muslim.uz

muslim.uz

الإثنين, 04 شباط/فبراير 2019 00:00

Бу Китобни ўрганса эди...

“Бир озгина арабча ўрганган айрим кимсалар Қуръони каримга киноя қилмоқчи бўладилар. Бироқ улар Қуръони каримнинг таъсири, фасоҳати ва инонганларни қувватга тўлдирувчи қироатини бир тинглаб кўрсалар эди, Пайғамбар алайҳиссаломнинг асҳобларига Қуръони каримни ўргатиш учун қўллаган усулларни ўрганганларида эди, ҳайратлар ичида қолар эдилар. Аллоҳнинг ҳузурида саждага бош эгар ва ҳаммаси: “Ё Расулуллоҳ! бизнинг қўлимиздан тутинг, бизни Сизнинг умматингиз бўлиш шарафидан марҳум этманг” дея илтижолар қилган бўлар эдилар”.
Жоҳанн Жокаб Реисиг, олмон файласуфи

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.

*****

Одамлар билан бўлган алоқам доираси кичрайгани сайин роҳат-фароғат доирам кенгайганини кўрдим.

“Буюклар ва донишмандлар ҳикмати”

*****

Модомики, ўзинг эгилмасанг, ҳеч бир одам сенинг устингга мина олмайди.

 “Буюклар ва донишмандлар ҳикмати”

*****

Аллоҳ таоло ёмон гумон қилувчиларга ёрдам берсин! Улар билан роҳатнинг орасидаги масофа жуда узундир.

“Буюклар ва донишмандлар ҳикмати”

*****

Ҳамма кулгулар ҳам хурсандчилик аломати бўлавермайди. Баъзилари қалбдаги алам ва оғриқни яшириш учун ниқоб кулгудир.

“Буюклар ва донишмандлар ҳикмати”

*****

Инсон билиши керак бўлган ҳаётдаги энг қаттиқ дарслардан бири – ҳамма ҳам унга яхшиликни истамаслигидир.

“Буюклар ва донишмандлар ҳикмати”

*****

Фазилатли аёл қидиришдан олдин ўзингиз фазилатли эркак бўлинг. Дарахт мева беришидан олдин гуллайди. Фотимадек аёл қидирган кишининг ўзи Алидек бўлиши керак.

“Буюклар ва донишмандлар ҳикмати”

*****

Сени ноқис ҳолингда қабул қилишим мумкин, аммо ёлғончи бўлсанг, қабул қилмайман.

“Буюклар ва донишмандлар ҳикмати”

*****

Илми оз, одоби кўп бўлишинг илми кўп, одоби оз бўлишингдан минг марта яхшидир.

“Буюклар ва донишмандлар ҳикмати”

*****

Кўпчилик одамлар атрофларидаги кишилар хурсанд бўлишлари учун ғамларини ичларида сақлайдилар. Эй Роббим, бошқаларнинг шодлигини ўйлаб, ғамини ичида сақлаётганларни Ўзинг шод айла!

“Буюклар ва донишмандлар ҳикмати”

*****

Ҳикматни кўзи ожиз кишидан ол. У қўлидаги ҳассаси билан ерни пайпаслаб, аниқлаштириб олмагунича у жойга оёғини қўймайди.

Тавфиқ Ҳаким

*****

Ўзгарганимда ўзгарадиган, бошимни силкитганимда бошини силкитадиган дўстга эҳтиёжим йўқ. Соям бу ишни ундан яхшироқ бажаради.

“Буюклар ва донишмандлар ҳикмати”

*****

Қалбимизни хурсанд қилиш осон. Озгина эътибор ҳам уни хурсанд қила олади.

“Буюклар ва донишмандлар ҳикмати”

 

 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

 

Бирлашган Араб Амирликларида фаолият олиб борувчи "Мактум" Қуръон маркази бошқармаси берган маълумотга кўра, ушбу Марказ 2018 йилда 2600 нафар йигит ва қизларни ўқишга қабул қилган.

Маҳаллий Alwatan газетасининг ёзишича, ушбу таълим муассасасида таълим олувчи йигитлар сони ўткан йилда 972 нафарга етган. Уларнинг кўпчилик қисми БААлик бўлса, қолганлари ушбу мамлакатда яшовчи хорижликлар экани айтилмоқда.

