Дунё янгиликлари

Yeni akit газетаси: "Ўзбекистон-жаҳон маданиятининг ёзма ёдгорликлари ҳазинаси»

Туркиянинг Анатолия ахборот агентлиги "Анадолу" Ўзбекистон Фанлар Академияси қошидаги шарқшунослик институтининг қўлёзмалар фонди директори Шарифжон Исломовдан мамлакатимиздаги қўлёзмалар фонди ҳақида интервью олди. Интервью Анқарада кенг қизиқиш уйғотди ва бир қатор нашрларда, жумладан, Туркиянинг машҳур "Yeni akit" газетасида чоп этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" ахборот агентлиги.
Материалда таъкидланганидек, Ўзбекистон қўлёзмалар фондида 26 минг жилдлик қўлёзмалар, 40 минг жилдлик литографиялар ва 5 мингдан ортиқ тарихий ҳужжатлар сақланади. "Анадолу" нинг Ўзбекистондаги мухбири Бахтиёр Абдукаримов Фонд директори Шарифжон Исломовнинг сўзларига таяниб хабар беришича, Ўзбекистонда камида 40 та кутубхона ва китоб тўпламлари мавжуд бўлиб, Ўзбекистон Фанлар Академиясининг қўлёзмалар фонди асарлар сони ва мазмуни жиҳатидан дунёдаги энг бойлардан биридир. Энг қадимийси тўққизинчи асрга таалуқли.
- Тўпламдаги қўлёзмалар IХ-ХХ асрларга, литографиялар-ХIХ-ХХ асрларга мансуб. Асарлар асосан араб, форс ва турк тилларида ёзилган, - дейди жамғарма раҳбари.
Шарифжон Исломов бу марказда 26 минг жилдда тўпланган 100 мингдан ортиқ қўлёзма асарлар, шунингдек, 5 мингдан ортиқ тарихий ҳужжатлар ягона нусхада сақланишини таъкидлади. Улар орасида хон, Султон ва амирларнинг фармон ва қарорлари мавжуд бўлиб, улар бугунги кунда минтақа тарихини ҳар томонлама очиб беришга ёрдам беради.
Туркиялик ўқувчилар интервьюлардан Фонд қўлёзмаларни тиклаш, каталоглаштириш ва рақамлаштириш устида иш олиб бораётганини билиб олишди. Энг қимматли асарлардан бири Ибн Синонинг "Тиб илмининг қонуни"дир. Китобнинг ягона тўлиқ нусхаси Ўзбекистон Фанлар Академиясининг қўлёзмалар тўпламидадир. Бу нусха ўн олтинчи асрда турли тилларга таржима қилинган.
Материалда таъкидланганидек, Фонд Қуръоннинг "Лангар Мусхафи" деб номланган нодир қўлёзмаларидан бирини ҳам сақлайди ва у таҳминан IХ асрга тегишли. "Фондда ушбу қўлёзма Қуръоннинг бир саҳифаси, Ўзбекистон мусулмонлар идораси кутубхонасида 12 саҳифаси, Россиядаги музейда бир неча саҳифаси мавжуд", - дейди Исломов.
1993-йил сентябрь ойида Истанбулда ташкил этилган Yeni akit -оммабоп кундалик газета.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1949 times

Янгиликлар

Top