muslim.uz

muslim.uz

الخميس, 29 تموز/يوليو 2021 00:00

Маърузалар манзур бўляпти

Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари устоз Иброҳим домла Иномов  Шўрчи туманидаги “Ҳайдарқул ҳожи бобо” жоме масжидига ташриф буюрдилар  ва бу масжидда аср намозларини жамоат билан адо этдилар.

Аср намози тугагач ушбу жамоага  муфтий ноиби Иброҳим домла  маъруза қилиб бердилар. Тингловчилар эса ўзларининг қизиқтирган саволларига муносиб равишда жавоб олдилар. Сўнгра Аллоҳдан халқимиз аҳли мусулмонлари ҳаққига, шунинг билан биргаликда масжид қурилишига камарбаста бўлаётган ватандошларимиз ҳаққига дуо қилдилар.

Бугун, 29 июль куни Тошкент ислом институтида кундузги таълим йўналиши бўйича кириш имтиҳонининг Ақоид-фиқҳ ва Ўзбекистон тарихи фанларидан тест синовлари бўлиб ўтди. Уни институт проректори Умиджон домла Ходжаев кириш сўзи билан очиб берди.

Дастлаб, абитуриентлар карантин чора-тадбирларига мувофиқ, институт ҳовлисидаги имтиҳон ўтказиладиган парталарга жойлаштирилди. Кириш имтиҳони Файзуллоҳ қори Иззатиллаевнинг Қуръон карим тиловати ва устозларнинг хайрли дуолари билан бошланди.

Шундан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими бошлиғи Салоҳиддин Шерхонов, қабул ҳайъати аъзолари, абитуриентлар ва ота-оналар гувоҳлигида тест саволлар китоби ва жавоблар варақаси солиниб, муҳрланган махсус қоплар очилди.

Кейин тест материаллари абитуриентларга тарқатилиб, Ақоид-фиқҳ ва Ўзбекистон тарихи фанларидан тестларни ечиш учун 2 соат вақт ажратилди, варақаларни тўлдириш ва бўяшга 20 дақиқа вақт қўшиб берилди.
Тест синовларини Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва қабул ҳайъати аъзолари кузатиб, назорат қилди.

Маълумот учун, жорий йил qabul.muslim.uz сайти орқали Тошкент ислом институтида ўқиш истагида бўлган 281 нафар, жумладан, 242 нафар йигит ва 39 нафар аёл-қизлардан, ариза келиб тушган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили институт талабаси бўлган йигитлар энг юқори балл 176.3ни, энг паст балл 101.1ни, талаба аёл-қизлар эса энг юқори балл 160.6ни, энг паст балл 97.8ни тўплаган эди. 2020 йилда институтга 50 нафар йигит ва 10 нафар аёл-қиз талабаликка қабул қилинган эди.

Бу йилги имтиҳон натижалари эртага, 30 июль куни эълон қилинади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матубот хизмати

Аҳли суннат ва жамоат таълимотига эргашувчи тўрт мазҳаб – ҳанафийлик, моликийлик, шофеъийлик ва ҳанбалийликнинг ҳар бирининг асосини Қуръони карим ва ҳадиси шариф ташкил қилиши ҳеч кимга сир эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифлари ҳар бир мазҳаб фиқҳида асосий манбалардан бири ҳисобланади. Мазҳаб имомлари ҳамда уларга эргашган издошларидан   ҳеч бири ҳадиси шарифдан ташқарига чиқмаган. Ҳадиси шариф турганда, ўз раъйлари ва фикрларини илгари сурмаган. Бу ҳанафий мазҳабида яққол ўз ифодасини топган, десак хато бўлмайди. Бироқ, афсуски, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ўз шогирдлари билан бирга ҳанафийлик мазҳабини таъсис қила бошлаган даврдан буён то ҳозирги кунимизгача ушбу мазҳаб аҳлига “аҳли раъй” деган тамға босилиб келади. Бу,  асосан, салбий маънода ишлатилади. Яъни, дин ва мазҳаб душманлари: “Ушбу мазҳаб вакиллари ўз фикрларини оят ва ҳадисдан устун қўядилар; улар ҳадис турганда, уни олмасдан, ўз раъй-фикрларига эргашадилар; ҳадисни олмасдан Имоми Аъзамнинг гапини оладилар”, деганга ўхшаш бўҳтонни айтиб келадилар.

Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ ўзининг Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг маноқиблари тўғрисида ёзилган “Ал-Хайрот ал-ҳисон” рисоласида бундай деган:  “Билгинки, уламоларнинг Абу Ҳанифа ва унинг шогирдларини “асҳоби раъй” дейишларидан мақсад, уларни камситиш, уларни ўз раъйларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан ва у зотнинг саҳобаларининг гапларидан устун қўяди, деб нисбатлаш эмаслигини тушунмоғинг лозим! Чунки, улар бундан холидирлар!”

