қўшма Штатлари, Россия Федерациясидек давлатларнинг таклифига биноан у ерлардаги мусулмонларга Муборак Рамазон ойида таровеҳ намозлари, жума намозлари ва ҳайит намозларида динимиз рукн-арконларини тушунтириб, шариатимиз аҳкомларини изоҳлаб беришлари ўз навбатида бизни юртимиздаги диний масалаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасининг ёрқин исботи эканлигини ҳар қандай ақл-заковатли инсон тушуниб етади.

«Биз мустақилликнигина эмас, тилимизни, динимизни, бутун маънавиятимизни йўқотиш даражасига етган эдик. На Чор ҳукумати, на қизил империя салтанати Туркистон халқларининг тараққий топишини ҳеч қачон истаган эмас. Ер ости ва ер усти бойликлари ададсиз, тупроқлари ҳосилдор, табиати жаннат мисол бу ўлка ҳалол, очиқ кўнгил, меҳмон дўст ва айни пайтда меҳнаткаш халқи билан биргаликда мустамлакачилик азобини тортиб келди» – деб кўп бора таъкидлаган Ўзбекистон Республикасининг биринчи давлат раҳбари.

Чиндан ҳам «биз мустақилликнигина эмас, тилимизни, динимизни, бутун маънавиятимизни йўқотиш даражасига етган эдик». Демак, энди, муҳтарам азизлар, биз мустақиллигимизни, тилимизни, динимизни, бутун маънавиятимизни қадрига етайлик!

  • Кўп нарса қиёсий таҳлилда ойдинлашади. Собиқ тузум шароитида юртимиз аҳолисининг турмуш тарзи жиҳатидан энг қолоқ республикалардан бири эди. Тилимиз, динимиз, миллий ва диний қадриятларимиз таҳқир остида эди. Тарихимизга, буюк аждодларимиздан қолган илмий ва маънавий меросга нописандлик билан қараларди.

«Биз ким эдик-у, ким бўлдик?» пур ҳикматли ва серқиррали, доно саволни кичик бир қиррачасига диний масала нуқтаи назаридан ёндашиб кўрайлик. Ўтган 25 йил ичида юртимизда биргина диний соҳанинг ўзида мингдан зиёд ислоҳотлар амалга оширилди. Уларнинг ҳаммасини бирма-бир ёритиб ўтишлик учун бир неча йиллар керак бўлади. Шу сабабдан истиқлол сабаб эришилган ютуқларнинг баъзиларини таҳлил қилиб чиқайлик.

Олдин: Истиқлолдан аввал собиқ Конституциянинг биргина 50-моддасида виждон эркинлиги кафолатланган бўлиб, у ҳам ҳаётий амалда эмас, балки фақатгина қоғозда ёритилган эди.

Ҳозир: Мустақил Ватанимизда диний эътиқод ва виждон эркинлиги Бош қомусимиз – Конституциямизнинг бир қатор 18, 31, 57, 61 моддалари ҳамда «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонун билан кафолатланди ва ҳаётда ҳам ўзининг амалий ифодасини топмоқда.

Олдин: Шаҳар, қишлоқларда кўчалардаги ҳамда ташкилот, корхона ва идоралардаги ёритилган ёзувларда динсизликка қаратилган иборалар битилган эди.

Ҳозир: Республикамизнинг ҳамма катта-кичик шаҳарларида, энг олис қишлоқларининг кўчаларида ҳамда ташкилот, корхона ва идораларда ҳам муқаддас Ислом динимизнинг бош манбаси – Қуръони карим оятларининг мазмунлари, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг Ҳадиси шарифлари, буюк алломаларимизнинг ибратли сўзлари энг кўркам жойларда замонавий услублар ва мосламалар орқали халқимизни миллий ва диний қадриятларга ундамоқда.

Олдин: Кундаги оддий ҳаётда « Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим», «Ҳудога шукур», «Ҳудо хоҳласа», «Ҳудо раҳмат қилсин!», «Жойлари жаннатда бўлсин» деган ибораларни сўзлаб қўйса, «динга ташвиқот қилди», деб «қора рўйхат»га киритилиб, таъқиб қилинар эди.

