www.muslimuz

www.muslimuz

2020 йил 3–5 март кунлари Самарқанд шаҳридаги «Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун» мавзусидаги халқаро анжуманда иштирок этиш учун Миср Араб Республикасидаги ал-Азҳар мажмуаси раҳбари, Миср Бош имоми шайх Аҳмад Тоййиб шу йил 2 март куни Самарқанд шаҳрига етиб келди.

Мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Р.Қосимов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси А.Аҳмедов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари кутиб олдилар.

Шайх Аҳмад Тоййиб ушбу нуфузли анжуман ислом тамаддуни бешикларидан бири бўлган кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётганидан мамнун эканини изҳор қилди.
Мазкур конференция Миср ва Ўзбекистон билан ҳамкорликда ўтказилаётгани икки мамлакат ўртасидаги дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлаш, Ўзбекистонннинг халқаро майдондаги имижини кўтаришга катта хизмат қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

– Бутун дунёда, хусусан, ислом оламида тинчлик жуда ҳам зарурлиги сабабли Аҳли Сунна вал Жамоанинг Мотуридий таълимоти сув ва ҳавводек муҳимлиги янада аён бўлмоқда. Шу боис, Аҳли Сунна вал Жамоа йўналишининг забардаст имомларидан бўлган Имом Абу Мансур Мотуридий ҳазратларининг ақидавий таълимотларини кенг тарғиб этиш борасида кўп давлатларда, жумладан, Малайзия, Индонезия, Туркия каби давлатларда турли анжуманлар, йирик тадбирлар ўтказишга жуда катта ҳаракатлар қилинмоқда. Бироқ, бу борада Ўзбекистон ҳукумати дадил одимлади, биринчи бўлиб Имом Абу Мансур Мотуридий ҳазратлари таълимотини кенг тараннум этиш бўйича мазкур нуфузли анжуманни ташкил этди. Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Президентига чуқур миннатдорлик изҳор этаман!

Мана шу каби йирик халқаро анжуманларда иштирок этиш мен учун катта фахрдир. Бугунги кунда Ислом дунёсида мураккаб жараёнлар кечаётган бир даврда бу каби халқаро миқёсда ўтказилаётган нуфузли тадбир жуда ҳам улкан аҳамиятга эга. Қаердаки мотуридий таълимоти бўлса, шу жойда тартиб-интизом бўлиши муқаррардир. Улуғ Имом Мотуридий ҳазратлари шу диёрда таваллуд топгани ва ижод этгани сабаб ҳам, шу юртда доим аҳил-иноқлик, ҳамжиҳатлик, бирдамлик бўлишлиги даркордир. Шундай бўлиши учун тинимсиз ҳаракат қилаётган давлатингиз раҳбаридан ҳаммамиз миннатдор бўлишимиз керак. Мен ҳам ўз навбатида ўзгача чуқур ташаккуримни билдираман!

Таъкидлаш жоизки, Имом Мотуридий ҳазратлари ўз таълимотларида охир замон Пайғамбари Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг қолдирган таълимотларини асос қилиб олганлар. Шунинг учун ҳам мотуридий таълимоти бутун дунёга маълум ва машҳурдир. Барча мусулмонларнинг кўнглидан жой топгандир. Бу бетакрор ва беқиёс диёрда қадимдан цивилизация, тинчлик-осойишталик бўлиб келган. Сизларнинг раҳбариятларингиз билан олиб бораётган мана шундай ишларингизда бундан кейин ҳам бардавом бўлади.

Ўз навбатида таъкидлайманки, мен Ўзбекистон муфтийси Усмонхон Алимовни нафақат катта устоз сифатида, қадрдон биродарим сифатида ҳам чексиз ҳурмат қиламан.
Ўзбекистон халқига, шу гўзал диёрнинг раҳнамоси – Президентига, Диний идора раҳбари – Шайх Усмонхон Алимов ҳазратларига ва анжуман ишига улкан муваффақиятлар тилайман!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 
 

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.

