Дунё янгиликлари

Маккада Нур тоғи яқинида маданият маркази қурилади

Макка шаҳри Ҳиро тарихий ғори жойлашган тоғ Жабал ан-Нур (Нур тоғи) этагида маданий марказни яратишни режалаштирмоқда, деб хабар бермоқда Saudi Gazette сайти.
Шаҳар ҳокими Муҳаммад Қувайҳаснинг айтишича, аввал тоғ ва унинг атрофи ёзув, граффити, харобалар ва бошқа шу каби нарсалардан тозаланади. "Марказ Муқаддас Макка шаҳри ва Ҳиро ғори ҳақида ҳужжатлаштирилган ва ишончли маълумотларни тақдим этади",- дея ал-Арабия шаҳар ҳокими сўзларидан иқтибос келтиради.
Ҳиро ғори бутун дунё мусулмонлари учун катта аҳамиятга эга бўлиб, Ҳаж ва Умра давомида бу ерга кўплаб зиёратчилар ташриф буюрадилар. Унда Муҳаммад (сав) пайғамбарлик вазифаси топширилгунга қадар ҳам узлатда ёлғиз қолиш истагида бўлганлар. Бу ерда у Зот ҳаётнинг икир-чикирларидан, одамларнинг майда-чуйда ташвишларидан узилиб, тўлиқ бир ой «муроқаба» ва «таҳаннус» ибодатлари билан машғул бўлар ҳамда йўловчи мискинларга таом берар эдилар. "Исломосфера" га кўра, бу ерда улар Фаришта Жаброил уларга келтирган биринчи ваҳийни – Ал-Алақ сурасининг дастлабки беш оятини олганлар.
Ал-Қувайҳаснинг сўзларига кўра, ҳозирги кунда тоғ этакларини эгаллаб турган барча тартибсиз объектлар демонтаж қилинади. "Ғор жойлашган тоғ тепасига кўтарилишни ва ундан тушишни осонлаштириш учун зиналар қурилади. Меҳмонларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва тоғни Ислом тарихида катта аҳамиятга эга бўлган табиий маскан сифатида сақлаб қолиш учун барча зарур чора-тадбирлар кўрилади", - дейди у.
Шаҳар ҳокими баъзи меҳмонлар нотўғри амалиётларга олиб келадиган тоғ ҳақида тўғри маълумотга эга эмаслигини таъкидлади. "Маданият маркази тоғнинг ўтмиши ва пайғамбарлик миссияси ҳақидаги тарихий ҳужжатлар билан бирга, ишончли тўғри ахборот манбаи бўлади. Марказ исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача тоғ ва ғор тарихини намойиш этади ",- дейди Ал-Қувайҳас.
Жабал ан-Нур бу Каабадан 4 километр узоқликда жойлашган. Унинг баландлиги бор-йўғи 640 метрни ташкил этади, лекин кўтарилиш тахминан икки соат давом этади. Ҳиро ғори унинг шимоли-шарқий ёнбағрида жойлашган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 2180 times

Янгиликлар

Top