muslim.uz

muslim.uz

الثلاثاء, 09 نيسان/أبريل 2019 00:00

Денгиз тубидаги қурт

Ҳикоя қилинишича, Аллоҳнинг Набийси Сулаймон алайҳиссалом денгиз соҳилида ўтирганларида, дон кўтариб денгиз тарафга юриб кетаётган чумолини кўриб қолдилар. Унга бироз тикилиб турдилар. Чумоли денгиз лабига етиб келгач, сувдан бир қурбақа чиқиб оғзини очиб турди, чумоли унинг оғзига кириб олди. Кейин қурбақа сув тубига шўнғиди. Бу ҳолни кўрган Сулаймон алайҳиссалом ҳайрон бўлдилар.

Орадан анча вақт ўтгач, қурбақа сувдан бошини кўтариб, оғзини очди. Бояги чумоли унинг оғзидан чиқиб, қуруқликка ўтиб олди. Аммо унда дон йўқ эди. Сулаймон алайҳиссалом уни олдиларига чорладилар ва сув остида нима қилгани, қаерга боргани ҳақида сўрадилар.

Кичкинагина чумоли: “Эй Аллоҳнинг Набийси, сиз кўриб турган шу денгиз тубида ичида коваги бор харсангтош бор. Унинг ичида эса кўзи кўр бир қурт яшайди. Аллоҳ таоло уни ўша ерда яратган. Қурт озуқа топиш учун ташқарига чиқа олмайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло унинг озуқасини келтиришга мени вакил қилган. Мен унинг ризқини кўтариб келаман. Сувнинг ичига тушишим ва сувдан зарар кўрмаслигим учун Аллоҳ таоло бояги қурбақани бўйсундириб қўйган. У мени денгиз тубига олиб тушгач, харсангтош ковагига оғзини қўйиб туради. Мен ўша тешикдан ичкарига кириб, озуқани қуртга етказаман. Кейин ковакдан чиқиб, қурбақанинг оғзига ўтаман. У эса мени қуруқликка олиб чиқади” деб жавоб берди.

Сулаймон алайҳиссалом ундан: “Ўша қуртнинг тасбеҳини эшитганмисан?” деб сўрадилар. У: “Ҳа. Ўша қурт: “Эй, ушбу денгиз тубидаги харсангтош ичида яшайдиган мендек бир қуртга ризқимни етказиб, мени унутмаган Зот! Раҳматинг билан мўмин бандаларингни ҳам унутмагин!” деб дуо қилади” дея жавоб берди.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

  وَإِن مِّن شَيْءٍ إِلاَّ يُسَبِّحُ بِحَمْدَهِ

“Унинг ҳамди ила тасбеҳ айтмаган ҳеч бир нарса йўқ” (Исро сураси, 44-оят).

Аллоҳ таоло бошқа бир оятда эса бундай деган:

إِنَّ اللَّهَ هُوَ الرَّزَّاقُ ذُو الْقُوَّةِ الْمَتِينُ

“Албатта, Аллоҳ Ўзи ризқ берувчи, қувват эгаси, шиддатлидир”. (Демак, Аллоҳ таоло инсу жиндан ризқ сўрамайди, балки уларга ризқ беради. Аллоҳнинг бирдан-бир ирода қилгани ибодатдир, инсу жинни яратишдан мақсад ҳам шудир. Лекин ибодатдан кимга фойда бор? Ибодат қилувчининг ўзига. Унга икки дунёнинг бахтини ибодат беради.) (Зарият сураси, 58-оят).

Қоронғу денгиз тубидаги жонсиз харсангтош ичида яшайдиган кичкина кўр қуртни унутмаган Зот мукаррам қилиб яратган бандаси бўлмиш инсонни унутармиди?! Йўқ, унутмайди!

 

“Вазиятларни бошқариш санъати” китобидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

 

 

“Инсон борки ташвиш бор. Ташвишнинг катта-кичиклиги аслида кишининг имон ва эътиқодига қараб бўлади. Бу ҳақиқатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга айтган гапларида кўришимиз мумкин: «Кимки, Аллоҳ ва Унинг Расулига муҳаббат қўядиган бўлса, энди тайёргарлигини кўраверсин. Унга шундай муҳтожликлар етадики, худди сел ёққанида юзи қандай ҳўл бўлиб кетса, шундай камбағалликлар етади. Кимки, Аллоҳ ва Унинг Расулига муҳаббат қўядиган бўлса, тайёргарлигини кўраверсин. Унга шундай балолар келадики, ўша балоларга у қалқон бўлиб туриб беришига тўғри келади». Лекин имони заифлар учун бирор синов келса ҳам осмону фалакни бошига кўтариб аййуҳаннос солади, дод-фарёд қилади. Ўша муаммодан қутулишни ҳар қандай йўлини қилади. Мабода ўзи кўзлаганидек натижага эриша олмаса ўз жонига қасд қилади. Энг ачинарлиси, ўз жонига қасд қилишни барча ташвишлардан қутилишнинг ягона йўли деб билишидадир. Ваҳоланки, бу услуб ечим эмас, балки энг буюк азоб-уқубатнинг бошланишидир. Аслида эса барча муаммоларнинг ечими қуйидаги ояти каримада ўз ифодасини топган: Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур.


Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги "Мулла Тоҳир" жоме масжиди имом-хатиби Зиёвуддин Ҳошимов қишлоқ аҳли билан ўтказилган навбатдаги суҳбатда ана шулар ҳақида гапириб: Афсуски биз яшаётган қишлоқда ҳам бу иллат учрамоқда. Шунинг учун огоҳ бўлинг деб, сизга зиммамда фарз бўлган омонатни етказдим, дея сўзини якунлади имом-хатиб. Суҳбат сўнгида тингловчилардан Шоҳида опа сўз олиб, (исм ўзгартирилган) имом домланинг сўзларидан таъсирланганини кўзида ёш билан ифода этди: “Мен 4 нафар фарзандим билан оғир ҳолатда яшайман. Ҳаёт ташвишлари, изтироблар мен учун тугамаётагандек бўлаверади. Шу тобда ўзимни ўлдириб, ҳамма-ҳаммасидан қутулиш фикри кўп марта ҳаёлимни банд этар эди. Бугун эса англадимки, буларнинг ҳаммаси шайтоннинг чақириғи, жаҳаннам сари йўлланма экан. Аллоҳ ато этган умр неъматининг, машаққатларга чидам ва сабр қилишнинг охиратдаги шарафи, ажрини энди тушуниб етдим. Мен энди доимо яратган Аллоҳимга таваккул қилиб, қайғу ва шодликларимни Ўзига топшириб яшайман. Сизга раҳмат домла, кўзимни очдингиз”, деб миннатдорчилик билдирди.


Мана, мавъизанинг инсон онги ва ҳаётига таъсири. Аллоҳ таоло ўзига зулм қилмоқчи бўлган бир бандасини бошқа бир олим бандаси орқали ҳалокатдан асраб, Ўзига яқин қилиб қўймоқда. Ҳикмати буюк Зот!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

الثلاثاء, 09 نيسان/أبريل 2019 00:00

Ушбу 5 гуноҳдан мўминлар узоқ бўлсинлар!

  1. Мўмин банда эшитган нарсасини сўраб-суриштирмай гапиришдан эҳтиёт бўлиши лозим.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!” (Ҳужурот сураси, 6-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кишига гуноҳ учун эшитган нарсасини гапирмоқнинг ўзи кифоя қилади”, деганлар (Имом Абу Довуд, Имом Муслим ривояти).

Демак, эшитган гапини одамларга гапираверган киши ёлғончилардан саналади. Мўмин банда эса ёлғончи бўлмайди.

Имом Молик ривоят қилган ҳадисда Савфон ибн Сулайм розияллоҳу анҳу «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

“Ё Аллоҳнинг Расули! Мўмин қўрқоқ бўлади-ми?” деб сўрадилар.

“Ҳа”, дедилар.

“Ё Аллоҳнинг Расули! Мўмин бахил бўлади-ми? дедилар.

Ҳа, дедилар.

Ё Аллоҳнинг Расули! Мўмин ёлғончи бўлади-ми? деб сўрадилар.

Йўқ, деб жавоб бердилар». 

  1. Мўмин банда бирор кишини масхара қилмаслиги лозим.

Эй, мўминлар! (Сизлардан) бирор миллат (бошқа) бир миллатни масхара қилмасин! Эҳтимолки, (масхара қилинган миллат) улардан яхшироқ бўлса(Ҳужурот сураси, 11-оят).

Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бир биродарини бир айбда айбласа, токи ўзи ҳам ўша гуноҳни содир этмагунича вафот этмайди”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Оиша розияллоҳу анҳо: “Мусибатга учраган бир киши бир гуруҳ аёллар олдидан ўтди. Аёллар уни масхара қилиб, кулишди. Ўша аёлларнинг кўпчилиги ўша мусибатга мубтало бўлишди”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таоло бошқа бир оятда масхара қилувчиларнинг ҳолига вой бўлиши ҳақида огоҳлантиради: (Кишилар ортидан) ғийбат қилувчи, (олдида) масхара қилувчи ҳар бир кимсанинг ҳолига вой!” (Ҳумаза сураси, 1-оят). 

