www.muslimuz

www.muslimuz

الإثنين, 02 آذار/مارس 2020 00:00

Ражаб ойида бажариладиган 3 амал

Ражаб ойи баракали ва улуғ ой бўлиб, ундаги озгина яхши амал эвазига кўплаб ажру савоблар берилади. Шу боис бу ойни ғанимат билиб, унда янада кўпроқ хайрли амаллар қилишга интилиш лозим.

 

  1. Дуо қилиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Беш  кеча  борки,  унда  дуолар  рад этилмайди: ражаб ойининг  аввалги  кечаси; шаъбон ойининг  ярмидаги  кеча; жума кечаси; фитр куни кечаси ва қурбонлик кечаси” (Ибн Асокир ривояти).

Ражаб ойи кирганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳумма барик лана фи Ражабин ва Шаъбана, ва баллиғна Рамазона” (Аллоҳим, ражаб ва шаъбон ойларида бизларга барака ато қилгин ва бизларни Рамазон ойига етказгин!) деб дуо қилганлар (Имом Байҳақий ва Имом Тобароний Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган). 

 

  1. Рўза тутиш.

Усмон ибн Ҳакимдан ривоят қилинади: “Саъид ибн Жубайрдан ражаб ойида турганимизда ражаб рўзаси ҳақида сўрадим. У: “Ибн Аббоснинг: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик”, деяётганини эшитганман”, деди”.

 

  1. Истиғфор айтиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ражаб ойида кўп истиғфор айтишга тарғиб қилганлар.

Саййидул истиғфор: “Аллоҳумма анта роббий лаа илаҳа илла анта холақтаний ва ана аъбдука ва ана аъла аҳдика ва ваъдика мастатоту аъузу бика мин шарри ма сонаъту, абуу лака биниъматика алайя ва абуу бизамбий фағфирлий фаиннаҳу лаа яғфируз зунуба илла анта”.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

الإثنين, 02 آذار/مارس 2020 00:00

Уламоларда анжуманга қизиқиш катта

Рамил АДИГАМОВ,

Қозон ислом университети араб тили кафедраси мудири:

 – 20 йилдан буён ақида таълимоти билан шуғулланаман. Абу Мансур Мотуридийнинг “Китоб ат-тавҳид” асарини рус тилига таржима қилиб, бу улуғ зотнинг илмий қарашлари, мероси билан яқиндан танишганман. Шу боис ҳеч иккиланмай айтишим мумкинки, Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимотини ўрганишга бағишланган бундай халқаро конференциянинг ташкил этилиши муқаддас ислом дини софлигини таъминлаш, уни турли ақида ва қарашлардан асрашда муҳим аҳамиятга эга. Шу боис айни пайтда ислом олами уламоларида мазкур анжуманга қизиқиш жуда катта.

 Ўйлайманки, буюк мутакаллим камолга етган заминда ўтказилаётган ушбу конференция Имом Мотуридий илмий меросини янада чуқур ўрганишга, мотуридия таълимотининг бузғунчи оқимларга қарши курашишдаги аҳамиятини очиб беришга, бу борада биз олимларнинг тажриба алмашишимизга хизмат қилади.

Манба: ЎзА

Бугун, юмуш билан дўконга кирдим. Кирдиму асабларим таранглашиб, истиғфор такрорлаб чиқдим. Сабаби, сотувчи ва унга таниш киши бир-бирларини бемалол ҳазиломус сўкиш сўзлар билан “сийлаётган” экан. Ҳар гапининг боши ёки охири, жуда қўпол, уятли сўкиш сўзлардан иборат бўлиб, камига онасини қўшиб сўкмода. Энг ачинарлиси, бу сўкишлардан улар ҳеч ҳам хижолат тортмас ва кулгу аралаш гаплашишар эди.

Уларга қарата “биродар сўкинмасдан гаплашинглар” десам, “чин дилдан сўкмаяпманку” дея жавоб қайтарди. Афсус...

Бу ҳолат кўча-кўча кўйда, ён атрофимизда, светофор чизиғида, бозорда, навбатлар ва бошқа ҳолатларда кунлик кўзга ташланадиган воқеъликлардир. Бундай сўкинишларнинг энг ашаддийлари ИНТЕРНЕТ яъни, ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДА айниқса  авжига чиқмоқда. Хўш динимизда сўкиниб гапиришга қандай муносабат билдирилган?

