muslim.uz
Ҳаётдан ўргандим
“Ўтган умрингиздан нимани ўргандингиз?” деб сўрашса, шундай жавоб бераман:
Мазлум одамга бироз кейинроқ бўлса ҳам, албатта, ёрдам берилишини ўргандим.
*****
Кечаси қилинган дуо ижобатсиз қолмаслигини ўргандим.
*****
Бу ҳаёт тўсатдан тўхтаб қолиб, биз ғафлатда қолишимиз мумкинлигини ўргандим.
*****
Ширин сўз, очиқ юз ва олийжаноблик хулқларнинг боши эканини ўргандим.
*****
Дунёдаги энг бой киши қаноатли, соғлом ва хотиржам инсон эканлигини англаб етдим.
*****
Пиёз эккан одам ҳеч қачон райҳон йиғиб олмаслигини тушуниб етдим.
*****
Умр тугаса ҳам ишлар, юмушлар тугамаслигини тушундим.
*****
Одамларнинг мени эшитишларини истасам, мен ҳам уларни тинглашим кераклигини ўргандим.
*****
Инсонларнинг асл юзини очиб, уларнинг қандайлигини кўрсатадиган энг нозик асбоб – улар билан бирга сафарга чиқиш эканлигини ўргандим.
*****
Кўп сафсафа сотиб, “Мен ундай, мен бундай” дейдиган кимса, аслида ичи бўш одам бўлишини билдим.
*****
Асли олтин бўлган киши ҳар қандай вазиятда ҳам олтинлигича қолишини, асли темир бўлган киши вақт ўтиши билан ўзгариб, занглаб қолишини билдим.
*****
Ўликларини дафн этиб ҳам кўзи очилмай, ғафлатда юрувчилар кўплигини билдим.
*****
Эй Роббим, хотимамизни гўзал қилгин! Ҳаётимизни солиҳ амалларга бой қилгин! Вафот этганларимизни раҳмату мағфиратингга олгин!
Фейсбукдаги “Ҳаётнинг нариги юзи” саҳифасидан
Нозимжон Иминжонов таржимаси
Имом Бухорий мажмуаси ва Ҳадис илми мактабига уламолар ташриф буюрдилар
Бугун, 27 март куни Самарқанд вилоятида “Маҳмуд аз-Замахшарий ва унинг ал-Кашшоф асари” мавзусидаги илмий-амалий семинар доирасидаги тадбирлар бошланди. Аввал муфтий ҳазратлари бошчиликларида таниқли уламолар, бош имом-хатиблар, тажрибали имом-хатиблар ва мадрасалар мудирлари Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилдилар.
Ташриф аввалида Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, савоби Имом Бухорий руҳи покларига бахшида этилди.
Шундан сўнг семинар иштирокчилари муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ташкил этилган Ҳадис илми мактаби фаолияти билан яқиндан танишдилар. Олий мактабнинг ўқитувчи ва мутахассислари томонидан илм даргоҳида муҳайё қилинган шарт-шароитлар, таълим-тарбия жараёнларини олиб бориш услублари, ахборот ресурс маркази, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш методлари, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш имкониятлари тўғрисида батафсил маълумот бердилар.
Танишув жараёнида меҳмонлар юртимизда диний-маърифий соҳани янада такомиллаштириш, муборак динимизнинг софлигини асраш, унинг асл инсонпарварлик тамойилларини очиб бериш ва кенг тарғиб этиш, бу борада малакали кадрлар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани ва тизимли ислоҳотлар олиб борилаётганини алоҳида таъкидладилар.
“Маҳмуд аз-Замахшарий ва унинг ал-Кашшоф асари” мавзусидаги илмий-амалий семинар ўз ишини бошлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Қуёш алангаси
Қуёшнинг сатҳидан очиқ фазо сари отиладиган аланга фан тилида “протуберанец” деб аталади. Бу аланга кўпинча ҳалқа шаклида бўлади. Оддий шуъланинг баландлиги тахминан бир неча минглаб километрларга чўзилса, баъзилари бундан анча баланроққа отилади. 1997 йилда аниқланган протуберанецнинг узунлиги 350 минг километр бўлиб, бу Ер диаметридан деярли 28 марта катта деганидир. Оддий аланганинг массаси тахминан 100 миллиард тоннага етади.
Протуберанецларнинг икки хил тури кўпроқ кузатилади. Булар фаол ва нофаол турларидир.
Нофаол шуъла бир неча ой давом этади, унда у қадар ўзгариш сезилмайди. Улар Қуёшнинг магнит майдонларидан келиб чиқиб, ўз шаклида қолади. Ушбу алангалар давомида ундаги модда Қуёш юзаси устидаги магнит майдонларининг чизиқлари бўйлаб ҳаракатланади. Улар совуқ ва қорамтир бўлиб кўринади.
Фаол алангаларни Қуёш чақнашлари ҳам дейилади. Бу жараён бир неча дақиқадан бошлаб бир неча соатгача давом этиши мумкин. Бу чақнашлар пайтида ундаги моддалар бир сонияда 1000 километрлаб масофага отилади. Бу тур нофаол, барқарор алангалардан келиб чиқади. Фаол чақнаш тугагач, у олдинги пассив ҳолатига қайтади. Қуёшдаги бундай фаол чақнашлар тахминан ҳар 11 йилда содир бўлиб туради. Бу пайтда Ер шарининг шимолий ва жанубий қутбларида шимол ёғдуси ҳодисаси кузатилади.