 

Одамлар тобутни елкаларига кўтариб, кетиб боришаётган эди. Шунда бир киши «Тобутдаги ким экан?» деб сўради. Ёнида турган улуғ киши: «Сен. Агар ёқмаса, мен» деб жавоб бердилар.

Ҳа, азизлар, тобутга солиниб, елкаларга кўтарилиш барчамизнинг бошимизда бор.

Аллоҳ таоло бизни ўлимга чиройли тайёргарлик кўрувчи бандаларидан айлаб, хотимамизни гўзал қилсин!

*****

Кимга эргашяпсиз?

- Кўзойнагинг қайсидир фирманики.

- Соатинг ҳам таниқли бренднинг маҳсулоти.

- Поябзалинг ҳам довруғи кетган компанияга тегишли.

- Либосинг ҳам ҳаммага маълум бренд маҳсулоти.

- Шахсиятинг ҳам фалон спортчи, қўшиқчи ёки актёрга тақлиддан иборат.

Ахир сен ҳам бошқалар қатори бетакрор инсон қилиб яратилгансан. Нега ўзлигингдан воз кечиб, бошқаларнинг шахсиятига қоришиб кетдинг?!

Эргашишга, ибрат олишга лойиқ зот – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар!

*****

Хатоларинг кўпайса ҳам сени ёмон кўрмайдиган, дуоларида ҳеч қачон сени унутмайдиган инсон онангдир. Унга яхшилик қил, унинг қалбини шод этишга урин!

“Ховатир роқия журнали”

*****

Бола отасида кўрган нарсалар асосида униб-ўсади. Агар отаси яхши бўлса, яхши, ёмон бўлса, ёмон бўлиб ўсади.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Агар сизлардан бирингиз жаҳаннам ҳақиқатини билганида, овози чиқмай қолгунича бақирган, бели синиб кетгунича намоз ўқиган бўларди.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Ҳайвон оч қолганда, инсон эса тўйганда хатарли жонзотга айланади.

“Ховатир роқия журнали”

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

 

Эртага Самарқанд шаҳрида “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусида халқаро конференция ўз ишини бошлайди. 

Бугун ушбу нуфузли тадбир олдидан матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Фанлар академияси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар иштирокида Мисрдаги Ал-Азҳар мажмуаси билан ҳамкорликда ташкил этилган конференциядан кўзланган мақсад ва унинг аҳамияти ҳақида маълумот берилди.

Халқаро конференцияда Мисрнинг ал-Азҳар мажмуаси раҳбари Шайх Аҳмад Таййиб бошчилигидаги делегация, шунингдек, Босния ва Герцеговина, Германия, Иордания, Индонезия, Малайзия, Покистон, Россия, Туркия, Украина, Швейцария, Қирғизистон ва Қозоғистон каби мамлакатлардан 70 га яқин уламолар, исломшунос олимлар, нуфузли таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот марказлари раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда. 

Матбуот анжуманида журналист ва блогерларнинг саволларига ташкилотчилар томонидан жавоб қайтарилди.

Манба: ЎзА

          Имом Термизийнинг насаби: Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳок бўлиб, манбалардаги энг ишончли боболарининг исми келгани мана шудир. Айрим таржима китобларда Муҳаммад ибн Исо ибн Язид ибн Савра деб ҳам келган. “Иршод ила маърифати уламои-л-ҳадис” китобининг соҳиби Имом Термизийни Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Шаддод деб келтирган. Лекин кўпчилик тарихчи олимлар Муҳаммад ибн Исо ибн Саврага иттифоқ қилганлар.

Куняси: Имом Термизийнинг куняси Абу Исо бўлиб, Имом Термизийни ўзи ҳам бу куняни яхши кўрар эди. У зот бу куняни ўз исмига ихтиёр қилиб, ўзини фақат Абу Исо, деб номланишини яхши кўрган[1].

Имом Термизийга ал-Буғий, ат-Термизий ва ас-Суламий деб нисбат берилишига қуйдагилар сабаб бўлган:

- Термизий – Ушбу нисбат Термиз шаҳрида туғилган инсонларга берилган. Бундай нисбат бериш ислом оламида жуда машҳур бўлиб, хар бир инсон ўзи туғилган жойга нисбати берилган.