Уйга қайтгач, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ахлоқ ва сўзлашиш одобига тегишли китобларидан бир қанчасини кўздан кечирдим ҳамда “сўкиниш” борасидаги қуйидаги маълумотларни топдим.

Сўкиш ёки сўкиниш Исломда катта беодоблик ва гуноҳлар қаторига киради. У ижтимоий алоқаларнинг бузилишига, инсонларнинг ҳақоратланишига олиб келадиган бадхулқликдир. Шунинг учун ҳам пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида сўкишни қаттиқ қоралаганлар.

                Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Насаий ва бошқа машҳур муҳаддислар Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилган машҳур ҳадисда пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам:

“Мусулмон кишини сўкиш фисқдир. У билан урушиш эса куфрдир”, деганлар.

Маълумки, фосиқлик катта гуноҳ ҳисобланади. Шариат кўрсатган чегарадан чиқиб, гуноҳ ишларни қилувчилар фосиқ ҳисобланади. Фисқ диндан чиқишнинг бошланиши бўлиб, тавба қилмасдан, ўша гуноҳни давом эттирганлар диндан чиқади. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда сўкиш фисқ, уруш эса куфр дейилаяпти. Чунки фисқ куфрга олиб борганидек, сўкиш ҳам урушга олиб боради.

Одатда одамлар сўкишга унча эътибор бермайдилар. Сўкса сўкилиб қолармиди, деб кетаверадилар.Фалончи бўлгандан кейин сўкади-да, деган ноўрин мулоҳазаларни ҳам айтадилар. Аслида эса, сўкиш гуноҳ ва қабиҳ иш бўлиш билан бирга, ўзидан кўра каттароқ гуноҳ ва ҳалокатларга элтувчи йўл ҳам ҳисобланади. Имом Баззор Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу дан ривоят қиладилар. У киши пайғамбаримизга санадини етказадилар. У зоти боборакот саллоллоҳу алайҳи васаллам:

“Мусулмонни сўкиш ҳалокат жари ёқасига келганлигини англатади”, деган эканлар.

Жар ёқасига келгандан сўнг унга тушиб кетиш ҳеч нарса бўлмай қолади. Демак, сўкишга эътибор бермай, сўкса нима бўпти, дейиш мутлақо нотўғри ишдир. Хусусан, сўкишни кўп ишлатадиган беодоб одамлар катта гуноҳларга сабаб бўладилар. Улар олий илм даргоҳларни битирганлар, катта мансабларни эгаллаганлар, яхши кийиниб, яхши яшашлари ҳам мумкин. Аммо, модомики, ичларида яхшиликка амал қилдирувчи куч йўқ экан, ўзларининг сўзларини тузатолмас эканлар, ким бўлишидан қатъий назар, фосиқ бўладилар, маданиятсиз, тубан инсон ҳисобланадилар.

Ўзаро муомалада биринчи бўлиб сўккан одам катта маънавий жиноят қилган бўлади. Орадаги ҳурмат ва иззат, ўзаро тушуниш пардасини йиртган, ёмонликка йўл очган бўлади. Имом Байҳақий Абдуллоҳ  розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам:

“Ҳар қандай икки мусулмоннинг орасида албатта, Аллоҳ Таоло томонидан тутилган парда бўлади. Улардан бири иккинчисига бир оғиз сўкиш сўз айтса, Аллоҳнинг пардасини йиртган бўлади”, деганлар.

Кишилар орасидаги ўзаро ҳурмат ва эҳтиромнинг Ислом динида қанчалик улуғланишини кўраяпсизми? Ҳадиси шарифда бу нарсани “Аллоҳнинг пардаси”, деб аталмоқда. Халқ орасидаги “Инсоф қилайлик, орамиздан парда кўтарилмасин, юзимиз очилмасин, кейин яхши бўлмайди”, деган гаплар ушбу ҳадиси шарифдан олинган бўлса ажаб эмас.

