muslim.uz

muslim.uz

الثلاثاء, 11 شباط/فبراير 2020 00:00

Навоийни ёд этиб

Аждодлар руҳига ҳурмат халқимизнинг энг олий фазилатларидан биридир. Хотира шундай руҳий-маънавий, инсоннинг инсонлигини англатувчи, уни ўтмиш ва келажак билан боғлаб турувчи буюк қадрият, илоҳий қудратдир.

Жорий йилнинг 10 февраль куни Ҳадис илми мактабида улуғ мутафаккир, сўз мулкининг султони Низомиддин Мир Алишер Навоий таваллудининг 579 йиллиги муносабати билан “Навоийни ёд этиб” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Мазкур тадбир икки қисмда ташкил этилди. Дастлаб Мактаб мажлислар залида ўқитувчи ва талаблар учун “Навоий ижодини англаш” мавзусида илмий-маърифий давра суҳбати ташкил этилди. Илмий мажлисга Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказидан директор Бош маслаҳатчиси, фалсафа фанлари доктори, профессор Б.Тўраев, Диний-маърифий тадбирлар бўлими бошлиғи филалогия фанлар номзоди, доцент О.Рустамов, Самарқанд давлат университети 2 курс магистранти А.Собиров иштирок этди.

Тадбир аввалида мактаб ректори О.Юсупов сўзга чиқиб, республикамизда Навоий ҳазратларининг ижодини ўрганиш бўйича амалга оширилаётган илмий тадқиқотлар ва амалий ишлар, мутафаккир зотнинг таваллудига бағишлаб ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар ҳақида маълумот берди.

Шундан сўнг профессор Б.Тўраев Алишер Навоийнинг “Муножаат” асарининг ёзилиш тарихи ва асарда келтирилган назмий байтларнинг мазмун-моҳияти ҳақида, доцент О.Рустамов Алишер Навоий қурдирган маърифий-маданий иншоатлар, ислом маърифатини англашда Хожа Аҳрор Вали билан мулоқотлари тўғрисида сўз юритди.

Албатта, Навоийхонлик кечаларини ғазал ва байтларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ушбу тадбирда ташриф буюрган магистрант А.Собиров Навоий асарлардан ғазаллар ўқиб, уларни шарҳлаш асносида байтларда илгари сурилган илоҳий ишқ мавзусида илмий маъруза қилди.

Илмий-маърифий давра суҳбатидан сўнг Мактаб ошхонасида Алишер Навоийни хотирлаб Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари ҳамда мактаб ўқитувчи ва талаблар учун эҳсон дастурхони ташкил этилди. Тадбир якунида хатми Қуръон қилиниб, диёримизда ўтган барча алломалар, хусусан, мутафаккир бобомиз Алишер Навоий ҳазратларига бахшида қилинди.

 

 

Ж.Акрамов

Ҳадис илми мактаби

Ўқув-услубий бўлим бошлиғи

7 февраль куни Нур-Султон шаҳрида бўлиб ўтган Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг навбатдан ташқари ІХ қурултойида Қозоғистоннинг Бош муфтийси сайланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Қозоғистоннинг янги бош муфтийси Наврўзбай ҳожи Таған ўғлини шарафли вазифа билан қутлаб, қуйидаги табрикни йўлладилар:
Ҳурматли, Қозоғистон мусулмонлар диний бошқармаси раиси, Бош муфтий Наврўзбай ҳожи Таған ўғли ҳазратлари!
Сизни Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий этиб тайинланганингиз билан чин қалбдан, самимий муборакбод этаман. Ушбу шарафли вазифани адо этишингизда, Аллоҳ таолодан Сизга куч-қувват ва улкан зафарлар тилайман.
Маълумки, халқларимиз азалдан бир заминда яшаб, бир дарёдан сув ичган. Оғир дамларда бир-бирига ёрдам қўлини чўзган, ҳол-аҳвол сўраган. Муҳтарам Президентимиз таъбири билан айтганда: “Ўзбек ва қозоқ бир-бирига елкадош бўлиб, аҳл-иноқ яшаб келган илдизи бир халқдир”. Бунинг ёрқин мисоли, Сиз ҳурматли Наврўзбай ҳожи Таған ўғли ҳазратларининг бизнинг заминда ўқиб, таҳсил олганингиздир.
Яратганга шукрки, сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари янги босқичга чиқиб, жадал ривожланиб бормоқда. Икки давлат президентларининг бу йўлдаги саъй-ҳаракатлари таҳсинга лойиқ.
Шу ўринда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб бораётгани бизни янада қувонтирмоқда.
Биз дин пешволари халқларимиз орасидаги яқин қўшничилик ва дўстлик алоқаларини янада ривожлантиришга ҳамда Ислом дини маърифатини кенг ёйишга бор кучимизни сафарбар этишимиз лозим, - дейилади табрик матнида.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Сўнги йилларда Ўзбекистонда барча соҳаларда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини ўрганиб, жорий этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон билан Миср ўртасида таълим соҳасини ривожлантириш, диний-маънавий меросни тадқиқ қилиш этиш борасида кенг кўламли ҳамкорлик амалга оширилмоқда.