Ҳозир: Неча йиллар давомида ўз миллий ва диний қадриятларидан бебаҳра қолиб кетган чанқоқ халқимизга  даврий матбуот нашрлар, миллий ва маҳаллий телеканаллар, радиоэшиттирувларда диний, ижтимоий, маънавий-маданий маълумотлар берилмокда. Республикамиз бўйлаб қорилар мусобақалари узлуксиз ўтказилмоқда. Ҳар йили имом-хатиблар ичида туман, шаҳар, вилоят ва Республика босқичларидан иборат «Йилнинг энг яхши имоми» кўрик танловлари кизғин ўтказилиб, ғолиблар муборак Ҳаж сафарига, Умра зиёратига бориш шарафига муяссар бўлиш бирга, қимматбахо совғалар билан ҳам тақдирланмоқдалар.

Олдин: Диний ходимлар, хусусан, имом-домлалар, отинойилар таъқиб остида бўлганлар.

Ҳозир: Олий диний маълумот, бой тажриба, ҳам диний, ҳам дунёвий билимларга эга бўлган малакали имом-хатиб ва отинойиларимиз динимиз кўрсатма ҳамда арконларини эмин-эркин ҳар жума маърузалари,  маҳаллаларда ўтказиладиган турли йиғинларда, халқимизнинг маросимлари ва тадбирларда батафсил ва атрофлича изоҳлаб, оммага етказиб тушунтириб, миллий ва диний қадриятларимизни кенг тарғиб этмоқдалар.

Жаннатмакон юртимиз тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлида мамлакатимиз томонидан оқилона олиб борилаётган хайрли, савобли ишларда Аллоҳ таоло мададкор бўлсин! Юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо, мустақиллигимизни абадий қилсин!

Халқимизга тинчлик-хотиржамлик, сиҳат-саломатлик, оилаларимизга файз, бахт-саодат, тўкин-сочин дастурхонлар ато этсин! Деҳқонларимиз ва касб-корларимизга хайр-барака бериб, ишларимизда кўпдан-кўп омадлар ва беҳисоб хурсандчиликлар ато этиб, икки дунёда ҳам азизу мукаррам айласин!

 

Даврон НУРМУҲАММАД

суҳбатлашди

Шаҳзод ШОМАНСУРОВ

суратга олди

Ҳожиларимиз Арафот майдонидаги ибодатларини ниҳоясига етказиб, шом намози вақтидан сўнг ташкилий равишда махсус автобусларда Муздалифа майдонига етиб келдилар. Улар бу ерда шом ва хуфтон намозини жаъм қилиб адо этдилар ва ҳажнинг яна бир рукни бўлган Жамарот, яъни шайтонга тош отиш учун қирқ тўққиз донадан тош тердилар. Юртдошларимиз бир муддат бу ерда бўлиб, сўнг Мино водийсига қайтдилар.

Саудия Арабистони, Макка шаҳри, Муздалифа майдони.

الإثنين, 12 أيلول/سبتمبر 2016 00:00

Самимий ташриф

Шу йил 9 сентябрь куни ноисломий ташкилот раҳбарлари Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон Митрополити Викентий, Рим-католик черкови епископи Ежи Мацулевич, Арман апостоллик черкови руҳонийси Арамаис Григорян, Яҳудийлар диний жамоаси раиси Аркадий Исахаров, Библия жамияти Бош котиби Холмат Ашировлар Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюрди. Меҳмонларни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов кутиб олди. Меҳмонлар ЎМИ раҳбарияти ҳамда бутун Ўзбекистон халқини Қурбон ҳайити байрами билан қутлаб, самимий тилакларини билдирди.   

Ўз навбатида раиси ўринбосари И.Иномов меҳмонларга ташрифлари ва табриклари учун миннатдорчилик билдириб, бугунги ташриф Ўзбекистонда яшаётган турли миллат ва дин вакилларининг ҳамжиҳат эканини исботловчи мисол эканини таъкидладилар.

Учрашув ўзбек миллий ананасига биноан, дастурхон атрофида дўстона ва самимий тарзда ўтди. Ташриф ниҳоясида меҳмонлар маҳаллий оммавий ахборот воситаларига интервью бердилар.

 

         Халқаро алоқалар бўлими

Видеолавҳалар

Top