Ҳозирги кунда кучли телескоплар ёрдамида Қуёшдаги мазкур алангаларни кўриш мумкин. Қуёш тўла тутилган кезларда ҳам бу ҳолатни кузатиш имкони бор.
Қуёшнинг шуъласи ҳалқасимон, камонсимон, баъзан эса узун чизиқ кўринишида намоён бўлади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Ойни нур таратувчи деган. Чиндан ҳам Ой ўзидан ёруғлик чиқармайди, балки Қуёшдан келадиган нурни Ерга қайтаради, акслантиради. Натижада биз уни ёруғ диск шаклида кўрамиз. Аллоҳ таоло Қуёшни ёруғлик, иссиқлик ва шуъла таратувчи чироқ қилганини таъкидлаган. У Зот Набаъ сурасида шундай деган:
وَجَعَلْنَا سِرَاجاً وَهَّاجاً
“Ва шуъла таратувчи чироқ ҳам қилдик” (13-оят).
Араб тилида وَهْجٌ (ваҳж) деб шуъла, алангани айтилади. Юқорида биз зикр қилган протуберанецларни ҳам араб тилида “ваҳж” дейилади. Бу оятда Аллоҳ таоло Қуёшни “шуъла таратувчи чироқ” деди. وَهَّاجاً (ваҳҳож) дегани аланга сочувчи, шуъла таратувчи деганидир. Демак, Қуёш очиқ фазога турли узунликда протуберанецлар сочиб туриши Қуръонда бундан 14 аср олдин айтиляпти.
Инсоният Қуёшнинг протуберанецлари ҳақида бирор тасаввурга эга бўлмаган бир пайтда Қуръони Каримдаги ушбу оятнинг борлиги Қуръон Аллоҳ таолонинг Каломи эканига яққол далилдир!
Юқоридаги расмда Қуёш шуъласи Ер шари билан солиштирилган бўлиб, ушбу кичик шуъланинг баландлиги Ер диаметридан уч марта каттадир.
Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Қуръон мусобақаларини рағбатлантириш учун 700 минг АҚШ доллари ажратилди
Миср Вақф вазирлигининг маълум қилишича, мамлакатда миллий ва халқаро Қуръон мусобақалари ғолибларини рағбатлантириш учун 1,2 млн миср фунти, қарийб 700 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилган.
Саъди ал-Абад газетасининг хабарига кўра, ушбу маблағлар, аввало Мисрда учта категорияда ўтказиладиган миллий Қуръон мусобақаларининг ғолибларига берилади. Шунингдек, бу пуллар ҳар йили Мисрда ўтказиладиган халқаро Қуръон мусобақаси ҳамда ногиронлар ўртасида ташкил этиладиган мусобақа ғолибларига ҳам берилади.
2019 йилнинг 29 март куни Мисрда Шимолий Африка мамлакатлари ўртасида XXVI халқаро Қуръон мусобақаси бошланади. Ислом.уз нашрининг хабар беришича, Миср Вақф вазирлиги ташкил этаётган ушбу мусобақа уч босқичда ўтказилади.
Биринчиси, диний билим олувчи талаблар ва битирувчилар, иккинчиси Қуръони каримни камида ярмини ёд олган оддий иштирокчилар ва учинчиси 12 ёшгача бўлганлар иштирокчилар ўртасида бўлиб ўтади. Мусобақада қатнашувчиларнинг энг юқори ёши 40 деб белгиланган. 2018 йилги XXV халқаро Қуръон мусобақасида 50 зиёд давлатдан ҳофизи Қуръонлар қатнашган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ҳадис илми мактабига замонавий автобус топширилди
Бугун, 27 март куни Самарқанд вилоятидаги Ҳадис илми мактабига замонавий автобусни топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов замонавий автобусни Ҳадис илми мактабига топшириш чоғида давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан ушбу таълим даргоҳини ташкил қилиниши мамлакатимиз маънавий тараққиётининг бугунги босқичида муҳим аҳамият касб этиши, келгусида ушбу мактабдан ҳадис олимлари етишиб чиқишига тилак билдирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари маросимда олий мактабдаги жуда кўп қулайликлар билан бирга ушбу замонавий автобус Ҳадис илми мактаби фаолиятида катта хизмат қилиши, энг замонавий ва қулай шароитлардан унумли фойдаланган талаба-ёшлар келгусида Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Доримий каби улуғ муҳаддислар бўлиб етишишларига умид боғладилар. Шунингдек, Аллоҳ таборака ва таолонинг берган неъматларига шукр қилиш, неъматларни янада зиёда бўлишига асосий омил эканини шарҳладилар. Муфтий ҳазратлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ҳам мазкур олий мактабга муносиб совға топширилишини билдирдилар.
Маросимда мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, таниқли уламолар, бош имом-хатиблар, мадрасалар мудирлари ва тажрибали имом-хатиблар иштирок этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати