muslim.uz

muslim.uz

الأربعاء, 30 أيلول/سبتمبر 2020 00:00

02. Дин ва шариъат нима

КЕЛИНГ ИБОДАТНИ ӮРГАНАМИЗ! 

Исомиддин домла ШАМСИДДИНОВ

الأربعاء, 30 أيلول/سبتمبر 2020 00:00

«Меҳр-саховат» кўкрак нишони муборак бўлсин

Хабарингиз бор жорий йил 26 августъ куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Меҳр-саховат» кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинган эди.

Бундай эътибор намунаси  билан  жаҳон миқёсида кенг тарқалиб,  глобал муаммога айланган коронавирус пандемияси даврида, шунингдек, турли табиий офатлар, фавқулодда ҳолатлар туфайли эл-юртимиз бошига тушган синовли кунларда мавжуд хавф-хатарларга қарши курашда, уларнинг оқибатларини бартараф этишда мардлик ва жасорат намунасини кўрсатган инсонлар тақдирланади.

Танти ва олижаноб халқимизнинг буюк тарихий ва маънавий қадриятларини, миллий анъаналарини муносиб давом эттириб, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хайрия ва саховат маблағларини тўғри ва холис йўналтириш, қийин аҳволга тушган аҳолига ўз вақтида беминнат кўмак бериш, меҳр-оқибат, саховат ва ҳиммат каби юксак фазилатларни улуғлаб келаётгани одамнинг кўнглига янада қувонч ва шукуҳ олиб келади.

Мана шундай юксак эътибордан диний соҳа ходимлари ҳам назардан четта қолгани йўқ. Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакили ўринбосари Хайруллоҳ домла Сатторов бугунги мураккаб ва оғир шароитда жамиятда тинчлик-осойишталик, бирлик ва ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашдаги фаоллиги, беғараз ҳомийлик ёрдами ҳамда эзгу ишлари билан кўпчиликка алоҳида ўрнак бўлгани «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан тақдирланди.

Ушбу кўкрак нишонини вилоят ҳокими ўринбосари Дилшод Мамадқулов топширди. Бундай эътироф вилоятимизда фаолият олиб бораётган соҳа ходимларининг елкасига алоҳида масъулият юклайди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги жамоаси вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайруллоҳ домла Сатторовни ҳамда вилоятимизда дин йўлида фидокорона хизмат қилиб келаётган барча диний соҳа ходимларини ушбу мукофот билан муборакбод этади ва келгуси  фаолиятларига зафарлар тилайди.

Мукофот муборак бўлсин!!!

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати

الثلاثاء, 29 أيلول/سبتمبر 2020 00:00

Келинг ибодатни ӯрганамиз!

01 Муқаддима 

Исомиддин домла ШАМСИДДИНОВ

الثلاثاء, 29 أيلول/سبتمبر 2020 00:00

Эътиқодимизни мустаҳкамлайлик

Ҳозирги кунда халқимиз, айниқса, ёшлар ҳаёти ва тарбиясига катта хавф солаётган турли ақидапараст оқимлар, тоифалар кўпайиб бормоқда. Улар динни ўзларига ниқоб қилиб олиб, ғаразли мақсадлари йўлида жамиятда бузғунчилик, бегуноҳ одамлар қонини ноҳақ тўкиш каби жиноятларни авж олдириб, кишилар тинчлигини бузиб, халқ орасида низо чиқаришга ҳаракат қилишмоқда. 

Уламоларимиз китобларида ақидада адашган тоифаларга раддиялар берганлар. Жумладан, Монэъ ибн Ҳаммод Жуҳаний «Ал-мавсуъатул муяссара фил-адян ал-мазаҳиб вал-маҳзаб ал-муъасира» номли китобида ана шундай фирқалардан бири бўлмиш «Аҳмадия» жамоасининг фикр ва эътиқоди хусусида тўхталиб, қуйидагиларни ёзганлар:

«Улар ўзларини мустақил дин, мустақил шариат эгаси ва Мирзо Ғулом Аҳмаднинг йўлдошларини эса саҳобалар деб эътиқод қилишади; Улар учун «Қодиён» (Мирзо Ғулом Аҳмаднинг туғилган қишлоғи) ҳарам ҳисобланади. Уларнинг эътиқодига кўра хамр, афюн ва бошқа маст қилувчи моддаларни истеъмол қилиши ё чекиши ихтиёрийдир; Аҳмадийлар Исо (а.с.) осмонга кўтарилганини рад этади ва узоқ умр кўриб, вафот этгани ҳамда Кашмирдаги Сринагаре қабристонида кўмилганини таъкидлашади; Уларнинг ақидасига кўра, Исо 13 ёшида Ватанини тарк этиб, Ҳиндистонга келган ва таълимотини ёйган. Лаҳорийлар эса қодиёнийлардан фарқли равишда Исо (а.с.)нинг отаси Юсуф Нажжор (христианлик таълимотига кўра, биби Марямнинг қаллиғи) бўлган, деб ҳисоблашади».

