Дунё янгиликлари

“Ал-Жазира” Ўзбекистонга бағишланган туркум кўрсатувлар намойишини бошлади

Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳиятини дунё бўйлаб кенг тарғиб қилиш мақсадида “Ал-Жазира” телеканалининг бир гуруҳ ижодий жамоаси жорий йилнинг 21-23 февраль кунлари Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган Биринчи Халқаро зиёрат туризми форумига таклиф этилган эди.

Ушбу ижодий гуруҳ ташрифи давомида Тошкент шаҳри, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Фарғона ва Тошкент вилоятларида тасвирга олиш ишларини олиб борди.

Жорий йил 14 апрелдан бошлаб ушбу телеканалнинг араб тилидаги эфири орқали “Ўзбекистон” номли кўрсатув намойиш этила бошланди. Кўрсатувнинг биринчи сонидан Тошкендаги Ҳазрати Имом мажмуаси ва Мусҳафи Усмон, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси, Бухородаги Мир Араб мадрасаси, Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлиги ҳамда ушбу шаҳарда ўтказилган Биринчи Халқаро зиёрат туризми форумидан тайёрланган лавҳалар жой олган. Ушбу кўрсатув “Ал-Жазира”нинг ижтимоий тармоқларига ҳам жойлаштирилган.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг маълум қилишича, “Ал-Жазира” телеканали бир ҳафта давомида юртимизнинг диний уламолари ва қомусий алломалари, шунингдек, зиёрат туризми ва туризмнинг бошқа турлари, бой маданий меросининг ранг-баранг намуналари ҳақида маълумот берувчи туркум кўрсатувлар эфирга узатилади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2212 times

Янгиликлар

Top