Маълумки, айни вақтда Президентимиз Ш.Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Ҳадис илми мактабига Мисрнинг “Ал-Азҳар” университети икки нафар профессори дарс бериш учун жалб этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси ва кўмаги билан Ҳадис илми мактабида дарс бераётган “Ал-Азҳар” университети профессорларини Мир Араб олий мадрасасига ҳам тажриба дарсларини ўтиш учун жалб этиш амалиёти йўлга қўйилди.

Бугун Мир Араб олий мадрасасида “Ал-Азҳар” университети Магистратура бўлимининг “Усулуд дин” кафедраси мудири, Ҳадис илми фанлари доктори, профессор Доктор Маҳмуд Абдуллоҳ Абдурраҳмон Абдулҳалим ҳамда “Ал-Азҳар” университети “Араб тили” факультети “Балоғат ва мунозара илми” кафедраси мудири, Балоғат ва мунозара фанлари доктори, профессор Доктор Aли Саад Aли Саад тажриба дарсларини ўтишмоқда.

Тажриба дарсларида Олий мадрасанинг нафақат талабалари, балки, устозлари ҳам катта қизиқиш билан иштирок этишмоқда.

Мир Араб олий мадрасаси Миср Араб Республикасининг дунёга машҳур “Ал-Азҳар” университети билан ҳамкорликлар йўлга қўйилиб, профессор-ўқитувчилари жалб этилгани учун республикамиз раҳбарияти, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси
ҳамда Ҳадис илми мактабига ўз миннатдорчилигини билдиради.

Мазкур ҳамкорлик Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 24 февралдаги Олий Мажлисга мурожаатномасида белгиланган “нуфузли хорижий олий таълим даргоҳлари билан ҳамкорлик”га оид топшириқнинг амалий ифодаси бўлди.

Ўйлаймизки, бундай халқаро ҳамкорликлар давом этиб, 2020 йил “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да
илм-маърифатни ривожлантириш йўлидаги тарихий қадамлардан бири бўлади.

 

 

Х.ЮЛДАШХОДЖАЕВ

Мир Араб олий мадрасаси ректори

السبت, 08 شباط/فبراير 2020 00:00

Ибрат

“Саҳиҳи Бухорий”да қуйидаги ҳадиси шариф келган:

حَدَّثَنَا أَبُو مَعْمَرٍ عَبْدُ اللَّهِ بْنُ عَمْرٍو قَالَ حَدَّثَنَا عَبْدُ الْوَارِثِ قَالَ حَدَّثَنَا عَبْدُ الْعَزِيزِ بْنُ صُهَيْبٍ عَنْ أَنَسٍ قَالَ أُقِيمَتْ الصَّلَاةُ وَالنَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُنَاجِي رَجُلًا فِي جَانِبِ الْمَسْجِدِ فَمَا قَامَ إِلَى الصَّلَاةِ حَتَّى نَامَ الْقَوْمُ

Бизга Абу Маъмар Абдуллоҳ ибн Амр ҳадис айтди, у айтди: бизга Абдулворис ҳадис айтди, у айтди: бизга Абдулазиз ибн Суҳайб ҳадис айтди: Анас розияллоҳу анҳу бундай деди:

“Намозга такбир айтилди ҳамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжиднинг ёнида бир киши билан гаплашиб туравердилар, ҳатто (айрим) намозхонлар ухлаб қолдилар”.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳодисани далил қилиб, боб сарлавҳасида имом иқоматдан кейин бирор ҳожат билан машғул бўлиб қолиши жоизлигини келтирдилар. Яъни шу ҳолатда намоз кечикса, рухсат этилади, демоқчилар. Лекин бу ерда ривоятнинг муфассал баёни зикр қилинмаган. Яъни Набий алайҳиссалом ким билан нимани муҳокама қилганлари, нима сабабдан  у жойда қолиб кетганлари борасида маълумот берилмаган. 

Ибн Ҳажар Асқалоний ва Аллома Бадриддин Айний раҳматуллоҳи  алайҳимо: “Бизга ҳам ушбу ривоятнинг шарҳлари учрамади”,  яъни ўша пайтда ким билан нимани муҳокама қилганлари, нима сабабдан  у жойда узоқ муддат қолиб кетганлари ҳақида маълумот ҳеч қаерда берилмаган, дедилар.

“Саҳиҳи Бухорий”нинг бу икки улуғ шориҳлари - икки улуғ олим учратмаган масалани, машҳур муҳаддис олим Анвар Шоҳ Кашмирий роҳимаҳуллоҳ излашга тушдилар. Китобларни кўриб чиқиб кўп изланишлардан кейин Имом Бухорий раҳматуллоҳи  алайҳнинг “Адабул-муфрад” китобларида Пайғамбаримиз алайҳиссалом билан гаплашиб қолган ўша одамнинг исмини ҳам, бунга нима сабаб бўлганини ҳам топдилар. Яъни ривоятда зикр қилинган киши келиб: “Ё Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам), менинг шундай зарур ишим борки, жамоат намози сабаб ўша ишим кечикса, менга зарар етади”, деган экан. Бундан маълум бўладики, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўша одамга зарар етмаслиги учун жамоат намозини кечиктирган эканлар. Аммо Имом Бухорий ўша ўринда у одамнинг исмини зикр қилмаган эдилар.

Анвар Шоҳ Кашмирий раҳматуллоҳи  алайҳнинг битта масала ечимини топиш учун не машаққатлар билан қилган бу изланишлари хулосаси ўлароқ, биз бундан илмга бўлган муҳаббат борасида улкан ваъз-насиҳат олишимиз мумкин. Албатта, илм жуда катта меҳнатни талаб қилади. Бу киши биргина шу ҳадисни қидириш учун қанча тадқиқот олиб бордилар. Ваниҳоят, “Адабул-муфрад” китобидан бу ҳадисни топдилар. Аммо ҳадисни бу китобдан топишнинг  ўзи бўлмади. Чунки у китобда “Намоз” ва “Рўза” бўлимлари мавжуд эмас эди. Балки бу китоб одоб-ахлоққа доир мавзуларни ўз ичига олган. Бу китобга қадар у зот намоз ва рўза боби мавжуд бўлган барча китобларни тадқиқ қилганлар. “Адабул-муфрад” китобини эса, шу изланиш давомида учратиб қолганлар. Чунки бу ҳадисни  ушбу китобда борлиги ҳеч кимнинг хаёлига келмасди. Бу изланишлар оғир меҳнат натижаси ўлароқ ўз самарасини берди. Аслида “илм талаб қилишлик” дегани - чанқоқни қондириш демак. Инсон қачонки ўзида чанқоқни ҳис қилса, кейин сувни излашга тушади. Чанқоқни ҳис қилмаган инсон сувга эҳтиёжи тушмайди. Демак илм талаб қилиш бу чанқоқни қондириш экан.

Шайх Тақий Усмоний айтадилар: “Падари бузрукворим айтадилар: “Ҳақиқий толиби илм доимо бир масалани пайида бўлади. “Дарсимни қилдим”, “Дарсим тайёр”, дейиш билан иш битмайди. Фикру хаёли бир масалада бўлар экан, ўшани ечмагунча кўнгли жойига тушмайди. Мавлоно Анвар Шоҳ Кашмирийга ҳақиқий толиби илм мақоми берилган эди. У киши инсоний зарур ҳожатлардан ташқари доимо  илм билан шуғулланганлар”.