Ҳақиқат шуки, бизнинг ҳанафий мазҳабида бошқа мазҳабларга нисбатан ҳадисга эргашиш ортиқроқдир, ҳаммадан кўра бу мазҳаб соҳиблари ҳадислар маъносини чуқурроқ ва мукаммалроқ тушуниб етадилар. Ҳанафийликнинг асосий манбаси Қуръони каримдир. Ундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари энг асосий манба ҳисобланади. Ҳатто, ҳанафий мазҳабида заиф ҳадис сохталик эҳтимоли бўлган қуруқ қиёсдан устун қўйилган.

Ҳанафийлик мазҳабида заиф ҳадис турганда қиёсга, раъйга ўрин йўқ, заиф ҳадисга амал қилинади. Бу ҳанафий мазҳабининг бошқа мазҳаблардан кўра устунлигини кўрсатади. Улар қанчалик ҳадисга амал қилишни даъво қилсалар ҳам, бирор бир масалага заиф ҳадисдан бошқа далил бўлмаса, унга амал қилмасдан ўз раъй-фикрларига кўра қиёс қилиб ҳукм чиқарадилар. Ҳанафийликда эса ундоқ эмас. Бирор бир масалага заиф ҳадисдан бошқа далил бўлмаган тақдирда, заиф ҳадисга амал қилинади, раъй-фикрга суяниб қиёс қилинмайди. Хуллас, ҳанафийликда заиф ҳадис барча турлари билан мужтаҳиднинг ёки бирор бир фақиҳнинг гапидан устун ҳисобланади.

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ: “Аллоҳдан ва унинг Расулидан келган нарсаларни бош-у кўз устига қабул қиламиз! Саҳобадан келган нарсаларнинг эса энг яхшисини танлаб эргашамиз!  Уларнинг гапларидан ташқари чиқмаймиз!” деган сўзларини барча маноқиб китобларда кўришимиз мумкин.

Демак, тўртта мазҳабнинг ҳеч бир таъсисчиси ҳадиси шарифдан ташқари чиқмаган, ҳадиси шариф турганда, ўз раъйлари ва фикрларини илгари сурмаган. Бунга ёрқин далил сифатида мазҳабларнинг Қуръони карим ва ҳадиси шарифдан далилларни баён қилган китобларини кўпдан кўпини келтириш мумкин. Бундай китоблар хар бир асрда ўзгача услублар билан ёзилган. Бу борада ҳанафий мазҳабида ҳам талайгина китоблар битилган. Уларнинг ҳар бири бир-биридан ўзига хослиги билан ажралиб туради. Мана шундай сара китоблар қаторида Раббоний олим, муфассир, муҳаддис шайх Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муслим Баҳлавийнинг “Адиллат-ул ҳанафийяти минал аҳодисин набавийяти алал масоилил фиқҳияти” китобини келтириш мумкин. Китобни мутолаа қилган киши ундаги боблар тартибининг осонлиги ҳамда ҳадисларни келтиришда муаллифнинг ҳадис илми борасида жуда зукко бўлганига хайратда қолмай иложи йўқ. Муаллиф китобда ҳадисларни фиқҳий аҳкомларга монанд қилиб келтирган.  Бир минг икки юз етмишта ҳадисни ўз ичига олган китобни мутолаа қилган ҳар бир ҳанафий мазҳабига эргашувчи киши ўз мазҳаби уламоларига нисбатан ҳурмати зиёда, қалби хотиржам бўлади.

Шуни эътиборга олган ҳолда, мазҳабимизни янада яхшироқ ўрганиш, ҳар бир масалага мукаммал далиллар мавжуд эканини чуқурроқ англаш ва англатиш йўлида вилоят вакиллиги сайтида мазкур китобдан зарур маълумотлар беришни йўлга қўймоқдамиз. Ушбу хайрли ишни китобни яхшилаб мутолаа қилган ва таржимасини ҳам уддалаётган Пискент туманидаги “Собирхон ота” масжиди имоми Суннатуллоҳ Абдулбоситга топширдик. Эзгу ният ила бошлаётган амалимизни Аллоҳ хайрли ва бардавом қилсин!

 

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Доктор Салоҳ Муҳаммад Абул Ҳаж Ал-Ҳанафий ҳафизаҳуллоҳ    

الثلاثاء, 27 تموز/يوليو 2021 00:00

Омонатдорлик   -   улуғ   фазилат

Сақлаш учун маълум муддатга берилган моддий ва маънавий нарсалар омонатдир. Омонатни сақлаш жамиятдаги инсонларнинг бир-бирига ишончини орттиради.

Инсонга берилган ҳаёт неъмати, муборак жисми-жони – Аллоҳнинг омонати. Зеро, Аллоҳ таоло яратган барча махлуқотлар ичида энг мукаррам ва азизи инсондир. Бу ҳақда У: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик...” (Исро, 70), деб хабар берди.

Аллоҳ таоло Ўзининг каломи шарифида шундай хабар берган:

“Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга ва Расулга (буйруқларига) хиёнат қилмангиз ва (бир-бирингиздаги қўйган) омонатларингизга (ҳам) билиб туриб хиёнат қилмангиз!”(Анфол-27).

Жаноб Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам бу борада ўзларининг муборак ҳадисларида марҳамат қиладиларки:

“Мунофиқнинг аломати учта, гапирса ёлғон гапиради, ваъда берса, устидан чиқмайди, омонат қўйилса, хиёнат қилади”.

Бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) марҳамат қиладиларки:

“Омонатни сақлай олмайдиган кишининг имони, аҳдига вафосизнинг эса дини йўқдир”.

Омонатга хиёнат қилувчи – Яратганга исён қилувчидир.

Омонатни яхши сақлаб ўз эгасига саломат топшириш хусусида Жаноб Пайғамбаримиз (с.а.в.) ёшликларидан бошлаб барчага намуна бўлганлар. Ул зоти шариф ростгўйликлари, бировларнинг ҳаққига хиёнат қилмасликлари, ваъдаларига вафодорликлари туфайли “ал-Амин” яъни, “омонатдор, ишончли одам” деган сифатни олганлар. Ул зоти бобаракот ёшлик даврларидан бошлаб ишончли, вафо, омонат ва масъулиятни чуқур ҳис этадиган бўлиб камолотга етишдилар. Чунки омонатдорлик инсон ҳаётининг барча соҳаларида мавжуд.

Одамлар омонат деганда қимматбаҳо нарсани бошқа бировнинг ҳузурига сақлаб бериш учун қўйишнигина тушунадилар. Аслида, омонатнинг турлари кўпдир. Жумладан, уламоларимиз: «Аллоҳнинг бандага юклаган омонатлари бор: имон,  намоз, рўза, закот, умр, ота-она, фарзанд ҳам омонатдир», дейдилар. Шунингдек, бандаларнинг бандалардаги турли ҳақлари ҳам омонат ҳисобланади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан бирида:

«Биров сенга бир калима айтиб, сўнгра атрофга қараб қўйса, билгинки, шу сўз омонатдир», деганлар.

Омонатга хиёнат қилишлик мунофиқликнинг уч аломатидан биридир. Мусулмон инсон барча омонатларга, жумладан, одамлар ила ўзаро муомаладаги, моддий масалалардаги омонатларга, катта-кичикка насиҳат қилиш омонатига, ёш авлодни тўғри тарбиялаш омонатига ва бошқа омонатларга риоя этади, хиёнат қилмайди. Аллоҳ кўрсатмасин, агар хиёнат содир бўлса, катта хатога йўл қўйилган бўлади. Хиёнатчи ҳатто шаҳид бўлган тақдирда ҳам, гуноҳи кечирилмасдир!

Имом Ибн Аби Ҳотим Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар:

«Шаҳидлик омонатдан бошқа ҳамма гуноҳларни ювиб юборади. Қиёмат куни, агар Аллоҳнинг йўлида қатл этилган бўлса ҳам, одамни келтириб, омонатни адо қил», дейилади. У эса: «Қандай қилиб уни адо этаман, ахир дунё тугади-ку!» дейди. Шунда унга омонат жаҳаннамнинг қаъридан кўринади. У тушиб елкасига кўтариб чиқади. Энди чиқай деганда, елкасидан омонат тушиб кетади. У ҳам омонатнинг изидан тушади. Шу ҳолат абадий равишда давом этади», деганлар.

Аллоҳ таоло томонидан бандасига берилган ҳар бир аъзо Парвардигорнинг омонати ҳисобланади. Масалан, кўз омонати шундан иборатки, банда Аллоҳ таолонинг қудрати билан бўлган ишларга қараш лозим. Қулоқ омонати эса Аллоҳ таолонинг каломини ва Расулуллоҳнинг ҳадисларини, авлиёлар насиҳатини эшитишдан иборат. Тил омонати у орқали Аллоҳ таоло зикрини айтишдан иборат. Қўл омонати эса у билан элга наф келтирадиган ишларни қилишдан иборат. Мабодо киши кўзини ҳаром нарсаларни кўришга очса, қулоғини номаъқул сўзларга солса, тилини ёлғону бўҳтонга  югуртирса ва қўлини мусулмонларга озор берувчи ишларга узатса, Аллоҳ таолонинг омонатига хиёнат қилган ҳисобланади.

 Ҳар бир инсон ўзининг мол-мулкини асраганидек ўзгаларга тегишли нарсаларни ҳам худди шундай асраб-авайлаши керак.

Агар бир киши сизга ўз сирини омонат деб айтса ва сиз уни ҳеч кимга айтмасдан сир сақласангиз, сизсир сақловчи омонатли одам бўласиз. Агар сиз ўша сирни одамлар орасида фош қилиб юборсангиз, сир сақлай олмайдиган, сизга сир айтган одамга хиёнат қилган бўласиз.

Бугунги кунда одамларни алдаш, омонатга хиёнат қилиш, ваъдага вафо қилмаслик оддий холатга айланиб бораётгани биз учун жуда катта мусибатдир. Бас шундай экан, Қуръони Каримдаги оятлар, муборак хадиси шарифлардан ибрат олган холда омонатга хиёнат қилмасдан, хайирли ва савобли амалларни қилиб ер юзини обод қилишни  Аллох Таоло  барчамизга  насиб этсин. 

Одилжон  Нарзуллаев

Янгийул  тумани “Имом Султон” жоме масжиди имом хатиби

Видеолавҳалар

Top