  1. Мўминлар бир-бирларини мазах қилишлари ва лақаблар билан атамасликлари лозим.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ўзларингизни (бир-бирларингизни) мазах қилмангиз ва бир-бирларингизни лақаблар билан атамангиз!” (Ҳужурот сураси, 11-оят). 

  1. Мўминлар гумондан четда бўлишлари лозим.

Аллоҳ таоло бундай буюради: “Эй, мўминлар! Кўп гумон(лар)дан четланингиз! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир” (Ҳужурот сураси, 12-оят). 

  1. Мўминлар ўзгалар айбини қидиришдан ва уларни ғийбат қилишдан сақланишлари лозим.

(Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилмангиз ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли зотдир” (Ҳужурот сураси, 12-оят).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

الثلاثاء, 09 نيسان/أبريل 2019 00:00

Кембрижда ажойиб «эко-масжид» очилди

Апрель ойининг илк кунларида Буюк Британиянинг Кембриж шаҳрида 8 минг намозхонларга мўлжалланган ажойиб «эко-масжид» очилди, деб хабар бермоқда Environment Journal нашри.

Ушбу “эко-масжид” лойиҳаси Кембриж университети ислом фанлари ўқитувчиси ва таниқли олим Тим Уинтер томонидан ишлаб чиқилди.

«Масжид инфратузилмалари диний қарашларидан қатъий назар барча маҳаллий аҳоли вакиллари учун мўлжалаб ишлаб чиқилган», - тушунтиради Уинтер, - «Унинг боғлари, кафетерий, ўқув зонаси – бизнинг барча қўшниларимиз учун қулайлик туғдиради».

Масжид интерьери ҳар биридан “нур таралиб турадиган” ва улар бир-бири билан кесишиб, геометрик нақш ҳосил қиладиган 30 та ёғоч устунлар ўрнатилиши билан ажралиб туради. Масжид интерьерининг кўп сонли ёғоч деталлари Швейцарияда тайёрланган ва кейинчалик йиғиш учун Британияга олиб келинган эди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида Термиз яқинидаги Султон Саодат мақбараси ҳам зиёрат қилинган эди.

Давлатимиз раҳбари ушбу қадамжо улкан маънавий мерос, мусулмонлар учун табаррук маскан эканини қайд этиб, унинг тарихини мукаммал ўрганиш, халқимизга ва чет элликларга етказиш зарурлигини таъкидлаб ўтдилар.

«Қаерга боришимиздан қатъи назар, Ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда Имом Бухорий маркази, мана, Ҳадисшунослик мактабини очганимиз, бунинг тагида жуда катта илоҳий куч бор. Худди алифбога ўхшаб нолдан бошлаяпмиз.

Ислом цивилизация деганимиз - цивилизацияга асосланган нуқтаи назаридан, бу ҳақиқатдан буюк ерлигини асослаб бераётган манбаларни баралла айтишимиз керак. Араб тилини ҳам ўқита олмадик. Ҳозир араб давлатлари замонавий тилга ўтиб кетган. Иккинчидан, таржима қилиш нуқтаи назаридан, жуда катта қўлёзмаларимиз бор. Бироқ, уларнинг таржимасига ҳали қўл урмаганмиз.

Ёшларимизга, халқимизга, уларнинг онгига етадиган тилда, замонавий тилда айтишимиз керак. Мусулмон давлатларга борилса, уларда катта-катта кутубхоналар, марказлари бор, ҳавасинг келади. Улар 15-20 йилда анча олдинлаб кетди.

«Султон Саодат» мажмуаси, саййидлар сулоласи Пайғамбаримизнинг бешинчи авлодига тегишли. Очиқ айтсак, шу билимимизни, шу бойлигимизни, Ислом - нур эканини одамлар тарбиясига сингдира олмадик. Фожиамиз мана шунда», - деди Давлатимиз раҳбари.

«Ҳар йили ўнтагина мўмин-мусулмонни тарбия қилолсак, тасаввур қилинглар, муҳит қандай ўзгаради. Вақт-соати келди, саккиз юзинчи йилдан бошлаб мана шу тарихни тиклаб, одамларимизга ана шу илмий асосларни етказсак, бу ҳам маърифат бўлади. Бу ёшларимиз, халқимиз учун маърифат бўлади», - деб айтган Президентимиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top