Отам сўзларида давом этиб айтадилар: “Анваршоҳ Кашмирий умрларининг охирги вақтлари эди. Бетоб эдилар. Шу кунларни бирида: “Анваршоҳ Кашмирий вафот этди”, деган хабар тарқалди. Биз бу хабардан маҳзун бўлиб қолдик. Мен билан бирга бир неча уламолар ҳам бор эди. У зотни аҳли оилаларига бориб кўнгил сўрамоқчи бўлдик. Лекин тун зулмати бизни бу ишни қилишдан тўсди. Тонг ҳам отди. Субҳи дамда бу хабар нотўғри экани зоҳир бўлди. У зот тирик экани хабарини эшитдик. Биз шайхни зиёратига бордик. Не кўз билан кўрайликки, китоб ошиғи бўлмиш бу зот ҳали кун ёришмасдан ғира шира вақтида хонасидаги бир тахтачада чўкка тушиб, китоб мутолааси билан машғул эканлар”.

 У зот ва отам бир устоздан илм таҳсил қилган эдилар. Анвар Шоҳ Кашмирий отамдан ёшлари улуғ эди. Шу сабаб отам Анвар Шоҳ Кашмирийга устозидек муомала қилар эдилар. Аммо  шайх билан эркин муомалада ҳам бўлар эдилар. Отам: “Ҳазрат бир савол сўрасам майлими?”, деганларида, Анваршоҳ Кашмирий: “Майли сўранг”, дебдилар. Сўнг отам: “Ҳазрат, умрингиз давомида бизга неча-неча номаълум масалаларни ечиб бердингиз. Саволим шуки: “Сизни қандай масала ҳаста ўрнингиздан туриб, китоб мутолаасига ундади? Бундан ташқари бизлардан бирортамизга айтмай ўзингиз қидиришга бел боғлаган масалани билсак бўладими? Наҳот шунчалик зарур, тез ечимини топиш лозим бўлган нарса бўлса? Бизга айтсангиз, ўзимиз таҳқиқ қилиб берар эдик. Сиз касал ҳолингизда бунча ўзингизни қийнамасангиз”, дебдилар. Шунда у зот: “Гапингизда жон бор. Мен нафсимга бунчалик зулм қилмаслигим керак. Аммо нима қилай, китобни яхши кўришим ҳам бир касаллик. Китоб мутолааси билан шуғулланмасам ўзимни хотиржам ҳис қила олмайман”, деб жавоб берибдилар

Мана шу воқеа “Бешикдан то қабргача илм излаш керак”лиги ҳақидаги ҳадисни ҳаётий намунаси бўлади. Демак, кимда шундай илмга бўлган муҳаббат пайдо бўлса, Аллоҳ таоло ўша инсонга илмдан маълум ҳисса ато қилади. Агар муҳаббат шу даражада юксак бўлмаса, илмга ҳам етиб бўлмайди. Инсон ўзидаги бор нарсаларни берганда илм ўзидан бир қисмини беради, холос. Илмни орқасидан тинмай чопаверасиз, уни этагини ҳеч қўйиб юбормайсиз, ана ўшанда илм сизга қиё боқади. Бунинг акси ўлароқ, ўзингизни илмга муҳтож  эмасдек тутсангиз, илм сира ҳам сизга яқин йўламайди.

Юқорида баён қилганимиздек Аллома Айний ҳам, Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи  алайҳлар ҳам ушбу ҳадисни шарҳини билмаслигини баён қилдилар. Шунда Анваршоҳ Кашмирий бу ҳадисни шарҳидан воқиф бўлишга уриндилар. У зот бир қанча машаққатли уринишлардан сўнг ҳадиси шарифнинг тўғри шарҳини топишга муваффақ бўлдилар. Аммо бунинг учун озмунча ҳаракат сарфланмади. У зот ўзини, вақтини фидо қилиб бунга эришдилар. Аллоҳ таоло илм талаб қилувчига илмга ошиқликни берса, бундан ортиқ бахт йўқ. Инсон бу завқни коинотдаги ҳеч бир нарсага алишмайди.

