Дунё янгиликлари

Туркияда мавлоно Румийнинг Кўнёга келишининг 791 йиллиги кенг нишонланади

Жалолиддин Румий ёки Мавлоно Румий (1207-1273) номи билан машҳур бўлган зот дунёнинг улуғ донишмандларидан бири, беназир шоир ва бетакрор бир мутафаккир, валий инсондир. Айни пайтда Туркияда мавлоно Румийнинг Кўнёга келишининг 791 йиллигини кенг нишонлаш борасида тайёргарлик кетмоқда, деб хабар бермоқда dailysabah.com.

Байрам шодиёналари 3-5 май кунлари Истанбулдан Кўнёга махсус “Румий” поездининг жўнаши билан бошланади. “Кўнё ташрифи” деб номланган тантаналар мусиқачилар, най усталарининг чиқишлари, Мавлононинг «Маснавийи маънавий» достонининг ўқилишини ўз ичига олади.

«Исламосфера» нашри таъкидлашича, тантаналар доирасида маршни ўтказиш, диний қўшиқлар айтиш, “Вуслат” (бирлашиш) спектакли, “Le Trio Joubran” фаластин гуруҳи концерти, сўфийлар киноси кунлари ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Карамандан Кўнёга келадиган Румийнинг 22-авлод набираси Эсен Челеби ва унинг оиласини Кўнё губернатори Жунейит Ўрхан Топрақ ва пойтахт муниципалитети мэри Угур Иброҳим Олтойлар кутиб олишади. Шундан кейин Румий ва Шамс Табризийларнинг мақбараларига зиёрат қилинади. Бу йил илк бор мармар, керамика ва рангтасвир кўргазмалари ўтказилади.

Мавлоно 1207 йилда қадимий Балх шаҳрида ўз даврининг машҳур мутасаввуф донишманди, йирик хатиб ва воизи бўлган Баҳовуддин Валад оиласида дунёга келади. Баҳовуддин Валад аслида Шайх Нажмиддин Кубро (1135 — 1221)нинг Маждиддин Бағдодий, Саъдуддин Ҳамавий, Разиуддин Алийи Лоло, Сайфуддин Бохарзий, Бобо Камол Жандий каби 300 га яқин забардаст шогирдларидан бири ҳисобланарди. Жалолиддин 12 ёшида унинг ота-онаси ҳам мўғул босқини хатаридан қочиш, ҳам ҳаж фаризасини адо этиш ниятида Балхни тарк этадилар. 1230 йилдан бу оила Кўнёда қўним топади.

Ўша кезларда Онадўлининг катта қисми Салжуқийлар давлатининг ҳукмронлиги остида эди. Бу давлатнинг пойтахти бўлган Кўнё санъат асарлари билан машҳур, олимлар ва санъаткорлари кўп шаҳар эди. Қисқаси, Салжуқийлар давлати энг порлоқ даврини бошдан кечираётган бўлиб, давлат ҳукмдори Баҳоуддин Валадни Карамандан Кўнёга таклиф этди ва шу ерда жойлашишини хоҳлади.

Баҳоуддин Валад Султоннинг таклифини қабул этди ва 1228 йил 3 майда Кўнёга оиласи ва дўстлари билан келди. Султон Алоуддин уларни тантана билан қаршилаб, яшашлари учун Олтинапа мадрасасидан жой ажратди. «Олимлар султони» 1231 йилнинг январь ойида Кўнёда вафот этди. Муборак жасади салжуқийлар саройининг Гул боғчасига қўйилди. «Олимлар султони» вафот этгач, шогирдлари ва муридлари Мавлононинг атрофида тўпландилар. Мавлонони отасининг меросхўри қилиб қўйдилар. Дарҳақиқат, Мавлоно буюк бир шоир ва дин олими бўлгач, “Ипликчи” мадрасасида ваъзлар ўқирди. Ваъзлари уни тинглашга келганлар билан тўлиб тошарди. Мавлоно 1244 йил 12 ноябрда Шамси Табризий билан учрашади. Бу учрашув тарихда «Икки денгизнинг учрашуви» дея аталди. Бироқ биргаликлари узоққа чўзилмади. Шамс фоний дунёдан узилди. Мавлоно Шамснинг ўлимидан сўнг узоқ йиллар якка ўзи яшайди. Кейинги йилларда Салоҳиддин Заркубий ва Ҳусомиддин Чалабий Шамси Табризийнинг ўрнини тўлдира бошлайдилар. Ҳаётини «Хом эдим, пишдим, ёндим» сўзлари-ла хулосалаган Мавлоно 1273 йил 17 декабрда якшанба куни Ҳақнинг раҳматига етишади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2086 times

Янгиликлар

Top