Демак, биринчи бўлиб бошқа шахсни сўккан одам катта маънавий жиноят қилган бўлади. У оз эмас, кўп эмас, оламларнинг Роббиси Аллоҳ Таоло инсонлар орасига қўйган пардани йиртган ҳисобланади. Шу билан бирга иккинчи томон ҳам дарров ўт олиб, сўкишни бошлаб юбориши керак эмас. Биринчи шахс уни сўкиш билан катта гуноҳ қилди. Ўзининг беодоб. пасткаш эканлигини кўрсатди. Энди иккинчи киши у билан тенглашмаслиги шарт. Имом Ибн Ҳиббон ривоят қилган ҳадисда Ниёз ибн Ҳимор қуйидагиларни айтадилар:

“Мен Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламга “Эй Аллоҳнинг Расули! Бир одам мени сўкса, у ўзимдан паст бўлса, ундан ғолиб келадиган бўлсам, менга бирор нарса бўладими? деб сўрадим. У зот: Икки сўкишган, обрўйини тўкаётган ва ёлғон гапираётган кишилар икки шайтондир дедилар. Демак, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам Ниёз ибн Ҳимор розияллоҳу анҳуга ўзини сўккан одамга жавоб қайтаришга изн бермадилар. Агар шундай қилса, икки беодоб шайтоннинг бири бўлиб қолишини англатдилар. Бу нарса ҳар бир мусулмоннинг ёдида доимо туриши лозим бўлган нарсадир.

Сўкишни ўзига одат қилиб олган беодоб инсонлар ўзларининг жирканч хулқлари, пасткашликлари билан нафақат қаршисида турган шахсни, балки беайб, мўътабар ва улуғ инсонларни ҳам ҳақорат қилган бўлади.

Одам шаклида юрган бундай шахслар ёмонлигидан уйда ибодат билан машғул бўлиб ўтирган муштипар оналар, опа-сингиллар ва бошқалар ҳам четда қолмайди. Кўпроқ бу ҳақоратлар сўкувчининг ота-онасини ва яқинларини ҳақорат қилиш билан қайтарилади.

Имоми Бухорий Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам:

“Катта гуноҳларнинг каттаси инсоннинг ўз ота-онасини лаънатламоғидир”, дедилар. Шунда: “Эй Аллоҳнинг Расули! Қандай қилиб одам ўз ота-онасини лаънатлайди”, деб сўралди. У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Бир одам бировнинг отасини сўкса, у ҳам бунинг отасини сўкади , онасини сўкса, онасини сўкади”, дедилар.

Кўриб турибмизки, бу жуда ҳам жирканч ва ёмон ҳолат экан. Ота-онага раҳмат, иззат-обрў келтиришнинг ўрнига ўзининг беодоблиги ила лаънат, сўкиш келтириш нақадар бадбахтлик.

Инсон ўзининг барча тасарруфотлари, ишлари, гап-сўзларини идора қила билиши, яхши сўзларни айтиб, яхши амалларни қилиб, ёмон сўз ва амаллардан қайтиши лозим. Исломда нафақат одамни, балки ҳайвонларни сўкиш ҳам ман қилингандир. Ёш болаларимизни шу руҳда тарбиялаб боришимиз керак. Катталар эса, бу борада уларга ўрнак бўлишлари зарурдир. Аллоҳ Таоло ҳаммамизни тўғри йўлга бошласин! 

 

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

الإثنين, 02 آذار/مارس 2020 00:00

Бузғунчи оқимларнинг аломатлари

Бузғунчилик характеридаги кўплаб оқимлар (секта) ҳеч бир давлатга ҳам миллатга ҳам ҳеч қачон фойда етказмаган. Аксинча, ҳамма вақт моддий, руҳий ёки жисмоний зарар етказиб келган. Диний оқим аъзоларини секта деб аташлари уларнинг ўзларига ҳам сира ёқмайди. Чунки “сектантлик” деганда ислом, насроний, яҳудий каби илоҳий динларга итоат қила туриб, ўша динлардаги тўғри йўлдагилардан ажралиб чиққан оқимлар тушунилишини ҳамма билишини уларнинг ўзлари ҳам билади.  

Сектага аксар кишилар ўзлари билмаган ҳолди кириб қолади. Бу ҳодиса кўпинча кўча-кўйда ёки интернетдаги ижтимоий сайтларда нотаниш одам билан суҳбатлашиб қолишдан бошланади. Секталарга кириб қолувчиларнинг кўпчилиги ҳаётда ишлари юришмай, тушкун кайфиятда юрган вақтида аъзо бўлиб қўяди. Чунки айнан шундай вақтда унинг атрофида меҳрибон, ширин сўз одамлар пайдо бўлиб унинг ҳаётга бўлган ишончини қайта уйғотади.

Сектага дахлдор бўлган ҳар қандай шубҳа-гумонлар дастлабки кунларданоқ олдиндан режалаштириб қўйилган далил ва уқтириш сериялари ёрдамида рад қилинади. Янги аъзо бўлганларнинг ташқи ахборий манбалардан олган маълумотлари илдизидан кесиб ташланади. Шу тариқа, секта тарафдорлари янги бир тўсиқ яратади – ушбу ташкилотга дахли бўлмаган материалларни кўришдан қўрқиш туйғуси. Улар бошқача дунёқарашга, иймон-эътиқодга олиб борувчи материалларни кўришдан жуда ҳам қаттиқ қўрқади. Шу боисдан улар кутубхонларга бормайди, телевизор кўрмайди, газета ўқимайди, ижтимоий тармоқлардаги фаол режимларда кўринмайди. Натижада ана шу янгилар оқимнинг қиёфасидаги доғ-дуғларни эмас, фақат ёруғ рангларни кўради.  

Секта ўз аъзоларининг онгини ва ўзини тутишини назорат қилишда турли усуллардан фойдаланади. Улар сирасида гипноз ва шунга ўхшаш воситаларни ўзаро муомала чоғида, ваъз сўзлаётганда қўллайди ҳамда ўз адабиётларида ёзади. Шундай вазиятлардан улар психологик муҳит ҳосил қилиб, ташкилоти ва раҳнамосига жисмоний ва моддий жиҳатдан қарам қилиб қўяди, турли қўрқитишлар билан сектадан чиқиб кетишларига йўл қўймайди. Бундай пўписалар сирасида, албатта, муқаддас китоблардан узиб-узиб олинган кўчирмалар ҳам бўлади.  Асосий куч бу ишларда ҳали ҳақиқий диний илми шаклланиб улгурмаган ва таклифларга ўта сезгир бўлган ёшлар танлаб олинади.

Амалиётчи руҳиятшуносларнинг хабар беришича, йўлбошчилар издошларини шундай гипноз қиладики, улар бу гипноздан сира ҳам чиқиб кета олишмайди. Мабодо, жамоадан чиқиб кетган тақдирда ҳам гипноз таъсиридан чиқа олмайди ва уни кучли мутахассислар ёрдамисиз бу ҳолатдан чиқариб бўлмайди.

Секта ўз аъзоларини муттасил равишда бутун оламга қарши чархлаб боради (оила, дўстлар, ҳамкасблар, давлат хизматчилари, анъанавий динларнинг руҳонийлари). Ана шуларнинг гуноҳларини санаб, инсоний қадр-қийматларини пастга уриб ўзлари билан қиёслаганда иккинчи навга айлантириб қўяди. Натижада улар билан яқин муносабатада бўлишни чеклаш тавсия этилади, шахсий муносабатлар эса оилавий ажрашишгача олиб келинади, иш жойи ўзгартирилади, яшаш жойи ҳам (шаҳар, мамлакат) ўша оқим фойдасига ўзгартирилади.

Секта ҳар бир мамлакатдаги аъзолари қалбидаги ватанни севиш туйғусини турли йўллар ва ёлғон важлари ила мавҳ этиб боради: давлат мадҳиясини куйлашни, давлат ташкилотларида ишлашни, ҳарбий хизматга боришни, ватанни душман ҳужумидан мудофаа қилишни, шаҳар, республика миқёсида ўтадиган тадбирларда, тантаналарда қатнашишни,  Аллоҳнинг қудратини давлат органисиз эътироф этишни, давлат қонунларига амал қилиш жоиз эмаслигини… уларга узлуксиз уқтириб боради. Улар шу йўллар билан давлат ичида ўз давлатларини қуришга ҳаракат қилади.

Секта ўз аъзоларининг шахсий ҳаёти устидан назорат ўрнатади ва амалда энг майда нарсаларни ҳам эътибордан қочирмайди. Турмуш қуриш-керакми, йўқми, ким билан турмуш қуриш керак; фарзанд кўриш керакми, йўқми, оилавий ҳаётини қандай кечириш кераклигигача аралашади, десак, ҳаққимиз кетади – кўрсатма беради. 

Жамоанинг гуноҳга йўл қўйганлари жиддий муҳокама қилинади ва унга кўп нарсалар, ҳатто оддийгина саломлашиш ҳам чеклаб қўйилади.

Диний оқимларнинг йўлбошчилари ўз ғояларини асосан янги тарафдорлар топиш мақсадида аҳоли орасида кенг ташвиқ қилади. Шу боис секта аъзолари  кўпинча ишини бўш вақти кўп бўладиган ишларга ўзгартиради. Мақсад: кўчаларда уйма-уй юриб янги тарафдорлар ахтариш ва интернетда ижтимоий сайтларда ўтириб ишлаш.

Албатта, бундаги асосий нуқталардан бири – ихлосмандларнинг хайр-эҳсонларини йиғиб олишдир. Масалан, илгари саентолог бўлган қозоғистонлик бир кишининг nur.kz порталига 2016 йилнинг май ойида берган видеоинтервьюсида қозоғистонлик саентологларнинг аъзолик бадали миқдорини айтган эди. Унинг айтишича, бу ташкилотнинг тушуми 100 минг АҚШ долларидан бошлаб 1-3 миллионгача борар экан. Диний оқим аъзоларидан бирининг таъкидлашича, бу пуллар узоқ мамлакатлардаги эзилган ва камбағал жамият эҳтиёжларига сарфланади, ҳеч кимга кўринмайдиган золим билан жанг қилиш ҳамда  Худонинг олдида йўл қўйилган гуноҳларни сотиб олиш учун харжланади. (Аммо улар бу пулни Аллоҳга қандай қилиб етказади? Аллоҳга пул нимага керак? Бундай гаплар муқаддас китобларнинг қайси бирида ёзилган?!)

Умуман, бу қадар тутуруқсиз гапга одамни ишонтириш учун гипнозданми, шунга ўхшаш сеҳргарлик ишлариданми фойдаланмаса бўлмайди.

Улар турли ўқув марказлари очади, шахсни ўстириш бўйича тренинглар ташкил қилади, болалар лагерлари очади, инглиз тили дарсларига, нотиқлик санъатига ва бошқаларга бепул дарслар жорий қилади ва омманинг эътиборини тортади. Аммо бепул пишлоқ фақат қопқонда бўлади.

Диний оқимларнинг аъзолари фақат ўзларининг тўғри йўлда эканига, фақат ўзлари жаннатга тушишига астойдил ишонади.

Анъанавий динларни улар шайтонийлик деб атайди. Айрим оқимлар жаннатни худди ҳозирги ҳаётдек тасаввур қилади, бола туғиш ҳам мумкин деб ўйлаганлар боис бу ишни жаннатга қолдиради. Бунинг оқибатида уларнинг ҳаётга бўлган қизиқиши камайиб кетади.  

Диний оқимлар тарафдорларининг ҳаётий аъмоллари ва устувор вазифалари ўзига хос тизим қиёфасида шаклланганки, бундан уларнинг ўзларига ҳам, оиласига ҳам, давлати-ю миллатига ҳам зиғирча фойда бўлмайди.

Манбалар асосида  Музаффархон АЪЗАМОВ тайёрлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг дин масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси Р. Қосимов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлар бўйича қўмита раиси А.Аҳмедов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари 3-5 март кунлари Самарқандда “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусида халқаро анжуманининг шўъба йиғилишлари бўлиб ўтадиган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Ҳадис илми мактабида бўлдилар. Ташриф жараёнида дастлаб Имом Бухорий ҳазратларининг қабрлари зиёрат қилиниб, тиловат ва дуолар қилинди.

Мажмуанинг анжуманга тайёргарлиги билан танишувдан сўнг меҳмонлар Ҳадис илми мактаби устоз ва талабалари билан учрашди. Бугунги кунда мактаб талабаларига сабоқ бераётган жаҳонга машҳур “Ал-Азҳар” университети Магистратура бўлимининг “Усулуд дин” кафедраси мудири, Ҳадис илми фанлари доктори, профессор Доктор Маҳмуд Абдуллоҳ Абдурраҳмон Абдулҳалим ҳамда “Ал-Азҳар” университети “Араб тили” факультети “Балоғат ва мунозара илми” кафедраси мудири, Балоғат ва мунозара фанлари доктори, профессор Доктор Aли Саад Aли Саадлар билан суҳбатлашдилар.

 

 

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги ахборот хизмати

Видеолавҳалар

Top