- Буғий – Бунга сабаб Имом Термизий туғилган қишлоқ бўлиб, Термиз шаҳридан олти фарсах узоқликда жойлашган. Хозирда Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани ҳудудидадир. Лекин Марказий Осиёлик машҳур тарихчи Абу Саъад Абдулкарим ас-Самъоний (1113-1167) Термизий Буғ қишлоғида вафот этганлиги учун Буғий тахаллусини олган деган.

- Суламий деб нисбат берилишининг тарихчи олимлар икки қабилага нисбат берган. Улардан бири Сулайм ибн Мансур бўлиб, бу араб қабилалари ичидаги машҳур қабиладир. Бу нисбатни “ал-Ансоб” китоби соҳиблари берган[2]. Мулла Али ал-Қори бўлсалар Сулайм ибн Фаҳм қабиласига нисбат берган[3]. Шу ўринда Имом Термизийнинг оилалари ва ота-оналари ҳақида манбаларда аниқ маълумот йўқ. Олимлар Имом Термизийдан фақатгина “ Бобом асли Марвлик бўлиб, Лайс ибн Сайёр даврида Марвдан Термизга кўчиб келган ”, деган сўзини келтирадилар[4].

Таваллуди: Имом Термизий III ҳижрий асрнинг аввалида 209/824 йили Термиздаги Буғ қишлоғида ўрта ҳол бир оилада таваллуд топган. Имом Заҳабий ўзининг "Сияр аълам ан-нубало" китобида 210 ҳижрий сана бошларида деб келтирган[5]. Ибн Асир ҳам ўзининг “ Жомеъ-ал-усул” китобида 209 ҳижрий санада таваллуд топгани”[6]ни келтирган. Имом Термизийга “Зарийр” деган тахаллусни берилишининг сабаби умрининг охирида кўзи ожиз бўлиб қолгани учундир[7]. Демак, Имом Термизий умрининг охирида ҳадис ва бошқа илмларни мукаммал эгаллаганидан сўнг кўзи ожиз бўлиб қолган.

Имом Термизийни илмга юзланиши ва илм талабидаги сафарлари: Имом Термизий ёшлик чоғида ғоятда тиришқоқ, идрокли ва заковатли бўлиб, бу фазилати билан ўз тенгдошларидан батамом ажралиб турган. Имом Термизийни ёшлик чоғида илмга ўта қизиқиш ва иштиёқи ўша даврнинг кўпгина илмларини, айниқса, ҳадис илмини чуқур эгаллашида баралла намоён бўлди. Имом Термизий илм олишда фақат ўз юрти ёки қўшни вилоятлар билан чекланмади. Тарихчи олимлар Имом Термизийнинг илмий сафарга чиқиши 240/850- йилдан, яъни йигирма олти ёшидан бошлаб узоқ юртларга, қатор хорижий мамлакатларга сафар қилганини айтишган. Жумладан, у зот Бухоро, Марв[8], Рай [9], Басра, Куфа ва Ҳижоз ( Макка ва Мадина)га сафар қилиб, кўплаб муҳаддислар, уламолар билан мулоқотда бўлиб, улардан таълим олган. Имом Термизийнинг Бағдодга киргани ҳақидаги маълумот борасида олимлар ихтилоф қилганлар.

Имом Термизийнинг устозлари: Имом Термизий ўзининг “Жомеъ” китобида беш юзга яқин шайхдан ривоят қилган.

Имом Термизийнинг шогирдлари: Имом Термизий ҳаётини асосан ҳадис эшитиш учун турли юртларга сафар қилиш билан ўтказди. Шу илмий сафарлари давомида турли китоблар ёзди. У кишидан кўплаб инсонлар ҳадис эшитиб ривоят қилдилар. Имом Бухорий Имом Термизийнинг устози бўлишига қарамай у кишидан баъзи ҳадисларни ривоят қилган. Бу ҳам Имом Термизийнинг даражаси муҳаддислар ўртасида қандайлигини билдиради. Имом Термизийнинг ёзган асарлари: Инсонни кўп ёки оз китоб ёзиши илми қандай эканига далолат қилмайди. Балки китобдан олинадиган фойдани кўплиги ва олимлар орасида тарқалиши ўша китоб муаллифининг илми нақадар улуғлигидан бир нишона десак хато бўлмайди. Машҳур ҳанафий олими Ҳофиз Зайлаъий ҳам илмда юқори даражада бўлса ҳам фақатгина “ Насбу-р-роя ли аҳадиси-л-ҳидоя” ва “ Тахриж Аҳадиси-л-кашшоф” номли икки китобни ёзиш билан кифояланган. Имом Термизий ҳам кўп китоб ёзмаган. Аммо у зотни биргина китобини тўлиқ илм ва фаҳм билан тушунишга ҳар ким ҳам қодир бўла олмайди. У зот агар “Жомеъ” китобидан бошқа китоб ёзмаганида ҳам ақида, ҳадис, фиқҳ соҳасидаги илми қандай даражада бўлганини билиб олиш қийин бўлмасди.

  1. “Ал- Жомеъ ал-кабир” Ушбу китоб у зот ёзган энг машҳур ҳадис китоби бўлиб, ҳадис соҳасида олти саҳиҳ китобдан бири ҳисобланади. Ушбу китобни номи қандайлиги борасида олимлар ўнга яқин номини зикр қилганлар. Улар ичида энг машҳури “Ал-Жомеъ ал-мухтасар мин сунани ан расулиллаҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва маърифату саҳиҳ ва-л- маъмул ва ма алайҳил амал” дир.
  2. “Илал (Сағир)” Ушбу китоб Имом Термизийнинг “Жомеъ” китобини охирида келиб, “Жомеъ”китоби билан биргаликда нашр қилинган[10].
  3. “Илал (Кабир)” Китобни Абу Толиб Қози фиқҳ бобларига мувофиқ тартиблаб чиққан. Бу китоб1986 йил устоз Ҳамза Дийб Мустафо таҳқиқи остида нашр қилинган.
  4. “Тасмияту Асҳаби Росулиллаҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам” Бу китоб 1986 йил Байрутда Устоз Имадуддин Аҳмад Ҳайдар таҳқиқи остида нашр қилинган. Бу китоб яна “Асмоу-с-Саҳобати” ҳам деб номланади.
  5. “Шамоили Набавийя” Бу китобнинг тўлиқ исми ва у ҳақидаги бошқа маълумотларни баҳснинг иккинчи қисмида батафсил келтириб ўтилади.
  6. “Зуҳд” Ибн Ҳажар Асқалоний ўзининг “Таҳзибу-т-таҳзиб” китобида “Бу китоб бизгача этиб келмаган” деган [11].
  7. “Тарих” [12]
  8. “Асмо вал Куна” [13]
  9. “Китаб Тафсир”
  10. “Рубаийяту фил Ҳадис”
  11. “Китоб фий Жарҳ вал Таъдил”
  12. “Китоб фил Асари ал-Мавқуфа”[14]

Исмлари зикр қилган китоблардан фақатгина тўртдан бир қисми бизгача етиб келган. Қолган китоблар бўлса тарих зар варақларида йўқ бўлиб кетган десак хато бўлмайди.

Имом Термизийни хотирасининг кучлилиги ва олимларни у зот ҳақида айтган сўзлари: Имом Термизийнинг зеҳини ўткир, хотираси жуда кучли бўлган. У суннатни жуда маҳкам лозим тутиб, дунёдан доимо зуҳд қилган. Имом Термизийнинг зеҳни ўктирлиги борасида тарихий манбаларда жуда кўп маълумотлар келган. Жумладан Имом Заҳабий (1274-1347) ўзининг “ Тазкирату-л-ҳуффоз” номли китобида қуйдаги ғаройиб ҳикояни келтирган:

“Бу ҳикояни Имом Термизийнинг ўзи айтиб берган: “Мен Маккага бораётганимда бир шайхдан ривоят қилган ҳадисларни иккита ҳадис ёзадиган қоғоз жузларига ёзиб олган эдим. Ўша шайх бизнинг олдимиздан ўтиб қолди. У ҳақида (инсонлардан) сўраган эдим. Улар Фалончи шайх дейишди. Мен у зотни ҳузурига бора ётиб, у кишидан ёзиб олган икки жуз ҳадисим ўзим билан бўлса керак деб, ўйладим. Икки жуз солинган халтамни олдим. Гумонимда бу икки жуз мана шу шайхга тегишли эди. У билан учрашиш насиб этгач, ундан ҳадисдан сабоқ беришини сўраган эдим, у рози бўлди. Ўзимдаги ҳадислар ёзилган икки жузни олсам. Улар оппоқ қоғоз бундан ҳайратга тушдим. Шайх менга ёддан ҳадис айтиб сўнгра менга қаради. Қўлимдаги икки жуз ҳам оппоқ эди. У менга “Бу ишингдан уялмайсанми? деди. Мен “йўқ” дея унга бўлган воқеани айтиб, мен ушбу ҳадисларни ҳаммасини ёдладим”, дедим. У “бўлмаса айт” деди. Мен унга менга айтиб берган ҳадисларини бирин кетин айтиб бердим. Шунда у мени тасдиқламади “ Сенга мен келишимдан олдин биронтаси айтиб берган бўлса керак” деди. Мен “бўлмаса бошқа ҳадисларни айтинг”, дедим. У менга “ноёб ҳадисларидан қирқтасини айтиб, менга шуларни қайтариб айт”, деди. Мен унга айтган ҳадисларни бошидан охиригача у менга қандай айтган бўлса шундай айтиб бирон ҳарфда ҳам хато қилмадим. У менга сенга ўхшашини кўрган эмасман”, деди [15].

Имом Самьоний “Имом Термизий ҳеч шубҳасиз ўз асрининг имомидир”, деган [16]. Имом Самьоний яна бошқа бир ўринда “Имом Термизий ҳадис илми борасида иқтидо қилинадиган имомлардан бири бўлиб, “Жомеъ”, “Таворих” ва “Илал” каби буюк асарлар муаллифи, у зотни зеҳни борасида зорбул масаллар келтирилган”, деган [17]. Ибн Асир Жазарий “ Имом Термизий имом, ҳофиз бўлиб, яхши китоблар тасниф этган ҳадис борасида “ Жомеъ Кабир” шулар жумласидан”,[18]деган. Ҳоким Абу Аҳмад мен Умар ибн Алакдан “Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий вафот этди. Хуросонда ўзидан кейин илм ва тақвода Абу Исога ўхшашини қолдиргани йўқ. У кўп йиғлаганидан ҳатто кўр бўлиб қолди”, деганини эшитдим” деган[19]. Абул Фазл Байламоний “Мен Наср ибн Муҳаммад Шайрокуҳийдан у мен Муҳаммад ибн Исо Термизийдан у Менга “Муҳаммад ибн Исмоил Мен сендан кўрган фойда сен мендан кўрган фойдадан кўпроқдир”, деганини эшитдим”,[20] деган.

          Ибн Касир “ Имом Термизий бу иш (ҳадис илми) борасида ўз замонасининг имомларидан эди”, деган [21]. Ҳофиз Абул Ҳажжож Миззий “Имом Термизий кўзга кўринган ҳофиз имомлардан бири бўлиб, Аллоҳ у билан мусулмонларни манфаатлантирди”,[22] деган. Мулла Али Қори “ Термизий имом, ҳужжат, сиқо, ҳофиз, мутқиндир”, деган [23]. Бундан ташқи бошқа жуда кўплаб олимларни имом Термизий ҳақида айтган сўзларини келтириш мумкин. Буларни ҳаммаси Имом Термизийнинг ҳадис илми борасида катта олимлардан бўлганига ва салаф солиҳларни фиқҳини яхши ўзлаштирганига далолат қилади. У зот илм ва амални жамлаган инсонлардан бири бўлган.

