muslim.uz

muslim.uz

Эртага, 15 март куни Самарқанд вилоятида “Имом Бухорий меросининг ўзига хос хусусиятлари ва бугунги кундаги тарбиявий аҳамияти” мавзусида халқаро конференция ўтказилади. Унда Ўзбекистон, Афғонистон ва Тожикистондаги диний соҳа раҳбарлари, етук уламолар, мутахассис ва мутасадди вакиллар иштирок этади.

Нуфузли халқаро анжуман қуйидаги мавзуларга бағишланади:

1. Имом Бухорий меросининг ўзига хос хусусиятлари, афзалликлари;

2. Имом Бухорий меросининг бугунги кундаги аҳамияти ва миллатлараро тотувликни таъминлашдаги ўрни;

3. Марказий Осиё давлатларида миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик, яхши қўшничилик ва ҳамжиҳатлик, диний-миллий қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда Ўзбекистонда сўнгги йилларда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ижобий янгиланишлар ва ўзгаришларни тарғиб қилиш.

Халқаро анжуманда ўз она тилида чиқиш қилган ҳар бир маърузачининг нутқи таржимонлар томонидан тегишли тилларга таржима қилинади.

Ушбу халқаро тадбир тафсилотларини сайт ва ижтимоий тармоқларимиз орқали кузатиб боринг.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Бугун, 13 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Самарқанд вилояти Ургут туманида барпо этилган “Ургут” марказий жоме масжидининг очилиш маросимида иштирок этдилар. Меҳмонларга Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов, Диний идора Иш бошқарувчиси Рустам ҳожи Жамилов ҳамроҳлик қилди.
Масжиднинг очилиш маросимида Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов, Ургут тумани ҳокими Ботир Жабборов, таниқли уламолар, тажрибали имом-домлалар, мўйсафид отахонлар, вилоят мутасаддилари ва юзлаб намозхонлар иштирок этдилар.
Тадбир аввалида қурбонлик сўйилди ва Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, хайрли дуолар қилинди
Файзли тадбирда муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари масжид жамоасини маҳобатли жоме билан муборакбод этдилар, муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган хайрли ишлар ва улкан ислоҳотлар ҳақида сўзлаб бердилар. Айниқса, масжид-мадрасаларни обод этилиши, қадамжою-зиёратгоҳларни гўзал ҳолатга келтирилиши, мўмин-мусулмонларимизга кенг имкониятлар берилаётганини батафсил гапириб бердилар. Мана шундай эътибор ва ғамхўрликдан намозхонларимиз чексиз мамнунликларини ўз сўзларида изҳор этдилар ва қувончлари юз-кўзларидан яққол намоён бўлди.
Маълумот ўрнида, янги масжид қибласи мутахассислар қуёшнинг ёзги энг сўнгги ботиш ва қишдаги энг сўнгги ботиш нуқталари ҳисобга олиниб, ушбу икки нуқта орлиғи уч қисмга бўлиб, чап томондаги бўлак белгиланди. Шунингдек, кечаси Олтин қозиқ юлдузига қараб мўлжал олинди.
Масжид майдони бир гектардан ошиқ, хонақосининг ҳажми 45х55 метр, яъни 2500 кв/м.ни ташкил қилади. Жоме икки қаватдан иборат бўлиб, 8000 нафарга яқин намозхонни ўз бағрига сиғдира олади. Хонақоҳ ўртасида 34 метрли баланд гумбаз қад ростлаган. Унинг айланаси 18 метрни ташкил этади.
Масжиднинг тўрт томонида иккитаси 40 метрли ва яна иккитаси 43 метрли бўлган тўрт минора қурилган. Замонавий таҳоратхонадан бир вақтнинг ўзида 100 киши фойдаланиши мумкин. Масжид ходимлари учун 2 қаватли маъмурий бино барпо этилган.
Муфтий ҳазратлари ўз дуоларида ушбу масжидни Аллоҳ таоло қиёматга қадар мўмин-мусулмонларга хизмат қилишини насиб этиши ва унинг қурилиши ва фаолиятини йўлга қўйишига ҳисса қўшганларга улуғ-савобларни ато этишини Ҳақ таолодан илтижо қилиб сўрадилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

الجمعة, 12 آذار/مارس 2021 00:00

Улуғлар наздида тил тарбияси

Инсон учун беҳисоб неъматлар ичида "тил" деган улуғ неъмат ҳам берилган. Барча аъзолардан биттадан гуноҳ содир бўлса, тилдан бир нечта гуноҳлар, яъни ғийбат, ёлғон, чақимчилик, ёлғон қасам, туҳмат, манманлик, ҳақорат, беҳаё сўзларни сўзлаш ва ҳоказо... чиқади. Тилни сақлаш ҳақида жуда кўп оят, ҳадислар келган. Тил ҳақида келган ояту ҳадисларнинг ижросини ҳар ким ҳам таъминлай олмайди. Бу борада улуғларимиз бизга ўрнак бўлганлар.