Агар мен: “Еру осмонда толиби илм учун илмдан ҳам кўра лаззатлироқ нарса йўқ”, деб қасам ичсам, сўзимни устидан чиқмаган бўлмайман. Бу гапимда ҳеч қандай муболаға ёки ёлғондан асар ҳам йўқ. Лекин бунинг учун инсон ҳақиқий илмни таъмини тотган бўлиши лозим”.

Шайх Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг ушбу ҳикоя ва ўгитлари сиз билан бизга ибрат бўлса, ажаб эмас. Бизнинг диёрлардан ҳам яна аждодларимизга ўхшаган улуғ олимлар етишиб чиқишини буюк Раббимиздан сўраб қоламиз.

 

Ҳикматуллоҳ Абиев,

Тошкент шаҳар “Аҳмаджон қори”

жомеъ масжидининг имом ноиби

 

Ўзбек тилининг асосчиси Алишер Навоий таваллудининг 579 йиллигига бағишланади

Агар биз Ҳазрат Навоийни шоир десак, ул зот шоирлар шоири, агар мутафаккир десак, мутафакккирлар мутафаккири, агар авлиё десак, авлиёларнинг авлиёсидир.

Мовароуннаҳр диёрида XV асрнинг иккинчи ярмидаги маданий муҳитнинг ривожланишида буюк бобокалонимиз Ҳазрат Алишер Навоийнинг ўрни беқиёс саналади.

Алишер Навоий яшаб ижод этган даврда меъморчилик, наққошлик, тасвирий санъат (миниатюра), хаттотлик, мусиқа, таълим тизими, илм-фаннинг турли соҳалари (аниқ фанлар – астрономия, математика; табобат, Қуръон илмлари, фиқҳ, фалсафа, тасаввуф, адабиёт ва ҳ.к.) ўз даврига нисбатан юксак даражада ривожланди.

Шунингдек ушбу даврда турли илм-фан соҳалари қаторида Қуръон ва тафсир илмлари ривожига ҳам алоҳида эътибор қаратилганлиги бизгача етиб келган маълумотларда ўз аксини топган.

Мовароуннаҳр тафсир илми ривожида айниқса, Алишер Навоийнинг ҳиссаси катта бўлган. Шоир фаннинг турли соҳаларидан яхши хабардор бўлиш билан бир қаторда, ўз асарларида Қуръондан ҳам кенг фойдаланган. Унинг “Хамса”, “Ситтаи зарурия”, “Насойим ал-муҳаббат”, “Тарихи анбиё ва ҳукамо”, “Сирож ал-муслимин” каби асарларида, умуман назм ва насрдаги ёзма меросида ислом масалалари бўйича кўп ҳолларда Қуръон оятларига асосланган мулоҳазалар баён қилинганини кўриш мумкин.

Таъкидлаш жоизки, Алишер Навоий Қуръон ва тафсир илмидан таълим олишни ёшликдан бошлаган ва унинг “Мажолис ан-нафоис” асарида олти ёшида тарихчи Шарафиддин Али Яздий (ваф. 858/1454) билан бўлган суҳбат чоғида мактабда “Таборак” сурасигача ўқигани қайд этилган. 

Навоийнинг Қуръон тафсирига бўлган эътибори унинг бир нечта тафсирлар ёздирганида ҳам кузатилади. Масалан, ўша давр муфассирларидан бири бўлган Мовароннаҳрлик Ҳусайн Воиз Кошифийнинг илмий фаолиятига

 назар соладиган бўлсак, унинг қаламига мансуб “Жавоҳир ат-тафсир” ва “Мавоҳиби Алийя” асарлари бевосита Алишер Навоийнинг таклифи ва ҳомийлиги остида ёзилган.

Мовароуннаҳр маданий-маънавий муҳитида Алишер Навоий Қуръон илмлари, жумладан тафсир илмини ривожлантириш мақсадида мазкур соҳага ўз даврининг етук олим ва муфассирларини жалб қилган ҳамда уларга ҳомийлик килган.

Алишер Навоий Қуръон илмларини чуқур ўрганиш мақсадида ўз илмий фаолиятини Самарқандда Хожа Хурд ва Мавлоно Муҳаммад Олим каби мовароуннаҳрлик илм аҳллари билан бирга давом эттиради ва уларнинг тафсир илми борасидаги мазмунли суҳбатларидан баҳраманд бўлади. Ана шундай кенг билим доирасига эга бўлиш орқали Алишер Навоий кейинчалик Қуръон билан боғлиқ мавзуларни ўз асарларида эркин ифодалай олади. Жумладан, “Насоим aл-муҳаббат”нинг хожа Баҳоуддин Нақшбандга бағишланган мақоласида зикр ҳақида сўз борганда “Нур” сурасининг қуйидаги 37-оятини тафсир қилганини кўришимиз мумкин:

رِجَالٌ لَّا تُلْهِيهِمْ تِجَارَةٌ وَلَا بَيْعٌ عَن ذِكْرِ اللَّهِ

“Уларни на тижорат ва на савдо (ишлари) Аллоҳ зикридан чалғита олмас” – ояти далил қилиб берилган.

Алишер Навоийнинг Қуръон ва ҳадисдан унумли фойдалангани унинг бошқа асарларида ҳам кузатилади. Шоир ижодида Қуръон илмлари қай даражада ифодаланганлиги ҳақида кенгроқ тасаввур ҳосил қилиш учун унинг “Назм ал-жавоҳир”, “Мажолис ан-нафоис”, “Ҳайрат ал-аброр”, “Ситтаи зарурия”, “Насоим ал-муҳаббат”, “Тарихи анбиё ва ҳукамо”, “Сирож ал-муслимин” ва “Хамсат ал-мутаҳаййирин” каби асарларига эътибор қаратадиган бўлсак, унда мавзуга дахлдор бўлган маълумотлар батафсил баён этилганига амин бўламиз. Мазкур асарларда ҳам Қуръони каримга катта эътибор берилгани маълум бўлади.

Масалан, шоир ўзининг “Назм ал-жавоҳир” асарида Қуръон ўқишнинг фойдаси ҳақида қуйидагиларни ёзади:

Олам эли ичра гар гадо, гар шоҳ эрур,

Не дардки ул кўнгли аро ҳамроҳ эрур,

Қуръонни тиловат этсун, гар огоҳ эрур,

Эл дардига чун даъво Каломуллоҳ эрур.

Бошқа бир байтда эса Алишер Навоий Қуръон тиловати ҳақида қуйидаги мисраларни айтади:

“Қуръон”ки эрур муждаи жоний ўқумоқ,

Йўқ, йўқки, ҳаёти жовидоний ўқумоқ,

Бил кўнгулга истасанг шифони ўқумоқ,

 Ким келди кўнгул шифоси они ўқумоқ.

Шоир мазкур сатрларни келтирганда Исро сурасининг Қуръон мўминлар учун шифо эканлиги тўғрисидаги 82-ояти:

                   وَنُنَزِّلُ مِنَ الْقُرْآنِ مَا هُوَ شِفَاء وَرَحْمَةٌ لِّلْمُؤْمِنِينَ وَلاَ يَزِيدُ الظَّالِمِينَ إَلاَّ خَسَار    

“(Биз) Қуръондан мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган (оят)ларни нозил қилурмиз” – деган мазмунга таянганини кўрамиз.

Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, Алишер Навоий даврида  мамлакатда ўрнатилган сиёсий барқарорлик ва иқтисодий ривожланиш маънавий ҳаётнинг юксалишига олиб келди.

Ушбу даврда Ҳазрат Навоий давлат миқёсидаги катта ҳуқуқларга эга бўлиб, бутун куч-ғайратини эл-юрт хизматига, халқ фаровонлиги ва осойишталигига қаратди.

XV асрнинг иккинчи ярмида эса Мовароуннаҳр ва Хуросонда Қуръон тафсири, ҳадис илми, фалсафа, адабиёт, тарих, мусиқа, рассомлик ва хаттотлик илмлари энг аввало  ғазал мулкининг султони бўлган Алишер Навоийнинг ғамхўрлиги остида ривожланди. Буюк бобокалонимиз Алишер Навоий ўз ҳаёти мобайнида нафақат туркий тилга асос солди, балки  Моваруннаҳрда Қуръон ва тафсир илмларининг ривожланишига ҳам ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшди десак  асло муболаға бўлмайди.

 

Аброр АЛИМОВ,

Тошкент шаҳар

“Ҳувайдо” жоме масжиди

имом-хатиби

Видеолавҳалар

Top