Вафоти: Узоқ йиллик илмий ҳаётдан сўнг Имом Термизий 279/892 йил Ражаб ойининг ўн учинчиси душанба куни ватани бўлмиш Термизнинг Буғ қишлоғида вафот этган.

 

[1] Муҳаммад Абдураҳмон ибн Абдуроҳим. Муқаддима Туҳфатул-Аҳвузий. – Байрут, Дорул кутуб илмийя 1990. –B. 242.

[2] Имом Самьоний. Ансоб. – Байрут, Дорул Муҳаммад Амин, 1401. Ж.2. – Б.361.

[3] Қаранг: Иёд Холид. Имом Термизий. – Дамашқ, Дору-л-қалам, 2001. –Б.38.

[4] Тақюддин Исирдий. Фазоилал-китаб ал-Жомеъ. – Байрут, Оламул кутуб, 1409 ҳ. – Б. 40..

[5] Муҳаммад ибн Аҳмад Заҳабий. Сияру аьломи-н-нубало. – Байрут, Муассасату-р- рисола, 1302ҳ. Ж. 13. –Б.371.

[6] Қаранг: Иёд Холид. Имом Термизий. – Дамашқ, Дору-л-қалам, 2001. –Б.39..

[7] Тақюддин Исирдий. Фазоилал-китаб ал-Жомеъ. – Байрут, Оламул кутуб, 1409 ҳ. – Б. 40.

[8] Туркманистон ҳудудида жойлашган..

[9] Хозирги кунда Эрон пойтахти Теҳрон.

[10] Имом Термизий. Сунан Термизий. – Риёз, Байту-л-афкор, 1999. –Б. 607.

[11] Ибн Ҳажар Асқалоний.Таҳзибу-т-таҳзиб. – Байрут, Дору-л- маърифа, 1395 ҳ. Ж.9. – Б.389.

[12] Ибн Ҳажар Асқалоний.Таҳзибу-т-таҳзиб. – Байрут, Дору-л-маърифа, 1395 ҳ. Ж.9. – Б.389.

[13] Ибн Ҳажар Асқалоний.Таҳзибу-т-таҳзиб. – Байрут, Дору-л-маърифа, 1395 ҳ. Ж.9. – Б.389.

[14] Иёд Холид. Имом Термизий. – Дамашқ, Дору-л-қалам, 2001. –Б.113.

[15] Тақюддин Исирдий. Фазоила-л-китаб ал-Жомеъ. – Байрут, Оламу-л- кутуб, 1409 ҳ. – Б. 31-32.

[16] Иёд Холид. Имом Термизий. – Дамашқ, Дору-л-қалам, 2001. –Б.51

[17] Имом Самьоний. Ансоб. – Байрут, 1401 ҳ. Ж.2. –Б.45.

[18] Иёд Холид. Имом Термизий. – Дамашқ, Дору-л-қалам, 2001. –Б.51.

[19] Ибн Ҳажар Асқалоний.Таҳзибу-т-таҳзиб. – Байрут, Дору-л-маърифа, 1395 ҳ. Ж.9. – Б.389

[20] Ибн Ҳажар Асқалоний.Таҳзибу-т-таҳзиб. – Байрут, Дору-л-маърифа, 1395 ҳ. Ж.9. – Б.389

[21] Иёд Холид. Имом Термизий. – Дамашқ, Дору-л-қалам, 2001. –Б.52.

[22] Абул Ҳажжож Юсуф.Таҳзибу-л-Камол. – Байрут, Муассасат-у-рисола, 1407 ҳ. Ж.26. –Б. 250.

[23] Иёд Холид. Имом Термизий. – Дамашқ, Дору-л-қалам, 2001. –Б.53.

 

Тошкент ислом институти

"Ҳадис ва ислом тарихи фанлари" кафедраси ўқитувчиси Ф.Хомидов

 

Видеолавҳалар

Top