Улуғ олим, эшон, мударрис, мутасаввиф, ҳаттот, ҳофизу Қуръон, Қори Абдураҳим: Мадиёр Қурбоновдан кейин Бухоро шаҳар "Тагбандбофон" масжидида мутаваллий вазифасида бир неча йил ишлаганлар. У кишидан сўнг бу ишни ўғиллари, устоз Абдулбосит домланинг оталари, Абдуссамад Раҳимов давом эттирганлар. Биз талабалик давримизда Абдуссамад домло оталари қори Абдураҳим ҳақларида сўзлаб, "отамиз ҳар ойнинг охирида масжиднинг ҳадия қуттиларини очиб, тушган пулларни санаб, банкка топширар эдилар. Пулни санаганда Ўзбек тилида, "бир, икки, уч... етмиш саккиз, етмиш тўққиз, ҳаштод, ҳаштоди як, ҳаштоду ду...ҳаштоду нў, тўқсон, тўқсон бир, тўқсон икки", деб, етмиш тўққиздан тўқсонгача бўлган оралиғни тожик тилида санар эканлар. "Нега бундай санайсиз"?, деб савол берсалар, "саксан” дегани ўзбек тилида рақамни англатсада, тожик тилида “итсан” (кучуксан) деганидир. Қўпол сўзга ўхшаб қолгани учун, Аллоҳдан шарм қилиб, ўша жойини тожик тилида санайман", дер эканлар.
Қойил нақадар фасоҳат ва балоғатли тил. Аллоҳ у зотни раҳмат қилсин.

Саид ибн Жубайрдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: "Одам фарзанди эрталаб уйқудан уйғонган пайтда, жасадининг барча аъзолари уйғонади ва улар тилга айтишади: "Орамизда сен Аллоҳдан (кўпроқ) қўрқ! Чунки, сен тўғри бўлсанг, биз тўғри бўламиз. Сен эгри йўлга кетсанг, биз ҳам эгри йўлга кетиб қоламиз", дейди", дедилар. (Термизий ривояти).

Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳу  Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни қўли билан тилини чўзаётганини кўриб қолди ва:
- Эй Расулуллоҳнинг халифаси, нима қилаяпсиз?!- деди.
Шунда Абу Бакр Сиддиқ:
- Бу мени кўп ҳалокатли жойларга етаклайди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: "Жасадда Аллоҳга шикоят қилмайдиган бирорта аъзо йўқ. Шулардан энг ғазабнок ва ўткири тилдир", деганларини эшитганман, дедилар.
(Абу Дунё ривояти).

Ҳазрат Хўжа Али Ромитаний айтадилар: "Тилни Худо яратди, оғизга зиндон қилди, ҳамда ўттиз иккита соқчини қўйди".

Саъдий Шерозий айтадилар:

Кимки, андишасиз сўзласа жавоб,
Сўзи эътиборсиз, чекар изтироб.
Ё ўйлаб сўзлагил инсон мисоли,
Ё жим туравер ҳайвон мисоли.
(Бўстон китобидан).

Аллоҳ Таоло мўминларни сифатлаб: "Улар беҳуда (сўз ва ишлар)дан юз ўгирувчидирлар", дейди. (Мўминун сураси 3-оят).

Бесуяк тилни тарбиялаш учун улуғларимиз турли хил тарбия услубларини қўллаганлар. Абу Бакр Сиддиқ р.а. беҳуда гап гапирмаслик учун оғизларига тош солиб юрар эканлар.
Ҳар бир мўмин тилини чиройли услуб билан тарбияламоқлиги даркор, чунки инсонни жаннатга ҳам дўзахга ҳам киришига кўпинча тили сабаб бўлади.
Аллоҳ тилларимизни фасоҳатли қилсин!

Шофиркон туман "Қори Фазлиддин" масжиди имоми М. Исоев.

"Ориат доно" радиоканали

"Зиё" медиа маркази

Зиё чашмаси” дастури

Дастур меҳмони: Аброр АЛИМОВ,
Тошкент шаҳар “Ҳувайдо” жоме масжиди имом-хатиби

Шу йил 10 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Россия марказий диний идораси раиси, муфтий Шайх Талъат Тожиддин билан онлайн мулоқот ўтказдилар. Унда икки давлат диний идоралари масъул ходимлари, Россия ислом университети ректори Артур Сулейманов, Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғофуров ҳам қатнашди.

Онлайн мулоқот Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди. Унда муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Шайх Талъат Тожиддиннинг 40 йиллик муфтийлик фаолияти давомида катта ишлар амалга оширгани, икки давлат диний идоралари ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари ўрнатилганини алоҳида қайд этдилар. Келгусида ҳам диний соҳа ходимлари ва талабаларининг ўзаро тажриба алмашиши ва зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишларни амалга ошириш муҳокама қилинди.

Шунингдек, муфтий ҳазратлари юртимизда диний соҳага берилаётган эътибор, соҳа вакилларига кўрсатилаётган ғамхўрлик, икки давлат раҳбарлари саъй-ҳаракатлари билан ҳамкорлик алоқалари кенг қулоч ёзаётганини қайд этдилар. Ушбу мулоқот ҳам мамлакатлар диний идоралари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш, турли таҳдидларга қарши биргаликда курашиш ва мўмин-мусулмонлар бирдамлигини таъминлашга хизмат қилишига алоҳида урғу қаратдилар.

Россия марказий диний идораси раиси, муфтий Шайх Талъат Тожиддин жаноблари бугунги мураккаб даврда ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш муҳим экани, минтақаларда сохта салафийлик, экстремизм ва терроризм каби таҳдидлар зўрайган вақтда уламоларнинг бирдамлиги зарур эканини таъкидлади. Россия Федерацияси, МДҲ ва Марказий Осиё минтақаларида фаолият юритаётган уламоларнинг аксари илм-маърифатни Ўзбекистон заминида олгани, жумладан, ўзи ҳам Мир Араб мадрасасида устозлардан таълим олганини мамнуният билан эсга олди.

Онлайн учрашув давомида Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғофуров, Россия ислом университети ректори Артур Сулейманов ҳам сўз олиб, икки давлат диний таълим муассасалари ҳақида маълумот беришди, бу борада ўзаро тажриба алмашиш яхши натижалар беришини қайд этишди.

Самимий ва дўстона руҳда ўтган видеомулоқот якунида икки давлат мусулмонлари идораси раҳбарлари келгусида ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш бўйича ўзаро келишиб олдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top