Дунё янгиликлари

Берлинда Ўзбекистонда нашр этилган китоблар тақдимоти ўтказилди
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази вакилларидан иборат делегация Берлин давлат кутубхонасида бўлиб, бу ерда сақланаётган буюк аждодларимиз қаламига мансуб нодир қўлёзмаларни ўрганиш, қадимий асарларни каталоглаштириш, уларнинг электрон нусхаларини яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишдилар.
 
Берлин давлат кутубхонаси 1661 йилда ташкил этилган бўлиб, дунёнинг барча тилларида, барча соҳалар бўйича 11 миллиондан ошиқ китобларни жамлаган Еропанинг энг йирик маданий муассасаларидан бири ҳисобланади. Бу ерда Шарқ маданиятига оид 43 минг қадимий асар, жумладан мусулмон цивилизациясига тааллуқли 17 минг қўлёзма, 8 минг миниатюра сақланади.
 
Улар орасида ҳадис илми султони Имом Бухорий қаламига мансуб “Саҳиҳи Бухорий” асарининг 30 дан зиёд қўлёзмаларини алоҳида қайд этиш лозим.
 
2013 йилдан бошлаб Берлин давлат кутубхонаси Шарқ қўлёзмаларининг электрон нусхаларини яратиш устида ишламоқда. Ҳозирга қадар 4500 та асарнинг электрон нусхаси тайёрланди.
 
 
Ўзбекистон делегациясининг Германияга ташрифи асносида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан нашр этилган буюк алломаларимиз илмий меросига оид китоблар тақдимоти ўтказилди.
 
“Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан тақдим этилган китоблар Берлин давлат кутубхонаси учун энг яхши совға бўлди. Ушбу манбалар Шарқ халқлари, айниқса, мусулмон маданияти билан танишиш истагидаги китобхонларимиз учун қимматли асарларга айланиши шубҳасиз”, дейди кутубхонанинг Шарқ бўлими масъул ходими Торальф Ханштайн.
 
Берлин давлат кутубхонаси илмий ходими Роза Туляшеванинг қайд этишича, маданий алоқалар, айниқса, кутубхоналар ўртасидаги илмий алмашинув халқларни бир-бирига янада яқинлаштиради, ўзаро ишонч ва дўстликни мустаҳкамлайди.
 
Таъкидлаш керакки, мамлакатимизнинг IX-XVIII асарларга оид тарихини, хусусан, темурийлар ва хонликлар даври қўлёзмаларини ўрганувчи тадқиқотчилар учун Берлин давлат кутубхонаси энг фойдали маскан бўлиши шубҳасиз.
 
Учрашувда Берлин давлат кутубхонаси билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ўртасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Жумладан, қўлёзмаларнинг электрон нусхаларини яратиш бўйича ҳамкорлик, Ўзбекистонда нашр этилган замонавий нашрларнинг тақдимотини ўтказиш шулар жумласидандир.
 
Манба: http://uza.uz
 
 
Read 2323 times

Янгиликлар

Top