68 нафар эркак ва 118 нафар аёл ўқитувчилар фаолият юритаётган марказда 8 нафар йигит ва 24 нафар қиз талабалар Қуръон ҳофизлари бўлишган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

ЎМИ Матбуот хизмати

Расмлар муаллифи: Шахзод Шомансур

الإثنين, 04 شباط/فبراير 2019 00:00

Иситмага қарши Набавий чора

Инсоннинг тана ҳарорати турли сабабларга кўра кўтарилади. Тана ҳароратининг кўтарилиши шамоллаш ва грипп асносида кўпроқ кузатилади. Баъзан бу кўтарилиш 40°-41° даражага етиши мумкин. Агар шу пайтда зудлик билан чора кўриб, ҳароратни туширишга уринилмаса, бемор вафот этиши мумкин.

Тана ҳароратининг кўтарилиши иситма дейилади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча ҳадисларда иситмани тушириш йўлларини баён қилганлар. Ана шундай ҳадислардан бирини келтирсак.

عن ابن عمر رضي الله عنهما أن النبي - صلى الله عليه وسلم - قال : ( الحمى من فيح جهنم فأبردوها بالماء ) رواه البخاري

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Иситма жаҳаннам тафтидандир. Шу боис уни сув билан совутинглар!” дедилар”. Имом Бухорий ривояти.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этишларидан олдин бемор бўлиб ётганларида иситмалари кўтарилди. Шунда у зот алайҳиссалом устларидан етти марта мешдан сув қуйишларини буюрганлар.

Иситмани тушириш учун қўлланадиган дори воситалари, тиббий чора-тадбирлар кўп бўлишига қарамасдан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тиббий кўрсатмалари энг афзал ва энг фойдали услублигича қолмоқда. Кўп ҳолларда беморнинг иситмаси бирданига кўтарилиб кетиб, кўплаб дори-дармонлар ҳам таъсир қилмайди. Ана шу пайтда шифокорлар беморнинг устидан сув қуйиш, уни сув билан совутиш чорасини қўллайдилар ва самарали натижага эришадилар. Шунинг учун педиатр (болалар шифокори)лар бемор боланинг ота-онасига тезда унинг кийимларини ечиб олиб, устидан совуқ сув қуйишни ва сувга ботирилган латтани бемор боланинг пешонасига қўйиб туришни тавсия қиладилар.

Илмий томондан ҳам собит бўлганки, иситманинг бир неча фойдалари бор.

Инсон иситмалаганда, қондаги интерферон моддасининг миқдори ортади. Бу моддани қондаги оқ қон таначалари (лейкоцитлар) ишлаб чиқаради. Интерферон моддаси танага ҳужум қилган вирусларни йўқ қилади. Мазкур модда танани зарарли вирус ва бактериялардан халос этибгина қолмай, жисмнинг касалликларга қарши курашувчанлигини оширади, танадаги саратон ҳужайраларини йўқ қилиб, тананинг ҳеч бир жойида саратон ҳужайралари пайдо бўлишига йўл қўймайди.

Шу сабабли баъзи шифокорлар “Худди бемор одам соғайиб хурсанд бўлганидек, кўплаб касалликлар асносида иситма пайдо бўлса, биз хурсанд бўламиз. Чунки иситма дори ичишдан кўра танага кўпроқ фойдалидир. Мисол учун бўғимлар ревматизмини олайлик. Инсон шу касаллик билан оғриганда, бўғимлари қаттиқлашиб, ҳаракатланишга ярамай қолади. Худди шундай пайтда тиббиётда сунъий иситма муолажаси қўлланади. Бунда муайян дорилар орқали клизма қилиш йўли билан беморда иситма ҳосил қилинади” дейишади.

Ҳа, азизлар, иситманинг танага фойдаси борлиги ҳеч кимга сир эмас. Иситма бу дунёда беморнинг соғайишига хизмат қилса, охиратда гуноҳлардан фориғ бўлишига ҳам хизмат қилади.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Соибнинг ҳузурига кирдилар ва:

«Эй Умму Соиб, сенга нима бўлди, қалтираяпсан?» дедилар.

«Иситма! Аллоҳ уни баракасиз қилсин!» деди у.

«Иситмани сўкма. У одам боласининг хатоларини худди босқон темирнинг чиқиндисини кетказгандек кетказур», дедилар у зот». Муслим ривоят қилган.

Аллоҳ таоло севикли Пайғамбаримизга, у кишининг оила аъзолари ва саҳобаларига кўплаб саловоту саломлар юборсин!

 

Интернет маълумотлари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Видеолавҳалар

Top