Динимиз бу каби одамларни тўғри йўлдан чалғитувчи ишлардан қайтаради. Қуръони каримда марҳамат қилинади: “...Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, ер юзида бузғунчилик қилмангиз!” (Бақара, 60-оят). Айрим кимсалар Аллоҳ қайтарган ишлар, хусусан, бузғунчиликдан қайтмаяпти. Улар Аллоҳнинг буйруғига қарши чиқаётган ислом душманларидир.

Динимизда мусулмон киши бошқа бировга заррача бўлса ҳам, озор бермасликка тарғиб қилади. “Чин” мусулмонликни даъво қилаётган ғаламислар ёшларни ота-онаси, Ватани ва халқига қарши қурол кўтаришга чақиради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қўли ва тили билан ўзгаларга озор бермаган киши мусулмондир”, деганлар.

Исломда ҳаддан ошиш, тажовузкорлик, зўравонлик қаттиқ қораланади.  Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай” (Нисо сураси 93-ояти). Оятда ноҳақ одам ўлдиришни ҳалол деган эътиқодда қотиллик қилган киши тўғрисидаги қатъий ҳукм баён этилмоқда.

Ислом олами уюшмаси ислом фиқҳи кенгаши баёнотида террорчилик қуйидагича таърифланади: “Террорчилик – бу кишилар ёки гуруҳларнинг инсон дини, жони, моли, номусига бузғунчилик билан душманлик қилишидир. Унинг доирасига қўрқитиш, азият бериш, таҳдид солиш, ноҳақ қон тўкиш, мол-мулкини тортиб олиш, йўл тўсарлик қилиш, зўравонлик каби таҳдиднинг барча турлари билан жиноий режани амалга ошириш киради. Ушбу ҳаракатларнинг мақсади кишилар орасига қўрқув, таҳлика солиш, азият бериб қўрқитиш ёки ҳаётлари, эркинликлари, омонликлари, мол-мулкларини хавф-хатарга қўйишдир. Атроф-муҳитга зарар етказиш, хусусий ёки жамоа мулкини, юртини ва табиий бойликларни хавф-хатарга қўйиш ҳам шундай жиноятлар жумласидандир”.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ва Аллоҳ сенга берган нарса билан охиратни излагин, бу дунёдаги насибангни ҳам унутма. Аллоҳ сенга яхшилик қилганидек, сен ҳам яхшилик қил. Ер юзида бузғунчиликни излама. Албатта, Аллоҳ бузғунчиларни суймас” (Қосос сураси, 77-оят); “Фитна ўлдиришдан қаттиқроқдир...” (Бақара сураси, 217-оят). Ушбу оятда фитнанинг нақадар ёмонлиги, хаттоки бировни ноҳақ ўлдиришдан ҳам каттароқ иш эканлиги баён этилмоқда.

Аллоҳ таоло бизларни тўғри йўлда собитқадам қилсин, бузғунчиларга Ўзи кифоя қилсин!

ЎМИ Кутубхонаси мутахассиси Абдувосиев Муҳаммадносирхон

Ўзбек ҳалқининг гўзал одатларидан бири маййит чиққан ҳонадон аҳлига таъзия изҳор этиб, ўтганлар ҳаққига Қуръон оятларидан тиловат қилиб, савобини бағишлашдир. Бу одат аслида ҳалқимизга Ислом дини таълимоти асосида кириб келган. Қуръон оятилари нафақат  марҳумларга ҳатто уни ўқигувчиларнинг ўзига ҳам манфаатлидир. Аҳли суннат таълимоти бўйича, тириклар томондан қилинган яхши ишларнинг савоби албатта, марҳумларга етиб боради. Бу этиқод ҳалқимизнинг қон-қонига синггиб кетганки, ҳатто уни Ислом дини илмларидан тўлиқ хабари йўқлар ҳам билади. Маҳалла-кўй, таниш-билишлар орасида таъзия бўлса, дарҳол бориб ҳонадон эгаларига тасалли бериб, фотиҳа ўқиб келиш одати ҳам шундандир.

Аммо, кейинги даврларда янги чиққан айрим адашган тоифаларнинг талқин қилишича, Қуръон ўқиб савобини ўтганларга бағишлашнинг фойдаси йўқ эмиш. Такфирчи салафийларнинг раҳнамоларидан бири саналмиш, ибн Бознинг “Ал-фатава”, деб номланган китобида бу ҳақда қуйидаги маълумотни учратасиз:

ان قراءة القرءان على أموات المسلمين ضلال

Яъни, “мусулмонларнинг ўликларига Қуръон тиловат қилиб савобини бағишлаш ҳаромдир!”.

Ибн Бознинг бу фатвоси салафи-солиҳлар жумлаи жаҳон аҳли сунна мусулмонларининг фикрига хилофдир. Шу билан бирга унинг бу ва бу каби бошқа бидъатлари тинч-тотув яшаб келаётган мусулмон миллатлар орасида фитна, адоват ва ихтилоф уруғларини сочувчи омил вазифасини ҳам ўтаб берди.

Маййитларга тиловат савобининг етиб бориши уммати муҳаммадиянинг ижмоъси билан исботланган. Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг машҳур “Ал-азкор” номли асарида айтади:

”Тириклар дуосининг ўтганларга манфаъати бор, амалларнинг савоби ҳам етиб боради, деб уламолар ижмоъ қилганлар”.

Шунингдек, имом Нававий ҳазратлари имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳдан қуйидагича ривоят қилган:

ويستحب أن يُقرأ عند الميّت شىء من القرءان وإن ختموا القرءان عنده كان حسنًا

Яъни, “маййитнинг қабри олдида Қуръон оятларидан ўқишлик мустаҳабдир, агар Қуръоннинг ҳаммасини ўқиб хатм қилинса, янада яхши бўлади”.

Имом Шофеъийнинг бу сўзлари “тиловат савобини бағишлаш ҳаром”, деган салафийларнинг барчасига қарши ҳужжат бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳам, اللهم اغفر لاهل البقيع , “Эй Аллоҳ Бақиъ қабристон аҳлини кечиргин”, деб дуо қилганлари машҳур ҳадисларда келган. Ва яна, жаноза намозининг ўзида ҳам учинчи такбирдан кейинги ўқиладиган дуода “тирикларимиз ва ўтганларимизнинг гуноҳларидан ўт”, деб дуо қилинади. Бу дуони ҳатто ўша ибн Бознинг ўзи ҳам, издошлари ҳам ўқиб келишади.

Маъқал ибн Ясорнинг ҳадисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг:

اقرءوا يـس على موتاكم

“Ўликларингизга Ясин сурасини ўқинглар”, деган тавсиялари айтилган.

Имом Бухорий ва имом Муслимлар ривоят қилган бир ҳадисда айтилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир кун қабристондан ўтар экан, тўсатдан икки ёнма-ён қабр олдида тўхтайдилар ва асҳобларига бирон новда келтиришни буюрадилар. Асҳоблар дарҳол хурмо новдасини келтиради, Расулуллоҳ новдани иккига бўлиб, иккала қабр устига санчиб қўяди. Бу ҳолга ажабланиб қараб турган саҳобаларга Ул зот: “Шу икки қабр эгалари қабрида азоб чекишмоқда, уларнинг бири бавлидан сақланмас, иккинчиси эса бировларнинг айбини ташиб чақимчилик қилар эди. Зора, шу новда қуригунча уларнинг азоби енгиллашса..”, дедилар. Худди шу ҳадиснинг шарҳида имом Нававий айтганларки: “Оддий бир новданинг айтган тасбиҳларидан қабр аҳлига манфаат бўлса, инсон зоти ўқиган оятларнинг қандай нафи бўлмасин?! Албатта, Қуръон оятларининг нафи новданинг тасбиҳидан кўпроқ бўлади”.

Бу каби ҳужжат далилларни кўплаб келтириш мумкин. Қадимдан мағрибу-машриқ мусулмонлари ўқилган оятларнинг савоби марҳумларга етади, деб эътиқод қилиб келган. Кейинги даврларда салафийлар пайдо бўлди-ю уммат қабристонлари пайҳон қилинди. Улар томондан мусулмонлар аввал мушрикка чиқарилди сўнгра эса, аллома-ю авлиёларнинг мақбаралари бузиб ташланди, портлатилди. Бирдам, ҳамжиҳат мусулмонлар орасига душманчилик киритилди. Салафийларнинг қилаётган бу каби ҳаракатлари нафақат мусулмончилик, балки инсонийликка ҳам мос келмайдиган ваҳшийликдан бошқа эмасдир.

 

Андижон вилояти

“Чинор” масжиди имом-хатиби Тожибоев Ботиржон

Видеолавҳалар

Top